muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 26 Февраль 2018 00:00

Болажонлар хурсанд

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири мўминлар қалбига хурсандчилик бағишлаш”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади. Айниқса, ёш болалар ва гўдакларга мамнунлик улашиш янада савоби улуғ амалдир.
Мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “ал-Бадр” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон Холмуродов бошчилик маҳалла фаоллари мунтазам равишта хайрли ишларга қўл уриб келишмоқда.
Ўтган куни масжид ва маҳалла масъуллари томонидан “Тонг юлдузи” маҳалласидаги Сайхун кўчаси 37-уйда яшовчи 5 ёшли Азизбек ва 3 ёшли Асадбек исмли болаларни отасиз вояга етказаётган Тахминахон Абдуваитованинг оиласи аҳволидан хабар олиниб, унинг фарзандларига умра сафарига кетаётган саховатпеша кишилар кўмагида иккита кроват ҳадя қилинди.
Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг ўзига хос кўриниши бўлган бу каби хайрли ишлар юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси ва уларнинг шарт-шароитини яхшилашга бўлган эътиборнинг янада равнақ топаётганидан далолатдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 26 Февраль 2018 00:00

«Аллоҳ мўминнинг дўстидир»

Мусо алайҳиссалом муножотида: “Эй Аллоҳ мени баъзида кичик кичик ҳожатларим тушиб қолади, шу кабиларни ҳам сендан сўрайми ёки сендан бошқасидан ҳам сўрайверайми?» Шунда Аллоҳ: لا تسأل غيري “Мендан бошқасидан сўрама”, деди.

Инсон арзимас, каттами кичикми нарсага муҳтож бўлса ҳам Роббисидан сўрасин, чунки Аллоҳдан бошқа ризқ берадиган зот йўқ.

Гўёки сизни бир яқин инсонингиз бор, у сизни ҳожатмандлигингизни билади ва сизга ғамхўрлик қилиб: “Бирор ёрдам керак бўлса менга айтгин, қўлимдан келган ёрдамимни сендан аямайман, мен туриб бошқасига бориб бошингни эгиб ялинишингни хоҳламайман, ҳаё қиламан”, дейди. Бу дегани иккиси ўртасида яқинлик, дўстлик ниҳоятда кучли эканлигини билдиради. Аллоҳ таолочи? Мўмин бандаларининг дўстику, энг яқин Зотку. Аллоҳ таоло ҳам ўзи турганда, ўзида бўлатуриб, беришга қодир бўлатуриб бировдан сўраган яқин бандасига ғазаби келади, гўёки Аллоҳ таоло ҳам бизга бўлган муҳаббати ниҳоятда кучли эканлигидан: “Эй бандам юзингни сувини бировга оқизмай шуни мендан сўрасанг мен ўзим берардимку”, дейди.

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг “Аллоҳнинг гўзал исмлари энциклопедияси” номли асаридаги Аллоҳнинг «الرزاق» сифати бобидан Илҳомжон Мадалиев таржимаси

Манба: http://ukkosha.shosh.uz

Понедельник, 26 Февраль 2018 00:00

Ҳажжож ила дарвеш

Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар.

Мана ушбу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маним ҳақимга бир яхши дуо қил!» — деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! Бу золимни жонини тезроқ олғайсан», — деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?» — деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», — деди.

Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди.

Мунавварқори Абдурашидхонов. Адибус-соний

Манба: http://ukkosha.shosh.uz

Фарғонада Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик, қўмита раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик янги босқичга чиқаётганини алоҳида таъкидлади. 

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган. Икки давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор халқларимиз туб манфаатларига хизмат қилмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча комплекс масалаларини яхшилаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. 

Бугунги кунда товар алмашиш ҳажми ўсмоқда, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги ҳамкорлик миқёси кенгаймоқда. Икки мамлакатнинг етакчи корхона ва ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатишга хизмат қилган саноат кўргазмалари ва бизнес форумлар ўтказилди ва бу ишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, турли соҳаларда, хусусан маданий-гуманитар соҳада ҳам ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда. 

Мазкур комиссиянинг мажлиси амалий руҳда бўлиб ўтди. Унда кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳлари томонидан бир қатор ҳужжатлар тайёрланди. 

Учрашув якунлари бўйича қўшма баённома имзоланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарини азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Сафар давомида Бухоро заминидаги етти буюк авлиё – пирлар ҳақида жуда илиқ ва фойдали фикрларни билдирди. Уларни дунёга танитиш борасида барча чораларни кўриш, улуғ аждодларимиз муқаддас масканларини олам аҳлига танитиш ҳақида тавсиялар берди. Шунингдек, Президентимиз “Етти пир” ҳақида китоблар ёзиш, уларнинг асарларини таржима қилиш кераклиги ҳақида ҳам куюниб гапирди.
 
Айнан ана шу улуғ алломаларимиз ҳақида илмий асосланган, пишиқ ва пухта китобни нашрга тайёрлаш учун филология фанлари номзоди Сайфиддин Рафиддинов бир қанча изланишлар олиб борган. Яқинда адибнинг бухоролик етти пир тўғрисидаги – “Дунё муршидлари” деб номланган асари тайёр бўлди.
 
“Фақат энди ушбу асарни нашр этиш учун мутасадди ёки кўнгилли инсонларнинг ёрдами керак”, дейди ЎзА билан суҳбатда етти буюк авлиё тўғрисида бир йил давомида изланиб китоб ёзган муаллиф Сайфиддин Рафиддинов. 
 
– Бу йил мамлакатимизда Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур саналарга бағишлаб, Ислом оламининг йирик олиму уламолари иштирокида халқаро анжуман ўтказилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан каминага “Етти пир” ҳақида китоб ёзиш ҳамда уларнинг асарларини таржима қилиш вазифаси топширишган эди. 
 
Бир йил давомида Хожагон Нақшбандия машойихлари билан боғлиқ бешта китоб тайёрланди. Китоблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний Қўмитанинг экспертлар гуруҳи томонидан нашрга тавсия қилинди. Айрим масалаларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари билан кенгашиб иш тутилди.
 
Бешта китобнинг биринчиси, бухоролик етти пир – Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобо Саммосий, Амир Кулол ва Баҳовуддин Нақшбанд ҳақида бўлиб “Дунё муршидлари” дея номланди. Китобни ёзишда арабий ва форсий манбалардан, етти пирнинг асарларидан, хорижда ва юртимизда нашр этилган манбалардан фойдаланилди. 
 
Қолган китоблар етти пирнинг асарлари таржимасидир. Улар: Юсуф Ҳамадонийнинг “Рутбат ул-ҳаёт”, “Одоби тариқат” ва “Инсон ва коинот ҳақида”ги рисолалари ҳамда илова маълумотлар, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”, “Васиятнома” ҳамда илова маълумотлар; Хожа Ориф Ревгарийнинг “Маҳбуб ул-орифин” рисоласи ва илова маълумотлар; Каминанинг “Хожагон-Нақшбандия тариқати” ҳақидаги росоласини ўз ичига олади.
 
Китобларнинг илмийлигини ҳисобга олиб, айримларининг охирига асарнинг қўлёзма матнини ҳам илова қилдик. Бу хорижлик китобхонларнинг фойдаланишлари учун ҳам қўл келади. 
 
Бўлажак халқаро анжуманга тўёна сифатида энди уларни тезроқ нашр этиш пайидаман.
 
Бешак, аввало, китобларни охирига етказишда куч-қувват ва илҳом берган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Тилагим – ушбу китоблар тезроқ, бехато ва сифатли нашр этилса. Бухоро вилояти ҳокимияти ёки бошқа нуфузли ташкилотлар мазкур китобларга ҳомийлик қилса, яхши бўларди. 
 
Президентимиз ёшларимизнинг илми ва ахлоқи, келажаги хусусида куйиниб гапиряпти. Фарзанд тарбиясида китобларнинг ўрни нечоғлик муҳим эканини бот-бот такрорламоқда. 
 
Машойихларимиз ҳақидаги ушбу китоблар, уларнинг асарлари ёшларимизни илму маърифатга, одоб-ахлоқ, ота-она ва устозларни ҳурмат қилишга, динимиз ва эътиқодимизни қадрлашга, элу юрт, жонажон Ватанни севишга, тарғиб ва ташвиқ қилиши билан ҳам эътиборга молик, деб ҳисоблаймиз.
 
Манба: http://uza.uz
 
Top