Мақолалар

Самарқанд гавҳари

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида халқаро илмий-тадқиқотлар марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. 2017 йил 27 мартда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши билан бу ташаббус ҳаётга кўчди.

Моҳиятан, глобаллашув ва технократик цивилизация миллий ва диний қадриятларни ўзининг рақобатчисига айлантираётган бир паллада юртимизда ислом динининг ҳақиқий мақомини тушунтириб, тарғиб қилиб турувчи бундай марказнинг яратилиши Ўзбекистоннинг ислом маданиятида тутган ўрнини, миллий таълим-тарбиянинг асоси бўлган анъана ҳамда қадриятларимиз ҳаётбахшлиги ва бардавомлигини намоён қилади.

Шу муносабат билан Пайариқ тумани Хартанг қишлоғида жойлашган Имом Бухорий мажмуасида қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

— Шавкат Миромоновичнинг вилоятимизда ҳоким бўлиб ишлаётган пайт-ларидаёқ Имом Бухорий мажмуаси ва буюк аждодларимизнинг қадамжоларига эҳтироми бўлакча эди, — дейди Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси бош директори Хўжамқул Муҳаммадиев. — Катта ишлар олдидан, пахта, ғалла хирмонлари кўтарилганда, Наврўз ва Мус-тақиллик байрамлари арафасида ҳамиша қадамжоларни зиёрат қиларди. Имом Бухорий мақбараси пойида вилоят кексаларига ифторликлар бериларди. Шавкат Миромонович ўша пайтлардаёқ Имом Бухорий ҳазратлари мақбарасини кенгайтириш, юртимиздаги қадамжоларни ислом дунёсида Маккадан кейинги улкан зиёратгоҳга айлантириш, шу орқали мамлакатимиз шон-шарафини янада кўтаришни орзу қилган бўлса, ажабмас.

Президентимиз халқимизнинг буюк аждодимизга бўлган ҳурмат-эътиборини, ғурурини амалий ҳаракатга, ҳаёт ва яшаш тарзимизга айлантирмоқда. Шу билан бирга, Имом Бухорий мажмуасининг қайта таъмирланиши, кенгайтирилиши, обод қилиниши юртимизнинг туризм салоҳиятини тобора юксалтиради.

Дунёда бир ярим миллиард мусулмон бор. Агар ана шу мусулмонларнинг ярми саҳиҳ ҳадисларни тўплаб, ислом динининг иккинчи ишончли манбасини яратган зот Имом Бухорий ҳазратларининг хокипойларини зиёрат қилишга келса, сал муболаға қилиб айтганда, ҳатто остонамиз ҳам тилладан бўлиб кетиши мумкин. Тўғри, бу ҳозирча орзу. Мамлакатимизда бунча зиёратчини қабул қилиш бўйича инфраструктура ҳам ҳали шаклланмаган. Бироқ қувонарлиси, Президентимизнинг ташаббусида ана шу орзуларни реал воқеликка айлантиришдек азму шижоат ётибди. Имом Бухорий мажмуаси озгина вақтдан сўнг нафақат исломий илмнинг маркази, балки улкан, беқиёс қадамжога — тили, ирқидан қатъи назар, дунёнинг барча бурчагидан сайёҳлар оқиб келадиган зиёратгоҳга айланади.

Ҳар қарич еримиз муқаддас

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини яратиш ташаббусини кўтариб чиқар экан, икки муҳим жиҳатга, биринчидан, “Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни” борлигига, иккинчидан, буюк муҳаддиснинг “табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит” мавжудлигига эътиборни қаратганди. Булар дунё мусулмонларининг юртимизга интилишини кучайтириши шубҳасиз. Зотан, зиёрат фақат томоша эмас: у, энг аввало, буюклар руҳини ҳис этиш, маънавий-руҳий муҳитдан қувват олиш, улуғлар мақоми ва тутумини, тириклик ва ҳаёт ҳақида энг азалий ҳақиқатни англаш, қалбни шу ҳақиқат билан бойитишдир.

Гап шундаки, инсон даҳоси, заковати билан бунёд бўлган обидалар, умрларини инсонни жоҳилликдан, адашиш ва залолатдан халос қилишга сарфлаган азиз-авлиёларнинг, мўътабар шахсларнинг сағаналари олдида буюклик ва оддийлик, мангулик ва лаҳзалик, боқийлик ва ўткинчилик, қудрат ва ожизлик, бошқача айтганда, ҳаётнинг чинакам мазмун-моҳияти, инсон зиммасига юкланган илоҳий ва азалий вазифа бор бўйи билан ҳис этилади.

Шуни фахр билан таъкидлаш керакки, дунё цивилизациясига, илм-фанига, умуман, башариятнинг ҳам маънавий, ҳам моддий юксалишига беқиёс улуш қўшган аждодлар борасида тарих бизни сахийларча сийлаган: ҳар қарич еримиз муқаддас, ҳар қарич еримиз зиёратгоҳ. Буюк аждодларимиз халқимизнинг орзу-мақсадини, қувват-қудратини, тафаккур кўламини, маънавий оламини, дид-савиясини, тутум ва маданиятини намоён қиладики, уларнинг закоси ва ақл-идрокига қараб, дунё биз билан ҳисоблашади, бизга баҳо беради. Биз бугунги дин ниқобидаги залолатга, разолатга айнан ана шу аждодлар йўли ва тутуми, ҳикмати билан озиқланиб, қарши курашамиз. Бу курашда улар бизнинг қуролимиз, далилимиз, байроғимиз бўлади. Президентимизнинг юртимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани замирида ҳам ана шу эзгу мақсадлар мужассам.

Қадриятлар мажмуаси

— Юртбошимиз мажмуа атрофида зиёратчилар учун замонавий, барча талабга жавоб бера оладиган инфратузилма яратиш ҳақида аниқ топшириқлар берган, — дейди Самарқанд вилояти бош архитектори Норқул Содиқов. — Ана шу кўрсатмалар, ғоялар асосида бош режа ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 122 миллиард сўм бўлган қурилиш-таъмирлаш ишлари бугун авж паллада. Жами 60 гектар майдонда халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик мактаби, мактаб тингловчилари учун ётоқхона, ошхона, спорт-соғломлаштириш масканлари, илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари учун ҳар бири 18 хонадонли 3 та уч қаватли тураржой, Оқдарё — Қўлбости автомобиль йўли бўйида миллий кўринишдаги 2 қаватли 62 та коттеж қурилмоқда.

Бош режага кўра, қарийб бир километрлик хиёбон яратилади, хиёбон бўйлаб 26 та меҳмонхона бунёд этилади. Мажмуага меъморий уйғунлик билан қуриладиган беш юлдузли 27-меҳмонхона хиёбон охирида — мажмуага пешма-пеш қад кўтаради. Хиёбонда шарқона усулда барпо қилинган дам олиш, нафас ростлаш гумбазлари остида алломанинг бизгача етиб келган 6 та китобининг монументал макетлари ўрнатилади. Сайёҳлар меҳмонхонадан мажмуа биносига келгунча шу гумбазларнинг ўзидаёқ муҳаддис-олим яратган китобларнинг мазмун-моҳияти билан танишиб, ҳазратнинг хокипойига маълум бир маълумотлар, тушунчалар билан қадамранжида қилади.

Мажмуа қайта қурилиши муносабати билан ҳудуддаги 164 та тураржой ва 30 та нотураржой бино бошқа ҳудудга кўчирилди. Энди мажмуага келган зиёратчилар учун автомобилларини бемалол жойлаштириш, сақлаш имкони туғилди. Ҳар бир меҳмонхона олдида миллий интерьерли чойхоналар жой олади. Шу билан бирга, зиёратчиларга кечаю кундуз хизмат қилувчи 2 та супермаркет, амфитеатр, деҳқон бозори, ҳаммом, 2 та таҳоратхона, миллий ҳунармандлик буюмлари ва ёдгорликлар сотиладиган қадим Шарқ дўконлари кўринишидаги 16 та савдо шохобчаси, ресторан, болалар ўйин майдончаси, минибанк ва бошқа зарур инфратузилмалар бунёд этилади. Мажмуа олдидан ўтувчи Оқдарё — Қўлбости автомобиль йўли олтита машина сиғадиган даражада кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 километр масофада айланиб ўтади. Умуман олганда, бу ердаги барча бунёдкорлик фақат зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида қилинмоқда. Мажмуанинг ҳозирги бир қаватли биноси икки қават қилиб, қайта қурилади. Шунга мос равишда унинг кириш қисмидаги 17 метрлик гумбаз 30 метрдан баланд қилиб кўтарилади. Бу мажмуага узоқ-узоқлардан ўзига хос салобат, маҳобат бағишлаб туради.

— Айни пайтда мажмуа мақбарасининг пойи очиқ айвондан иборат, — дейди Имом Бухорий мажмуаси кенгаши раиси Деҳқон Эрмаматов. — Бу қиш-қировли кунларда зиёратчиларга маълум бир қийинчилик туғдирарди, совуқлик қиларди. Энди эса мақбаранинг ён тарафида қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган кенг зал, болалар ва аёллар хонаси қуриляпти. Ҳаммасидан ҳам қувонарлиси, эски масжид кенгайтирилиб, рўпарасида яна бир масжид қад кўтаради. Пировардида ҳар иккала масжидда бир вақтда уч мингдан ортиқ кишилар намоз ўқиш имконига эга бўлади ва шу жиҳати билан Ўзбекистондаги энг йирик масжидлардан бирига айланади. Бундан ташқари, мажмуада “ҳаж полигони” ҳам барпо этилмоқда. Бу “полигон”да Ҳиро тоғи, Каъба макетлари қурилади ва ҳажга борувчилар билан ҳаж пайтида қаердан, қандай ҳаракатланиш керак, ибодатларни қандай амалга ошириш зарурлиги ҳақида ўқув машғулотлари ўтказилади. Бу эса юртдошларимизнинг ҳаж зиёратини осонлаштиради.

Бир-бирига халақит бермайдиган иккитадан кириш ва чиқиш йўлаклари барпо этилмоқда. Бутун мажмуада иситиш ва совитиш воситалари тўлиқ замонавийлаштириляпти. Зиёратчиларга Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази тадқиқотчилари йўлбошчилик, таржимонлик қилади. Бу зиёратчиларнинг буюк муҳаддис ҳаёти, таълимоти, у тўплаган ҳадислар ҳикматини тушуниб олишда, динни бузиб талқин қилувчилардан фарқли ўлароқ, ислом динининг ҳақиқий тинчликпарвар, инсонпарвар моҳиятини англашда қўл келади.

Қисқаси, Имом Бухорий мажмуаси юз минглаб сайёҳларни қабул қила оладиган, қурилиши, инфратузилмаси билан дунё стандартларига мос комплекс қиёфа касб этмоқда. Нафсиламрини айтганда, Имом Бухорий мажмуаси ва унинг ҳудудий иншоотларини яхлит ҳолда “зиёрат шаҳарчаси” деса бўлади.

Нажот — илмда

Бугунги кунда ёшларнинг аксарияти ақидапараст, ёт ғояларга эргашиб қолаётгани уларда исломий билим ва диний тасаввурларнинг бир ёқламалигидан келиб чиқаётгани сир эмас. Айнан шунинг учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганиш, ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, исломий қадриятларни тўғри англатиш, муқаддас динимизнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш вазифалари юклатилган. Бу борадаги ишларни самарали бажариш учун марказда барча замонавий шарт-шароитлар яратилади. Ҳозирги кунда марказнинг янги замонавий биноси қуриб битказилиб, ички таъмирлаш ишлари давом этказилаётир.

— Марказ иншоотларининг лойиҳасидан тортиб, уларнинг ҳаётий рўёбини таъминлашгача Президентимиз назари ва эътиборида, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Бино тўлиғича замонавий жиҳозланади, марказнинг ўзида туриб, дунёнинг хоҳлаган илмий маркази билан боғланиш, ҳамкорлик қилиш имконияти яратилмоқда. Бинонинг ичида анжуманлар, форумлар учун конференциялар зали ҳам қурилган. Марказга ёндош ҳадисшунослик мактаби қад ростлаган. Буларнинг ҳаммаси бир ниятни кўзлаб — ёшларга, кенг аҳолига ислом динининг мазмун-моҳиятини тушунтириб бериш учун қилинмоқда. Умуман олганда, марказ дин ниқобидаги жаҳолатга, диний бадбинликка, диний хурофот ва жоҳилликка қарши диний илм билан кураш марказига айланади.

Илгари жаҳолатга қарши фақат қоғозлар, тадбирлар, мажлислар орқали курашиларди. Президентимиз энди дин ниқобидаги жаҳолатга қарши илм билан, фикр билан курашишга чорлаяпти. Жаҳолатга қарши фикр, илм энг самарали восита экани аллақачон исботланган. Ҳозир бизда диний ақидапарастларга қарши мустаҳкам, асосли қурол бор. Илмий-тадқиқот маркази энди ҳар қандай диний бузғунчиликка илмий зарба бера олади. Бу эса адашаётган ёшларни сақлаб қолиш, дегани.

Зиёрат туризми истиқболи

Имом Бухорий шахси ислом дунёсида беқиёс. Номини билмаган мусулмон деярли йўқ. Унинг хизматини барча муслим эътироф этади ва умрида бир марта бўлса ҳам ҳазрат сағанасини зиёрат қилишни истайди.

Зиёрат туризмининг кучайиши мамлакатимизнинг моддий салоҳиятини янада оширади. Мутахассислар фикрича, агар биргина Имом Бухорий мажмуа шаҳарчаси йилига 100 — 150 минг хорижлик сайёҳларни қабул қилса, улардан тушадиган маблағ тахминан 300 — 400 миллион долларни ташкил этиши мумкин. Қайта таъмирланаётган мажмуага ҳозирданоқ юртимизга қўшни мамлакатлардан ташқари Саудия Арабистони, Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон давлатларининг сайёҳлик компаниялари катта қизиқиш билдираётгани бу борадаги рақамлар шунчаки тахминлар эмаслигини ойдинлаштиради.

— Имом Бухорий мажмуаси юртимизда сайёҳлар учун бир зиёрат жойининг ўзида барча инфратузилма яратилган биринчи зиёрат шаҳарчаси бўлади, — дейди Самарқанд вилояти туризм масалалари бўйича ҳоким ўринбосарининг котибият мудири Азиз ўафуров. — Мажмуа тўлиқ қайта қурилиб ва таъмирланиб бўлгач, биз ички ва ташқи туризмнинг катта оқимини қабул қила бошлаймиз. Хусусан, Малайзиянинг ўзидан йилига 100 минг сайёҳ келиши кутилмоқда. Бу борада улар билан музокаралар олиб борилмоқда. Хурсанд қиладиган жойи шундаки, малайзияликлар ҳатто ҳаждан олдин Имом Бухорий мақбарасини доимий зиёрат қилиш истагида. Гап шундаки, Малайзиядан бир йилда икки ярим миллион мусулмон ҳажга боради. Биз шунча зиёратчини қабул қиладиган даражага етсак, Президентимиз ташаббуси билан бошланган зиёрат туризмининг келажаги қанчалар порлоқлигини тасаввур қилаверинг! Қисқаси, Самарқанд Шарқ сайқали бўлса, Имом Бухорий мажмуаси фойдаланишга топширилгач, Самарқанд гавҳарига айланади.

 

Назар ЭШОНҚУЛ,
ёзувчи.
Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев / “Халқ сўзи”.

4211 марта ўқилди

Мақолалар

Top