muslim.uz

muslim.uz

Среда, 25 Июль 2018 00:00

Самарқанд гавҳари

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида халқаро илмий-тадқиқотлар марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. 2017 йил 27 мартда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши билан бу ташаббус ҳаётга кўчди.

Моҳиятан, глобаллашув ва технократик цивилизация миллий ва диний қадриятларни ўзининг рақобатчисига айлантираётган бир паллада юртимизда ислом динининг ҳақиқий мақомини тушунтириб, тарғиб қилиб турувчи бундай марказнинг яратилиши Ўзбекистоннинг ислом маданиятида тутган ўрнини, миллий таълим-тарбиянинг асоси бўлган анъана ҳамда қадриятларимиз ҳаётбахшлиги ва бардавомлигини намоён қилади.

Шу муносабат билан Пайариқ тумани Хартанг қишлоғида жойлашган Имом Бухорий мажмуасида қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

— Шавкат Миромоновичнинг вилоятимизда ҳоким бўлиб ишлаётган пайт-ларидаёқ Имом Бухорий мажмуаси ва буюк аждодларимизнинг қадамжоларига эҳтироми бўлакча эди, — дейди Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси бош директори Хўжамқул Муҳаммадиев. — Катта ишлар олдидан, пахта, ғалла хирмонлари кўтарилганда, Наврўз ва Мус-тақиллик байрамлари арафасида ҳамиша қадамжоларни зиёрат қиларди. Имом Бухорий мақбараси пойида вилоят кексаларига ифторликлар бериларди. Шавкат Миромонович ўша пайтлардаёқ Имом Бухорий ҳазратлари мақбарасини кенгайтириш, юртимиздаги қадамжоларни ислом дунёсида Маккадан кейинги улкан зиёратгоҳга айлантириш, шу орқали мамлакатимиз шон-шарафини янада кўтаришни орзу қилган бўлса, ажабмас.

Президентимиз халқимизнинг буюк аждодимизга бўлган ҳурмат-эътиборини, ғурурини амалий ҳаракатга, ҳаёт ва яшаш тарзимизга айлантирмоқда. Шу билан бирга, Имом Бухорий мажмуасининг қайта таъмирланиши, кенгайтирилиши, обод қилиниши юртимизнинг туризм салоҳиятини тобора юксалтиради.

Дунёда бир ярим миллиард мусулмон бор. Агар ана шу мусулмонларнинг ярми саҳиҳ ҳадисларни тўплаб, ислом динининг иккинчи ишончли манбасини яратган зот Имом Бухорий ҳазратларининг хокипойларини зиёрат қилишга келса, сал муболаға қилиб айтганда, ҳатто остонамиз ҳам тилладан бўлиб кетиши мумкин. Тўғри, бу ҳозирча орзу. Мамлакатимизда бунча зиёратчини қабул қилиш бўйича инфраструктура ҳам ҳали шаклланмаган. Бироқ қувонарлиси, Президентимизнинг ташаббусида ана шу орзуларни реал воқеликка айлантиришдек азму шижоат ётибди. Имом Бухорий мажмуаси озгина вақтдан сўнг нафақат исломий илмнинг маркази, балки улкан, беқиёс қадамжога — тили, ирқидан қатъи назар, дунёнинг барча бурчагидан сайёҳлар оқиб келадиган зиёратгоҳга айланади.

Ҳар қарич еримиз муқаддас

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини яратиш ташаббусини кўтариб чиқар экан, икки муҳим жиҳатга, биринчидан, “Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни” борлигига, иккинчидан, буюк муҳаддиснинг “табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит” мавжудлигига эътиборни қаратганди. Булар дунё мусулмонларининг юртимизга интилишини кучайтириши шубҳасиз. Зотан, зиёрат фақат томоша эмас: у, энг аввало, буюклар руҳини ҳис этиш, маънавий-руҳий муҳитдан қувват олиш, улуғлар мақоми ва тутумини, тириклик ва ҳаёт ҳақида энг азалий ҳақиқатни англаш, қалбни шу ҳақиқат билан бойитишдир.

Гап шундаки, инсон даҳоси, заковати билан бунёд бўлган обидалар, умрларини инсонни жоҳилликдан, адашиш ва залолатдан халос қилишга сарфлаган азиз-авлиёларнинг, мўътабар шахсларнинг сағаналари олдида буюклик ва оддийлик, мангулик ва лаҳзалик, боқийлик ва ўткинчилик, қудрат ва ожизлик, бошқача айтганда, ҳаётнинг чинакам мазмун-моҳияти, инсон зиммасига юкланган илоҳий ва азалий вазифа бор бўйи билан ҳис этилади.

Шуни фахр билан таъкидлаш керакки, дунё цивилизациясига, илм-фанига, умуман, башариятнинг ҳам маънавий, ҳам моддий юксалишига беқиёс улуш қўшган аждодлар борасида тарих бизни сахийларча сийлаган: ҳар қарич еримиз муқаддас, ҳар қарич еримиз зиёратгоҳ. Буюк аждодларимиз халқимизнинг орзу-мақсадини, қувват-қудратини, тафаккур кўламини, маънавий оламини, дид-савиясини, тутум ва маданиятини намоён қиладики, уларнинг закоси ва ақл-идрокига қараб, дунё биз билан ҳисоблашади, бизга баҳо беради. Биз бугунги дин ниқобидаги залолатга, разолатга айнан ана шу аждодлар йўли ва тутуми, ҳикмати билан озиқланиб, қарши курашамиз. Бу курашда улар бизнинг қуролимиз, далилимиз, байроғимиз бўлади. Президентимизнинг юртимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани замирида ҳам ана шу эзгу мақсадлар мужассам.

Қадриятлар мажмуаси

— Юртбошимиз мажмуа атрофида зиёратчилар учун замонавий, барча талабга жавоб бера оладиган инфратузилма яратиш ҳақида аниқ топшириқлар берган, — дейди Самарқанд вилояти бош архитектори Норқул Содиқов. — Ана шу кўрсатмалар, ғоялар асосида бош режа ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 122 миллиард сўм бўлган қурилиш-таъмирлаш ишлари бугун авж паллада. Жами 60 гектар майдонда халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик мактаби, мактаб тингловчилари учун ётоқхона, ошхона, спорт-соғломлаштириш масканлари, илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари учун ҳар бири 18 хонадонли 3 та уч қаватли тураржой, Оқдарё — Қўлбости автомобиль йўли бўйида миллий кўринишдаги 2 қаватли 62 та коттеж қурилмоқда.

Бош режага кўра, қарийб бир километрлик хиёбон яратилади, хиёбон бўйлаб 26 та меҳмонхона бунёд этилади. Мажмуага меъморий уйғунлик билан қуриладиган беш юлдузли 27-меҳмонхона хиёбон охирида — мажмуага пешма-пеш қад кўтаради. Хиёбонда шарқона усулда барпо қилинган дам олиш, нафас ростлаш гумбазлари остида алломанинг бизгача етиб келган 6 та китобининг монументал макетлари ўрнатилади. Сайёҳлар меҳмонхонадан мажмуа биносига келгунча шу гумбазларнинг ўзидаёқ муҳаддис-олим яратган китобларнинг мазмун-моҳияти билан танишиб, ҳазратнинг хокипойига маълум бир маълумотлар, тушунчалар билан қадамранжида қилади.

Мажмуа қайта қурилиши муносабати билан ҳудуддаги 164 та тураржой ва 30 та нотураржой бино бошқа ҳудудга кўчирилди. Энди мажмуага келган зиёратчилар учун автомобилларини бемалол жойлаштириш, сақлаш имкони туғилди. Ҳар бир меҳмонхона олдида миллий интерьерли чойхоналар жой олади. Шу билан бирга, зиёратчиларга кечаю кундуз хизмат қилувчи 2 та супермаркет, амфитеатр, деҳқон бозори, ҳаммом, 2 та таҳоратхона, миллий ҳунармандлик буюмлари ва ёдгорликлар сотиладиган қадим Шарқ дўконлари кўринишидаги 16 та савдо шохобчаси, ресторан, болалар ўйин майдончаси, минибанк ва бошқа зарур инфратузилмалар бунёд этилади. Мажмуа олдидан ўтувчи Оқдарё — Қўлбости автомобиль йўли олтита машина сиғадиган даражада кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 километр масофада айланиб ўтади. Умуман олганда, бу ердаги барча бунёдкорлик фақат зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида қилинмоқда. Мажмуанинг ҳозирги бир қаватли биноси икки қават қилиб, қайта қурилади. Шунга мос равишда унинг кириш қисмидаги 17 метрлик гумбаз 30 метрдан баланд қилиб кўтарилади. Бу мажмуага узоқ-узоқлардан ўзига хос салобат, маҳобат бағишлаб туради.

— Айни пайтда мажмуа мақбарасининг пойи очиқ айвондан иборат, — дейди Имом Бухорий мажмуаси кенгаши раиси Деҳқон Эрмаматов. — Бу қиш-қировли кунларда зиёратчиларга маълум бир қийинчилик туғдирарди, совуқлик қиларди. Энди эса мақбаранинг ён тарафида қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган кенг зал, болалар ва аёллар хонаси қуриляпти. Ҳаммасидан ҳам қувонарлиси, эски масжид кенгайтирилиб, рўпарасида яна бир масжид қад кўтаради. Пировардида ҳар иккала масжидда бир вақтда уч мингдан ортиқ кишилар намоз ўқиш имконига эга бўлади ва шу жиҳати билан Ўзбекистондаги энг йирик масжидлардан бирига айланади. Бундан ташқари, мажмуада “ҳаж полигони” ҳам барпо этилмоқда. Бу “полигон”да Ҳиро тоғи, Каъба макетлари қурилади ва ҳажга борувчилар билан ҳаж пайтида қаердан, қандай ҳаракатланиш керак, ибодатларни қандай амалга ошириш зарурлиги ҳақида ўқув машғулотлари ўтказилади. Бу эса юртдошларимизнинг ҳаж зиёратини осонлаштиради.

Бир-бирига халақит бермайдиган иккитадан кириш ва чиқиш йўлаклари барпо этилмоқда. Бутун мажмуада иситиш ва совитиш воситалари тўлиқ замонавийлаштириляпти. Зиёратчиларга Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази тадқиқотчилари йўлбошчилик, таржимонлик қилади. Бу зиёратчиларнинг буюк муҳаддис ҳаёти, таълимоти, у тўплаган ҳадислар ҳикматини тушуниб олишда, динни бузиб талқин қилувчилардан фарқли ўлароқ, ислом динининг ҳақиқий тинчликпарвар, инсонпарвар моҳиятини англашда қўл келади.

Қисқаси, Имом Бухорий мажмуаси юз минглаб сайёҳларни қабул қила оладиган, қурилиши, инфратузилмаси билан дунё стандартларига мос комплекс қиёфа касб этмоқда. Нафсиламрини айтганда, Имом Бухорий мажмуаси ва унинг ҳудудий иншоотларини яхлит ҳолда “зиёрат шаҳарчаси” деса бўлади.

Нажот — илмда

Бугунги кунда ёшларнинг аксарияти ақидапараст, ёт ғояларга эргашиб қолаётгани уларда исломий билим ва диний тасаввурларнинг бир ёқламалигидан келиб чиқаётгани сир эмас. Айнан шунинг учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганиш, ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, исломий қадриятларни тўғри англатиш, муқаддас динимизнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш вазифалари юклатилган. Бу борадаги ишларни самарали бажариш учун марказда барча замонавий шарт-шароитлар яратилади. Ҳозирги кунда марказнинг янги замонавий биноси қуриб битказилиб, ички таъмирлаш ишлари давом этказилаётир.

— Марказ иншоотларининг лойиҳасидан тортиб, уларнинг ҳаётий рўёбини таъминлашгача Президентимиз назари ва эътиборида, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Бино тўлиғича замонавий жиҳозланади, марказнинг ўзида туриб, дунёнинг хоҳлаган илмий маркази билан боғланиш, ҳамкорлик қилиш имконияти яратилмоқда. Бинонинг ичида анжуманлар, форумлар учун конференциялар зали ҳам қурилган. Марказга ёндош ҳадисшунослик мактаби қад ростлаган. Буларнинг ҳаммаси бир ниятни кўзлаб — ёшларга, кенг аҳолига ислом динининг мазмун-моҳиятини тушунтириб бериш учун қилинмоқда. Умуман олганда, марказ дин ниқобидаги жаҳолатга, диний бадбинликка, диний хурофот ва жоҳилликка қарши диний илм билан кураш марказига айланади.

Илгари жаҳолатга қарши фақат қоғозлар, тадбирлар, мажлислар орқали курашиларди. Президентимиз энди дин ниқобидаги жаҳолатга қарши илм билан, фикр билан курашишга чорлаяпти. Жаҳолатга қарши фикр, илм энг самарали восита экани аллақачон исботланган. Ҳозир бизда диний ақидапарастларга қарши мустаҳкам, асосли қурол бор. Илмий-тадқиқот маркази энди ҳар қандай диний бузғунчиликка илмий зарба бера олади. Бу эса адашаётган ёшларни сақлаб қолиш, дегани.

Зиёрат туризми истиқболи

Имом Бухорий шахси ислом дунёсида беқиёс. Номини билмаган мусулмон деярли йўқ. Унинг хизматини барча муслим эътироф этади ва умрида бир марта бўлса ҳам ҳазрат сағанасини зиёрат қилишни истайди.

Зиёрат туризмининг кучайиши мамлакатимизнинг моддий салоҳиятини янада оширади. Мутахассислар фикрича, агар биргина Имом Бухорий мажмуа шаҳарчаси йилига 100 — 150 минг хорижлик сайёҳларни қабул қилса, улардан тушадиган маблағ тахминан 300 — 400 миллион долларни ташкил этиши мумкин. Қайта таъмирланаётган мажмуага ҳозирданоқ юртимизга қўшни мамлакатлардан ташқари Саудия Арабистони, Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон давлатларининг сайёҳлик компаниялари катта қизиқиш билдираётгани бу борадаги рақамлар шунчаки тахминлар эмаслигини ойдинлаштиради.

— Имом Бухорий мажмуаси юртимизда сайёҳлар учун бир зиёрат жойининг ўзида барча инфратузилма яратилган биринчи зиёрат шаҳарчаси бўлади, — дейди Самарқанд вилояти туризм масалалари бўйича ҳоким ўринбосарининг котибият мудири Азиз ўафуров. — Мажмуа тўлиқ қайта қурилиб ва таъмирланиб бўлгач, биз ички ва ташқи туризмнинг катта оқимини қабул қила бошлаймиз. Хусусан, Малайзиянинг ўзидан йилига 100 минг сайёҳ келиши кутилмоқда. Бу борада улар билан музокаралар олиб борилмоқда. Хурсанд қиладиган жойи шундаки, малайзияликлар ҳатто ҳаждан олдин Имом Бухорий мақбарасини доимий зиёрат қилиш истагида. Гап шундаки, Малайзиядан бир йилда икки ярим миллион мусулмон ҳажга боради. Биз шунча зиёратчини қабул қиладиган даражага етсак, Президентимиз ташаббуси билан бошланган зиёрат туризмининг келажаги қанчалар порлоқлигини тасаввур қилаверинг! Қисқаси, Самарқанд Шарқ сайқали бўлса, Имом Бухорий мажмуаси фойдаланишга топширилгач, Самарқанд гавҳарига айланади.

 

Назар ЭШОНҚУЛ,
ёзувчи.
Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси биносида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваровнинг Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Утембаев Ерик Мылтыкбаевич билан  учрашуви бўлиб ўтди.

Ш.Миноваров дўст ва қардош мамлакат элчисига Ўзбекистон Республикасида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан шахсан Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Ш.Миноваров марказ ва унинг таркибида ташкил этиладиган “Ислом санъати тарихи музейи”, кутубхона, илмий тадқиқотлар марказлари, малака ошириш курслари, фаолиятининг асосий йўналиши, мақсади ва вазифаларини таърифлаб, Давлат Раҳбарининг Ўзбекистонга оид бор илмий-маданий, диний-маърифий мерос ва манбаларни тўплаш, Тошкент шаҳрида беқиёс кўриниш ва чуқур мазмунга эга бўлган Маърифат марказини ташкил этиш борасидаги режаларини ёритиб, шарҳлаб берди.

Элчи жанобларига Марказнинг лойиҳа чизмалари намойиш этилди, бинонинг концепцияси, тузилма ва таркиблари, лойиҳачи ташкилот ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Элчи Утембаев, ўзи асли Ўзбекистонда туғилгани ва бу юртга ҳурмати беқиёслигини таъкидлади ва Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда барча соҳалардаги изчил ислоҳотлардан, шу жумладан, қардош мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражага кўтарилганидан мамнун эканини, бундан ҳар икки мамлакат халқлари баҳраманд бўлаётганларини қайд қилди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча соҳалардаги хизматларини юқори баҳолаб, умумий тарих, урф-одат, маданият, қолаверса ягона аждодлар авлодлари бўлган ўзбек-қозоқ халқларининг диний-маърифий йўналишдаги алоқаларини ҳам янги босқичга кўтариладиган фурсат келганини билдирди. Тошкентда ташкил этиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасида Қозоғистонлик олим-мутахассислар, тарихшунослар, илмий марказ ва жамғармаларнинг иштироки Қозоғистон учун ҳам муҳим бўлишини изҳор қилди.  

Икки давлат Президентларининг ўзаро ташрифлари, дўстона муносабатларига тўхталаркан, бу муносабатларда халқларимизнинг асрлар давомидаги ҳақиқий қардошлик-қондошлик алоқаларини акс этишини айтди.

 Е.Утембаев диний, маърифий, илмий ва сайёҳлик соҳаларда ҳамкорлик учун кенг имкониятларни инобатга олиб, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг етук дин арбоблари, уламолар, тарихшунос олимлар, мутахассислардан иборат қўшма гуруҳини шакллантириб, ягона тарихни ўрганиш ва тадқиқ қилиш, келажак учун ягона – умумий илмий мерос қолдириш таклифини илгари сурди. Зиёрат туризми йўналишида икки мамлакатдаги қадамжолар бирлаштирилган сайёҳлик дастурлари асосида сайёҳлик ширкатлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қадамжоларнинг умумий харитасини тузиш мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.

Учрашув якунида қардош мамлакат элчиси ҳар икки мамлакат чегарасида олиб борилган археологик қазишмаларда топилган милоддан аввалги III асрга мансуб бронза аждарча ҳайкалчасини ислом цивилизацияси маркази музейига топширди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Аллоҳ таоло одамни яратиб, унга турли нозу неъматларни ато этди. Бу тўғрисида Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Батаҳқиқ (мен) одам фарзандини (азиз) ва мукаррам қилдим. Ва (одам фарзандини) қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдим. Ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердим ва уларни ўзим яратган кўп жонзотлардан афзал қилдим” (Исро сураси 70-оят)

Ояти каримадан маълумки инсон барча яратилган махлуқотлар ичида  энг мукаррам ва улуғидир. Уни Ер юзида пок бўлган неъматлар билан  ризқлантириб қўйди. Ва яна барча мавжудотларни орасида яралишлик жиҳатидан фазилатли қилиб қўйди.

Демак инсон зоти мукаррамлиги дунёни тўғри, одилона кўз билан кўришлиги, ақл фаросат билан иш юритишлигидадир. Ақл фаросат билан иш юритиш Аллоҳ таоло бизларга берган неъматларни қадрига етишликдир. Бу неъматларнинг улуғи, умр неъматидир. Умрни беҳуда, бекорчи нарсаларга сарфланса бу ҳам исрофгарчиликка кириб, умрни исроф қилган ҳисобланади. Чунки инсондан Қиёмат кунида аввало унинг бу дунёдаги яшаб ўтган умри тўғрисида сўралади.

Расулуллоҳ (с.а.в)  Имом Термизий ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифда: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан қимирламайди:

  1. Умрини қандай ўтказгани.
  2. Ёшликда нима амал қилгани.
  3. Молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани.
  4. Олган илмига қай даражада амал қилгани”-деб марҳамат қилдилар.  

Демак Аллоҳ таоло бизларга берган неъматларни исроф бўлишига йўл қўймаслигимиз, ҳаётимиз давомида ўзимизга бир меъёрни танлаб олмоғимиз бўлади. 

Бу меъёр эса умрни Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимоти асосида олиб боришлигимиздир.  

Фуқаҳолар ҳам исрофни икки хилга бўлганлар:

  1. Молни харомга сарфлашлик.
  2. Молни шариат юзасидан бўлмаган мубоҳ ишга сарфлашлик.

Молни шариат юзасидан бўлмаган мубоҳ ишга сарфлашликка мисол тариқасида тўйлардаги ортиқча қилинаётган саватларни келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни қатъий мезон билан яратган бўлиб, ундаги бирорта нарса ҳам беҳуда ва ортиқча эмас. Ислом таълимоти инсонларга ўзлари учун яратилган нарсалардан оқилона ва меъёри билан фойдаланиш йўлларини кўрсатиб берган. Биз мана шу кўрсатмаларга мувофиқ ҳаёт кечирадиган бўлсак Иншааллоҳ ҳидоятда юрган кишилардан ҳисобланамиз. Бунинг акси бўладиган бўлса, у ҳолда бу иллат исроф деб аталади.

Муқаддас динимиз, биз инсонларни исрофнинг барча кўринишларидан қайтарган ва унинг ёмон оқибатларини ҳам баён қилган. Жумладан Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятида Эй одам болалари! Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатларингизни олинглар. Енглар ичинглар исроф қилманглар. Чунки у исроф қилгувчиларни яхши кўрмайди”.

Аллоҳ таоло одам боласига ейишга, ичишга буюради. Буларни барчасида исрофдан қайтаради. Ва яна исрофгарларни яхши кўрмаслигини ҳам айтиб қўяди.

Мумин киши озиқ-овқат муносабатида ҳам бошқаларга ўрнак бўлади. Чунки у яшашлик учун ейди.

Албатта еб ичиш гуноҳ эмас, исроф қилишлик гуноҳдир. Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Сени икки хислат, фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, ҳоҳлаганингни еб ҳоҳлаганигни ичавер” - деганлар.

Афсуски баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб билсалар, бошқа кишилар хусусан, бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиснинг шарҳидан шуни тушунамизки, инсон қорнини уч қисмга бўлиши керак, учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун, учдан бири ҳаво учундир. Озиқ-овқатни ейишликдаги исрофгарчилик ҳаттоки баъзи бир касалликни ҳам келтириб чиқаради. Бу эса исрофнинг ҳаромлигига яққол далилдир.

Демак биз чиндан ҳам ўзимизни Аллоҳнинг бандаси ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг умматлари деб билсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда исрофгарчиликни олдини олишлигимиз ҳамда барча ишларимизда ўзимизга ўртаҳолликни лозим тутишлигимиз лозим бўлади. Бу тўғрида Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир” деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фурқон сураси 67-оятида шундай дейди: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.

Бу тўғрисда Исро сураси 29-оятида шундай дейилади: (Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз.

Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ҳам шаръан қораланиб, улардан хазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси 26-27-оятида шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродаридирлар. Шайтон эса Роббисига нисбатан ўта ношукур эди”.

Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб этилади:  “Аллоҳнинг нозу неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайру-эҳсон қилинлар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”.

Дарҳақиқат ҳар бир нарсанинг ўртаси яхши дегандек, мол-дунё сарфлашда ҳам меъёрни сақлаш лозимдир.

Албатта бизнинг халқимиз меҳмодўст саховатли ҳалқ бўлганлиги учун нишонланадиган маросимларимиз жуда кўп. Ислом динида ҳам хурсандчилик кунларида хусусан никоҳ, ақиқа ва шунга ўхшаш маросимларда дастурхон ёзиб, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларни меҳмон қилишликка тарғиб қилинган. Лекин бундай маросимларда ҳам керагидан ортиқча сарф-харажат қилишлик ҳам исрофгарчиликка олиб келади. Шариатимизда хайр-эҳсон қилишликка тарғиб қилинишидан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам беришдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирлиган зиёфатдир”-деб марҳамат қилганлар. (муттафақун алайҳ). 

Шундай экан яхши ниятда хайру-эҳсон қилишни истаган киши сарфлаган моли исроф бўлиб беҳуда кетмаслигини ўйлашлиги, қолаверса савоб бўладиган томонларини ахтариши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ,  

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

Среда, 25 Июль 2018 00:00

Зуҳо намозининг фазилати

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир».
(Термизий, Ибн Можа, Байҳақий, Табароний, Баззор ва Ибн Абу Осим ривоят қилишган.)

Юқоридаги ҳадис қуйидаги кўринишда ҳам ривоят қилинган:

«Ким икки ракаат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракаат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракаат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Халилим саллоллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, икки ракаат чошгоҳ–зуҳо намоз ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни». (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти).

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик». 
(Термизий ва Аҳмад ривояти).

Зуҳо намози неча ракаат?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса,
гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилгайдир».

(Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва Исҳоқ ривояти).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз («Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намоз ўқишингиз кифоядир», — дедилар (Имом Муслим ривояти).

Зуҳо намози – бу намоз 360 садақага тенгдир.

Инсоннинг жисими 360 бўғиндан иборат бўлиб, инсонга бу неъматларнинг шукронаси ўлароқ ҳар куни 360 садақа қилиш лозим бўлади. Чошгоҳ намози ана ўша шукронани адо этишга кифоя қилади.

Зуҳо намозининг вақти қуёш тўла чиққандан тахминан 3 соат ўтгач бошланади ва пешин вақтидан 10-15 дақиқа аввал (бу вақтда қуёш тиккага келади ва намоз ўқиш макруҳ саналади) тугайди. Энг афзал вақти – пешин вақти киришидан 30-45 дақиқа аввалги вақтдир.

 

М. АШУРОВ
«Кулла» жомеъ масжиди имом-хатиби

Среда, 25 Июль 2018 00:00

Огоҳ бўлган, абгор бўлмас!

Баъзи ота-оналар фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўлишини айтади. Лекин уларнинг кўпи болалари телефон орқали нималар билан машғуллигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса қўлида телефон, истаган, қизиққан маълумотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан завқланиши мумкин. Шу тариқа, телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда уяли телефон орқали ҳаёсиз тасвирларни тарқатиш тез ривожланмоқда. Бу эса дунё мамлакатларини жиддий ташвишга соляпти. Қатор давлатлар жамиятда, айниқса, ёшлар орасида одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кескин чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда.

Хитой ҳаёсиз маҳсулотларни тарқатишга қарши кенг қамровли кураш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Австралияда эса ҳаёсиз маҳсулотларнинг тарқатилиши қатъий тақиқланиб, бу борада махсус қонун қабул қилинган.

Мактаб ўқувчиларини тармоққа улашда аппаратнинг турига қараб, белгиланган меъёрлар асосида фақат оддийларига улаш керак. Яъни, уларда камера, диктофон, флеш карта, "bluetooth" бўлмаслиги керак. Ўқувчиларга фақат кириш­ чиқиш қўнғироқларини қабул қилувчи ва хабар йўлловчи аппаратлардангина фойдаланишга рухсат бериш лозим.

Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик, ҳар ким унинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт­беш яшар бола ҳам компьютердан бемалол фойдаланиши, эртадан­ кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари филм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Агар ўтган асрнинг 90-йилларида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда компьютер ва интернет олдинги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Ҳозирги замон ёшлари қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганида, спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари ва интернетга бўлган қизиқишларини биринчи ўринда тилга олади.

Сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони соат сайин ошмоқда. 2007 йил Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. 2010 йил дунё тармоғида 10 миллион ёшлар “сайр қилган” бўлса, ҳозир уларнинг сони аллақачон 20 миллионга етган. Кундан кунга интернетдан фойдаланувчи оилалалар, фарзандлар сони кўпаймоқда. Бундай ёшларнинг катта қисми – 4,5 миллиондан ортиғи Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат орқали мулоқотда бўлади. Германияда ҳозирча 3 миллиондан ва Францияда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади.

Яна бир муҳим маълумот: “Болаларни асрайлик” (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтказган сўровномалар натижасидан маълум бўлдики, АҚШдаги 15­17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади.

Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ёшларни ташкил этади. Тадқиқотлар натижаларидан шу маълум бўлдики, ҳозир мактаб ёшидаги болалар ҳам интернетдан тобора эрта фойдаланмоқда.

Ёшларнинг интернетдан фойдаланиши ҳақида сўз юритар эканмиз, юқорида тилга олинган ҳолат – интернетдаги танишувлар, SMS, чатларга тўхталиб ўтамиз. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай интернет аро ёзишувлар ёшлар ўртасида бугун кенг оммалашиб бормоқда, аста­-секинлик билан чатга кирган ёшлар асосий вақтини ёзишмаларга сарфлаб, SMSларга, бу орқали интернетга муккасидан кетмоқда. Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, SMSга бундай муккадан берилиш ўсмирлар соғлиғи, шунингдек, хулқ­атвори билан алоқадор бўлиши мумкин экан.

Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга “ўта муккасидан кетганлар” тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар экан. Улар орасида, шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, гиёҳвандлик ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўп учрар экан.

Интернетдаги ижтимоиий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ ўтирган ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMSга, интернет ижтимоий тармоқларига берилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғлиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин. Ана шу ҳолат SMS ё интернет ижтимоий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчиларнинг ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетиши сабабларига ҳам ойдинлик киритади.

 

Олимжон КАРИМОВ

Пешку тумани “Хўжа Пешку”

Жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Top