muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 18 Апрель 2020 00:00

Бугунги жаноза намози

Зайниддин домла Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Суббота, 18 Апрель 2020 00:00

Ҳар-бир экинда садақа бор

Аллоҳ таоло ерни бандаларига қароргоҳ қилиб оёқ остиларига ёйиб қўйгани, ердан анҳорларни ва булоқларни чиқариб боғу бўстонларни яратгани ва осмондан ёмғирларни ёғдириб ўт-ўланлар ва дарахтларни ўстириб қўйгани унинг энг буюк неъматларидандир.

Маълумки Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло бандаларини бекорга бу кенгликларда яратмади, бандаларини барча махлуқотлардан афзал қилди ва бандасига бу ерни бўйсундириб қўйди. Бақара сурасида марҳамат қилиб айтадики: “... сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир ...”.

Аллоҳ таоло бандасини ер юзида ўзига ҳалифа қилиб қўйган экан ер юзини обод қилишни ва Аллоҳ таоло кафил бўлган ризқини топиб ейишга масъул қилиб қўйди. Ояти карималарда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам руҳни озиқлантириш баробарида жасадни эхтиёжларини ҳам мукаммал озиқлантириш кераклигини баён қилинган. Олдимизда турган таомга ибрат назари билан қарашимиз ва унда Аллоҳ таолонинг қудратини эътироф қилишимиз учун Қуръони каримда жуда гўзал услубда баён қилган.

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْوَلِأَنْعَامِكُمْ (سورة عبس/24-32

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз  (осмондан)  сувни  мўл  ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”. (Абаса сураси 24-32 оятлар).

Демак Аллоҳ таолонинг берган бу Ер неъмати ўзимизга ҳамда чорва ҳайвонларимизга истеъмол манбаъи экан.

Яна, Аллоҳ таоло Ясин сурасида шундай марҳамат қилади:

  1. Улар учун ўлик ер оят-белгидир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар.
  2. Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик.
  3. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми?!

Ибн Касир айтадилар: Аллоҳ таолонинг чексиз қудратидан бири ўлик ерни тирилтирганидир. Яъни: бутунлай ўлиб бирон бир ҳўл новда қолмаганидан кейин Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди ер ёрилиб ундан ўсимликлар чиқди шунинг учун Аллоҳ  таоло: Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар. Яъни: уларни ва чорваларини ризқларини чиқардик демоқда. Яна айтяптики: Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Улар муҳтож бўладиган жойлардан булоқларни чиқардик, Агар биз ерни тирилтирмаганимизда, ундан дон, боғ-роғлар ва сув чиқармаганимизда инсонлар унинг мевасини ҳам тановул этолмас, қўллари билан турли таомлар тайёрлай олмас эдилар. Шуни кўра билиб туриб ҳам: ...Шукр қилмайдиларми?!.

Аллоҳ таоло бизларни шукр қилишга чақираётган экан, нима қилмоғимиз даркор? Ояти каримада айтилганидек: “ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун” ҳа ўзимиз ўз қўлларимиз билан экин экиб, бир парча ер бўлса ҳам ўзимиз ва чорва ҳайвонларимиз ейдиган нарсаларни етиштиришимиз Аллоҳнинг шунча бериб қўйган неъматларига шукримиз бўлар экан.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қиладилар:

عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:"مَا مِن مُسلِمٍ يَغرِسُ غَرْسًا أَو يَزرَعُ زَرْعًا فَيَأكُلُ مِنهُ طَيرٌ أَو إِنْسَانٌ أَو بَهِيْمَةٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدقَةٌ" (رواه الامام النسائي).

яъни: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).

Бу ҳадис, деҳқончилик қилган инсонга катта башоратдир. Чунки ерга дон қадаган ёки ўсимлик эккан инсон бу дунёда ҳам охиратда ҳам фойда олади. Бу дунёда ватнига, ҳалқига, мусулмонларга фойдаси тегиб, аввало фарзандларини қолаверса барча инсонларни ризқини мўл-кўл бўлишига сабабчи бўлар экан бу қилган меҳнатига Аллоҳ таоло битмас тугамас савобларни беради охиратда садақа қилувчилар қаторида туради. Яна бир неча ҳадислар борки уларни ўқиган инсон, бир парча ерим бўлса-ю бир дона дарахт эксам ёки озгина уруғ қадасам деб орзу қилади.

 Жобир ролзияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир дарахт экса, ундан қанча ейилса унга садақа ёзилади, ўғирланса ҳам садақа ёзилади, қушлар еса ҳам унга садақа ёзилади ва бирор киши дарахтга нуқсон етказса ҳам унга садақа ёзилади” дедилар.(Имом Муслим ривоят қилганлар).

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини фойдали ишларга буюриб, дунё ва охиратимизни обод бўлишини хоҳлаб: “Кимни ери бўлса унга (экин) эксин, агар ўзи қилолмаса ва қўлидан келмаса, бирор мусулмон биродарига берсин, ундан ижара олмасин” деб марҳамат қилганлар.

Синовли кунларда турар эканмиз, уйда бекор ўтирмасдан аввало оиламиз учун қолаверса ҳалқимиз учун хонадонимизда бир парча ер бўлса ҳам ўша ерни бекор қўймай бирор экин экадиган бўлсак, икки дунёйимиз обод бўлишига сабаб бўлар экан. Аллоҳ барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин. 

 

Таваккал домла Кенжаев 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани

 “Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Савол: Жаноза намози дуруст бўлиши учун неча киши қатнашиши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаноза намози дуруст бўлиши учун жамоат шарт қилинмаган. Бир киши (хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин) жаноза намозини ўқиса, намоз дуруст бўлади ва бошқалардан фарз соқит бўлади. Ҳатто жаноза ўқувчи балоғатга етмаган бола бўлса ҳам намоз дуруст бўлади.
Маййитга жамоат бўлиб жаноза ўқиш афзал. Чунки жаноза маййитнинг ҳаққига дуодир. Мусулмонларнинг жамоат бўлиб дуо қилиши дуонинг қабул бўлишига катта сабаб бўлади (“ал-Мухтасар фил-Фиқҳил-Ҳанафий” китоби).
Бу мавзуда Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан бири “ал-Фатаво Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Жаноза намози ёлғиз имомнинг адо қилиши билан ҳам дуруст бўлади. Чунки жамоат бўлиб намоз ўқиш – жаноза намозининг шарти эмас, “Ниҳоя” китобида шундай келган” (“Китобус солаҳ”,).
Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий аллома Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмон ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом ал-Ҳоким ривоятлари).
Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳаб. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.” (“Раддул Муҳтор”).
Гувоҳ бўлиб турганимиз хатарли вирус тарқалган карантин даврида, шу вирусдан ёки бошқа сабаблар билан вафот этганларнинг жанозаларига камида етти киши йиғилса, фазилатли жамоатга айланади. Юқорида зикр қилингани каби уч саф мусулмонлар жанозасини ўқиган маййитга Аллоҳнинг раҳмати бўлишини умид қиламиз.
Демак, бугунги кундаги жанозаларга карантин сабабли катта жамоат йиғилмаётган бўлсада, мусибат эгалари тушкунликка тушмасдан, имкон қадар ўз бурчларини бажаришлари ва Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан умидвор бўлишлари лозимдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Пятница, 17 Апрель 2020 00:00

Ғулувга кетиш ҳалокатлидир

Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукн имондир. Ақида масаласида барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари шарт.

Ақида борасида битилган энг мўътабар китоблардан биринчиси – “Ал-фиқҳул акбар” китобида Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан”».

Банда юқорида айтилган ақидаларга, аввало, чин қалбдан ишониб, сўнг уни тилида айтса, имони комил бўлади. Шунинг учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган. Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли ибодатлари бесамар кетиши мумкин.

Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорлаганлар (Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ўзига Қуръони карим ва суннати набавияда айтилмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан, ҳаддан ошириб юбормаслиги лозим. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар динни жуда ҳам енгил санаб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига қаттиқ ишонган ҳолда, дангасалик билан У зот буюрган амалларни адо қилишни ортга сурадилар. Бу ҳам нотўғридир.

Динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, беқарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур» (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фир­қаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қув­вати кетиб қолишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда ҳам ёшларимиз орасида диний билимни интернет саҳифаларидан ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри ақидаларга эргашиб қолаётганлар йўқ эмас. Фарзандларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун уларнинг юртимиздаги исломий таълим муассасаларини битирган мутахассислар – имом-хатибларимиздан ўгит-маслаҳат олишларини, юртимизда чоп этилаётган диний-маърифий адабиётлардан, muslim.uz, hidoyat.uz, islom.uz ва бошқа бир қатор масжидлар ва мадрасаларнинг электрон нашрларидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш зарур.

 

Бобохон ҚОСИМОВ,

Музработ тумани бош имом-хатиби

Top