Мақолалар

Бу  омадми ёки тақдир?

Эртага нима бўлиши – фақат Яратганга аён. “Ўзи асраса бало йўқ, асрамаса – даво йўқ”, дейдилар. Кимдир кундалик турмушда арзимаган нарсадан заҳарланиб, нариги дунёга равона бўлиши мумкин. Баъзан, эртакларда айтилганидек, “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” каби сифатлар айрим инсонлар тақдирида акс этади. Агар Ўзи асраса, бепоён океаннинг қоқ ўртасида юз берган кема ҳалокатида жон сақлаш, оддий қуроллар у ёқда турсин, бошига икки марта атом бомбаси тушганда ҳам, омон қолиш ҳеч гап эмас. Хўш бу тақдирми ёки омад? Хоҳлаганингиздек номланг бу ТАҚДИР! Чунки омал ҳам сизнинг тақдирингиздир.

Атом бомбалари қирғинидан омон қолганлар.

1945 йилнинг 6 августида Цутому Ямагучи Хиросимага борган эди. Ишини битказиб қайтаётганида, ҳужжатига битта муҳр бостириш  кераклигини эслаб, ярим йўлдан орқага қайтди. Ҳужжатини тўғрилаб, яна кетишга чоғланди. Трамвайдан эндигина тушганди, атиги 3 км. нарида америкаликлар ташлаган “Чақалоқ” номли атом бомбаси портлади.

Портлаш тўлқини Цутомининг қулоқ пардаларини ёриб юборди. Бир  муддат бутунлай кўрмай қолди. Баданлари жиддий куйди. Шу аҳволда, тунни ертўлада ўтказди. Эртасига Нагасакига — уйига кетди.

Бир неча кундан сўнг, Ямагучи хўжайинининг кабинетида Хиросимада юз берган даҳшатлар ҳақида гапириб ўтирарди. Худди шу пайт АҚШ ўзининг “Бақалоқ” деб аталувчи иккинчи атом бомбасини Нагасакига ташлади. Цутоми бу гал ҳам портлаш марказидан 3 км. узоқликда эди. Омадни қарангки, бу сафар деярли қаттиқ талофот кўрмади.

Цутому Ямагучи 2010 йилда Нагасаки шаҳрида ошқозон саратони хасталигидан вафот этди.

 “Олимпик”, “Титаник” ва “Британик” кемалари ҳалокатини бошидан ўтказган стюардесса.

23 ёшли Вайолет Жессоп 1911 йилда дунёдаги энг ҳашаматли саналган “Олимпик” океан лайнерида стюардесса бўлиб ишларди. Бир куни зирҳли тезюрар кема билан тўқнашув оқибатида “Олимпик” жиддий шикастланди, лекин капитан кемани эсон-омон сақлаб қолишга эришади. Қурбонлар анча бўлди, лекин омади чопганлар қаторида Жессоп ҳам омон қолади.

Аммо, бир-биридан даҳшатли ҳалокатлар тарихи энди бошланаётган эди...

Кейинги йили Вайолет Жессоп хоним машҳур “Титаник” кемаси бортига кўтарилади. Бу гал тарихдаги энг машъум ва машҳур ҳалокат юз берди... Жессоп хоним эса, албатта, қутқарув қайиғида жон сақлаб қолди.

Вайолет Жессоп, Биринчи жаҳон уруши йилларида “Британик” сузувчи  госпиталида хизмат қилди. Кўп ўтмай “Британик” Эгей денгизида минага урилиб портлади ва бирпасда чўкиб кетди. Жессопнинг ажали тўлмаган экан, кема парчаларида сузиб, тирик қолди.

Тақдирнинг киноясини қарангки, “Олимпик”, “Титаник” ва “Британик” кемалари «White Star Line» компаниясига тегишли эди. Тарихдаги энг улкан кема ҳалокатларидан соғ-омон чиқиш, бу аёл учун балки, омаддир. Аммо, кемалар ва экипаж аъзолари учун-чи?   

Вайолет Жессоп хоним узоқ яшаб, 1971 йилда юрак хасталигидан вафот этган.

“Қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган ўлади”, деб шундайларга айтишса керак-да.

Кўнглингиз тўқ бўлсин: омад ҳам, омадсизлик ҳам доимий эмас! Яъни, булардан худди оқ ва қора чизиқларни босиб ўтгандек, шахдам олға кетавериш керак. Ҳаётда нималар юз бермайди дейсиз!

Хорватия фуқароси Фране Селак бошидан шунчалик кўп омадсизлик ва кўргуликлар ўтганки, у аллақачон ўлиб кетмаганига ҳайрон қоласиз. Мана, ўша фалокатларнинг энг эсида қолганлари: 1962 йили Селак кетаётган поезд издан чиқиб, музлаган дарёга қулаб тушди. 17 нафар йўловчи қурбон бўлди, лекин Селакнинг қўли синганини айтмаса, у-бу ери бироз тирналди, холос. Шундан кейин ўтган вақт ичида у, учиб бораётган самолётдан қулаб тушди, автобус билан бирга жарликка қулади, яна икки марта автомобил ҳалокатига учради. Бир гал, энг сўнгги сонияда ёнаётган машинадан сакрашга улгурди-ю, машина портлаб кетди....

Нимасини айтасиз, нуқул фалокатлар унга соядек эргашиб юрарди. Ажабки, бу одам ҳамон соғ-саломат!

Ҳар бир нарса қазо ва қадар биландир. Бу эътиқод ҳидоят элчиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳар бир мусулмоннинг эътиқодидир. Борлиқдаги ҳамма нарса фақат Аллоҳнинг илми, изни ва тақдири билангина бўлади.

“Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси 22-оят).

Ер юзида улкан мусибат, уруш, вабо инсониятга жиддий хавф туғдирганда ҳам мусулмон одам барча сабабларни қилиб, эҳтиёт чораларини пухта амалга оширган ҳолда ҳаракат қилади-ю аммо, натижани Аллоҳ таолонинг тақдири деб билади. Чунки, Аллоҳ биз бандаларни синаш, огоҳлантириш ёки келажак яхшиликларга етказиш учун ҳам бироз синаши мумкин.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло  Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синаймиз. “(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад), Уларга мусибат етганида: “Албатта, биз Аллоҳ учунмиз ва, албатта, Унинг ҳузурига қайтамиз”, дейдилар!” (Бақара сураси 155 – 156-оятлар).

Агар мўминнинг барча эҳтиёткорликларига қарамай бошига бирор хасталик ёки хатар етса талвасага, ваҳимага тушмасдан, уни тақдирдан деб билиб, масъул мутахассислар қилаётган тадбирларга бўйсунган ҳолда, САБР тоқат ила яхши ниятда мусибатдан чиқиш йўлини излайди. Шу унинг учун энг тўғри йўлдир.

Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

Мўминнинг иши ажойибдир, ҳамма амалида унга яхшилик бор. Унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, ўзига яхши бўлади. Агар унга бирор мусибат етса, сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бундай имконият мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқ”.

Сўрасанг, Аллоҳдан сўра, У Зотдан ёрдам тила ва бил; агар бутун уммат жамланиб сенга фойда бермоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ ёзганидан ортиғини бера олмайди. Агар бутун уммат сенга зарар етказмоқ чи бўлсалар ҳам, Аллоҳ ёзганидан ортиқ ҳеч зарар етказа олмайди. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди”.

Сенга етадиган нарса хато кетмас, хато кетдими, демак сенга эмас”.

Эй Абу Ҳурайра, қалам сен йўлиқадиган нарсаларни ёзиб қуриб ҳам бўлди”.

Демак, ҳар қандай мусибат ҳолатида барча эҳтиёт чораларини қатъий амалга оширамизу ундан чиқиш йўлини, нажотни эса ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзидан умид қилиб, ёлвориб сўраймиз. Шунда биз учун осойишта кунлар, фаровон ҳаёт насиб этади.  

Унутманг уламолар: “ҳар бир мусибатдан сўнг икки яхшилик бор” дейишган.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2204 марта ўқилди

Мақолалар

Top