Рамазон

Ўхшаши топилмас ибодат

Рўза – беқиёс, мисли топилмас, фазилатларга бой ибодатдир. Унинг илоҳий ҳаловатини фақат рўза тутгандагина англаш мумкин. Рўзадорнинг кўнгли тўқ, нафс жиловлари ўз қўлида, танаси ҳолсизланса-да руҳияти мадор сезади. Рўзанинг фазилатлари борасида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Мана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр билан ўзини бошқариб туради. Рўза тутмаган вақтларида ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”. Чиндан ҳам, рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан, касаллик ва ношукрликдан сақлайди. Яна бир муҳим жиҳат борки, рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёткор бўлади. Оғзидан чиқаётган сўзлар аввалгидек ўйланмаган ёки бепарда бўлмайди. Рўзанинг ҳурмати билан сўзларини обдон чиғириқдан ўтказади. Илгарилари бемалол тилларидан учган бепарда гаплар энди оғиздан чиқмаслигига эътибор қаратади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалу низоларнинг олдини олади, кишилар ўртасидаги гиналарни кеткизади, яхшиликларга сабаб бўлади. Мабодо рўзадорни кимдир жаҳлини чиқарса, ана шундай ёмон гапиришга ундаш ҳолатлари рўй берса, ҳадиси шарифда эслатилгандек: “Мен рўзадорман”, дейиш билан муаммога жавоб топилади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз, беадоқ. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Тонг қоронғусидан то шомга қадар еб ичишдан чекланган нафснинг ифторлик пайтидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Бу пайтда кишининг танаси ҳорғин бўлсада руҳияти, маънавияти дармон йиққан бўлади. Аввало ибодатни адо этганидан, чексиз савобларга эришганидан, қолаверса ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли осмон қадар кўтарилади. Охиратда эса, тутган рўзаси туфайли берилажак жаннатдан шод бўлиши таъкидланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни Яратгандан сўраймиз доимо. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини мана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади. Бинобарин, “Райён” деб номланган махсус жаннат эшиги ҳар бир рўзадорга олий мукофотдир.

Ҳақиқатдан ҳам, рўзанинг фазилатлари битмас туганмас хазина каби, бу ҳақида қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойида беқиёс онлардан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таробеҳ намозлари ўқилмоқда, баъзи кунлари бир-биридан долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоб олишмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизларга берилган бебаҳо неъматдир.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим

 юрти мудири З.Мирсадиков

87015 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рўзадорнинг қалқони Рамазонга мактуб »
Top