muslim.uz

muslim.uz

     Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир.“Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худи шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир" (Нисо сураси 93-оят).

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва ҳадисларда ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарилган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир тафсирида қуйидаги сўзлар бор: "Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “Бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди".

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган.

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажуссаҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгаларига, яъни олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.


Манбалар асосида тайёрланди:
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

Четверг, 03 Сентябрь 2020 00:00

Ажойиб жавоб (2-қисм)

Ажойиб жавоб! (1-қисм)


Хўп бу масалаку тушинарли, энди бунисига нима деб жавоб берасиз?

Мусулмон олими: Сизга бу сафар ҳам шошилмаслигингизни ва тезда хулоса қилмасликни тавсия қиламан!

Саволим қуйидагича: сизлар қандай қилиб қиёмат бўлишга, унда Яратувчи барча махлуқотларни қайтадан тирилтиришига ишонасизлар. Бунга нима дейсиз?

Мусулмон олими: Шу ерда сизнинг саволингизга жавоб беришдан олдин, саволларнинг турларини ва мақсадларини айтиб кетмоқчиман.

Саволнинг икки тури бор.

  1. Билмаганини билиб олиш учун ёки ўзини оммага билимдон қилиб кўрсатиш учун
  2. Омма олдида бир кишини уялтириш учун ёки ишонмаслигини билдириб, айтилаётган нарсани асли йўқлигини ишора қилиш учун

Хафа бўлмангу сизнинг саволингиз иккинчи турининг иккинчи бўлимининг асли ўзидир.

Агар сиз илоҳий ва мўжизавий Қуръонга ишонмасдан гапираётган бўлсангизу, сизга яна Қуръондан ҳужжат келтирсам ишонмасликда давом этасиз. Шунинг учун мен сизга аввало ҳаётий бир мисол келтираманда, лекин ундан сўнг барибир мен учун асос бўлган Қуръони каримдан далил келтираман. Сиз уни фикр қилингда, сўнгра менга хулосангизни айтасиз!

Тасаввур қилиб кўринг! Катта бир ширкатга бориб, сиз ушбу лойиҳани битириб беришга қурбингиз етадими? деб сўрасангиз, ширкат вакили сизга: фалончини биносини кўрмадингизми, фалончини лойиҳасиничи, фалончини фабрикаси, заводини ёки фалон кўприкни кўрмадингизми? Ахир буларнинг барчаси бу ширкатнинг сизнинг лойиҳангизни битириб беришга имкони борлигига далил эмасми? дейди. Шундай эмасми? ахир бу оддий ҳақиқатку!

Энди нима учун барча мавжудоту-махлуқотларни ва бизга кўринадиганию-кўринмайдиган нарсаларни Яратган зотнинг қиёмат бўлиши, унда барча махлуқотлар ҳисоб-китоб қилинади дейишига ажабланасиз? Шунча нарсаларни яратган зот наҳотки яратганларини қайта яратишга қодир бўлмаса.

Сизга ўхшаганлар бугун бутун дунёги адолат ва яна адолат дея, кимларнидир адолатсизликда айбламоқда. Гўёки бошқаларнинг ишлари адолатсизлигу, ўзларининг ишларини барчаси адолатлидир. Анашу мақсад қилинаётган иш яъни адолат сизу-бизни яратган Роббимизнинг сифати ва бандаларига буюрган амридир. Биз ҳам адолат нима эканлигини яхши биламиз.

Энди бир ўйлаб кўринг-а! Наҳотки бу дунё кучли ва кучсиз, бой ва фақир, соғлом ва бемор, фаол ва дангаса, гўзал ва хунук, золим ва мазлум, даромадли ва даромадсиз ҳамда умри узун ва умри қисқалик билан тугаб кетса. Бу адолатсизлик эмасми?

Шуни яхши билинки, Аллоҳ таоло бундай бўлишини адолат деб билмайди. Буларнинг барчасини ҳисоб-китоб куни бор. Бу кунда кимлардир мукофотланса ва яна кимлардир жазосини олади. Сиз эса ўша кунни ёлғонга чиқармоқчимисиз ёки ишонмаяпсизми?

 Менинг Роббим эса, қиёмат кунига ишонмайдиганлар учун шундай жавоб қилган: Йўқ! Улар тезда биларлар! (Наба 4-оят) Яъни: ўлгач, азобланар эканлар қиёматни бўлшини биладилар.

 Яна йўқ! Улар тезда биларлар! (Наба 5-оят) Яъни: қайта тирилиш ва маҳшар майдонида албатта, ҳисоб-китоб борлигини биладилар.

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

 

Жума ибодатига рухсат бўлиб, унга тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда яна бир хурсандчилик содир бўлди. Яъни юртимиз мўмин-мусулмонларимизга хизмат қиладиган масжидлар сони яна биттага кўпайди.

Ушбу масжид Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Қизилсой” маҳалласи, буюк ипак йўли кўчаси, 40 уйда фаолият олиб боради. Мазкур масжид номи Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу номларига қўйилди.

Маълумот учун, Муъоз ибн Жабал масжиди очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 226 тага етиб, Республикамиз бўйича Самарқанд вилоятидан кейин масжиди кўп ҳудудга айланди. Шу тариқа юртимиздаги масжидлар сони 2073 тага етди.

Яқинда ҳам янги очилган масжидлар ҳақида маълумот берган эдик.

Масжид барпо этиш ва очишда кўмакдош бўлаётган барча юртдошларимизни Ҳақ таоло икки дунё саодатидан баҳраманд этсин, янги жоме барчамизга муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими

Четверг, 03 Сентябрь 2020 00:00

04.09.2020 й. Сабр ва шукрнинг фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلِّهِ الَّذِي وَعَدَ الصَّابِرِيْنَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَاب، وَجَعَلَ لَهُمُ الْعَوَاقِبَ الْجَمِيْلَةَ يَوْمَ الْمَآب، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الشَّاكِرِيْنَ وَعَلَى آلِهِ وَاَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِاِحْسَانٍ اِلَي يَوْمِ الدِّيْن

САБР ВА ШУКРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугунги кунда халқимиз бошига тушган қийинчиликдан кейин енгиллик келди. Беш ойдан ортиқ танаффусдан кейин масжидларимизда жамоат ва жума намозлари адо қилиш бошланди.

Бу синовли кунларда бир қанча мутасадди ташкилотларнинг фидокорона хизматини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Республика махсус комиссия аъзолари, тиббиёт мутахассислари, ички ишлар ходимлари ва бошқа бир қанча ташкилотлар туну-кун тин олмасдан, юртдошларимизни хизматларида шай турдилар. Аллоҳ таоло бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларни икки дунёларини обод қилиб, кўплаб ажру савоблар билан мукофотласин!

Бугунги мавъизамиз инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва инсон камолотининг белгиси бўлмиш сабр ҳақида экан, аввало сабрнинг ўзи нима экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонларни сабр қилишга чақирган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”! (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Маълумки, барчамиз бир қанча вақтдан бери бошимизга келган бу касаллик тезроқ кўтарилсаю, яна масжидларимиз очилиб, беш вақт ва жума намозларини жамоат билан адо қилсак деган умидда эдик. Алҳамдулиллоҳ, мана бугун бир қанча орзуларимизга эришиб, жума намозини ҳам адо қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. Бу ҳам бўлса, карантин қонун-қоидаларига сабр билан амал қилиб, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солганимизнинг бир натижаси десак муболаға қилмаган бўламиз.

Азизлар! Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الْخَيْرَ عَجَّلَ لَهُ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا وَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الشَّرَّ أَمْسَكَ عَنْهُ بِذَنْبِهِ حَتَّى يُوَافِيَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(رواه الإمام الترمذى عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо беради. Ёмонликни раво кўрса, тўлиқ жазосини бериш учун гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Агар биз яна сабр қилиб, жорий карантин қоидаларига амал қилиб борсак, бор имкониятимизга шукр қилсак ва Аллоҳдан сўрашда бардавом бўлсак, ажаб эмас, умра зиёрати ва ҳаж ибодатларига ҳам тезроқ йўллар очилиб қолса. Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди:

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

"إِنَّ النِّعْمَةَ مَوْصُولَةٌ بِالشُّكْرِ، وَالشُّكْرُ مُتَعَلِّقٌ بِالْمَزِيدِ، وَلَنْ يَنْقَطِعَ الْمَزِيدُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ حَتَّى يَنْقَطِعَ الشُّكْرُ مِنَ الْعَبْدِ"

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Азизлар! Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат борлиги учун ҳам бу сановли кунда барчамизга ибратлар бор. Озми-кўпми камчиликларимизни билдик, хато-нуқсонларимизга тавба қилдик, синовли кунларга сабр қилишни ўргандик ва ҳоказолар.

Юртимиз равнақи ва барчамиз икки дунё саодатига эришишимиз учун бундан кейин ҳам ибодатларда янада мустаҳкам бўлиб, ҳалол-покиза ва тақводорлик билан ҳаёт кечиришимиз, барчамиз ўз касб ва фаолиятимизга масъулият билан ёндашишимиз айни муддао бўлади. Зеро, Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни сабр-бардошли ва борига шукр қилувчи бандалардан қилсин! Ўзи ваъда қилганидай сабримиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! Омин!

 

Top