muslim.uz
Мукофотлар муборак бўлсин!
Муқаддас динимизнинг соф исломий таълимотини юртимиз мўмин-мусулмонларига асл ҳолича етказиш, Ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо дурдонларини ёшларимизнинг онгу шуурига сингдириш, халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакилларини муқаддас қадриятларимизга зид турли ёт ғоялардан асрашда имом-хатибларнинг ўрни бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб боряпти.
Бугун чет давлатларга таълим олиш, саёҳат қилиш ва ишлаш учун бораётган ватандошларимизни огоҳликка чорлаш, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ўзларининг радикал чиқишлари билан кишини чалғитувчи ғаразли кимсалар даъватларидан эҳтиёт бўлишга ундашда имом домлаларнинг хизматлари таҳсинга сазовор.
Ана шу жабҳаларда фаоллик кўрсатган, Тошкент вилояти имом-хатибларининг бошини қовуштириб, улар билан ҳамжиҳатликда ишлаётган, кўплаб масжидларнинг обод бўлишига хизмат қилаётган Жасурбек домла Рауповни куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров мақтов ёрлиғи билан тақдирлади.
Албатта, бу Жасурек домланинг камтарона хизматларига муносиб рағбатдир.
Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Тошкент вилояти бош имом-хатибининг мақтов ёрлиқ билан тақдирланиши яна бир қувончли воқеанинг дебочаси бўлди.
Гап шундаки, бугун, яъни, 2021 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми – 2021” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўти.
Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиблар баҳслашдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасга кўра, энг юқори балл тўплаган Тошкент вилояти Пискент тумани “Собирхон ота” жоме масжиди имом-хатиби Суннатилла домла Эрназаров биринчи ўринни қўлга киритди.
Бу ютуқ нафақат “Собирхон ота” масжиди жамоасининг ёки Пискент тумани мўмин-мусулмонларининг, айни пайтда Тошкент вилоятининг ҳам муваффақиятидир.
Суннатилла домла 2000 йилдан бери Пискент туманидаги “Собирхон ота” жоме масжиди имоми бўлиб ишлаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у жума мавъизаларида, иккала ҳайит ва бошқа турли тадбирларда халқимизга соф Ислом таълимотини етказишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси ҳамда вилоятдаги шаҳар ва туманлар бош имом-атиблари, масжидлар имомлари, отинойилар номидан Жасурбек домла Раупов ҳамда Суннатилла домла Эрназаровни қўшалоқ мукофот блан самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таоло Ўзининг дини йўлида хизмат қилаётган барча азизларимизнинг ажрларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Динда саволим бор: Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган...
— Тўрт нафар қизим бор. Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган. Ҳозирда умуман хабар олмайди. Шу фарзандларнинг уволи тутади-ми? Динимизда бундай оталар ҳақида нима дейилган?
— Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:
﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾
“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50 – оятлар).
Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Қиз кўргани учун аёл айбдор-ми?! Кимга қандай фарзанд ато этишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Саволда кўзда тутилган эркак пасткашлик қилган, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаган, аёлини масъулликда айблаб, унга туҳмат қилган, ўзининг зиммасидаги оталик масъулиятини ҳис қилмаган, нафақа деган муҳим вожиб амални тарк этган кимса ҳисобланади. Агар у ўзини тузатиб, тавба қилиб, оиласини қайтариб олиб келмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир аҳволда қолади. Валлоҳу аълам!
“Аш-Шуруқ” газетаси: “Тошкентда ўқилган жума намози”
Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Миср парламенти сенатори, “Аш-Шуруқ” газетаси бош муҳаррири Имодуддин Ҳасан мамлакатимизга бағишланган навбатдаги мақолани чоп этди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
“Аш-Шуруқ” газетасининг янги сони ва интернет саҳифасида эълон қилинган “Тошкентда ўқилган жума намози” сарлавҳали мақолада мамлакатимиздаги диний бағрикенглик, Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жоме масжидида адо этилган ибодат ва у ерда сақланаётган энг нодир қўлёзма - Усмон Мусҳафи тўғрисида сўз юритилган.
Мисрлик газетхонлар эътибори Тошкентнинг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бири – Ҳастимом мажмуасига қаратилган. “Мажмуа жуда катта ва тўрт бурчак шаклида бунёд этилган бўлиб, унинг дизайни нафис ва муҳташам ишланган. Безаклари, ёзувлари ва меъморчилиги ниҳоятда бежирим. У ерда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан тўпланган Қуръоннинг асл нусхасини кўриш мумкин. Пештоқда қайд этилишича, у XIV асрда Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Ушбу сўзлар араб, инглиз ва ўзбек тилларида ёзилган. Ушбу қўлёзма қадимги араб тилида ёзилган.
Энг муҳими, Ўзбекистонга ташрифим чоғида мен юксак тарбияли, одобли ва иймон-эътиқодли инсонларни кўрдим, мўътадил жамият билан танишдим”, - дея ўз мақоласини якунлайди мисрлик журналист.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати