muslim.uz
Алишер Навоийнинг Қуръон ва тафсир илмида тутган ўрни
Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.
Алишер Навоий яшаб ижод этган даврда меъморчилик, наққошлик, тасвирий санъат (миниатюра), хаттотлик, мусиқа, таълим тизими, илм-фаннинг турли соҳалари (аниқ фанлар – астрономия, математика; табобат, Қуръон илмлари, фиқҳ, фалсафа, тасаввуф, адабиёт ва ҳ.к.) ўз даврига нисбатан юксак даражада ривожланди.
Шунингдек ушбу даврда турли илм-фан соҳалари қаторида Қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.
Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида Ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган.
Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.
Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.
Алишер Навоий Қуръон илмларини чуқур ўрганиш мақсадида ўз илмий фаолиятини Самарқандда Хожа Хурд ва Мавлоно Муҳаммад Олим каби мовароуннаҳрлик илм аҳллари билан бирга давом эттиради ва уларнинг тафсир илми борасидаги мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Ана шундай кенг билим доирасига эга бўлиш орқали Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:
“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.
Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодаланганлиги ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг “Назм ал-жавоҳир”, “Мажолис ан-нафоис”, “Ҳайрат ал-аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” ва “Хамсат ал-мутаҳаййирин” каби асарларига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мавзуга дахлдор бўлган маълумотлар батафсил баён этилганига амин бўламиз. Мазкур асарларда ҳам Қуръони каримга катта эътибор берилгани маълум бўлади.
Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,
Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,
Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.
Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:
“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,
Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,
Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.
Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.
Ушбу даврда Ҳазрат Навоий давлат миқёсидаги катта ҳуқуқларга эга бўлиб, бутун куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигига қаратди.
XV асрнинг иккинчи ярмида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис илми, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари энг аввало ғазал мулкининг султони бўлган Алишер Навоийнинг ғамхўрлиги остида ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ҳаёти мобайнида нафақат туркий тилга асос солди, балки Моваруннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди десак асло муболаға бўлмайди.
АброрАЛИМОВ,
Тошкент шаҳар
“Қатортол”масжиди имом-хатиби
Қорақалпоғистонда имом-хатиблар йиғилиши
Жорий йилнинг 4 февраль куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги диний ходимлар иштирокида 2016 йил якунлари сарҳисоби ва 2017 йил истиқбол режаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Алеуов, Адлия вазирлиги ходими Т.Қалилаев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили Ш.Бауатдинов ҳамда масжид имом-хатиблари, имом ноиблар ва мутаваллилар иштирок этди.
Йиғилишда диний соҳа ходимларига тегишли бўлган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Шундан сўнг, имом-хатиблар фаолиятини янада жадаллаштириш, оммавий ахборот воситаларида маърифий чиқишларни жонлантириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш чора-тадбирларини самарали ташкил этиш, диний соҳа ходимларининг нутқ маданиятини ошириш, масжидларда таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини тартибли ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ЎМИ Масжидлар бўлими ходими
Музаффар Жабборов
Италияда Қуръон мусобақаси
Италияда Қуръони каримни ёдлатиш бўйича халқаро ҳайъат билан ҳамкорликда Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада 125 нафар қори йигит ва қизлар Қуръони каримнинг 30, 15, 10, 5, 3 ва 1 пораларини ёддан ўқиб бердилар. Мусобақа фаолиятида собиқ Миср қорилари уюшмаси раиси доктор Аҳмад Исо Маъсировий, Қуръони каримни ёдлатиш халқаро ҳайъати вакили Шайх Абдурроҳман Аъвасий ва Ислом марказлари ходимлари иштирок этдилар.
Мусобақа якунида ғолибларга мукофотлар тақдим этилди ҳамда ёшларни Қуръони карим ахлоқи ва одобига риоя этишга, шунингдек, Қуръони каримни тўлиқ ёдлашда бардавом бўлишга тарғиб қилган маърузалар тингланди.
Халқаро алоқалар бўлими
Футбол: самодан ёғаётган оппоқ қор оғушида ўтган учрашув
Юртимизда қаҳратон қишнинг изғиринли кунлари кезиб юрибди. Пойтахтимиз кўчаларини кезар экансиз, айрим футбол ўйингоҳларида, юрагида ўти бор, футбол ўйинига қизиқиши кучли бўлган инсонларни футбол ўйнаётганини гувоҳи бўласиз. Уларни кузата туриб, ушбу спорт турига қизиқишлари ва саломатликларига бефарқ эмасликларини англайсан киши. Улардаги шижоат ва спортсеварликни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ишчи-ходимлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида ҳам “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан футбол турнири ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 27 январь ҳамда 3 февраль, сешанба кунлари ушбу турнирнинг 4-5 тур учрашувлари бўлиб ўтди. Айниқса, 3 февраль, сешанба кунги ўйинда, қалин қор ва совуқ ҳаво бўлишига қарамасдан, учрашув кутилмаган натижалар ва бир-биридан ажойиб голларга бой бўлди. Қуйида 4-5 учрашув натижалари билан танишасиз:
4 тур натижалари
Дўстлик |
9 - 9 |
Мовароуннаҳр |
Ҳазрати Имом |
5 - 6 |
Бухорий авлодлари |
Минор |
7 - 4 |
Кўкалдош |
5 тур натижалари
Дўстлик |
6 - 3 |
Ҳазрати Имом |
Минор |
5 - 3 |
Бухорий авлодлари |
Мовароуннаҳр |
3 - 0 |
Кўкалдош |
Эслатиб ўтамиз, ярим финал ўйинлари жорий йилнинг 7 февраль, сешанба куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жамоалар ўзаро беллашадилар:
Минор |
- |
Бухорий авлодлари |
Ҳазрати Имом |
- |
Мовароуннаҳр |
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Заҳри қотилдан эҳтиёт бўлайлик!
Сўнгги йилларда бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солаётган, мамлакатларнинг келажагига, қолаверса, ёшларнинг умрига завол бўлаётган, инсонни инсонийлик қиёфасидан чиқариб, ҳайвондан ҳам тубан ҳолатга тушишига сабаб бўлаётган иллат – бу гиёҳвандликдир.
Ўз навбатида инсоният келажаги ва саломатлиги учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар.
Кундан кунга кўплаб кишилар, айниқса, ёшлар ва аёлллар гиёҳвандлик иллатининг ҳалокатли тўрига илинмоқдалар. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилалар мустаҳкамлиги ва иқтисодига, фарзандлар одоб-ахлоқига, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда. Мутахассислар томонидан эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса, “героин бомбаси” эканлиги таькидланмоқда.
Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, гиёҳвандлик балоси бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича халқаро ва умумжаҳон ташкилотлар тузилди. Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 26 июнь кунининг “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб номланиши ҳам бу иллатнинг нақадар хавфли ва унга қарши курашиш бутун дунё ҳамжамиятининг муаммоси эканига далолат қилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, тадқиқотчилар фикрича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл ислом дини таълимотларида белгиланган экан.
Маълумки, ислом динининг асосий таълимот манбаи бўлмиш Қуpъони каримда тоза-пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлиги ҳақида очиқ баён қилинган.
Илоҳий кўрсатмаларга асосланиб, Пайғaмбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳар бир маст қuлувчи нарса ҳаромдир” , дедилар.
Бошқа бир ҳадисда: “Кимда ким заҳар билан ўз жонига қасд қилса, қиёмат куни унга жаҳаннамда заҳар ичириш билан азоб берилади”, - деб таъкидланган. Гиёҳванд моддаларнинг заҳри қотил деб аталиши ҳам бежиз эмас. Унинг ўлдирувчи заҳардан ҳеч қандай фарқи йўқлигини эътироф этиш лозим.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаp қaндай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан ман этганлар”, - дейилади.
Қуръон оятлари ва Расул акрам ҳадисларида гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку? деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз даврларида, ҳатто Аббосийлар халифалигининг дастлабки йилларигача ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом оламида номаълум эди. Лекин ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огoҳлантириб кетдилар. Хақиқаттан ҳам, ҳозирги кунда маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи ва соғликка жиддий зарар етказувчи заҳри қотил моддаларнинг турлари кўпайиб бормоқда. Шунинг учун Расул алайҳиссалом умумий қилиб:
“Ҳар қандaй маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаромдир”, - деб асосий қоидалардан бирини баён қилиб бердилар.
Гиёҳванд моддаларнинг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи эканлиги, ўз навбатида инсон соғлигига жиддий зарар етказишига эса шубҳа бўлмаса керак.
Буюк алломалардан бири Имом Абу Бакр Қасталоний гиёҳванд моддаларнинг турлари ва уларнинг ҳаромлигига бағишлaб aлоҳида бир китоб ёзганлар ва номини "Нашани ҳаpом қилиш билан турмушни икром этиш" деб атаганлар. Шунингдек, Имомиддин ибн Абу Шариф каби бошқа забардаст алломалар ҳам гиёҳвандликка оид бир қанча китоблар таълиф этганлар.
Асримиз уламоларидан ҳам жуда кўплари бу заҳри қотилнинг зарарли оқибатларига оид китоб ва рисолалар ёзишган. Ислом оламида унинг ҳаромлиги ҳақида махсус фатволар ва мақолалар эълон қилиниб келинмоқда. Ислом дини инсонга зарар келтирувчи нарсаларни, айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи ёки уни заифлaштирувчи ҳаp қандай нарсани ҳаpoм деб ҳисоблаб, соғлиқнинг кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан чекланишга буюради.
Илмий текшириш натижаларига кўра, гиёҳванд моддалардан бири бўлмиш қора дори оғиз ёки бурун орқали инсон танасининг ичкарисига киргач, у аввало ичакларга сўрилади ҳамда қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Жигар уни оксидлаб ҳарорат, сув ва карбонат ангидридга айлантиради ҳамда умумий қон айланиш жараёнига қўшилиб кетишига ёрдам беради. Натижада жигарнинг ҳужaйралари ундан таъсирланиб цирроз касаллигига йўлиқади. Аллоҳнинг марҳамати билан жигар ҳужайралари яна қайта тикланади. Лекин, қopa дорининг қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида "жигар циррози" кучая боради. Жигар кичрайиб қотиб қолгач, унинг фаолияти сусаяди. Унинг ҳужайралари атрофида жигар ҳазм қилолмаган ёғлиқ моддалар чўкиб қолади. Гиёҳванд моддаларнинг оксидлари халақит бергани учун йиғилиб қолган зарарли моддалар қон айланиши билан муҳим марказий асаб системасига қадар етиб боради, натижада асаб ҳужайралари ишдан чиқиб яроқсиз ҳолатга келгач, инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқ, қаттиқ-юмшоқ ва ширин-аччиқни сезиш хусусиятлари йўқолади.
Ҳукуматимиз томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида бу каби жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинди.
Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йилга “Соғлом бола йили” ва 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши ҳам юртимизда вояга етаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб ўсишига муҳим замин яратди.
Айни пайтда эса, Давлатимизнинг сайланган Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳам бу борада кенг қамровли ишларни изчиллик билан давом эттирмоқдалар. Шундай экан, албатта, ҳар биримиз оилада, маҳаллада, мактаб, лицей, ўрта махсус ва олий ўқув билим юртларида келажагимиз бўлган фарзандларимиз, ёшларимиз таълим тарбияси, одоб-ахлоқига жиддий эътибор қаратишимиз долзарб аҳамият касб этади.
Муҳаммадназар Қаюмов,
ЎМИ Масжидлар бўлими мудири