www.muslimuz

www.muslimuz

Вторник, 21 Август 2018 00:00

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

 

Яратганга шукроналар бўлсинки, саноқли кунлардан кейин қўшалоқ Истиқлол ва Ийд Қурбон ҳайити байрамларини нишонлаймиз. Бу байрамларда биз мусулмонлар учун жуда кўп яхшилик ва баракалар мужассам. Ҳозирги ойимиз муборак зулҳижжа ойи бўлиб, у савобли амаллар мавсуми ҳисобланади. Шундай экан, бу фазилатли кунларни ғанимат билиб, кўпроқ хайрли ишларда мусобақа қилмоғимиз даркор.
Сўзим аввалида юртимиз мўмин – мусулмонларини кириб келаётган “Ийди Қурбон” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчага ўзимнинг энг самимий тилакларимни билдириб қоламан. Аллоҳ таоло ватанимизни обод, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини доимо тинч ва фаровон айласин.
Байрам билан табриклар эканман, бу улуғ кунларда қилишимиз керак бўлган баъзи хайрли амалларни эслатиб ўтишни ўринли деб топдим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”, деган. (Зарият сураси, 55–оят).
Уламолар Қурбон ҳайити байрами кунларида қуйидаги амалларни қилишни тавсия қилади.
1. Мусулмонларнинг қалбига хурсандчилик солиш.
Ҳа азизлар! Бундай улуғ байрамларга хурсандчилик ярашади. Чунки Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!”, дейди. (Юнус сураси, 58–оят). Истиқлол неъмати ва Қурбон ҳайити байрамлари Аллоҳнинг биз бандаларга берган катта марҳамати ва фазлидир. Бу кунларда ҳаммамиз шод, яхши кайфиятда бўлишимиз керак. Айниқса, йўқловчиси йўқ, муҳтожлар инсонларни хурсанд қилишга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим.
Кишининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, атрофдагиларга табассум билан қараши ва уларнинг қалбига сурур бағишловчи сўзларни айтиши энг маҳбуб амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Мўмин (қалби)га хурсандчилик солиб, устига кийим беришинг, қорнини тўйгазишинг ва ҳожатини раво қилишинг энг афзал амалдир”, деганлар. (Табароний ривоят қилган). Ҳадиси шарифга мувофиқ кимда – ким аразлашиб, уришиб қолган бўлса, мана бу кунларнинг ҳурматидан адоватни бир четга қўйиб, ярашиб, муросага келишлари лозим.

1. Ҳадя бериш.

Юқорида ҳайит кунларини хурчандчиликда ўтказиш ҳақида сўз юритилди. Хурсандчиликка сабаб бўладиган амаллардан бири ўзаро ҳадялашишдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳадялашинг бир – бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”. (Имом Бухорий “Адаб”да ривоят қилган). Бошқа ҳадисда: “Ҳадялашинг! Чунки у қалбдаги ғилли–ғашни кетказади”, деганлар. (Термизий ривоят қилган) Демак, ҳадялашиш инсонлар ўртасига меҳр – муҳаббат солиб, гина–кудратларни кетказишга кўмак берар экан.

2. Заифларга кенгчилик яратиб бериш.

Бу ерда заифлардан мурод қариялар, аёллар ва ёш гўдаклар. Уларга ҳам ҳайит кунлари эътиборни кучартиришимиз, кенгчиликлар яратиб, дилларини хушнуд этмоғимиз лозим. Бу синфга қанча яхшилик қилганимиз сари, Аллоҳ таоло яна яхшилик ва ризқларимизни зиёда қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, заифларингиз сабабли сизларга ёрдам ва ризқ берилади”, деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Байрам боланики. Ҳайит кунлари болаларга турли ҳадялар, ҳайитликлар бериб, уларни ҳам хурсанд қилишимиз керак. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни ҳайит кунлари хурсанд қилганлари ва улар билан бирга ўйнаганликлари ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Жумладан, Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади. Ул зот: “Мен Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига (опичлаган ҳолда) кўрдим. Бас, айтдимки: “Тагингиздаги от қандай ҳам яхши!” Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Иккиси қандай яхши чавондоздир”, дедилар. (Абу Яъло ривоят қилган).

3. Беморлар ҳолидан хабар олиш.

Шу кунларда меҳрга муҳтож, бир оғиз ширин сўзга ташна бемор инсонларни ҳолидан хабар олиб, зиёрат қилиш ҳам катта савобли амаллардан. Ҳадисларда: “Бир мусулмон мусулмон биродарини зиёрат қилса, то қайтгунига қадар жаннат боғида бўлади”, дейилган. (Имом Муслим ривоят қилган).

4. Силаи раҳмда бўлиш.

Ҳайит кунлари қариндошчилик алоқаларини мустаҳкам қилиб, борди – келдиларни йўлга қўйишимиз керак. Кейинги пайтларда қариндошчилик алоқалари бироз сустлашгандек туйилмоқда.
Силаи раҳмни аввало ота – онадан бошлашимиз керак. Айниқса, узоқ қариндошларни зиёрат қилиб, ҳол сўрашимиз лозим. Зеро, силаи раҳм инсонни умри ва ризқига барака киргизадиган амаллардан ҳисобланади. “Ким ризқи кенг, умри узоқ бўлишини яхши кўрса, силаи раҳмда бўлсин”, – дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Яна бир аём барчамизга муборак бўлсин.

Андижон вилоят бош-имом-хатиби

Нуриддин домла Холиқназаров

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Вторник, 21 Август 2018 00:00

Навоий вилоятида Ҳайит шукуҳи

Вилоятимиз бўйича ҳозирги кунда 78 та масжид фаолият кўрсатиб турибди. Шулардан 68 тасида Қурбон ҳайити намози адо қилинди.

Вилоятимиз бўйича ҳайитга тайёргарлик намунали олиб борилди ва барча масжидларда тинч осойишта ҳайит намози ўқилди. Ҳайит намози вилоятимиз бўйича соат 6: 20 дан 6:40 дақиқа ўтгангача адо қилинди.

Ҳайит намозини ўқишга чиққан фуқороларимиз тахминан 31157 кишини, сайилгоҳга чиққан фуқороларимиз 38805 кишини ташкил қилди.

Асосий тадбир вилоят марказий жоме масжидида олиб борилди. Вилоятимиз ҳокими Қобилжон Турсунов вилоятимиз аҳлини Қурбон ҳайити билан табрик қилдилар. 

Вилоятимиз бўйича “Ийди Қурбон” ҳайити намози тинч ва осойишта ўтказилди.
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи
Вилоятимизда ҳайит шукуҳи

Куни кеча замонавий усулда қад ростлаган “Ховос” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ховос” жоме масжидининг эски биноси 1956-йилда қурилган бўлиб, бугунги кунга келиб яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Сўнги йилларда юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар самараси ўлароқ “Ховос” жоме масжиди замонавий лойиҳа асосида бутунлай янгидан бунёд этилди. Масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Муродилла Эшматов, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Иркин Муминов, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Шакир Саидов, Ховос тумани ҳокими Раҳимжон Бобоев ва Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Хабибулло Зокировлар иштирок этиб, юртдошларимизни масжид очилиши билан табрикладилар.

 

“Ховос” масжиднинг имом-хатиби Абдуғаффор домла Муҳаммадиевга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси тантанали равишда топширилди. Масжидни бино бўлишида ўз ҳиссасини қўшганлар ва хусусан бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуои-хайрлар қилиниб, масжидни то қиёмат мусулмонларга хизмат қилишини Яратгандан сўрадилар.

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир.

Бугун эрта тонгдан юртдошларимиз байрамни бошлаб бергувчи муборак ҳайит намозини адо этиш учун масжидларга отландилар. Аллоҳ таоло инъом этган тинчлик, осойишталик неъмати ила ибодатлар ҳузур ва ҳаловатда, эмин-эркин адо этилмоқда.

“Ислом ота” жоме масжиди
“Ислом ота” жоме масжиди

Бу йили Тошкент шаҳридаги 106 жоме масжидларда ҳам Ийд Қурбон ҳайити намози ўзгача файз-футуҳ билан адо этилди. Унда жами 350 мингдан ортиқ намозхон иштирок этди.  Намозхонлар масжидларда яратиб берилган шароитлардан мамнун бўлишди. Намоздан сўнг, бутун дунёга, хусусан, жаннатмакон юртимизга тинчлик-омонлик сўраб, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз бахту иқболини тилаб дуолар қилинди.

“Ҳазрати имом” жоме масжиди
“Ҳазрати имом” жоме масжиди

Юртодшларимизнинг бир-бирларини бағриларига босиб Ҳайит айёми билан қутлашларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг гўзал суннатлари ҳамда юксак меҳр-муҳаббат ифодаси зоҳирдир.

Аллоҳим Қурбон ҳайитини барчамизга муборак айлаб, бу байрамдаги ибодатларимизни ҳусни қабул айласин!

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Вторник, 21 Август 2018 00:00

Қурбон ҳайити шукуҳи

Бугун юртимизнинг барча масжидларида Ҳайит намози адо этилди. Унинг таровати, ўзгача ёришган тонгги қалбларга ажиб бир ҳис бағишлайди. Шукроналик, шодлик, муҳаббат тўла қалбларни масжид сари одимлашга, аввалги сафларда туришга ундайди. Шундай эзгу ниятлар билан адо этилган ибодатлар асносида инсонлар юзидаги ифодани кузтиш мумкин. Туйғуларни сўз билан тарифлаб бўлмайди, уларни фақатгина тасвирлардан англаб олиш мумкин.

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top