muslim.uz
Ҳаёт ва Қудрат
Аллоҳ таоло тирикдир, Қодирдир, Жаббордир, Қоҳирдир, унга камчилик–нуқсон ва ожизлик етмайди. Уни мудроқ ва уйқу ушламайди.
Унга фонийлик ва ўлим таҳдид солмайди. У мушоҳада олами(кўзга кўринадиган олам)нинг ҳам, ғайбиёт олами(кўзга кўринмайдиган олам)нинг ҳам эгасидир. Азизлик ҳам, буюклик ҳам Уникидир. Султонлик, қаҳр, яратиш ва амр қилиш Унга тегишлидир. Осмонлар Унинг ямийни[1] ичидадир. Махлуқотларнинг барчаси эса Унинг қабзасида бўйсунган–мағлуб бўлган ҳолдадирлар.
У яккаю ёлғиз яратувчи ва ихтиро қилгувчилир. Вужудга келтирувчи ва пайдо қилувчи ёлғиз зотдир. У махлуқотларни ҳам уларнинг амалларини ҳам яратди. Шунингдек ризқларини ва муддатларини белгилаб қўйди. Қудрати остидаги бирор нарса Унинг қабзасидан чиқиб кетолмайди. Бирор ишнинг тасарруфоти қудратидан четда қолмайди. Унинг қудрати етадиган нарсаларнинг саноғи йўқ. Унга маълум бўлган нарсаларнинг чегараси йўқдир.
Илм.
Аллоҳ Таоло барча маълумотларни билувчидир, ерларнинг қаъридан то осмонларнинг устларигача бўлган маконларда содир бўлаётган барча нарсаларни илми билан иҳота қилгандир, қамраб олгандир. У олимдир, Унинг илмидан еру–осмонда заррача нарса яширин қолмайди. Балки У тун қоронғусида қоя тошнинг устида юрган қора чумолининг эмаклашини ҳам билади. Ҳаво кенглигида учиб юрган зарранинг ҳаракатини идрок этади, яширин нарсаларни, балки унданда махфийларини ҳам билади, қалбларда яширинган нарсалар, ҳаёлда кечган нарсалар ва кўнгил сирларини Ўзининг қадим, азалий илми билан билади ҳамда азал–азалдан шу сифат билан сифатланган. Унинг билиши тушиш, кўчиб ўтиш билан зотида янгитдан пайдо бўлган илм билан содир бўлмайди.
Ирода.
Аллоҳ Таоло борлиқдаги барча нарсаларни ирода қилгувчи, йўқдан пайдо бўлган нарсаларни бошқарувчи зотдир. Ушбу борлиқда кам ҳам кўп ҳам, кичик ҳам катта ҳам, яхши ҳам ёмон ҳам, фойда ҳам зарар ҳам, иймон ҳам куфр ҳам, тан олиш ҳам инкор қилиш ҳам, муваффақият ҳам мағлубият ҳам, кўпайиш ҳам камайиш ҳам, бўйнсуниш ҳам, бош тортиш ҳам ҳамма–ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг қазоси, қадари, ҳикмати ва ҳоҳиши билангина содир бўлади. У нимани ҳоҳласа шу бўлади, нимани ҳоҳламаса бўлмайди. Ҳатто бирор назар ҳам, бирор ҳаёл ҳам Унинг машийъати(ҳоҳиши)дан ташқарига чиқмайди. У бошловчидир, қайтарувчидир, ирода қилган нарсаларини амалга оширувчидир. Унинг ишини чиппакка чиқарувчи йўқдир, ҳукм қилган нарсаси учун Уни жавобгар қилувчи йўқдир. Банда Унга маъсият қилишдан фақат Унинг тавфиқи ва раҳмати билангина сақлана олади, Унинг машийъати ва иродаси билангина Унга бўйнсунишга қувват топа олади. Агар инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлар барчаси бу оламда бирор заррани ҳаракатга келтириш ёки ҳаракатдагисини тўхтатиш учун жамлансалар бу борада Аллоҳ Таолонинг иродаси ва машийъати бўлмаса бу ишни қилолмайдилар.
Аллоҳ Таолонинг иродаси барча сифатлари қатори Унинг зотида қоимдир. Унинг бу сифат билан сифатланиши доимийдир, ушбу сифати билан Ўзининг азалида белгилаб қўйган нарсаларни айнан ўша белгиланган вақтларида вужудга келишини ирода қилувчидир. Нарсаларнинг барчаси олдин ҳам кейин ҳам эмас, балки У азалида ирода қилганидек, ўз вақтларидагина вужудга келган, ҳеч қандай алмашишсиз, ўзгаришсиз унинг илми ва иродасига мувофиқ содир бўлган. У барча ишларни тадбир қилди, бироқ фикрлаш тадбири билан эмас, бирор замонни кутиб туриш билан ҳам эмас. Шунинг учун ҳам У бир иш билан банд бўлиб бошқа ишдан ғафлатда қолмайди.
Эшитиш, кўриш.
Аллоҳ Таоло эшитувчи ва кўрувчидир, эшитади ва кўради. Қанчалик махфий бўлмасин бирор эшитиладиган нарсалар Унинг эшитишидан яширина олмайди. Қанчалик кичик бўлмасин бирор кўринувчи нарса Унинг кўришидан яширина олмайди. Узоқлик унинг эшитишини чеклай олмайди, қоронғулик кўришига халал бермайди.
Ҳудди қалбсиз билгани, тана аъзоларисиз ушлагани, асбобларсиз яратгани каби кўз қорачиғи ва қовоқларсиз кўради, қулоқлар ва қулоқ тешикларисиз эшитади. Зеро Унинг зоти махлуқларнинг зотига ўхшамаганидек сифатлари ҳаммахлуқларнинг сифатларига ўхшамайди.
Калом.
Аллоҳ Таоло Ўзининг зотида қоим бўлган азалий ва қадим каломи билан гапирувчидир, буюрувчидир, қайтарувчидир, ваъда берувчидир, қўрқитувчидир. Унинг каломи махлуқларнинг каломига ўхшамайди. Унинг каломи ҳавонинг чиқишидан ёки жисмларнинг титрашидан юзага келадиган овоз эмас, шунингдек, лабларни қимирлатиш ёки тилни ҳаракатлантиришдан пайдо бўладиган ҳарф ҳам эмас.
Қуръон, Таврот, Инжил ва Забур Аллоҳ Таолонинг Ўз элчиларига тушурган китобларидир. Қуръон тиллар билан ўқилгандир, мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёдлангандир, шу билан бирга Қуръон қадимдир, Аллоҳ Таолонинг зотида қоимдир, қалбларга ва вароқларга кўчиш билан Аллоҳ Таолонинг зотидан ажралмайди, алоҳида бўлмайди. Ҳудди аброр кимсалар охиратда Аллоҳ Таолонинг зотини жавҳар ва аразсиз кўришлари каби Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ Таолонинг каломини овоз ва ҳарфларсиз эшитган. Модомики ушбу сифатлар Аллоҳ Таолода бор экан, Унинг тириклиги, олимлиги, қодирлиги, ирода қилувчилиги, эшиувчилиги, кўрувчилиги ва гапирувчилиги сифатлардан ҳоли бўлган зотнинг ўзи билан эмас, балки Унинг ҳаёт, қудрат, илм, ирода, самъ, басар, ва калом сифатлари биландир.
(Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳё улумиддин” китобидан “Ақийда қоидалари китоби” асосида тайёрланди)
Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов
Имом Абу Ҳанифанинг тавҳид тўғрисида васиятлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Имом Абу Ҳанифа – Аллоҳ таоло раҳматига олсин – деди: “имон тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрорнинг якка ўзи имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, мунофиқларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Шунингдек, маърифат1нинг якка ўзи ҳам имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўла олганда, аҳли китобларнинг ҳаммаси мўмин бўлардилар. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида деди: “Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” [Мунофиқун, 1]. Аллоҳ таоло аҳли китоб ҳақида деди: “Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар” [Бақара, 146]. Имон зиёда бўлмайди ва озаймайди. Чунки, имоннинг озайиши фақат куфрни зиёдалашуви билангина тасаввур қилинади. Унинг зиёда бўлиши фақат куфрни озайиши билангина тасаввур қилинади. Қандай қилиб, битта шахс бир ҳолатда ҳам кофир ва ҳам бўлиши мумкин бўлади. Мўмин ҳақиқий мўминдир. Кофир эса, ҳақиқий кофирдир. Куфрда шак бўлмаганидек, имонда ҳам шак бўлмайди. Аллоҳ таоло деди: “Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир” [Анфол, 4], “Ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир” [Нисо, 151]. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлган осийларнинг барчаси ҳақиқий мўминдирлар. Кофир эмаслар.
Амал имондан бошқа ва имон амалдан бошқадир. Далил шуки, кўп вақтларда мўминдан амал кўтарилади. Лекин, ундан имон кўтарилди дейиш тўғри бўлмайди. Масалан, ҳайз кўрган аёл, Аллоҳ таоло ундан намозни кўтаради. Лекин, ундан имон кўтарилди ёки Аллоҳ таоло унга имонни тарк қилишга буюрди дейиш тўғри бўлмайди. Шориъ унга рўзани тарк қил сўнгра уни қазосини тут деди. Лекин, имонни тарк қил сўнгра қазосини қил дейиш тўғри бўлмайди. Фақирни зиммасида закот йўқ дейиш мумкин. Лекин, фақирга имон вожиб эмас дейиш жоиз эмас.
Яхшилик ва ёмонликнинг барчасининг тақдири Аллоҳ таолодандир. Чунки, бирор киши яхшилик ва ёмонликнинг тақдири Аллоҳдан бошқасидан деб ўйласа, Аллоҳ талога кофир бўлади ва унинг тавҳиди бекор бўлади.
Амаллар учтадир: фарз, фазилат ва маъсият эканлигига иқрормиз. Фарз Аллоҳ таолонинг буйруғи, хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, яратиши, ҳукми, илми, тавфиқи ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қазоси ва қадари, ҳукми, илми, тавфиқи, яратиши ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир. {Фазилат Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Агар шундай бўлганида фарз бўларди. Лекин, у Унинг хоҳиши, яхши кўриши, розилиги, қадари ва қазоси, ҳукми, илми, (амаларни бажаришга) сабабларни тўла-тўкис қилиб бериш ва иститоат2 орқали тавфиқ бериши ва яратиши яъни таквини – чунки, Аллоҳ таоло банадларнинг феълларини яратувчисидир. Бу борада баҳс ўтади – ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги биландир}3. Маъсият Аллоҳ таолонинг буйруғи билан эмас. Лекин, яхши кўрмаган ҳолда Унинг хоҳиши билан, рози бўлмаган ҳолда Унинг қазоси билан, тавфиқ бермаган ҳолда тақдири билан, қўллаб-қувватламаслиги, илми ва лавҳул маҳфузга ёзмоқлиги билан бўлади.
Аллоҳ таоло эҳтиёжи бўлмаган ҳолда ва ўрнашиб олишликсиз Аршга истиво қилганига иқрормиз. У Арш ва Аршдан бошқасини эҳтиёжи бўлмаган ҳолда сақловчисидир. Агар муҳтож бўлганида, худди махлуқотлар каби оламни яратишга ва тадбир қилишга қодир бўлмас эди. Агар ўтиришга ва ўрнашишга муҳжтож бўлганида Аршни яратишдан олдин Аллоҳ таоло қаерда бўлган? Аллоҳ таоло бу ҳолатдан пок ва олийдир.
Қуръон Аллоҳ таолонинг махлуқ4 бўлмаган каломи, ваҳийси, нозил қилгани, Унинг айни ўзи эмас ва Ундан бошқа ҳам эмас. Балки, у Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати, мусҳафларда ёзилган, тиллар билан ўқилинувчи ва қалбларда унга тушмаган ҳолда ёдланувчидир. Сиёҳ, қоғоз ва ёзувларнинг барчаси махлуқдир. Чунки, булар бандаларнинг феълларидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Чунки, ёзув, ҳарфлар, калималар ва оятлар бандаларнинг буларга ҳожати бўлгани учун Қуръоннинг далолатқилувчиларидир. Аллоҳ таолонинг каломи Унинг отида қоим ва маъноси ўша нарсалар воситада тушунилувчиди. Ким Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ деса, буюк Аллоҳга кофир бўлади. Аллоҳ таоло маъбуддир. У ҳар доим қандай бўлса шундай бўлади. Унинг каломи Ўзидан ажралмасдан ўқилинувчи, ёзилган ва ёдланувчидир.
Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сшнг бу уматнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар, сўнгра Усмон, сўнгра Али розияллоҳу анҳум эканликларига иқрормиз. Далил: “Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар, (Аллоҳга) яқин бўлганлар. Сернеъмат жаннатлардалар” [Воқеа, 10-12]. Пешқадамроқ бўлган ҳар бир шахс борки, у афзалдир. тақводор ҳар бир мўмин уларни яхши кўради. Бахтиқаро ҳа бир мунофиқ уларни ёмон кўради.
Банда ўзининг амаллари, иқрори ва маърифати билан бирга махлуқдир. Ҳар қачон бажарувчи махлуқбўлса, унинг феъллари махлуқ бўлишга лойиқроқдир. Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни улар учун кучқувват йўқ бўлган ҳолатда яратди. Чунки, улар кучсиз ва ожиздирлар. Аллоҳ таоло уларнинг яратувчиси ва уларга ризқ берувчисидир. Далил: “Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир” [Рум, 40]. Ишлаб топиш ҳалолдир. Ҳалолдан мол тўплаш ҳалол ваҳаромдан мол тўплаш ҳаромдир.
Одамлар уч турлидирлар: имонида содиқ мўмин, куфрида кўрнамак (муккасидан кетган, давом этувчи, маҳкам туриб олган) кофир ва имонида тилёғламачи мунофиқ. Аллоҳ таол мўминга амални, кофирга имонни ва мунофиққа ихлосни фарз қилди. Далил: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!” [Нисо, 1]. Яъни, эй, мўминлар итоат этинглар! Эй, кофирлар имон келтиринглар! Эй, мунофиқлар ҳаққоний бўлинглар!
Иститоъат феъл билан биргадир. Феълдан олдин ҳам эмас кейин ҳам эмас. Чунки, феълдан олдин бўлса, банда (феълга) ҳожати тушган пайтда Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиб қолади. Бу эса насснингҳукмига хилофдир. Далил: “Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар” [Муҳаммад, 38]. Агар иститоъат феълдан кейин бўлса, бу маҳол бўлади. Чунки, феъл иститоъатсиз ва тоқатсиз ҳосил бўлиши лозим келади. Икки маҳсига масҳ ториш муқим учун бир кеча-кундуз муддатда, мусофир учун уч кеча-кундуз муддатда вожиб эканлигига иқрормиз. Чунки, ҳадис шу тарзда келган. Ким буни инкор қилса, унга куфр хавф қилинади. Чунки, бу мутавотир хабарга яқиндир. Сафарда қаср5 ва ифтор6 қилиш Қуръон насси билан рухсатдир. Далил: “Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитнақилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир” [Нисо, 101]. Ифтор тўғрисида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” [Бақара, 184].
Аллоҳ таоло қаламга ёзишга буюргани, шунда қалам нимани ёзаман эй, Робб дегани, Аллоҳ таоло қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз деганига иқрормиз. Далил: “Ва уларнинг ҳар бир иши китоблардадир.Ҳар бир кичигу катта сатрлангандир” [Қамар, 52, 53].
Қуйидагиларга иқрормиз: қабр азоби шубҳасиз собитдир. Бир неча ҳадисларнинг мавжудлиги далил бўлгани учун мункар ва накирнинг сўроғи ҳақ. Дўзах ва жаннат ўз аҳллари учун яратилган7. Мўминларҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи далил: “тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” [Оли Имрон, 133]. Кофирлар ҳақида Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи далил: “кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар” [Бақара, 24]. Аллоҳ у иккисини савоб ва иқоб учун яратди. Мезон ҳақдир. Далил: “Бизқиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз” [Анбиё, 47]. Китоблар8нинг ўқилиши ҳақдир. Далил: “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)” [Исро, 14].Қуйида келтирилганларга иқрормиз: Аллоҳ таоло бу жонларни ўлгандан кейин тирилтиришга ва миқдори эллик минг йил бўлган кунда жазо ва савоб ҳамда ҳақларни адо этиш учун чиқаради9. Далил: “Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур” [Ҳаж, 7]. Жаннат аҳли учун Аллоҳ таолога йўлиқиши кайфятсиз, ташбеҳсиз ва тарафсиз бўлган ҳолатда ҳақдир. Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоати жаннат аҳлидан бўлган мўминнинг ҳар бирига гарчи, у кабира гуноҳсоҳиби бўлсада ҳақдир. Оиша Хадичаи Кубродан кейин оламларнинг аёлларидан афзал, мўминларнинг онаси, зинодан пок ва рофизийлар айтганларидан йироқдир. Ким унинг зиддига зинога гувоҳлик берса, бас, у валади зинодир10. Аҳли жаннат жаннатда абадийдирлар. Аҳли дўзах дўзахда абадийдирлар. Мўминлар ҳақида Аллоҳ таолонинг ушбу гапи: “ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадийқолурлар” [Бақара, 82] далил бўлса, кофирлар ҳақида эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги гапи “улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар” [Бақара, 39] далилдир”.
Арабчадан Абдулҳодий таржимаси
1 Ақоид фанида имон масаласи баҳсида маърифат сўзидан Аллоҳ таолони таниш ва билиш тушунилади
2 Ақоид фанида иститоъат сўзи термин сифатида қўлланилиб, ундан бирор амални бажаришга Аллоҳтаоло томонидан берилган имконият, куч-қудрат, тоқат ва иқтидор тушунилади. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин маънодаги сўзлар бўлиб, бири бошқасининг ўрнида ишлатилаверади.
3 Ушбу белги ичида келтирилган гаплар “Васият” рисоласининг айрим нусхаларидагина мавжуд
4 Шариат истилоҳида махлуқ сўзи Аллоҳ таоло ва Унинг исм ва сифатларидан бошқа ҳамма мавжудотга қўлланилади.
5 Яъни, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракаъат қилиб адо этиш
6 Яъни, рўза тутмасдан оғзини очиб юриш
7 Яъни, ҳозир яратиб қўйилган
8 Яъни, номаи аъмолларнинг ўқилиши
9 Яъни, қабрларидан чиқаради
10 Ким Оиша розияллоҳу анҳу ҳақида Қуръон у зотни оқлаб, нозил бўлгандан кейин ҳам шу гапларни гапирса, нафақат валади зино бўлади, балки у шубҳасиз, ислом миллатидан чиққан кофир бўлади
Кўз тегиши ҳақиқат экани ҳақида уламоларнинг фикрлари
Ҳофиз ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтадилар : Аллоҳнинг амри билан кўз тегиши ва унинг таъсири ҳақдир.
(«Ибну Касийр тафсири»)
Ҳофиз ибн Хожар раҳимахуллох айтадилар : Кўз тегиши ёмон табиатли кишидан бир нарсага Ҳасад билан ёқтириб қарашидан пайдо бўлади. Назар қилинган кишига ундан зарар ҳосил бўлади.
(«Фатхул борий»)
Ибнул Асийр раҳимаҳуллох айтадилар : Қачонки бир кишига душмани ёки бир Ҳасадгуй назар ташласа ва ўнга таъсир қилса ва шу сабабдан у касал бўлиб колса, ўнга кўз тегибди, деб айтилади.
(Ан-ниҳоя)
Баъзи уламолар айтадилар: “Қулоқ солиш ва ақл ишлатишдан бенасиб қолган тоифалар кўз тегишини инкор қилганлар. Улар кўз тегишини : «Бу гаплар ваҳима гаплардан бўлак нарса эмас, ҳақиқатда йўқ нарсалардир», деб изоҳлайдилар. Бу гапларни айтаётганлар одамлар ичида энг илмсиз, ақл ва Қулоқ солиш борасида жоҳил, бети қалин, табиати қўпол, руҳлар ва жинлар, уларнинг сифатлари ва таъсирлари ҳақида маърифатдан йироқ бўлган кишилардир. Оқил кишилар эса, миллатлари кандай бўлишидан катъий назар, улар кўзнинг сабаби ва таъсир қилиши ҳақида турли фикрларда бўлсалар ҳам кўзнинг тегишини йўққа чиқармайдилар ва инкор қилмайдилар.”
Баъзи уламолар айтадилар: Маълумки Аллоҳ субханаҳу жисмлар ва руҳларда қувватлар ва турли табиатларни яратиб, уларнинг кўпчилигида ўзига хосини ва таъсирли кайфиятларни барпо қилган. Оқил инсон руҳларнинг жисмларга таъсир қилишини инкор қилиши мумкин эмас. Чунки бу гувоҳ бўлинган ва ҳис қилинган нарсадир. Мисол учун бирор кишидан тортиниб, уялиб турган кишига, ўша киши қараса, унинг юзи қизариб кетади, биронта кишидан қўрқаётган кишига, қўрқитаётган киши қараса, қўрқувчининг юзи сарғайиб кетганини кўрасиз. Инсонлар назар таъсиридан касалликка чалиниб, қуввати заифлашганларнинг гувоҳи бўлишган. Буларнинг бари руҳлар таъсирининг воситасидандир. Кўз тегишининг кўзга боғликлиги кучли бўлгани учун ҳам «кўз тегиш» деб бу ҳодисани кўзга боғланади. Аслида кўзнинг бу ўринда алоқаси йўқ бўлиб, фақат руҳгина таъсир қилади. Руҳлар - табиати, қуввати, кайфияти, ўзига хослиги билан турли-туман бўлиб, Ҳасадгуй руҳ, Ҳасад қилинаётган руҳга очиқ азият беради. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу - ўз расулига ҳасадгуйнинг ҳасад қилаётган вақтдаги ёмонлигидан паноҳ сўрашни буюрди. Ҳасадгуйнинг ҳасад қилинаётган кишига азият беришини инсоният ҳақиқатидан ташқарида бўлган кишигина инкор этади. Кўз тегишининг асли келиб чиқиши ҳам мана шундайдир. Зеро кўз тегаётганида ҳасадгуй ва бузуқ жон бузуқ кайфиятга кириб, ҳасад қилинаётган жонга рўбарў келади ва ўзига хослиги билан ўнга таъсир қилади. Бунга мисол қилиш учун энг яқин бўлган нарса - илондир. Ундаги заҳар кувват билан яшириниб туради. Душманига рўбарў келгач, ғазаб куввати ажралиб чиқиб, азият берувчи ярамас бир кайфият тусига кира бошлайди. Илонларнинг ичида мана шундай кайфияти кучайиб, қувватга кирувчи ва ҳатто қориндаги ҳомиланинг тушишига ёки кўзни кўр бўлишига таъсир қилувчиси ҳам бор. Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) думи кесик ва «зу туфятайн» деган илонлар тури ҳақида айтганларки : «У иккиси кўзни кўр қилади ва ҳомилани туширади».
(Бухорий, Муслим)
Кўзнинг таъсири гоҳо тегиш, гоҳо рўбарў келиш, гоҳида қараш, Гоҳида руҳнинг таъсир қилаётган кишиси томонига юзланиши билан, Гоҳида дуолар, дам солишлар ва тааввузотлар билан, Гоҳида эса уй ва хаёллар билан ҳам бўлади. Кўзи тегаётган кишининг таъсири қарашгагина боғлиқ эмас. Балки, Гоҳида киши кўр бўлса ҳам, унга бирор нарсанинг сифати баён қилинганда, уни кўрмаса ҳам унга таъсир қилади. «Кўзи бор» деб аталадиганларнинг кўпчилиги, кўз тегаётган нарсани кўрмасданоқ, унинг сифатини эшитганида унга таъсир қилиб қуяди. Кўз «кўзи бор» кишидан чиқиб, Гоҳо нишонга тегувчи, Гоҳида эса хато кетувчи камоннинг ўки кабидир. Агар у ҳеч бир ҳимоясиз жонга дуч келиб қолса, шубҳасиз унга тегади, агар қуролланган совутли жонга дуч келса, у кучини йўқотиб, таъсир қилолмайди. Гоҳида эса ўқ ўз эгасига қайтиб кетиши ҳам мумкин. Кўз тегишининг асли келиб чиқиши «кўзли» кишининг бирор нарсани ёқтириб қолишидан бўлади. Сўнгра унинг нафсидаги бузуқ кайфият бўнга эргашади ва заҳарини сочиш учун у кўзлаётган кишисига ёки нарсасига назар ташлашдан фойдаланади. Баъзида киши ўзини ўзи беихтиёр кўзлаб қуяди.
Баҳодир Соипов
ТИИ ўқитувчиси
"Ирода" сифати ҳақида эътиқодимиз
Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири "ирода" сифатидир. "Ирода" луғатда "хоҳлаш", "қасд қилиш" маъноларини англатади.
Истилоҳда эса "Барча бўлиши жоиз нарсаларни улар учун мумкин бўлган кўплаб нарсалардан бирига хослайдиган Аллоҳ таолонинг азалий сифати – ирода сифати дейилади". Яъни ирода сифати бўлиши ножоиз нарсаларга тааллуқли бўлмайди.
Ирода сифатнинг собитлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар келган:
إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ
Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир[1].
Бошқа бир оятда шундай хабар берган:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[2].
Имом Абу Давуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَا شَاءَ اللَّهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ
Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган.
Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ирода қилувчи Зот экани баён қилинган. Бу эса У зотда ирода сифати собит эканига далолат қилади.
Шунга кўра аҳли сунна вал жамоа мазҳабида Аллоҳ таолонинг ирода сифати ҳақида шундай эътиқод қилинади: Дунё ва охиратдаги барча иймон-куфр, тоъат-маъсият, фойда-зарар, оз-кўп, катта-кичик ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродасига кўра ҳикматига мувофиқ қазо ва қадари билан юзага келган. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Аллоҳ ирода қилган нарсани рад этувчи йўқдир.
"Ирода" сифати ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Қуйидаги жавоблар аҳли сунна уламоларининг "ирода" сифатига тааллуқли саволларга берган жавобларидир:
Ирода сифати атрофидаги савол жавоблар
Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келишига иймон келтирган банда сабабият қонунлари ҳақида қандай эътиқодда бўлади?
Жавоб: Сабабият қонунлари ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: мавжудотларнинг вужудга келишидаги сабаблар иккитадир:
- Аслий сабаб;
- Таъйин қилиб ўрнатилган сабаб.
Аслий сабаб деганда Аллоҳ таолонинг иродаси тушунилади. Яъни барча нарсалар аслида Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли вужудга келади.
Таъйин қилиб ўрнатилган сабаблар деганда эса нарсаларнинг пайдо бўлиши учун таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаблар тушунилади. Масалан, ёмғир ўсимликлар ўсишига, олов куйдиришга, сув чанқоқ қондиришга сабаб қилиб қўйилган. Мазкур сабаблар юзага чиқарилган пайтда уларга боғлиқ қилиб қўйилган нарсалар ҳам юзага чиқишини Аллоҳ таоло таъйин қилиб ўрнатиб қўйган. Яъни чанқоқ киши сув ичганда унинг чанқоғи қонишини сув яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Қоғоз оловга ташланса қоғозни куйдириб юборишни олов яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Чунки сув ҳам, олов ҳам таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаб холос, аслий сабаб Аллоҳ таолонинг иродасидир. Фарзанд дунёга келишига эркак ва аёлнинг бирга бўлиши тайин қилиб ўрнатилган сабаб, аслий сабаб эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра фарзанд вужудга келиши ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади, деб эътиқод қилинади. Ушбу ҳақиқатни англатиш учун Аллоҳ таоло гоҳида одатий сабабаларни бекор қилиб қўяди. Масалан: Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганида куймаганлар. Оловнинг одатий ишини қила олмай қолиши, ичига ташланган инсонни куйдира олмаслиги оловнинг ўз-ўзидан куйдира олмаслигига Аллоҳ хоҳласагина куйдиришига ёрқин далилдир.
Савол: Банданинг маъсият содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни маъсият қилгани учун жазолаши зулм эмасми?
Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг маъсият қилишини ирода қилиб, сўнг бандани қилган маъсияти учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади.
Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келар экан, У зотнинг Ўзи ирода қилган нарсанинг хилофига амр қилиши қандай тушунилади? Масалан Фиръавннинг иймонга келмаслигини ирода қилган, лекин уни иймонга келишга амр қилган.
Жавоб: Вужудга келган барча нарсалар Аллоҳнинг иродаси ва амрига боғлиқлиги эътиборидан тўрт қисмга бўлинади:
- Аллоҳ таоло ирода ҳам қилган, амр ҳам қилган нарсалар. Масалан: мўминларнинг иймонли бўлишлари. Аллоҳ таоло мазкур бандаларни иймонли бўлишини ирода қилган ва уларни иймонли бўлишга амр ҳам қилган.
- Аллоҳ таоло ирода ҳам қилмаган, амр ҳам қилмаган нарсалар.Масалан: Иймон билан дунёдан ўтган мўмин банданинг куфр билан ўтишини ирода ҳам қилмаган, бунга амр ҳам қилмаган.
- Аллоҳ таоло ирода қилган лекин амр қилмаган нарсалар.Масалан: Содир бўлган куфр ва маъсиятлар. Воқеъликда юз берган куфр ва маъсиятлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган лекин уларга амр қилмаган.
- Аллоҳ таоло амр қилган, лекин ирода қилмаган нарсалар. Масалан: Кофирларнинг иймонга келиши. Аллоҳ таоло кофирларни иймонга келишга амр қилган лекин уларнинг иймонга келишларини ирода қилмаган. Ўзи ирода қилмаган нарсага уларни амр қилиши У зотнинг ўзи биладиган ҳикматга кўрадир. Аллоҳ таолонинг ишлари асло беҳикмат бўлмайди. Фақатгина биз улардаги ҳикматни билмаслигимиз мумкин холос. Қуръони каримда зикр қилинган "ирода" сифати икки турли бўлади:
- Қадарий, холқий ирода.
- Шаръий, амрий ирода.
Борлиқда вужудга келадиган барча нарсалар қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ
Кимни Аллоҳ ҳидоят қилишни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир[3].
Яъни мўмин банданинг ҳидоятга келиши ҳам, кофирнинг залолатга кетиши ҳам, булардан бошқа барча яхши-ёмон ишлар ҳам қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади.
Шаръий амрий ирода эса қадарий холқий иродадан хос бўлиб, бундан шариатда амр қилинган ишларни Аллоҳ таолонинг талаб қилиши тушунилади. Шаръий амрий ирода ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[4].
Демак Фиръавннинг иймонга келмаслиги қадарий холқий ирода билан бўлган, уни иймонга келишга амр қилиш эса шаръий амрий ирода билан бўлган, деб тушунилади.
Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг маъсият содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш саналмайдими?
Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага маъсият қилишни ман қилмаганида банданинг маъсият содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани маъсиятлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг маъсият қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади.
Савол: Аллоҳ таолонинг билиши ва ирода қилиши орасида қандай фарқ бор?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири илм сифатидир. Илм сифати ва ирода сифати орасида фарқ бўлиб, илм сифати ирода сифатидан умумий ҳисобланади. Илм сифати умумий учта нарсани қамраб олади:
- Бўлиши вожиб зотни;
- Бўлиши мумкинмас номавжудни;
- Бўлиши жоиз нарсани.
Бўлиши вожиб зот деганда Аллоҳ таоло тушунилади. Буни уламолар шундай тушунтирганлар: борлиқнинг мавжуд экани яратувчининг борлигини тақозо қилади. Чунки мавжудотларнинг ўз-ўзидан бор бўла олмасликлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Демак борлиқ мавжудми, унинг яратувчиси бўлиши вожибдир. Ўша яратувчи Аллоҳ таолодир. Шунинг учун У зотни бўлиши вожиб зот дейилган.
Бўлиши мумкинмас нарса деганда пайдо бўлиши мутлақо мумкин бўлмаган нарса тушунилади. Масалан Аллоҳ таолонинг шериги пайдо бўлиши мутлақо мумкин эмас.
Бўлиши жоиз нарса деганда эса яратиб қўйилган барча нарсалар тушунилади.
Илм ва ирода сифатлари орасидаги фарқ шуки илм сифати мазкур учала умумий нарсларни ҳам қамраб олса, ирода сифати фақат бўлиши жоиз нарсаларга тааллуқли ҳисобланади. Демак ирода сифатининг илм сифатидан фарқи илм сифатидан хос эканидадир. Шу маънода Аллоҳ таоло Ўзининг бор бўлишини Ўзи ирода қилган дейилмайди, чунки ирода сифати бунга боғланмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг шериги бўлишини ҳам ирода қила олади дейилмайди, чунки ирорда сифати бунга боғланмайди. Аммо барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлган дейилади, чунки ирода сифати айнан шу нарсаларга тааллуқли бўлади.
Ушбу фарқдан махлуқотлар қандай яратилган бўлса Аллоҳ таолонинг илмига кўра иродаси билан шундай вужудга келтирилгани тушунилади. Бу ҳақида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги маънодаги сўзлари нақл қилинган: "Биз билан қадарийлар орасидаги масала икки сўз билан ойдинлашади. Биринчиси улардан: - Аллоҳ таоло вужудга келадиган нарсаларнинг барчасини мутлақо билганми? деб сўраймиз. Агар – йўқ, деб жавоб берсалар Роббиларини жоҳилликда айблаганлари учун кофир бўладилар. Агар – ҳа, деб жавоб берсалар, иккинчи саволни берамиз: - билган нарсасини Ўзи билганига кўра жорий қилишни хоҳлаганми? Агар - йўқ деб жавоб берсалар, бу сўзларидан Аллоҳ Ўзининг билмаслигини хоҳлаган, деган маъно чиқиб қолади. Бу эса Ҳакийм зотнинг сифатига тўғри келмайди. Агар - ҳа, деб жавоб берсалар, Аллоҳ таоло барча нарсаларни Ўзи билганидек бўлишини хоҳлаганини исбот қилган бўладилар".
Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?
Жавоб: Чунки "ирода" сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маънони қуйидагича тушунтирганлар:
Худо рози эмас исёнимизға,
Ризосидур анинг эҳсонимизға.
Яъни исён қилишимиз ҳам, эҳсон қилишимиз ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. Аммо У зот исён қилишимизга рози бўлмайди. Ўзи рози бўлмайдиган нарсаларни ҳам ирода қилиши ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоҳёр бобимиз шундай тушунтирганлар:
Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,
Иродасиз эмас ҳеч иш яқин бил.
Яъни ирода сифатига иймон келтирган киши рўй берган барча нарсани, ҳатто бир дона тикан қадалса ҳам, танасидан бир дона қил тушса ҳам албатта Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлди, деб билиши лозим.
Савол: Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларга тааллуқлилиги, ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди.
Савол: Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?
Жавоб: Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади.
Хулоса
"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада барча ҳолатларда Роббисига қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади.
"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Роббисининг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у қилган гуноҳлари ҳақидаги Роббисининг иродасидан хабардор бўлиб кейин уларни мажбуран қилмаганини жуда яхши билиб туради.
"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас Роббиси ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.
"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусийбатга дучор бўлса Роббисининг иродасига таслим бўлади ва: Роббим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусийбатларга дучор қилмаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз, дея дуо қилишга ўтади.
"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан бу иши Роббисининг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан Роббисига ҳамд айтиб туради:
- Роббим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;
- Роббим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;
- Роббим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;
- Роббим, берган закотим Сенинг иродангдир, бахилликдан нажот берган ҳам, зиммамдаги ҳақни адо этишга тавфиқ берган ҳам, закот бериш бахтига муваффақ қилган ҳам Ўзингсан;
- Роббим, адо этган ҳажим Сенинг иродангдир, бандаларинг орасидан ҳаж сафарига боришимни хоҳлаган ҳам, ҳаж машаққатларига сабр-бардошли қилган ҳам, ҳажни адо этиш бахтига лойиқ кўрган ҳам Ўзингсан;
- Роббим, адо этган барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган амалим туфайли бирор ажру мукофот олишга мен ҳақдор эмасман, балки бу амалларни менга ирода қилганинг учун ҳамду-санолар билан улуғланишга Сен ҳақдорсан, Сени доим улуғлашга мен бурчлиман, берадиган ажру мукофотларинг фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир...
Роббимиз барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
[1] Моида сураси 1-оят.
[2] Бақара сураси 185-оят.
[3] Анъом сураси 125-оят.
[4] Бақара сураси 185-оят.
Калом илми атрофидаги баҳслар
Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақийдавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган.
Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Бу фирқаларни аҳли суннадагилар ё етакчиларининг исми билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар.
Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма-хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзининг бузуқ эътиқодида ниҳоятда ғулувга кетган ва исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларга ёпишиб олган эди. Бундай кимсалар эътиқод ҳақидаги сўзларга фалсафий қарашларни аралаштириб юборган эдилар. Тарафлар ўртасида бугун "фалон нарса ҳақидаги калом" номи остида, эртага бошқа бир "фалон нарса ҳақидаги калом"атрофида турли ақидавий баҳс-мунозаралар, қаттиқ тортишувлар борарди.
Шунинг учун ҳам жамият аҳли орасида мазкур шахслар машғул бўлган "калом" билан шуғулланишнинг шаръий ҳукми ҳақидаги саволлар баралла янграй бошлаган. Табийки мазкур шахсларнинг ҳолатларидан хабардор аҳли сунна уламолари бундай "калом" билан шуғулланишнинг ҳаром эканини, ундан сақланиш лозим эканини қаттиқ таъкидладлаганлар. Мазкур "аҳли каломчилар" ўртасидаги баҳс мунозараларда содир бўлаётган самъий далилларга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш, қарши томонни кофирга чиқариш каби ҳолатлар аҳли сунна уламоларининг сўзлари ҳақ эканини кўрсатиб турарди. Ушбу даврларда аҳли сунна уламолари "калом илми" билан шуғулланишдан қатъий равишда батамом ман қилганлар.
Кейинчалик аҳли сунна уламолари "калом илми"нинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми" ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди "калом илми"ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган. Бу ҳақида Ғаззолий "Илжамул авам ъан илмил калам" номли рисоласида, Ибн Вазийр "Таржийҳу асалийбил Қуръан ъала асалийбил юнан" номли китобларида баҳс юритганлар.
Шунингдек Имомул Ҳарамайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Нававий ва Ибн Асокир каби уламолар бу илмни ўрганиш фарзи кифоя бўлиши айтганлари ривоят қилинган. Абул Ҳасан Ашъарий роҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага бағишлаб "Истиҳсанул ховзи фи илмил калам"номли асарларида "калом илми"га қарши чиққанларнинг далилларига жавоб берганлар. "Калом илми" атрофидаги баҳслардаги икки тарафнинг ҳам асосий далилларини ўрганиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.
"Калом илми"га қарши чиқиб уни ўрганишдан ман қиладиганларнинг асосий далиллари қуйидагилардир:
- Қуръон ва суннатда тортишувдан қайтарилган. Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетувчиларни дилларида оғиши борлар дея улардан огоҳлантирган:
فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ
Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар[1].
Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетиш эса калом илмида бўлган. Шунингучун калом илмига киришишдан сақланиш керак.
Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Шариатда муташобиҳ оятларга эргашишдан ёки ақл етмайдиган нарсалар тўғрисида ақлий баҳс юртишдан қайтарилган. Аммо булардан бошқа ақидавий масалалар тўғрисида муҳкам оятлар, саҳиҳ суннат ва очиқ-ойдин ақл тақозоси баҳс юритиш асло ман қилинган эмасдир. Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ман қилинган тортишувлар хусуматчилар ҳақидадир. Аммо ҳақни зоҳир қилиш йўлидаги баҳс-мунозаранинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ, балки у буюрилган иш ҳисобланади:
وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг![2]
Шариатда ботил нарсага тортишиш, илмсиз равишда баҳс-мунозара қилиш ман қилингандир. Аммо ҳақ йўлидаги мужодала вожиб ё мустаҳаб иш ҳисобланади. Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан узоқ баҳс мунозара қилгани қавми тилидан баён қилинган:
قَالُوا يَا نُوحُ قَدْ جَادَلْتَنَا فَأَكْثَرْتَ جِدَالَنَا
Улар: Эй, Нуҳ, батаҳқиқ сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг.
Маълумки Нуҳ алайҳиссалом қавми билан фаръий масалалар тўғрисида тортишмаганлар балки эътиқодий масалаларда тортишганлар. Зеро Қуръони каримда эътиқодий масалаларни ва уларнинг далилларини батафсил баён қилиб берувчи оятлар тўладир. Шунинг учун бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.
Калом илмига қарши чиқувчиларнинг иккинчи далиллари
- Саҳобаи киромлар энг яхши асрда яшаган ва динни бошқалардан кўра яхшироқ билганлар. Ушбу зотлар фиқҳий аҳкомларни таълим олганлар ва бошқаларга ҳам уларни ўргатганлар. Аммо "калом илми" билан асло машғул бўлмаганлар. Демак бу илм бидъат ва ҳалокатга дучор қилувчи залолатдан бошқа нарса эмасдир.
Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Ҳақиқатдан ҳам саҳобаи киромлар бу илм билан машғул бўлмаганлар. Чунки уларда бунга эҳтиёж йўқ бўлган. Бунинг сабабини мутакаллим олимлардан бири шундай тушунтирган: " Саҳобаи киромлар бу илмга киришмаганлар чунки у зотларнинг ҳолати олдиларида уларга қарши жанг қиладиган ҳеч ким бўлмаган шунинг учун қуролланиш машаққатига ҳеч бир сабаб бўлмаган кишиларнинг ҳолатидек бўлган. Аммо биз эътиқодимизни инкор қилиб бизга қарши чиқадиганларга рўбарў бўлдик. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга, тўғрини нотўғридан ажратишга муҳтож бўлиб қолдик".
Калом илмига қарши чиқувчиларнинг учинчи далиллари:
- Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлар ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлар. Масалан Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодни "калом"билан шуғулланишдан қайтарган. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ: " калом билан машғул бўлган бирон кимса ҳам нажот топмаган" деган. Шунга яқин маънодаги сўзлар имом Молик ва имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳимолардан ҳам ривоят қилинган.
Бу далилга мутакаллимларнинг жавоблари: улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлари ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлари ҳақиқатдир. Аммо ўзларининг ҳам "калом илми" бўйича машҳур асарлар таълиф этганлари ҳам худди шундай ҳақиқатдир. Шу ўринда улар қайси "калом илми"ни ёмон кўриб ундан қайтарган, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб уларнинг асарларига мурожаат этадиган бўлсак, улар Қуръон ва суннатга мухолиф бўлган бидъатчиларнинг сўзларини ёмон кўрганлари ва шогирдларини ҳам уларнинг сўзларини баҳс қилишдан қайтарганлари маълум бўлади. Бу ҳақиқат Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-фиқҳул акбар", "Ал-фиқҳул авсат", "Васият" ҳамда Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ар-родду ъалал жаҳмия" каби асарларда ўз ифодасини топган. Бу асарларда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги баён қилинган. Демак улуғ мужтаҳид уламолар бидъатчиларнинг "калом илми"дан қайтаришган, Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми"ни эса ўрганиш зарурлигини ўзлари бу ҳақида асарлар ёзиб тушунтирганлар.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим