Рамазон

"Дўзахдан халос бўлиш" даҳасининг фазилатлари

Маълумки, Рамазон ойи  уч даҳадан иборат: раҳмат, мағфират ва дўзахдан халос бўлиш. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса жаҳаннамдан халос бўлишдир” (Ибн Абу Дунё ривояти).

Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги раҳмат даҳасидир. Бунда Аллоҳ таолонинг раҳамати жўш урганидан, ер юзига кўп ёғилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Рамазон келганида раҳмат эшиклари очилади...» (Имом Муслим ривоят).

Бу ойнинг ўртасидаги ўн кунлиги мағфират, охиридаги ўн куни эса, дўзахдан қутулиш даҳасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. У зот: «Йўқ, лекин хизматкор ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийсига кўра, баъзи жойларни айримларидан фазилатли қилган. Шунингдек, баъзи бир вақтларни бошқаларидан афзал қилган. Жумладан, Рамазонни бошқа ойлардан фазилатли қилган. Бу муборак ойнинг охирги даҳасининг кундузлари олдингиларидан афзалдир. Энг файзли кечалар Рамазон ойи кечаларидир. Рамазон ойи кечаларининг энг фазилатлиси охирги ўн кечасидир.

Банда доимо Раббисининг тоат-ибодатида юради, албатта. Аммо, Рамазонни, айниқса бу муборак ойнинг охирги ўнлигини ғанимат билиб, унда кўпроқ ибодат билан машғул бўлса, улуғ фазл ва юксак ажрга эришади. Бу ютуқни қўлга киритиш учун қандай йўл тутиш керак? Албатта, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш зарур. Зеро, у зоти бобаракот биз умматларига барча соҳада бўлганидек, бу борада ҳам ўрнак бўлганлар. Ойша (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қиладилар:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ أَحْيَا اللَّيْلَ ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ ، وَجَدَّ، وَشَدَّ الْمِئْزَرَ. رواه البخاري ومسلم.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон (охирги) ўнлик кирса, кеча(лари)ни (намоз, Қуръон тиловати ва бошқа ибодатлар билан) тирилтирар (бедор ўтказар), аҳлларини (кечаси ибодат қилишлари учун) уйғотар, (тоат-ибодатда янада) ғайрат кўрсатар ва (ибодатга одатдагидан ташқари) белни маҳкам боғлар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ривоятда бундай келган:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجتهد في رمضان ما لا يجتهد في غيره، وفي العشر الأواخر منه ما لا يجتهد في غيرها .

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазонда бошқа ойларда қилмаган жидду жаҳдларини қилардилар. Айниқса, Рамазоннинг охирги ўнлиги келганида, унда бошқа кунларидан кўра ғайратли бўлардилар» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ الأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ. متفق عليه.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Аллоҳ у зотни вафот эттиргунича, Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари эътикоф ўтиришди» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُجَاوِرُ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ وَيَقُولُ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. متفق عليه.

Яна Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мазкур даҳада эътикоф ўтиришларидан мақсад – Лайлатул қадрни топиш эди. Зотан, масжидда ўн кечаю кундуз узлуксиз эътикоф ўтирган одам, албатта, ўша муборак кечани топади ва унда ваъда қилинган хайр-баракага эришиши муқаррар. Шу эътибордан, солиҳ зотлар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга интилишган. Шунга кўра, имкони, шароити кўтарган кишилар ҳам бу ибодатни бажаришса, айни муддао бўлади.

Мўмин киши доимо дуо қилиб юриши керак. Хусусан, Рамазон ойида:

اللَّهُمَّ، إِنَّك عَفُوٌّ تُحِبّ الْعَفْو، فَاعْفُ عَنِّي

“Аллоҳумма,  иннака ъафуввун туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний – Ё Аллоҳ, Сен кечирувчи Зотсан, кечиришни яхши кўрасан, менинг (гуноҳларимни) афв эт”, деб кўпроқ илтижо қилиши зарур. Бу муборак дуони Рамазоннинг охирги ўнлигида, айниқса, тоқ кунларида янада кўпроқ такрорлаш мақсадга мувофиқ. Зеро, Абдуллоҳ ибн Бурайда (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, мен Қадр кечасини топсам, нима деб дуо қиламан, дея сўрадим”. У зот: “Аллоҳумма,  иннака ъафуввун туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний – Ё Аллоҳ, Сен кечирувчи Зотсан, кечиришни яхши кўрасан, менинг (гуноҳларим)ни афв эт”, деб айт”, дедилар (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий ва  Ибн Можа ривоятлари).

Бу даҳадаги кечалар бизга берилган буюк фурсатдир. Манбаларда келишича, бу муборак кечанинг яхшиликларидан маҳрум бўлган киши жуда кўп хайр-баракадан қуруқ қолар экан. Зеро, бу даҳада дўзахдан озод бўлиш, яхшиликларда рақобат қилиш, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, кўп баракани ўзида мужассам этган, сониялари қадрли, озгина амалга кўплаб ажр ёзиладиган, бисёр амалга эса, қўша-қўша савоб ато этиладиган тунлар онаси, минг ойдан афзал кеча яширилган. У Қадр кечасидир. Лайлатул қадр – қадри улуғ кеча, дегани. Бу кечадаги фазилатларнинг қадри юксаклиги, унинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бандаларнинг бир йиллик амаллари ўлчаниб, режалаштирилишидан шундай номланган. Зеро, фаришталар бу кечада келгуси йилнинг шу кечасигача қилинадиган барча ишларни ўлчаб-ҳисоблаб қўядилар. Демак, бу даҳанинг бошқаларидан фазилатли томони ҳам шунда. Зотан, у кеча минг ойдан яхшироқдир. Бу тахминан, Лайлатул Қадр кечаси ичида бўлмаган 83,3 йилга тўғри келади. Бу, шу муборак кечада қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан фазли баланд, деганидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло бандалари тоат-ибодатни кўпайтириб, юқори даражаларга эришишлари учун Қадр кечасини Рамазон ойиининг охирги ўнлигида яширди. Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ўрнак бўлиб, бу даҳада олдингиларидан кўра ғайратлари ошиб, унда янада кўпроқ ибодат билан машғул бўлар ва саҳобаларни шунга чорлар эдилар.

Бу саноқли лаҳзалар ҳам яшин тезлигида ўтади, кетади. Шунинг учун, бу улуғ фурсатни қўлдан бой бермайлик, у дамларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат қилайлик. Зеро, биз яна қайтиб бу муборак кечаларга етамизми-йўқми Аллоҳга аён. Парвардигори олам ҳаммамизни бу файзли кечаларга эсон-омон етишимизни ва ундаги хайру баракадан баҳраманд бўлишимизни насиб этсин. Ундан асло маҳрум этмасин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

93272 марта ўқилди
Top