muslim.uz
Оналар мўътабар
Она қанча фидойилик ила инсон деган ажиб хилқатни дунёга келтиради. Саҳиҳ ҳадисларда аёлни эъзозлаш, қадрлашга чақирилади: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, “Аввал онангга, онангга, яна онангга, кейин отангга яхшилик қил”. Бежиз оналарни эъзозлаш, ҳурмат қилишга чақирилмайди. Чунки она 9 ой фарзандини “заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди” (Луқмон, 14). Фарзандини икки йўлнинг ўртасида туриб дунёга келтиргач, яна янги бир фидойилик китоби очилади. Тунни кунга, кунни тунга улаб, уни парваришлайди. Ўзи емай-ичмай жигарбандига тутади. Унинг сиҳати йўлида керак бўлса, жонидан кечади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (14-оят).
Бироқ ҳамма бирдек ана шу мўътабар инсоннинг қадрига етаяптими? Йўқ, бугун аксариятимиз динимизнинг ана шу ҳаётбахш амрларига итоат этмаслигимиз сабабли миллий қадриятларимиз унутилиб бормоқда. Оналаримиз кексайганида, уларни хор қилиб қўймоқдамиз. Очиқ айтиш керак, ўз онасини жеркиб, тўғри насиҳатини эзмаликка йўяётганлар, ёинки қаровсиз қолдириб, кексалар уйига олиб бориб ташлайдиганлар йўқми? Афсуски, бор. Замон ривожланиб, яшаш шароити енгиллашгани сари уларнинг кўпайиб бораётгани кишини ажаблантиради.
Яқинда бир воқеани эшитиб, оғриниб кетдим. Ҳакам танишим вақтида болаларини ўқитиб, уйли-жойли қилиб, кексайганида қаровсиз қолгани, қўни-қўшнилар маслаҳати билан болаларидан алимент ундириш учун ариза берганини айтиб қолди. Наҳотки оқ ювиб оқ тараган онага меҳр бериш, унинг хизматини қилиш, кўнглини кўтариш, далда бўлиш шунчалар қийин бўлса? Ахир оналарга эътибор кўрсатиш, бир оғиз ширин сўз айтиш, меҳрига меҳр билан жавоб қайтариш керак эмасми? Бир ғариб кўнглини олмоқ ҳаж ибодатига тенглаштирилган-ку! Ота-она дунёдан ўтгандан сўнг қабри устида минг соат йиғлаб тургандан, тириклигида бир бора йўқлаш, умримизга, ризқимизга барака ёғдирадиган дуоларини олиб қолиш керак-ку! Эҳ одамлар, одамлар, қаерга қараб кетаяпмиз?!
Бугун қилаётган ҳар бир хатти-ҳаракатларимиз эртага фарзандимиздан қайтишини унутмайлик. Нима эксак, ўшани ўрамиз.
“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади”, дедилар”. Ваҳоланки, биз дориломон замонда, фараҳли кунларда яшаяпмиз. Биз уларни озод ва бахтиёр кўриб улғайганмиз. Улғайиб, энди ўзимиз ота-она бўлганимизда волидаларимизни эъзозлаб, уларнинг ҳаққини адо этиш фарзимиз эканлигини унутмайлик.
Зебо ОМОНОВА
Мўминнинг даражасини кўтарувчи амал ёхуд мардлар иши
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афв қилмоғингиз, кўнгилни кенг тутмоғингиз ва кечирмоғингиз яхшидур. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидур”
(Тағобун, 14).
Яратган кўнгилни кенг тутиш, кечиримли бўлишга буюрмоқда. Зеро, Унинг ўзи кечиримли Зот. Банда ўз фитратидан келиб чиқиб, билиб-билмай хато қилиши, гуноҳ ишларга қўл уриши мумкин. Агар у тавба қилса, гуноҳи каффоратига савоб амалларини кўпайтирса, Парвардигор кечиради. “Яхши ахлоқларни мукаммал қилишга” юборилган Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар”, дея марҳамат қиладилар ва тинимсиз равишда инсонларни раҳмдил бўлишга, бир-бирига кенглик қилишга чақирадилар. Аразлашиб қолишган тақдирда эса, уч кундан ўтмаслигини қайта-қайта таъкидлаганлар.
“Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан алоқани уч кундан ортиқ узиб, аразлаб юриши ҳалол эмас. Агар шундай давом этса, иккиси ҳам Яратганнинг раҳматидан маҳрум бўлади, уларнинг қай бири ярашиш томон биринчи қадамни қўяр экан, аввало ўшанинг гуноҳи кечирилади”, дея марҳамат қилганлар.
Нақл қилишларича, Абдуллоҳ ибн Муборакка бир сафарда бадхулқ киши ҳамроҳ бўлибди. Ҳазрат йўл давомида унинг ярашмаган қилиқларига чидабди, баъзи ишларини кечириб, қаттиқ гапирмай, аксинча, унга таъсир ўтказишга интилибди. Йўллари айрилгач эса, йиғлабди. Сабабини сўрашса: “Унга раҳмим келяпти. Мен ундан ажралдим, аммо унинг ёмон хулқи ўзи билан кетди, ундан ажралмади”, деган экан. Аллома сафардоши азиятларидан шикоят қилмаяпти, кечиримли бўлиб ва уни йўлга сололмагани учун ўзини айблаяпти, изтироб чекяпти.
Маънавиятли инсон, албатта, тарбиячи ҳам бўлиши лозим. Чунки том маънодаги тарбияли одам нафақат ўзи ва оила аъзоларини ўйлайди, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй, ватандошлари учун ҳам қайғуради. Акс ҳолда, унинг барча фазилатларини биргина лоқайдлиги, атрофга бефарқлиги ювиб кетади.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Яхшиларни ҳаммаям дўст тутади. Лекин ёмонларни дўст тутиш, уларни тўғри йўлга солиш, мардларнинг ишидир”, дейганлар.
Яратганнинг наздида энг номатлуб амал мўминларнинг бир-бирига ўзаро хусумат, гина-адоватда бўлиши саналса, силаи раҳм, бағрикенглик, аҳилликка, муросаи-мадорага интилиш гўзал фазилатлардан ҳисобланади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳис салом саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:
“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (ўч олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро, 43)
Яратган кечиримли Зот, Пайғамбаримиз алайҳис салом кечиримли зот, ўтмиш алломаларимизнинг қай бирларини олиб қараманг, ҳаммалари бағрикенг инсонлар бўлишган
Шундай экан, биз ўз ҳаётимизда бағрикенгликни шиор қилиб, оиламиздагилар ва ён-атрофимиздагилар билан силаи раҳмда бўлишимиз, ёшларимизни ҳам ана шундай олижаноблик, юксак маънавият эгалари қилиб тарбиялашга интилмоғимиз лозим.
Зеро, одам боласи Парвардигор яратган оламни янада обод қилишга, ер юзида ҳаёт бардавомлигини таъминлашга буюрилган. Асло, низою адоват, урушу бузғунчиликларга эмас...
Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б:
Зайнилобиддихон Қудратов.
Исломда иммунитет ҳимояси
Куз ва қиш мавсумларида иммунитетни мустаҳкамлаш масаласи барча учун бирдек муҳим ҳисобланади. Қуйида иммунитетни оширишга хизмат қилувчи баъзи омилар ҳақида маълумот берамиз.
Таҳорат – нафақат намоз калити, балки соғлиқ гарови ҳамдир. Таҳоратнинг юрак қон томирлари тизимига фойдаси исботланган. Совуқ сувда олинган таҳорат организмни чиниқтиради. Доимий оғиз бўшлиқлари ва бурунни тозалаш инфекция пайдо бўлишини олдини олади.
Занжабил – антибактериал, шамоллашга қарши, антимикроб, антисептик, бактерицид хусусиятларга бой. Занжабил илдизи фойдали бўлиб, унинг таркибида витамин С ва В ҳамда инсон организмидаги шикастланган ҳужайраларни қайта тиклаш ва “даволаш” хусусиятига эга бўлган ретинол бор. Занжабилнинг шифобахшлиги асал билан янада таъсирли бўлади.
Асал – организм иммунитетини оширишда тенги йўқдир. Эслатиб ўтамиз, асал ва одам организмининг кимёвий таркиби ўхшаш. Шамоллашни олдини олишда асал ва ёнғоқ муҳим воситадир. Ёнғоқнинг турли кўриниши бўлиши мумкин, фақат бунда муҳими асал ва ёнғоқ аралашмаси маълум кун туриши керак.
Қора седана ёғи – ошқозон ичак фаолиятини яхшилаб, иммун тизимини оширади. Қора седана ёғи кўпгина касаллик қўзғатувчи бактерияларни йўқ қилади, қондаги холестерин миқдорини камайтиради ва ўт ҳайдайди. Ёғни профилактик мақсадда ёки умум мустаҳкамловчи восита сифатида қўллаш мумкин. Бир кун давомида бир чой қошиқ миқдорида қора седана ёғи ичилса, ўша бир қошиқнинг ўзи ҳам кун давомида қувват бериб, моддалар алмашинувини нормаллаштиради.
Ҳилба – Табиблар: “Агар одамлар хилбанинг фойдасини билишганда эди, уни олтиннинг баҳосига сотиб олишарди”, деб айтишган. Инглиз олими Клебер: “Агар барча дориларни мезоннинг бир палласига, ҳилбани иккинчи палласига қўйсангиз, мезон тенг бўлади”, деган. Вирусли инфекциялар оқибатида иситма кўтарилишида, шамоллашда хилба уруғлари фойда беради. Хилбанинг юмшатувчи хусусияти туфайли уни шамоллаганда ва балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилади. У инсон организммидаги қуюқлашиб қолган шилимшиқларни юмшатиб, кўчириб, токсинларни лимфа тизими орқали ювиб чиқаради. Шамоллаган пайтда 500 гр сувга бир ош қошиқ хилба солиб, дамлаб ичиш керак.
Моҳира Зуфарова
тайёрлади.
Китоб мутолааси – қалб озуқаси
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, улуғ алломаларимиз меросига, азалий қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга юксак эътибор қаратилмоқда. Зеро ёшлар келажагимиз, эртанги кунимизнинг суянчиғи ва таянчидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Унинг ижросини таъминлаш ҳамда Ахборот-ресурс марказларини бойитиш мақсадида ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими тавсияси билан “Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди” томонидан Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига 83 номдаги 261 дона янги бадиий адабиётлар олиб берилди ва беғараз тақдим қилинди.
Янги адабиётларни ТИИ жамоасига таништириш мақсадида 2017 йил 9 февраль куни институтда китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада шунингдек, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Имом Бухорий халқаро маркази” ҳамда Республика маънавият тарғибот маркази томонидан берилган 25 номдаги 70 дона диний-маърифий ва мафкуравий адабиётлар ҳам намойиш қилинди.
Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир.
К. МАҲКАМОВ,
ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири