muslim.uz

muslim.uz

Бир йигит билан учрашиб қолдим. У менга ипак толаси бўйича муҳандис эканлигини, ғарбда ўқиганини ва ҳозирда Дамашқдаги катта бир заводда ишлашини айтди. У: “Менда тутқаноқлик касали бор. Баъзида ўзимнинг машинамда (бу энг хатарлиси), гоҳида эса жамоат транспортларида, йўлда, кутубхонада ва баъзида уйда ушбу касалим тутади. Бир кунда ёки бир ҳафтада 3 мартадан 5 мартагача такрорланади. Бу касалликдан наҳоятда чарчадим ва эзилиб кеттим. Нима учун бу касалликни Аллоҳ менга берган?” деди.

Шу пайт миямда турли фикрлар туғилди. Тутқаноқлик касали мияга тааллуқли бўлиб, тузалмас бир касаллик эканини билардим. Лекин у мендан бошқача жавоб кутарди. Шунда уйимга таклиф қилиб, унга суҳбат қуриб бердим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?” (Нисо сураси, 147-оят).

У мени бутун вужуди билан эшитарди. У мендан бу оятнинг маъносини сўради.

“Модомики банда Аллоҳ буюргандек ҳаёт кечирса, амрларини адо этса ва қайтариқларидан қайтса-ю, Аллоҳ таоло унга дард ва азоб бериши ажабланарли иш. Чунки Унинг Ўзи: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?” деган бўлса”, дедим.

У бу гапга жиддий ёндошди, бир парча қоғоз чиқариб: “Айтинг, мен нима қилишим керак”, дея ёза бошлади.

Мен унга намозларни ўз вақтида ўқиш, тилни тийиш, кўзни ва қулоқни гуноҳдан тўсиш каби қирққа яқин солиҳ амалларни айтдим. У ҳаммасини ёзиб олди. Чунки ундаги дард аламли ва уни қаттиқ азоблаётган эди.

У чиқиб кетгач мен ўзимча уни чалғиттим деб ўйладим. Чунки ундаги касал шифоси йўқ бўлган бир касаллик эди. Мен эса унга Аллоҳнинг амрига итоат этса, ундан бу дард кетади дедим.

Жума куни дарс берар эдим. У биринчи ҳафта келдида менга: “Алҳамдулиллаҳ, ҳаётимда биринчи марта ушбу ҳафтада менда ушбу касаллик бўлмади”, деди.

Ишонинг! Мен шу вақт бутун дунёга эга бўлгандай бўлдим ва “Аллоҳим унга шифо бер!” деб дуо қилдим.

Иккинчи жумага келди ва бу ҳафта ҳам касал бўлмаганини айтди. Учинчи, тўртинчи ва ниҳоят бешинчи жумада келди, хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Чунки мен Аллоҳнинг айтганини айтдим ва Аллоҳ уни рўёбга чиқарди. Уни бу касалликдан узоқ қилди.

Бироқ олтинчи хафта келмади. Мен яна касали қайталаган бўлса керак деб ўйладим ва жуда қаттиқ қайғурдим.

Аммо кейинги ҳафта келди ва менга ишонч билан: “Ҳаргиз айтган нарсангиздан ҳижолат бўлманг “Мен Аллоҳнинг олдида хато қилдим”, деди. Ва ўтган хафта гуноҳ ишга қўл урганини айтди.

Дарҳақиқат, бугун бошимизга не мусибатлару ва не дардлар келаётган бўлса, гуноҳларимизнинг кўплигидандир. Демак, тавга шошилишимиз даркор. Шунда Аллоҳ таоло тезда бизни бу балолардан халос қилади.

Муҳаммад Ротиб Ноблусийнинг дарсликларидан

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғлининг таржимаси.

«Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» сўзлари билан бошланувчи кун худди шу калом билан ниҳоясига етади.

Яқинда намоз вақтларининг турли давлатларда қанча соатга фарқ қилишини ўрганиб, шу асосда жадвал тузмоқчи бўлдим.

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши натижасида намоз вақтларида мутаносиблик юзага келишини билардим, аммо унда илоҳий ҳикмат яширин эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман.

Ишни хаританинг энг шарқий қисмидан жой олган мусулмонлар давлати Индонезиядан бошладим. Бу пайтда у ерда бомдод намозига азон айтилаётган эди.

Сўнгра 3-4 дақиқадан сўнг Малайзияда ҳам намозга даъват этувчи бу товуш янграб, муаззинлар бомдодга тайёргарлик кўришар эди.
Бир неча дақиқадан кейин у ерда ҳам «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» деган товуш янграй бошлади.

Тобора ҳаяжонланиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдим.

Намоз вақти эса хаританинг ғарбий қисми томон сурилиб борар ва энди айтиш навбати Таиландликларга етиб келган, мен эса Аллоҳнинг каломи ер юзида тўхтамай айтилаётганидан ҳайратим ошарди. Бирин кетин Бангладеш, Ғарбий Ҳиндистон, Калкуатта, Хаура «Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ ягонадир» дея намозга даъват этди.

Кейин Марказий Осиё давлатларига навбат етиб келди.Сўнг Эрон, Ироқ, ундан кейин араб давлатларига кўчиб ўтди.

Мени ҳаяжонга солган нарса шу бўлдики, ер шарида «Аллоҳ буюкдир» дея бошланувчи азон товушлари давомий равишда ҳар дақиқа тўхтамай янграб турар экан.

Манба islom.uz сайти

Ўзгаларни ҳурмат қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга интилиш жамиятнинг бирлигини сақлашда, унинг аъзолари орасида муҳаббатни кучайтиришда, душманлик ва келишмовчилик сабабларини йўқотишда муҳим аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло  бу оятда мусулмонларни ўзидан бошқаларни ҳурмат қилишга, уларнинг обрўсини тўкмасликка, ҳис-туйғуларини таҳқирламасликка буюради. Эркакми ёки аёлми ҳеч кимни масхара қилиб, камситиб бўлмайди, хоҳ гап билан, хоҳ қўл билан ишора қилиб ёки бошқа йўллар билан бўлсин. Эҳтимол, масхара қилинган кишилар кўриниши бечораҳол кўринар, аммо, масхара қилувчидан яхшироқдир.

Бугунги кунимизга назар солсак, ижтимоий тармоқларда мусулмонларнинг айбини очиш, камситиш, масхара қилиш оддий бир ҳолга айланиб қолганига гувоҳ бўламиз.

Бундай кимсаларга Жаҳаннамнинг ўзи паноҳ сўрайдиган – Вайл азоби бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасида марҳамат қилиб айтадики: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. У мол жамлади ва уни санаб турди. У, албатта, уни абадий қолдирур, деб ҳисоблар. Йўқ! Албатта у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланар. «Ҳутома» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирар? У Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир. Қалбгача етиб борадир. Албатта, у уларни устидан қоплангандир. Узун-узун устунларга боғлангандирлар”.

Ўзларини оқлаш учун ҳар бир киши сўз, фикр эркинлигига ҳақли деган ҳужжатни келтириб, ўзгалар шаъни, қадр-қиммати, обрўсини тўкишади. Нафслари нимани хоҳласа, нимага буюрса шуни қилишади. Мусулмон хаёлига келган, кимлардандир эшитган, кўрган нарсасига кўркўрона амал қилиб кетавермайди. Оппоқ вароқдаги бир дона қора нуқтани кўриб, ҳаммасини қорага чиқариш ақлли кишининг иши эмас. Бу қалбда иллат борлигидан нишонадир. Бир олимни таҳқирлаб, масхаралаб иккинчисини кўтарган инсонни ҳақиқий комил мўмин дейиш қийин.

Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигини, қандай инсонлигини англаса бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Банданинг қалби тўғриланмас экан, унинг имони тўғри бўлмайди ва банданинг тили тўғриланмас экан, унинг қалби тўғриланмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини гўзал хулқли бўлишга чақирганлар: “Қиёмат кунида банданинг барча амаллари тарозига қўйилганда энг тош босадиган амал яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тутмас”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Киши мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишидир”.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: “Бугунги мунофиқлар Набий алайҳиссаломнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни яшириб, махфий қилардилар. Булар эса ошкор қилмоқдалар”, деганлар.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 145-оятида бундай марҳамат қилади: “Албатта мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва уларга ёрдамчи топа олмассан”.

Хулоса қилиб айтганда, одамларни айниқса уламоларни масхара қилиш қалбнинг хасталиги, мунофиқлик аломатидир. Бу кишилар ўртасида дўстлик алоқаларини бузилишига, жамият аъзолари орасида адоват пайдо бўлишига, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг меросхўрларига нисбатан беҳурматлик қилинишга олиб келади. Натижада халқ тўғри йўлдан адашади, ҳалок бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Олимларнинг гўшти заҳарликдир. Ҳидини ҳидлаган касал бўлади. Еганлар эса ҳалок бўлади!”.

Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларидек, мусулмонлар худди бир жон, бир танага ўхшайди. Қачонки бир мусулмон бошқа бир мусулмон биродарини айбласа, худди ўзини айблагандек бўлади. Аслида киши ўз айбини тузатиш билан машғул бўлса, бошқаларнинг айби унинг кўзига кўринмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга меҳр-оқибатли, уламолар, илм аҳлига муҳаббатли, итоатли қилсин. Қиёматда севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан жаннатда бирга бўлишимизни насиб этсин.

 

Жасурбек ЛАТИПОВ,

Шофиркон туман “Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон” жоме масжиди имом-хатиби.

Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментини махсус техника ва автотранспорт воситалари билан таъминлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда norma.uz хабар берди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида барпо этилган “Сузук ота” мажмуасида ободонлаштириш, сунъий суғориш иншоотлари ва кўкаламзорлаштириш объектларини қуриш ишлари якунлангани ҳамда мажмуани сақлаш ва ундан фойдаланиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментига (кейинги ўринларда – Департамент) юкланди.

2020-2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Департаментни таъминлаш учун махсус техника ва автотранспорт воситалари рўйхати иловага мувофиқ (14 та) ва ходимлар штатини ошириш (+ 33 та) тасдиқланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2020 йилда қўшимча штат бирликлари, “Сузук ота” мажмуасидан фойдаланиш ва сақлаш харажатларига ҳамда махсус техника ва автотранспорт воситаларини харид қилиш учун зарур маблағларни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиш топширилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Молия вазирлигига 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда “Сузук ота” мажмуасидан фойдаланиш ва уни сақлаш харажатларига ҳамда махсус техника ва автотранспорт воситаларини харид қилиш учун зарур маблағларни назарда тутиш белгиланди.

Маълумот учун, ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.08.2020 йилдан кучга кирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top