muslim.uz
Рамазонга тайёрмисиз: берувчи қўл бўлайлик
Рамазонга 10 кун қолди. Ҳар бир дақиқаси ғаниматли бўлган бу ойда Аллоҳ таоло биз бандаларга савобларимизни кўпайтириб олишимиз учун, бошқа ойларда берилмайдиган имкониятларни насиб этади. Чунки рамазон ойида қилинган битта савоб амал бошқа ойларда қилинганидан бир неча борабар кўпроқ бўлиши ҳақида уламолар таъкидлаб ўтишган.
Савобли амаллар орасида эса садақа алоҳида аҳамиятга эга. Чунки садақа гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси 271 оят).
Садақани эса сахий, қўли очиқ ва қалби пок инсонларгина бера олади.
Барчамизга маълумки сахийлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга ўрнак бўлганлар. Шундай бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди.
Ҳадиси шарифлардан бирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”.
Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва уни нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт.
Саломатликда, амалларга қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Бошига мусибат келганда ёки дард, ўлим келганда ҳамма ҳам ёлвориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлиши мумкин. Бахиллик қилиб, нафақа қилмай юрганлар ҳасратда қоладилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Мунофиқун сураси 10- оятида шундай марҳамат қилган:
“Ва бирингизга ўлим келиб: “Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам”, демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг.
Бақара сурасининг 254-оятида эса Аллоҳ таоло:
“Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар – ўшалар золимлардир”, дея бизларни садақа қилишга тарғиб этган.
Ислом дини таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплаганга бало-офат бўлиб қолади.
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур”, деганлар.
Алқисса, ким хайр-эҳсон қилса, саховатли бўлса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат килса, ўзига захира тўплаган бўлади.
Айниқса бугунги карантин ҳолатида, айрим ватандошларимиз уйларида мухтожликда кун кечираётган бир пайтда уларга кўмаклашиш, садақа ва эҳсон қилиш имконияти бор бўлган мусулмонлар учун Аллоҳнинг розилигини топиш имкониятидир. Агар бугундан садақа қилишни, ночорларга эҳсон қилишни бошласак инша Аллоҳ Рамазон ойида саҳоват ва хайрия кунлик амалларимиз орасидан жой олади. Бу эса бизни Аллоҳ таоло ҳузуридаги мукофотларга сазовар этади. Бу дунёда эса дуоларимиз мустажоб бўлиб, эзгу ниятларимизга жуда ҳам тез фурсатда эришишимизга сабаб ўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўз паноҳида асраб берувчи, саҳоватли қўллардан қилсин!
Саидаброр Умаров тайёрлади
Шоазим Миноваров – Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори билан коронавирус ҳақида суҳбат
Бу омадми ёки тақдир?
Эртага нима бўлиши – фақат Яратганга аён. “Ўзи асраса бало йўқ, асрамаса – даво йўқ”, дейдилар. Кимдир кундалик турмушда арзимаган нарсадан заҳарланиб, нариги дунёга равона бўлиши мумкин. Баъзан, эртакларда айтилганидек, “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” каби сифатлар айрим инсонлар тақдирида акс этади. Агар Ўзи асраса, бепоён океаннинг қоқ ўртасида юз берган кема ҳалокатида жон сақлаш, оддий қуроллар у ёқда турсин, бошига икки марта атом бомбаси тушганда ҳам, омон қолиш ҳеч гап эмас. Хўш бу тақдирми ёки омад? Хоҳлаганингиздек номланг бу ТАҚДИР! Чунки омал ҳам сизнинг тақдирингиздир.
Атом бомбалари қирғинидан омон қолганлар.
1945 йилнинг 6 августида Цутому Ямагучи Хиросимага борган эди. Ишини битказиб қайтаётганида, ҳужжатига битта муҳр бостириш кераклигини эслаб, ярим йўлдан орқага қайтди. Ҳужжатини тўғрилаб, яна кетишга чоғланди. Трамвайдан эндигина тушганди, атиги 3 км. нарида америкаликлар ташлаган “Чақалоқ” номли атом бомбаси портлади.
Портлаш тўлқини Цутомининг қулоқ пардаларини ёриб юборди. Бир муддат бутунлай кўрмай қолди. Баданлари жиддий куйди. Шу аҳволда, тунни ертўлада ўтказди. Эртасига Нагасакига — уйига кетди.
Бир неча кундан сўнг, Ямагучи хўжайинининг кабинетида Хиросимада юз берган даҳшатлар ҳақида гапириб ўтирарди. Худди шу пайт АҚШ ўзининг “Бақалоқ” деб аталувчи иккинчи атом бомбасини Нагасакига ташлади. Цутоми бу гал ҳам портлаш марказидан 3 км. узоқликда эди. Омадни қарангки, бу сафар деярли қаттиқ талофот кўрмади.
Цутому Ямагучи 2010 йилда Нагасаки шаҳрида ошқозон саратони хасталигидан вафот этди.
“Олимпик”, “Титаник” ва “Британик” кемалари ҳалокатини бошидан ўтказган стюардесса.
23 ёшли Вайолет Жессоп 1911 йилда дунёдаги энг ҳашаматли саналган “Олимпик” океан лайнерида стюардесса бўлиб ишларди. Бир куни зирҳли тезюрар кема билан тўқнашув оқибатида “Олимпик” жиддий шикастланди, лекин капитан кемани эсон-омон сақлаб қолишга эришади. Қурбонлар анча бўлди, лекин омади чопганлар қаторида Жессоп ҳам омон қолади.
Аммо, бир-биридан даҳшатли ҳалокатлар тарихи энди бошланаётган эди...
Кейинги йили Вайолет Жессоп хоним машҳур “Титаник” кемаси бортига кўтарилади. Бу гал тарихдаги энг машъум ва машҳур ҳалокат юз берди... Жессоп хоним эса, албатта, қутқарув қайиғида жон сақлаб қолди.
Вайолет Жессоп, Биринчи жаҳон уруши йилларида “Британик” сузувчи госпиталида хизмат қилди. Кўп ўтмай “Британик” Эгей денгизида минага урилиб портлади ва бирпасда чўкиб кетди. Жессопнинг ажали тўлмаган экан, кема парчаларида сузиб, тирик қолди.
Тақдирнинг киноясини қарангки, “Олимпик”, “Титаник” ва “Британик” кемалари «White Star Line» компаниясига тегишли эди. Тарихдаги энг улкан кема ҳалокатларидан соғ-омон чиқиш, бу аёл учун балки, омаддир. Аммо, кемалар ва экипаж аъзолари учун-чи?
Вайолет Жессоп хоним узоқ яшаб, 1971 йилда юрак хасталигидан вафот этган.
“Қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган ўлади”, деб шундайларга айтишса керак-да.
Кўнглингиз тўқ бўлсин: омад ҳам, омадсизлик ҳам доимий эмас! Яъни, булардан худди оқ ва қора чизиқларни босиб ўтгандек, шахдам олға кетавериш керак. Ҳаётда нималар юз бермайди дейсиз!
Хорватия фуқароси Фране Селак бошидан шунчалик кўп омадсизлик ва кўргуликлар ўтганки, у аллақачон ўлиб кетмаганига ҳайрон қоласиз. Мана, ўша фалокатларнинг энг эсида қолганлари: 1962 йили Селак кетаётган поезд издан чиқиб, музлаган дарёга қулаб тушди. 17 нафар йўловчи қурбон бўлди, лекин Селакнинг қўли синганини айтмаса, у-бу ери бироз тирналди, холос. Шундан кейин ўтган вақт ичида у, учиб бораётган самолётдан қулаб тушди, автобус билан бирга жарликка қулади, яна икки марта автомобил ҳалокатига учради. Бир гал, энг сўнгги сонияда ёнаётган машинадан сакрашга улгурди-ю, машина портлаб кетди....
Нимасини айтасиз, нуқул фалокатлар унга соядек эргашиб юрарди. Ажабки, бу одам ҳамон соғ-саломат!
Ҳар бир нарса қазо ва қадар биландир. Бу эътиқод ҳидоят элчиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳар бир мусулмоннинг эътиқодидир. Борлиқдаги ҳамма нарса фақат Аллоҳнинг илми, изни ва тақдири билангина бўлади.
“Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси 22-оят).
Ер юзида улкан мусибат, уруш, вабо инсониятга жиддий хавф туғдирганда ҳам мусулмон одам барча сабабларни қилиб, эҳтиёт чораларини пухта амалга оширган ҳолда ҳаракат қилади-ю аммо, натижани Аллоҳ таолонинг тақдири деб билади. Чунки, Аллоҳ биз бандаларни синаш, огоҳлантириш ёки келажак яхшиликларга етказиш учун ҳам бироз синаши мумкин.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синаймиз. “(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад), Уларга мусибат етганида: “Албатта, биз Аллоҳ учунмиз ва, албатта, Унинг ҳузурига қайтамиз”, дейдилар!” (Бақара сураси 155 – 156-оятлар).
Агар мўминнинг барча эҳтиёткорликларига қарамай бошига бирор хасталик ёки хатар етса талвасага, ваҳимага тушмасдан, уни тақдирдан деб билиб, масъул мутахассислар қилаётган тадбирларга бўйсунган ҳолда, САБР тоқат ила яхши ниятда мусибатдан чиқиш йўлини излайди. Шу унинг учун энг тўғри йўлдир.
Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Мўминнинг иши ажойибдир, ҳамма амалида унга яхшилик бор. Унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, ўзига яхши бўлади. Агар унга бирор мусибат етса, сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бундай имконият мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқ”.
“Сўрасанг, Аллоҳдан сўра, У Зотдан ёрдам тила ва бил; агар бутун уммат жамланиб сенга фойда бермоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ ёзганидан ортиғини бера олмайди. Агар бутун уммат сенга зарар етказмоқ чи бўлсалар ҳам, Аллоҳ ёзганидан ортиқ ҳеч зарар етказа олмайди. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди”.
“Сенга етадиган нарса хато кетмас, хато кетдими, демак сенга эмас”.
“Эй Абу Ҳурайра, қалам сен йўлиқадиган нарсаларни ёзиб қуриб ҳам бўлди”.
Демак, ҳар қандай мусибат ҳолатида барча эҳтиёт чораларини қатъий амалга оширамизу ундан чиқиш йўлини, нажотни эса ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзидан умид қилиб, ёлвориб сўраймиз. Шунда биз учун осойишта кунлар, фаровон ҳаёт насиб этади.
Унутманг уламолар: “ҳар бир мусибатдан сўнг икки яхшилик бор” дейишган.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Деҳқончилик фазилати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги БАЁНОТИ
Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган, муборак Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажру савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқликни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган. Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.
Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди.
Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эъло қилинди.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.
Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:
- Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
- Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
- Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
- Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!...” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим.
- Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.
- Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам он-лайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсинлар.
- Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар.
Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар кенгаши