muslim.uz
Ҳалифалик тузиш ҳақидаги нотўғри даъволар (видео)
Татаристонда қадимий ёғоч масжид қайта қурилди
Татаристоннинг Рибно-Слободский тумани Большая Елга қишлоғида 1879 йилда қурилган ёғоч масжид очилиши режа қилинган. Бугунги кунда у республиканинг энг қадимги мусулмон ибодатхонаси бўлиб, ёғочдан қурилган. Бу ҳақда «Татар-информ» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайта тиклаш пайтида ёғоч уйининг асл деворлари 70 фоизга сақланиб қолган. Чордоқ қават тўсинлари, хода тизими, икки таянч устунли миноранинг асоси қайта қилинди. Намозхоналар оралиғи ишлаб чиқилди. Масжид биносининг ташқи қопламаси ва безак элементлари қилинган.
Масжид қавмига қулайлик яратиш мақсадида таҳорат қилиш учун алоҳида хона қурилиб, ободонлаштирилди. Ёнғин хавфсизлиги стандартларини ҳисобга олган ҳолда, иситиш ташқи қозонхонани ўрнатиш орқали ташкил этилади.
Маълумот учун, Большая Елга қишлоғидаги ёғоч масжид диний архитектура ёдгорлиги, XIX аср татар ёғоч архитектураси намунасидир. Маданий мерос объекти сифатида эътироф этилади. Бу Қозон губернияси кенгаши томонидан тасдиқланган лойиҳага кўра, 1879 йилда қурилган ва 1937 йилга қадар фаолият юритган. Ёпилгач, масжид биносидан хўжалик мақсадларида фойдаланилган. Жумладан, бу ерда бир қанча вақт ғалла омбори жойлашган эди.
ХХ аср бошларида Большая Елга масжид қавми 516 кишини ташкил этган. Қавм мактабида эски усул бўйича 30 нафар ўғил ва 20 нафар қиз таҳсил олган.
Islam.ru хабарига кўра, масжид 1993 йилда маданий мерос мақомини олди. Масжид ёғоч архитектурасининг ҳимояланган объектлари реестрига киритилган. 2017 йилда уни тиклаш лойиҳаси тайёрланди, унга кўра 2019 йилда иш бошланди. Иш хайр-эҳсонлар ҳисобига молиялаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Динда саволим бор: Динимизда қарзни қайтармаганга ва қарздан воз кечганга қандай қаралади?
— Мен деҳқончилик билан шуғулланаман. Бундан 7-8 йил аввал деҳқончилигимдан олган йиллик даромадимни бир одамга қарз бергандим. Ҳалигача шу пулимни қайтиб ололмаяпман. Ҳар сўраганимда “ана бераман, мана бераман”, деб алдаб келади. Динимизда қарзни қайтармаганга ва қарздан воз кечганга қандай қаралади?
— Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ﴾
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.
Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга “Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?” дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо қарз банданинг ҳақидир. Бу ҳақни қарз эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилган:
﴿وَإِن كَانَ ذُو عُسْرَةٍ فَنَظِرَةٌ إِلَى مَيْسَرَةٍ وَأَن تَصَدَّقُواْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ﴾
“Агар ночор бўлса, бойигунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир” (Бақара сураси, 280-оят).
Агар қарздор ночор бўлса, Аллоҳ таоло қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради. Агар қайтаришнинг асло иложи бўлмаса, қарздорнинг камбағаллиги кундан-кунга ошиб кетаётган бўлса, берилган қарздан кечиб юбориш афзал экан. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам кўплаб иршод (кўрсатма)лар бор. Қарзнинг муддатини узайтириш олий фазилат бўлса, уни кечиб юбориш ундан ҳам каттароқ фазлдир.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Самарқандлик имомлар "Абу Муин Насафий" мажмуасига ташриф буюрдилар (фотолавҳа)
Кеча, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва ноиблардан бир гуруҳи "Абу Муин Насафий" мужмуасига ташриф буюрдилар.
Самарқанд вилояти вакиллиги
Жиҳод никоҳи – ҳаром
Аҳли сунна вал жамоа фақиҳларининг иттифоқига кўра “Жиҳод никоҳи” деб ном олган никоҳ тури мавжуд эмас. Кофирларнинг жиҳоди эса бирон хил никоҳ турини жоиз қила олмайди. Олимлар наздида машҳур сўз шуки, аёлларни мутъа қилиш – ҳатто аҳли суннат вал жамоадан ташқари бўлган фирқалар наздида жоиз бўлса ҳам – никоҳ қилиш дегани эмас. Фатво олимлари мутъани никоҳ деб билмайди. Биз ҳам никоҳ ҳукмларини мутъа учун тегишли деб билмаймиз. Мутъа учун ўзига хос ҳолат мавжудки, Ислом шариатининг бирон-бир қоидаси уни мувофиқ ёки муносиб деб билмайди. Гарчи кўпчилик мутъага никоҳ тури, деб мурожаат этсада, бу маъно мажозийдир. Сабаби у Исломдан олдинги жоҳилият унсурларидан бири бўлиб, биров ўз истагини қондиришига “мутъа” дейилган. Мусулмонларнинг ғазот муддати чўзилгач мутъанинг жоиз бўлишига мажбур бўлинди. Чунки ёлғизлик қийин бўлгач баъзи саҳобалар ўзларини ахта қилишгача бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ахта қилишдан қайтардилар ва уруш даврида аёлларни мутъа қилиш ваҳийга мувофиқ равишда рухсат бердилар. Шундан кейин ваҳийнинг мувофиқлиги билан мутъа никоҳи ҳаром, деб ворид бўлди. Унинг ҳаром эканлигига шариатда қатъий ва мутавотир ҳужжатлар мавжуд.
Улардан ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидир:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мутъадан ва хонаки эшакларнинг гўштини ейишдан Хайбар даврида қайтардилар”. Имом Жуҳаний розияллоҳу анҳунинг ҳадисларига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мутъа қилиб олишга Фатҳ йилида рухсат берганлар. Унда айтилади:
“Унинг отаси Макка фатҳига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилган. Биз унда 15 ой туриб қолдик. Шунда биз учун аёлларни мутъа қилишга рухсат бўлди, сўнгра ҳаром қилинди”.
Бошқа ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳажжатул вадоъ”да рухсат берганликлари ва Сабура р.а. ҳадисларига кўра абадий ҳаром қилганлар. Ҳадисда келадики:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга “Ҳажжатул вадоъ”га чиқдик. Улар айтишди: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Ёлғизлик бизга қийин бўлмоқда”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бу аёллардан фойдаланинглар” деб жавоб бердилар. Биз аёллар олдига борганимизда улар бизга никоҳланишдан бош тортдилар, фақат бир муддат бўлсагина рози бўлишди. Бу ҳолатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га билдиришди. Шунда у киши бир муддатга изн бердилар. Мен бир аёлга уйландим ва унинг олдида бир кеча қолдим. Эрталаб уйғонсам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукн ва боб орасида тик турган эдилар ва айтдилар: “Эй одамлар! Мен сизларга аёллардан фойдаланишга рухсат бердим. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло уни қиёматгача ҳаром қилди. Агар ёнингизда ўша аёллардан биронтаси бор бўлса, уни ўз ҳолига қўйсин ва унга берган нарсангиздан ҳеч нимани олманглар”.
Шунинг учун, аҳли суннанинг тўрт имоми, саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашганлар сабаби қандай бўлмасин аёлларни мутъа қилиб олиш қатъиян ҳаром, деб иттифоқ қилишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Мутъа никоҳни, талоқни, иддани, меросни ҳаром қилди ёки бузиб юборди”.Бунинг маъноси шуки, мутъа талоқсиз ва ажратишсиз кўтарилади, унда мерос бўлмайди. Сабаби, мутъа никоҳ ҳисобланмайди. Аёлдан фойдаланган киши эр бўлмайди, аёл эса хотин бўлмайди.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани биров ўзига ҳалол деса, дарҳақиқат у кофир бўлади ва қилаётган иши айни зино бўлади. Бундай одамлар Аллоҳнинг ҳудудини бузиб Аллоҳга қарши курашмоқда. Уларнинг жиҳоди, қарши кураши Аллоҳга бўлиб қолаверади. Аллоҳ эса уларни яқин орада яксон қилиб ташлайди.
Толибжон Шарипов