muslim.uz
Каъбаи муаззама – мусулмонлар қибласи
Саудия Арабистони Подшоҳлигида нашр этиладиган «Уккоз» газетасининг 2016 йил 12 сентябрь сонида эълон қилинган.
Мақолада Каъбаи муаззама тўғрисида маълумотлар берилган.
1. Ал-ҳажар ал-асвад (қора тош);
2. Бобул-каъба (Каъба эшиги);
3. Ал-мийзабу, мийзабур-раҳма (раҳмат тарнови);
4. Аш-шазуравон (қозиқ);
5. Ҳажару Исмоил (ал-Ҳатим);
6. Ал-мултазам;
7. Мақом Иброҳим алайҳиссалом;
8. Рукнул-ҳажар ал-асвад;
9. Ар-рукнул-ямоний;
10. Ар-рукнуш-шомий;
11. Ар-рукнул-ироқий;
12. Ситарул-каъба;
13. Жигар ранг мармар чизиғи.
Каъбаи муаззама калити
Узунлиги 25 см
Каъбанинг махсус хизматчисида сақланади.
Сувалган жой
Каъбаи муаззаманинг эшиги ва рукни ироқий ўртаси - шарқий деворидаги кичкина чуқурча узунглиги 2 м, эни 112 см, чуқурлиги 28 см.
Бу Жаброил алайҳиссалом намоз ўқиган жойлари ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи куни хонаи Каъбадан чиқиб, намоз ўқиган жойлари.
1377 ҳ. йил зиёратчилар беихтиёр қоқилишларининг олдини олиш мақсадида чуқурча тўлатилиб, суваб қўйилди ва атрофидаги оқ мармардан ажралиб турадиган чиройли рангли тўртбурчак мармар қопланди.
Хонаи Каъба устунлари Тик дарахтидан (субтропик иқлимда ўсувчи ниҳоятда мустаҳкам дарахт, кемасозликда ишлатилади - таржимон) ишланган 3 та устун мавжуд бўлиб, ҳар бирининг айланаси 150 см, диаметри 44 см.
Каъба пойдеворлари
Каъба пойдеворларини Иброҳим алайҳиссалом бино қилганлар.
Саудия Арабистони муҳандислари 1417 ҳ. йил умумий таъмирлаш жараёнида пойдевор ғиштлари туянинг бўйни шаклида (солкаш қилиб - таржимон) бир-бирига бириктириб, мустаҳкам қурилганлиги замон таъсиридан – емирилишдан ва бошқа талофатлардан ҳимояланганига яна бир марта ишонч ҳосил қилишди.
Томи
Ҳар қандай чиришдан ҳимояланган мустаҳкам тик дарахти танасидан тайёрланган 23 та тахта-тўсин билан ёпилган.
Девор қалинлиги
Девор қалинлиги 90 см.
Тош-ғиштлари
1614 та ғишт
Улардан энг каттаси 190х50 см;
Энг кичиги 50х40 см.
Янги кисва (каъбапўш)
Соф табиий шойидан тўқилган;
Белбоғида Қуръоний ояти карималар битилган;
Каъбапўшнинг ранги қора;
Қиймати 22 миллион риёл (қарийб 6 миллион доллар);
Каъбаи муаззама эшиги пардасининг узунлиги 6,5 метр, эни 3 метр;
Каъбапўш баландлиги 14 метр бўлиб, беш қисмдан ташкил топган, улардан тўрттаси Каъбаи муаззаманинг тўрт томонини қоплаб туради, бешинчиси Каъба эшигига осилган пардадан иборат.
Каъбапўшнинг тўрт томонидаги белбоғи узунлиги 47 метрдан иборат, эни 95 см. Белбоғ умумий Каъбапўшнинг учдан бир қисми – юқори қисмини эгаллаган, 16 бўлак, олтин ва кумуш толалар билан зийнатланган.
Нуриддинов Жалолиддин таржима қилди.
Гўзал хулқнинг мўмин ҳаётидаги аҳамияти
Хулқ луғатда “характер”, “феъл-атвор” маъноларини англатади. Истилоҳда: “Мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган бандадаги доимий сифат хулқ деб аталади”.
Хулқ мақталадиган ё ёмонланадиган белгиси билан табий эҳтиёждан ажралиб туради. Яъни табиий эҳтиёж мақталмайди ҳам, ёмонланмайди ҳам, аммо хулқ албатта ё мақталадиган ё ёмонланадиган сифат бўлади. Масалан чанқаганда сув ичиш табий эҳтиёж, сахийлик эса хулқ ҳисобланади.
Хулқ шаклланиш жиҳатидан икки турга бўлинади:
- Туғма хулқ;
- Кейинчалик ўзлаштирилган хулқ.
Туғма хулқ деганда бандадаги кейинчалик ўзлаштирилмаган, балки дунёга у билан бирга келган туғма характери тушунилади.
Кейинчалик ўзлаштирилган хулқ деганда эса турли омиллар натижасида бандада шаклланган ва унинг доимий одатига айланган ёхши ёки ёмон сифат тушунилади. Яъни бирор иш инсоннинг доимий одатига айлангандагина ўша сифат унинг хулқига айланади. Акс ҳолда у хулқ эмас балки бирор зарурат юзасидан адо этилган иш ҳисобланади.
Шунга кўра динда мақталган хулқларни ўзлаштиришга уриниш ва ёмонланган хулқлардан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли бўлишга тарғиб қилиш билан бирга бадхулқликдан қаттиқ қайтарганлар:
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ : أَنَّ النَّبِيَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَا شَيْءٌ أَثْقَلُ مِنْ مِيزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ خُلُقٍ حَسَنٍ وَأَنَّ اللهَ لَيَبْغَضُ الْفَاحِشَ الْبَذِيءَ. رَوَاهُ التِرْمِذِيُ
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида мўминнинг тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ таоло адабсиз гапларни гапирувчи бадхулқ кимсага албатта ғазаб қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Гўзал хулқлар деганда динимизда тарғиб қилинган одобларга риоя қилиш тушунилади. Шу маънода гўзал хулқли бўлиш мусулмон киши учун дини талаби ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан тийилиш” дея таърифлаган.
Шоҳ Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Гўзал хулқ азият беришдан тийилиш ва қийинчиликларни кўтара билишдир”, деган.
Шунга кўра “сабабларни” рўкач қилиб ўзгаларнинг қалбларини “жароҳатлаётган” кимсалар қанчалар қанчалар улкан иллатга мубтало бўлганларини англашлари ва ундан халос бўлишга астойдил уринишлари лозим бўлади. Чунки ўзгаларга қўполлик қилишдан сақланиш дунёда ҳам, охиратда ҳам аввало кишининг ўзи учун манфаатли бўлади.
Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳдан: “энг кўп ғам-ғусса чекадаган киши ким”, деб сўрашганида у зот: “ энг хулқи ёмон кимса”, деб жавоб берган.
Уламолар ёмон хулқли кимсани фақат эгасигина сиғадиган тор уйга ўхшатганлар. Яъни ёмон хулқли кимсанинг юрагига ўзи хоҳлаган нарсадан бошқа нарса сиғмагани сабабли у доимо унга кирмоқчи бўлган ҳар бир нарса туфайли сиқилишга маҳкум бўлади.
Ушбулардан кўриниб турибдики бадхулқлик дунёда ғам-ғуссага, охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган, ҳар бир оқил инсон ҳазар қилиши лозим бўлган ўта зарарли иллатдир.
Гўзал хулқ эса Ислом динининг моҳияти ҳисобланади. Мусулмон кишининг соғлом эътиқодли ва амалларида собитқадам экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради. Зеро гўзал хулқ мўминнинг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا ». رَوَاهُ اَبُو دَاودَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони комилроғи уларнинг хулқи гўзалроғидир”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг очиқ юзли, энг бағри кенг, энг кечиримли яъни энг хулқи гўзал инсон бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилиш бахту саодат бўлганидек, уларга риоя қилмаслик дунёда маломатга охиратда надоматга дучор бўлишга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқли бўлиш саодатига муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
«Бўрижар» жоме масжиди имом-хатиби Хусниддин Абдукаримов
Етимларга ғамхўр бўлайлик. (Раҳматуллоҳ Сайфутдинов)
Фарзандлик бурчи
Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд зиммасига шариат фарз қилган бурч ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” [1].
Ушбу буйруқни адо этган фарзанднинг дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб яхшиликларга эришиши ҳақида жуда кўплаб хабарлар келган.
عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ بَرَّ وَالِدَيهِ طُوبَى لَهُ، زَادَ اللّهُ فِي عُمُرِهِ. رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى وَالطَّبَرَانِيُّ
Саҳл ибн Муоз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлади, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади”, – дедилар”. Абу Яъло ва Табароний ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдаги “Тубо”ни уламолар жаннат ва яхшилик маъноларда тушунтирганлар. Яъни ота-онасига яхшилик қилган фарзанд охиратда жаннат билан, дунёда яхшиликлар билан мукофотланади.
Уламолар ота-онасига яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда қилинишини икки хил маънода тушунтирганлар:
- Умри баракали қилинади. Яъни ота-онасига яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг умри баракали қилинади;
- Аллоҳ таоло бандаларнинг ажалларини олдиндан тайин қилган. Сўнгра уларни “Лавҳул маҳфуз” битиб қўйган. Унда битилган нарсалар асло зиёда ва кам бўлмайди. Аммо фаришталарда ҳам бандаларнинг умрларига тааллуқли бўлган саҳифалар бўлиб, бу саҳифалардаги ёзувлар доимо ўчирилиб, ёзилиб турилади. Шунга кўра ота-онасига яхшилик қилган фарзанднинг умри мазкур саҳифаларда зиёда қилинади.
Демак ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун дунёю охират саодатига сабаб бўладиган улкан имконият ҳисобланади. “Таёқнинг икки учи бор” деганларидай бу имкониятдан фойдаланмаслик оқибати аянчли бўлиши ҳам хабар берилган. Айниқса кекса ота-онанинг хизматларини қилиш қаттиқ таъкидланган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ رَغِمَ أَنْفُهُ رَغِمَ أَنْفُهُ رَغِمَ أنفه قِيلَ مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ مَنْ أدْرَكَ وَالِدَيهِ عِنْدَ الْكِبَرِ أَحَدَهُما أَوْ كِلاَهُمَا ثُمَّ لَمْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин”, деяётганларини эшитдим. “Ким (нинг бурни ерга ишқалсин), эй Аллоҳнинг Расули ?”, – дейилди. У Зот: “Кекса ота-онасининг бири ёки ҳар иккаласи (билан бирга яшаш бахти)га эришган, сўнгра жаннатга кирмаган кимса (нинг бурни ерга ишқалсин)”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Демак ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи қилинганидек, фарзанднинг жаннатга киришига ҳам сабабчи қилиб қўйилган экан.
Шунинг учун уламолар ота-онага яхшилик қилиш йўлларини бирма-бир батафсил баён қилиб қўйганлар. Шу маънода ота-онага яхшилик қилиш деганда асосан қуйидаги ишларни адо этиш тушунилади:
– Ота-она хизматларини холис ният билан қилиш;
– Ота-онани яхши кўриб улуғлаш;
– Шариатда ман қилинмаган ишларда доимо уларга итоат этиш;
– Ота-она хурсанд бўладиган ишларни қилиш;
– Ота-онадан олдин овқатланмаслик;
– Ота-онанинг ҳузурига киришда ҳам, чиқишда ҳам салом бериш;
– Ота-онанинг олдида овозини баландлатмаслик;
– Ота-она учун молини сарфлаш;
– Ота-она яхши кўрадиган кишиларга ҳам яхшилик қилиш;
– Сафарга ота-онанинг дуоларини олиб чиқиш;
– Ота-она шариатга мувофиқ қасам ичган бўлсалар уни адо этиш учун ҳаракат қилиш;
– Ота-онанинг жаҳллари чиқадиган ишларни қилмаслик;
– Ота-онани исмлари билан чақирмаслик;
– Ота-онани камситадиган ишлардан сақланиш;
– Ота-она вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақларини сақлаш.
Вафот этиб кетган ота-оналарнинг ҳақларини сақлаш қуйидаги ишлар билан амалга оширилади:
– Улар ҳаққига хайрли дуолар қилиб юриш;
- Васиятларини адо этиш;
- Уларнинг дўстларига яхшилик қилиб юриш;
- Улар орқали бўлган қариндошлик алоқаларини сақлаш;
- Улар номидан садақа қилиб туриш;
- Уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш.
Парвардигоро ота-она яхшилик қилишдек саодатни бизларга ҳам, фарзандларимизга ҳам доимо кўзларимиз қувончи қилгин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
[1] Аҳқоф сураси, 15-оят.