Рамазон-2018

Биз Рамазонни нега яхши кўрамиз?

Рамазон ойи ойларнинг ичидаги энг улуғидир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ойни бошқа ойлардан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Хўш, нега шундай? Бунга қуйидаги матнларда жавоб бериб ўтамиз.

Рамазон Қуръон ойи!

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги Каломини шу ойда нозил қила бошлаган.

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” деган.

Қуръон инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китобдир. Биз бахт-саодатимиз гарови бўлган бу Китобнинг нозил этилган мавсумини яхши кўрмасак, бошқа қайси ойни, қайси мавсумни яхши кўрамиз?!

Рамазон раҳмат ойи!

Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ ёғилади. Масжидлар, уйлар, кўчаларни раҳмат чулғаб олади. Атроф бошқа ойлардагидан кўра ўзгача файзли кўринади.

Рамазон савоблар кўпайтириб бериладиган ой!

Бу ойда қилинган солиҳ амалларнинг савоби бошқа ойлардагидан кўра кўпайтириб берилади. Ривоятларда келишича, бу ойда қилинган бир нафл амалга бошқа ойлардаги фарз амалнинг савоби, бу ойда қилинган бир фарз амалга эса бошқа ойлардаги етмишта фарз амалнинг савоби берилади. Шунинг учун барча мусулмонлар бу ойда солиҳ амал қилишга ўзларини урадилар. Кўплаб савоб олишнинг ҳаракатида бўладилар.

Рамазон мағфират ойи!

Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини мағфират қилади. У Зотнинг мағфирати кенгдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Рамазон дўзахдан қутулиш ойи!

Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилиши хабарларда айтилади. Шунинг учун бу ойда дўзахдан қутулишга сабаб бўладиган амалларни кўпроқ қилишимиз керак.

Рамазон меҳр-мурувват, саховат ойи!

Бу ойда барчамиз ён-атрофимиздаги инсонларга, етимлар, бевалар, камбағаллар, қариндошлар, қўшниларга тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам яхшилик қилишга уринамиз. Эҳсон-садақларимиз кўпаяди. Закот берамиз. Диндошларимизнинг кўнглини кўтаришга, Рамазонни хушкайфиятда ўтказишлари учун шароит қилиб беришга ҳаракат қиламиз.

Рамазон солиҳ амаллар кўпаядиган ой!

Бу ойда Қуръони Каримни кўп тиловат қиламиз, Аллоҳ таолони зикр қиламиз, нафл ибодатларни кўпайтирамиз, таровеҳларда иштирок этамиз, хатми Қуръонга қулоқ тутамиз, олимлар, фозилларни зиёрат қилиб, дуосини оламиз, мискинларга садақа берамиз, ифторликлар ташкил этамиз ва ҳоказо. Савоблар кўпайтириб бериладиган ойда солиҳ амаллар ҳам кўпаяди.

Рамазон тақво ойидир!

Аллоҳ таоло бизга рўзани фарз қилишининг ҳикматларидан бири – бизда тақвони шакллантиришдир. Рўза айнан тақвони ўргатадиган, сабрни шакллантирадиган, қалбда меҳрни уйғотадиган ибодатдир. Шунинг учун ҳам бу ойда кўп диндошларимиз ўзларини солиҳ амалларга урадилар, бошқа ойлардагидан кўра тақволироқ бўладилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли ва рўзанинг самарасидир.

Рамазон фаришталар нозил бўладиган ойдир!

Бу ойда раҳмат фаришталари Аллоҳнинг изни билан Ерга тушадилар. Масжидларга, Қуръон тиловат бўлаётган, зикр мажлислари ўтаётган жойларга келадилар. Мусулмонлар билан бир сафда туриб ибодат қиладилар. Масжидларда хатми Қуръон пайтида кўзларга ёш келиши ўша фаришталарнинг ўша мусулмоннинг қалбини силаши сабабидандир.

Рамазон қадр кечаси ўрин олган ойдир!

Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу – қадр кечасидир. Бу кечада қилинган бир ибодатга бошқа минг ойда қилинган ибодатга бериладиган савобдан ҳам кўпроқ савоб берилади. Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Уламоларимиз бу кечани Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан излаш кераклигини айтишган.

Рамазон шайтонлар кишанланадиган ойдир!

Бу ойда шайтонлар кишанланади. Инсоннинг солиҳ амал қилиши осон бўлади. Биз мўмин-мусулмонлар Рамазонда тақво малакасини кучайтириб, кейин бутун йил давомида шу малакани зиёда қилиб боришга, амалларга ғайратли бўлишга интилишимиз лозим. Душманимизнинг кишанлаб қўйилиши биз учун катта имкониятдир. Тавба қилишга, ибодатни кўпайтиришга, Аллоҳга яқин банда бўлиб олишга имкониятдир.

Рамазон тавба ойидир!

Бу ойда гуноҳларимизга кўпроқ тавба қилишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати кенгдир. Рўзани ихлос билан тутиб, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига эришишимиз билан бирга, ўзимиз ҳам кўпроқ тавба ва истиғфорда бардавом бўлишимиз даркор. “Астағфируллоҳ ал-Азийм” деб айтишни ўзимиз учун ҳар кунлик вазифа қилиб олишимиз керак. Айниқса, саҳарликка турган пайтларимизда истиғфорга берилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда саҳар пайтида истиғфор айтувчиларни мақтаган.

Рамазон гўзал хулқлар билан безаниш ойидир!

Ҳадислардан бирида рўза тутган одам ёлғон гапиришдан ва гуноҳ иш қилишдан тимйилмаса, тутган рўзасидан унга фақат очлик ва чанқоқлик қолиши айтилган. Шунинг учун қорнимизни таом ва ичимликдан, фаржимизни шаҳватдан тийиш билан бир қаторда бутун тана аъзоларимизни гуноҳ, ҳаром ишлардан сақлаб боримшимиз шарт. Бошқача айтганда, ҳамма аъзоларимиз ҳам рўза тутиши керак. Шунда рўзадан кўзланган улкан фойда ва самараларга, беҳисоб савобларга эришамиз.

Рамазон дуолар ижобат бўладиган ой!

Бу ойда кўпроқ дуо қилишимиз керак. Айниқса, Қуръони Каримни хатм қилганимиздан сўнг дуога ҳарис бўлишимиз керак. Саҳарликка турган чоғимизда, ифторлик асносида кўпроқ дуо қилишга интилишимиз айни муддаодир.

Юқоридаги ва бошқа кўплаб ишлар сабабидан биз Рамазон ойини яхши кўрамиз, соғинамиз, кутамиз, бу ойдан чиқсак, маҳзун бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилиб, бу ойда кўп ибодат қилишимизни, гуноҳлари кечирилган, дуолари ижобат этилган, мартабаси кўтарилган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган бандалардан бўлиб чиқишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Иминжонов

45402 марта ўқилди
Top