Мақолалар

Уламоларни камситиш ёхуд мусулмонлар бир тану жондир

Ўзгаларни ҳурмат қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга интилиш жамиятнинг бирлигини сақлашда, унинг аъзолари орасида муҳаббатни кучайтиришда, душманлик ва келишмовчилик сабабларини йўқотишда муҳим аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло  бу оятда мусулмонларни ўзидан бошқаларни ҳурмат қилишга, уларнинг обрўсини тўкмасликка, ҳис-туйғуларини таҳқирламасликка буюради. Эркакми ёки аёлми ҳеч кимни масхара қилиб, камситиб бўлмайди, хоҳ гап билан, хоҳ қўл билан ишора қилиб ёки бошқа йўллар билан бўлсин. Эҳтимол, масхара қилинган кишилар кўриниши бечораҳол кўринар, аммо, масхара қилувчидан яхшироқдир.

Бугунги кунимизга назар солсак, ижтимоий тармоқларда мусулмонларнинг айбини очиш, камситиш, масхара қилиш оддий бир ҳолга айланиб қолганига гувоҳ бўламиз.

Бундай кимсаларга Жаҳаннамнинг ўзи паноҳ сўрайдиган – Вайл азоби бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасида марҳамат қилиб айтадики: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. У мол жамлади ва уни санаб турди. У, албатта, уни абадий қолдирур, деб ҳисоблар. Йўқ! Албатта у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланар. «Ҳутома» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирар? У Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир. Қалбгача етиб борадир. Албатта, у уларни устидан қоплангандир. Узун-узун устунларга боғлангандирлар”.

Ўзларини оқлаш учун ҳар бир киши сўз, фикр эркинлигига ҳақли деган ҳужжатни келтириб, ўзгалар шаъни, қадр-қиммати, обрўсини тўкишади. Нафслари нимани хоҳласа, нимага буюрса шуни қилишади. Мусулмон хаёлига келган, кимлардандир эшитган, кўрган нарсасига кўркўрона амал қилиб кетавермайди. Оппоқ вароқдаги бир дона қора нуқтани кўриб, ҳаммасини қорага чиқариш ақлли кишининг иши эмас. Бу қалбда иллат борлигидан нишонадир. Бир олимни таҳқирлаб, масхаралаб иккинчисини кўтарган инсонни ҳақиқий комил мўмин дейиш қийин.

Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигини, қандай инсонлигини англаса бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Банданинг қалби тўғриланмас экан, унинг имони тўғри бўлмайди ва банданинг тили тўғриланмас экан, унинг қалби тўғриланмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини гўзал хулқли бўлишга чақирганлар: “Қиёмат кунида банданинг барча амаллари тарозига қўйилганда энг тош босадиган амал яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тутмас”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Киши мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишидир”.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: “Бугунги мунофиқлар Набий алайҳиссаломнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни яшириб, махфий қилардилар. Булар эса ошкор қилмоқдалар”, деганлар.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 145-оятида бундай марҳамат қилади: “Албатта мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва уларга ёрдамчи топа олмассан”.

Хулоса қилиб айтганда, одамларни айниқса уламоларни масхара қилиш қалбнинг хасталиги, мунофиқлик аломатидир. Бу кишилар ўртасида дўстлик алоқаларини бузилишига, жамият аъзолари орасида адоват пайдо бўлишига, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг меросхўрларига нисбатан беҳурматлик қилинишга олиб келади. Натижада халқ тўғри йўлдан адашади, ҳалок бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Олимларнинг гўшти заҳарликдир. Ҳидини ҳидлаган касал бўлади. Еганлар эса ҳалок бўлади!”.

Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларидек, мусулмонлар худди бир жон, бир танага ўхшайди. Қачонки бир мусулмон бошқа бир мусулмон биродарини айбласа, худди ўзини айблагандек бўлади. Аслида киши ўз айбини тузатиш билан машғул бўлса, бошқаларнинг айби унинг кўзига кўринмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга меҳр-оқибатли, уламолар, илм аҳлига муҳаббатли, итоатли қилсин. Қиёматда севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан жаннатда бирга бўлишимизни насиб этсин.

 

Жасурбек ЛАТИПОВ,

Шофиркон туман “Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон” жоме масжиди имом-хатиби.

2186 марта ўқилди

Мақолалар

Top