muslim.uz
Икки хил тарбия
Зайд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилаганлар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал совға бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Яқинда телеканалларимиздан бирида “Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильмда аянчли воқеалар тасвирланган: бир ўзбек аёли хорижда бошқа бир юртдоши – ўзбек қизини сотиб юборгани, хорижга пул ишлайман деб кетиб жангариларга қўшилиб қолган ёш йигитлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Бир лавҳада 20-25 ёшлардаги йигитнинг хорижга ишлашга кетгани ва жангариларга қўшилиб қолгани ҳақида ҳикоя қилинади. Отаси ҳам хорижда. Онанинг кўз ёшлари тинмаяпти, амакиси йиғилганлар олдида сўзга чиқди. Шу амаки жигарининг фарзандини қанотига олиб ўз фарзандлари қаторида тарбиялаши, тўғри йўлга солиши мумкин эди-ку?!
Айниқса, бир онанинг ўғли хорижда жангариларга қўшилиб кетган бошқа бир онага қарата айтган сўзлари юракларни ларзага солди. Онаизор кўзларида ёш билан шундай деди: “Менинг ўғлим ҳарбий эди. Юртимиз чегара ҳудудида хизмат вазифасини ўташ пайтида террорчиларнинг минасига учраб, боламнинг танаси тилка-пора бўлиб сочилиб кетган. Фарзандимнинг танасидан бир ҳовуч кул қолди. Шу кулни кўмдик. Сиз буни тушунасизми? Сиз вояга етказган Ватан хоини кабиларни деб ота-оналар не-не орзу-умидлар билан катта қилган фарзандларидан айрилди”.
Йиғилганлар қаршисида икки она юзма-юз турибди. Бири – юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган фарзанднинг волидаи муҳтарамаси, яна бири эса, ўғлининг Ватанга хиёнат қилганлигидан қалби вайрон, юзи қора бўлган она...
Баъзилар ёшларимизнинг қабиҳ йўлларга кириб кетишида ота-она, маҳалла, таълим тизимини айблайди. Албатта, боланинг камолга етиши, баркамол инсон бўлиб етишишида оила муҳитининг таъсири катта. Бугунги кунда ёшлар ва болалар компьютер ёки қўл телефонлари орқали турли сайтларга кириб, оқибатда ёт оқимларнинг домига тушиб қолиши мумкин. Агар фарзандларимизнинг турли оқимларга қарши курашчанлик иммунитетини шакллантирсак, улар ҳеч қачон ғараз мақсадли кишилар домига тушмайди. Бунинг учун, ҳар бир ота-она фарзандининг нима билан қизиқаётгани, ким билан дўстлашаётганидан бохабар бўлиши, ва албатта юқоридаги ҳадиси шарифда келтирилганидек, фарзандига гўзал одоб бериши лозим.
Шу билан биргаликда, фарзандларимизни виртуал қарамликдан халос этиб, китоб билан ошно қилишимиз зарур. Китоб мутолаа қилган, тафаккури кенг инсон ҳеч қачон ёт ғояларга алданмайди.
М.Абдуллаева, ЎМИ мутахассиси
“Бухорий авлодлари” жамоасига ғалаба муборак
2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилган футбол турнири ҳам ўз ниҳоясига етди. Финал ўйинида, “Ҳазрати имом” ва “Бухорий авлодлари” жамоалари ўзаро тўп суришди.
Ушбу учрашувга халқаро тоифадаги футбол реферилари ва футбол ихлосмандлари ташриф буюришди. Томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида бошланган финал ўйини, жуда ҳам қизиқарли ва муросасиз кечди. Юртимизда қиш фасли бўлгани сабабли, ҳаво бироз ёмғирли бўлган бўлсада, лекин бу футболчиларнинг ўйинлари ва кайфиятларига асло таъсир кўрсатмади, аксинча, самодан ёғаётган ёмғир томчилари уларга ўзгача куч-қувват ва тетиклик бағишлади. Демак, қуйида финал учрашуви натижалари ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган футболчилар билан танишасиз:
1-ўрин "Бухорий авлодлари" жамоаси.
2-ўрин “Ҳазрати Имом” жамоаси.
3-ўрин “Мовароуннаҳр” жамоаси.
Турли номинациялар бўйича тақдирланганлар:
- Энг яхши дарвозабон – Сагдиев Аҳмаджон (“Бухорий авлодлари” жамоаси дарвозабони)
- Энг яхши ҳимоячи – Аманов Ҳошим (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳимоячиси)
- Энг яхши ярим ҳимоячи – Шоймиров Акбар (“Мовароуннаҳр” жамоаси ярим ҳимоячи)
- Энг яхши ҳужумчи – Нўъмонов Камолиддин (“Минор” жамоаси ҳужумчиси)
- Энг кўп тўпурар – Парпиев Баҳриддин (“Мовароуннаҳр” жамоаси ҳужумчиси)
- Энг чиройли голл соҳиби – Тошпўлатов Ҳасан (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳужумчиси)
- Янг жонкуяр мухлис – Раҳматов Азамат
Финал ўйини якунида, жорий турнирга мезбонлик қилган Тошкент ислом институти томонидан ғолиб жамоалар ва меҳмонларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Ажабтовур айланувчи бино
2020 йилга бориб Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бор, доимий ҳаракатланиб турувчи oсмонўпар бино қурилади. У Дубайдаги аҳоли истиқомат қилувчи энг баланд бинолардан бири бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа асосчиси италиялик муҳандис, Девид Фидернинг сўзига кўра, бино 80 қават ва баландлиги 420 метрни ташкил этади. Бинонинг ҳар бир қавати ўз ўқи атрофида 360 градусга айлана олади. Четдан кузатганда, бинонинг доимий ҳаракатланиб турганини кўриш мумкин.
Бу ажойиб бинода истиқомат қилувчилар, ўз хоналаридан туриб, кун чиқиши ва кун ботишини томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун фақатгина ўз хонадонларини шарқ ёки ғарб томонга қараб буриб қўйсалар кифоя.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
Ҳарам ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилди
Куни кеча Саудия Арабистонинг Макка шаҳрида, Икки муқаддас масжид хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Масжидул ҳаром ҳудудига олиб кириш таъқиқланган нарса-буюмларни аниқлаш учун махсус сканерлаш қурилмаси ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди. Шу кунга қадар, бу каби текширув ишлари, масжид эшиги олдида турувчи хизматчилар томонидан амалга оширилар эди.
Аввал хабар берилганидек, яқинда бир киши Масжидул Ҳаром ҳудудига бензин олиб кириб, Каъба яқинида ўзини ёқиб юборишга уринган эди. Шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ҳарам ҳудудида хавфсизлик чораларини кучайтирилмоқда.
Халқаро алоқалар бўлими
Донишманд ўгити
Бир шаҳарда донишманд яшаган экан. Турли жойлардан унинг олдига маслаҳат учун одамлар келишар экан. У одамларга қимматли маслаҳатлар берар экан. Унинг овозаси узоқ-узоқ ўлкаларга етибди.
Бошқа бир шаҳарда донишмандлиги билан донг таратган бир одамнинг қулоғига ҳам бу хабарлар етиб борибди. У одамлар орасида ўз обрўсини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ўзининг ўша донишманддан устунлигини исботламоқчи бўлибди ва шундай режа тузибди. "Бир капалакни тутиб, икки кафтим орасига олиб, ҳамманинг олдида донишманднинг олдига бораман. "Кафтим орасида нима бор?" деб сўрайман. Албатта у капалак, деб жавоб беради. Шунда мен: "У тирикми ёки ўликми?" деб сўрайман. Агар у тирик, деса, мен кафтимни билдирмасдан сиқиб, очганимда ҳамма капалакнинг тирик эмаслигини кўради. Агарда у капалакни ўлик, деса, мен кафтимни очиб, уни учириб юбораман, ҳамма капалакнинг тирик эканини кўради, шунда барча унинг хато қилганини сезади", деб ўйлабди.
У айтганини қилиб, капалакни олиб донишманднинг олдига борибди ва "Қўлимдаги нима?" деб сўрабди. "Капалак", деб жавоб берибди донишманд. "У тирикми ёки ўликми?", деб сўрабди келган донишманд. "Бу энди сенга боғлиқ", деб жавоб берибди донишманд унинг кўзига қараб.
Билгинки, ўзингнинг кучингга ортиқча баҳо беришинг сени ҳам мана шундай уялтириб қўйиши мумкин. Донишмандлар: "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", деб бежиз айтишмаган.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ