muslim.uz

muslim.uz

Россия Федерациясиясининг Москва шаҳрида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Очиқ хат” ва “Дин насиҳатдир” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда “islom.uz” порталида хабар берилди. 

Бугун, 23 февраль куни Москва вақти билан 15:00 да Шайх Муҳаммад Содиқ номидаги мусулмонлар диний-маърифий марказида китобларининг рус тилидаги қайта нашрининг тақдимоти бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Ушбу тақдимотда иштирок этиш истагини билдирганлар учун маълумот.

Манзил: Москва шаҳри, “Парк културы” метроси, Остоженка кўчаси, 49с1-уй 

Маълумот учун, Шайх Муҳаммад Содиқ номидаги мусулмонлар диний-маърифий марказининг фаолияти 2017 йил 22 декабрда йўлга қўйилган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Чеченистон Республикаси раҳбарининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Адам Шаҳидов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасини улуғлаш ва олим томонидан амалга оширилган ишларга юксак баҳо беришини эътироф этиб ўз фикрларини изҳор этди. Бу ҳақда “kun.uz” нашри хабар берди. 

- Ассалому алайкум. Бир неча кунлар муқаддам биз чечен халқи учун ажойиб бир хушхабарни эшитдик. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодировнинг устози, бутун дунё ислом умматининг уламоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номларига Тошкент шаҳрида масжид барпо этилаётган экан. Бу барчамизга чексиз қувонч бахшида этди. 

Шахсан мен ҳазрат билан турли халқарор анжуманларда, жумладан, Чеченистонда ўтган тадбирларда учрашганман, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганман. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг дин равнақи ва истиқболи учун амалга ошираётган ишларини юксак баҳолайман ва бу ишларга муваффақиятлар тилаб қоламан.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2018 йил 17 февраль куни “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”

мавзусида тадбир ўтказилди. 

Йиғилишни билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудира муовини Роҳат Мамадшоева кириш сўзи билан очиб бериб, талалабаларни масалалар билан таништирган. 

Билим юрти мудири А. Иноятов ўз маърузасида қуйидагиларни сўзлади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

 

Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.

Аллоҳ учун дўстлашишнинг шартларини айтиб берсангиз. Мактабда бирга ўқиган дўстлар билан Аллоҳ учун дўстлашиш холис бўлиши мумкинми? Боиси, улар билан ўртада Аллоҳ учун дўстлашишдан ташқари, бирга ўқиганлик учун дўстлик ҳам мавжуд бўлади. 

Аллоҳ таолонинг “Ҳужурот” сурасидаги: “Албатта, мўминлар биродардирлар”, деган оятига биноан мўминлар бир-бирига биродардир. Воқеъликда эса мазкур умумий иймон биродарлиги билан бир қаторда хусусий биродарлик – дўстлик ҳам мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу хусусий биродарлик мўминлар ичидаги якка шахслар орасида ўрнатилиб, жамиятдаги умумий биродарликни мустаҳкамлашга ва бошқа кўпгина яхшиликларга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бу ишга алоҳида аҳамият берганлар ва бу тарздаги инсоний алоқаларни улфатчилик ва дўстлик деб номлаганлар. 

Албатта, улфат бўлиш ҳусни хулқнинг самарасидир. Тафриқа (бўлиниш) эса, ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ муҳаббат, улфатчилик, мувофиқликка сабаб бўлади. Ёмон хулқнинг самараси ҳасадлашув, ёмон кўриш ва хусумат-душманликдан иборатдир. Исломда ҳусни хулқнинг ўрни жуда юқори даражада туради. Ҳусни хулқнинг фазли хусусида Аллоҳ таоло Қалам сурасида: “Албатта, сен улуғ хулқдасан” (4-оят), деган. 

Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган – бирлаштирган тузум ёки мафкура бўлмаган. Кишилар қалбида Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат ва тақво асосида бўлади. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ”, дедилар” (Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган). 

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар экан. 

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир (Аллоҳ билувчидир). 

“Алоҳга ва унинг Росулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. (Анфол, 46) 

Азиз талабалар, мусулмонлар Аллоҳ таолога ва унинг Росулига қанчалик итоатда бўлсалар, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жумладан, мусулмонлар ўзаро низо ва ихтилоф қилмасликда ҳам Аллоҳ таолога ва унинг росулига итоатда бўлишлари кўпгина муваффақиятларнинг омилидир. Аллоҳ таолога ва унинг росулига итоат қилмай, ўзаро низо ва ихтилоф қилишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг давомида баён қилиб берилмоқда: “Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади”. 

Аллоҳ таоло рост айтади. Ислом тарихидан маълумки, мусулмонлар ички низо ва ихтилоф сабабли муваффақиятсизликка учраганлар. Орада ихтилоф чиқмаслиги учун сабр керак. Сабрсизлик эса, мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ сабрлилар билан доимо бирга ва уларни ҳар қандай офатлардан омон сақлайди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишишнинг оқибати ҳеч қачон яхши бўлган эмас. Ихтилофнинг асосий сабаби ўзаро ҳасад қилишдир. Ҳасад ўз эгасини хароб қилади. 

Мана Аллоҳ таолонинг изни иродаси ва фазли карами ила бирга ишлаш насиб бўлган экан, эндиликда ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, ўқув даргоҳимизнинг савиясини оширишимиз, ҳақиқий илм соҳибаларини етиштириб, динимиз ривожига муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Бунинг учун эса аввало ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва юксак исломий одоб-ахлоқ билан иш кўришимиз, бир-биримизга кўмакчи бўлишимиз зарур.

 

А.Иноятов билим юрти мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим билан қудсий ҳадис ўртасида қандай фарқ бор? 

Бу ҳақда билишни истасангиз қуйидаги мақола билан танишинг.

Қуръони карим: 

  1. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) орқали ваҳий қилинган. Унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам илоҳийдир. Ҳеч бир жиҳатдан бирортанинг унга даҳли бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Аллоҳ таоло айтади: 

“Уни Руҳул амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди, у аниқ араб тилида эди” (Шуаро, 193–195). 

  1. У ожиз қолдирувчидир, на инс, жин маънода ва лафзда унга ўхшашини, ҳатто кичкина бир сурасига ўхшашни ҳам тўқий олмайди. 
  1. Қуръони карим то қиёмат кунигача боқий қолувчи, ўзгариш ва алмашишдан сақлангандир. 
  1. У бизга Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мутавотир тарзда нақл қилинган. Ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир бўлади. 
  1. Қуръони карим намозда ва бошқа вақт ўқилади. Унинг қироати ибодат саналади ва ҳар бир ҳарфига ўнта савоб берилади. 
  1. Уни таҳоратсиз ушлаш ва кўтариш, жунуб, хайз, нифос ҳолатда тиловат қилиш мумкин эмас. 

Ҳадиси қудсий: 

– унинг лафзи Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га оид, маъноси илоҳийдир; 

– ожиз қолдирувчи эмас; 

– ўзгариш ва алмашишдан сақланган эмас; 

– бизларга оҳод хабар тарзда етиб келган; 

– ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир саналмайди; 

– намозда ўқилмайди; 

– уни ўқиш ибодат эмас; 

– уни таҳоратсиз ўқиш, ушлаш ёки кўтариш мумкин. 

Ҳадиси қудсий асли Аллоҳ таолонинг сўзи бўлсада, Пайғамбаримизга Жаброил (алайҳиссалом) орқали туширилмаган, балки бевосита илҳом қилинганидан кейин эълон этилган

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 23 Февраль 2018 00:00

Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг...

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ушбу раббоний чақириқ барча инсонларнинг асли бир эканлигига, шунинг учун бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлиб, аҳил ҳаёт кечиришларига далолат қилади. Бошқа бир оятда мана бундай хитоб қилинади: "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз." (Ҳужурот сураси, 10-оят). 

Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик Аллоҳ учун, дину - диёнат учун, Ислом - иймон учундир. У ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка путур етса зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. Чин мўмин бошқа бировга зарра миқдорда бўлса ҳам озор бермаслиги лозим. 

Афсуски, бугун кўп мусулмонлар на бу ояти каримадан насиҳат оладилар ва на тарихий тажрибалардан сабоқ оладилар. Бирлашишлари учун минглаб сабаб, туртки ва омиллар бор, бирортасига қиё боқиб қўймайдилар. Балки тафриқа учун баҳона истаб тургандек, биргина сабаб топиб қолишса бас, ҳар ким ўзини тўғри деб, ҳидоятда санаб, бошқани гумроҳликда айблаб, тумтарақай бўлиб кетаверишади. Шунинг учун ҳам ҳозирда нима бало бўлса, мусулмонларнинг бошида бўлмоқда. Ўлдирилаётганлар ҳам, таланаётганлар ҳам, қийноққа солинаётганлар ҳам асосан мусулмонлар. Аммо шунда ҳам ўзларига келмаётганлари янада ачинарли ҳол. Хилма-хил фирқаларга бўлиниб, жанжаллашиб, бир-бирини кофирга чиқариб, ҳатто хунрезликкача борадиганлар ҳам топилаётгани эса энг катта мусибатдир. Шариатимиз тафриқанинг барча турлари ва кўринишларига қарши курашади. Мусулмонлар шу пайтгача ташқи душманга мағлуб бўлмаганлар, фақат ички низо сабаблигина мағлубиятга учраганлар. Бугун ҳам уларнинг заифлашуви, мусибатларининг асосий сабаби ихтилоф ва тафриқага тушиш бўлмоқда. Эътиқоди бузуқ баъзи тоифалар динимизнинг соф қарашларига рахна солиш билан кўпгина кишиларнинг эътиқодига рахна соляптилар. Диний атамаларни атайлаб бузиб талқин қилиш ва одамларни куфрда айблаш орқали уларнинг молу жонларига тажовуз қилиб, обод юртларини харобага айлантирмоқдалар. Аслида эса Ислом ўзаро муҳаббат, биродарлик руҳини таратувчи дин бўлиб, ҳатто кундалик ҳаётимизда, оилавий муносабатларимизда ҳам бўлинишга, тафриқага йўл қўймайди. Чунончи, болалар, етимлар ўртасида адолатсизлик қилиб, уларнинг бирини иккинчисидан устун қўймасликка, эру хотин, қариндош-уруғлар ўртасида чақимчилик қилиб, туҳмат, бўҳтон уюштириб ораларини ажратмасликка қаттиқ буюради.

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини озгина тафсир қилиб тушунтирмоқчимиз: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг» (Оли Имрон, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», дедилар. Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг  ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир.

Баъзи муфассирлар «Аллоҳнинг арқони» деганда Ислом дини назарда тутилган дейдилар. Баъзилар эса уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб тафсилот берганлар. Яъни, «Аллоҳнинг Расули суннатини маҳкам ушланг, унга амал қилинг, унинг атрофида жамланинг, ундан узоқлашманг!»

Бўлиниб кетманг, акс ҳолда, Аллоҳнинг арқонини қўлдан бериб, ҳалокатга учрайсиз. Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани тушунилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш экан.

Ҳа, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё қийинчиликларидан ва охират азобидан қутқариш учун туширган арқонидир. Қуръони карим ҳайвонийлик чоҳидан малаклик чўққисига олиб чиқувчи нурли арқондир. Қуръони карим ғафлат ботқоғидан қутулиш учун ягона воситадир.

Азизхўжа Иноятов,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

 

Top