muslim.uz
Абдуллоҳ Зуфарга раддия: Оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида (инфографика)
Ўзбекистон Малайзия билан ҳалол стандарти бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
22 октябр куни элчи Равшан Усманов Малайзиянинг «Halal Development Corporation Berhad» (HDC) давлат корпорацияси раҳбари Хаирол Ариффеин билан учрашув ўтказди ва унда Малайзиянинг энг яхши тажрибаси асосида Ўзбекистонда ҳалол сертификатлаш ва саноатни жорий этиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
Музокаралар чоғида Малайзия томонига Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга қаратилган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш миллий тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
HDC вакиллари, шунингдек, ҳалол маҳсулотлар сертификатлаш соҳасида талабларни амалга ошириш учун Ислом давлатлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун савдо бозорларини кенгайтириш ва зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш имконини берувчи ҳалол стандартларини ишлаб чиқиш учун Ислом мамлакатлари стандартлари ва Метрология институти (Standards and Metrology Institute for Islamic Countries – SMIIC) билан Ўзбекистоннинг фаол ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди.
Музокаралар натижасида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги (ИТСВ) ходимлари учун HDC экспертларини жалб қилган ҳолда Республикадаги ҳалол саноатни ривожлантириш бўйича илғор Малайзия тажрибасини ўрганиш ва эҳтимол жорий этиш борасида вебинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: 2006 йилда ташкил этилган Малайзия халқаро савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги HDC ҳалол саноатини ривожлантиришга бағишланган дунёдаги биринчи давлат муассасаси ҳисобланади. Корпорация мамлакатда ушбу соҳадаги экотизим ва инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган дастур ва стратегияларни ишлаб чиқиш, жумладан, Малайзиянинг ҳалол брендини хорижда тарғиб қилиш, маҳаллий ва хорижий компаниялар ва саноатга инвестицияларни жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми? Шу масалани қандай тушунамиз? (13-дарс)
Наманганда “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди
Наманган вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали ҳамкорлигида “Таъвилот ал-Қуръон” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги раҳбарияти ва фаол имом хатиблар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали тингловчилари ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққан нотиқлар томонидан муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида буюк алломаларимизнинг нодир асарлари мазмун-моҳиятини ўрганиш ва халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилишни ташкил этиш юзасидан берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш асносида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан биринчи бор ўзбек тилига таржима қилинганлиги таъкидланди.
Имом Мотуридий ҳазратлари ушбу “Таъвилот ал-Қуръон” асарини Ҳанафий мазҳаби доирасида бошқа адашган фирқаларга раддиялар бериш, Аҳли суннани мухолиф йўналишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзганликлари айтилди.
Асарда мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг, инсонни соғлом фикрдан чалғитувчиларнинг қарашлари, ғоялари, иддаоларининг барчасига илмий асосда раддия берилганлиги алоҳида тўхталинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ва Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имом-хатиби Шукруллоҳ домла Эгамбердиев Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Куни кеча уламоларимиз Москва шаҳридаги “Проспект мира” жоме масжидида шом ва хуфтон намозлари оралиғида ўқиш, илм олиш, ишлаш ва бошқа мақсадларда Россияга борган юртдошларимиз билан урашиб, уларга “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилайлик” мавзусида маъруза қилиб, жумладан, бундай дедилар:
«Ислом оламида минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик ҳам Исломнинг асосий ғояларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси 2-оят).
Демак, шариатимизда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарилган ишларни тарк қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уни тўғри йўлга бошлашимиз – динимиз талабидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай дейдилар: «“Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?” – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз – мана шу унга ёрдам қилишдир”» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом бировнинг омонатини сақлаб, сўралган вақтда адо қилган, яхшиликка вакил қилинган кишига ҳам ўша яхшиликни қилган кишидек савоб бўлишини баён қилиб шундай дейдилар: “Буюрилган нарсани бажарувчи ишончли мусулмон хазинабон омонатни буюрилган жойга тўла-тўкис ҳолда чин кўнгилдан топширса, садақа қилувчилардан бирига айланади” (Муттафақун алайҳ).
Динимиз киши ўз зиммасидаги ҳақлар ва масъулиятларни ҳеч нуқсонсиз тўлиқ бажаришга тарғиб қилади. Ихлосли, омонатдор, вазифадор киши мусулмонларнинг молини уларнинг манфаатлари йўлида тўғри сарфласа, худди ўз молидан сарфлаган кишидек ажрга эга бўлади.
Яхшиликка ёрдам беришнинг зидди – ёмонликда ҳамкорлик қилишдир. Ёмонлик ва гуноҳга ёрдам берган киши ўша ёмонликни қилган киши каби гуноҳкор бўлади.
Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда чет элларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар бир-бирини алдаб, пулини тортиб олди, бир-бири билан дўппослашди, ҳатто пичоқбозлик бўлди, мазмунидаги нохуш хабарларни эшитиб қоламиз.
Аслида, меҳнат қиламан, пул топаман, деган мақсадда чет элларга борган юртдошларимиз бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, бир-бирларига кўмакларини аямасликлари зарур эмасми?
Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, сиз, азизлардан ўзбек деган улуғ ва шарафли номга муносиб бўлишларингизни, Ватанингизга, ота-онангизга гап теккизмасдан, мусофир юртда тинч-тотув ишлаб, яшаб юришларингизни эслатиб ўтамиз.
Албатта, барчангиз ақли расо, ўз юртини севадиган инсонларсиз. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмагани сингари, айримлардан шундай ҳолатлар кузатилиши бутун Ўзбекистон учун иснод, ўзбек халқига ярашмайдиган ҳолатдир.
Ҳозирги кунда учраб турадиган уюшган жиноятчилик, оммавий муштлашишлар ва жанжаллар – гуноҳда ҳамкорлик қилишнинг бир кўринишидир. Мусулмон киши бундай ишларга гувоҳ бўлиб қолганда, унга қўшилиб кетмасдан, ўртани ислоҳ қилишга киришиши керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар осмон ва ер аҳлининг барчаси бир мўминнинг қонини тўкишда иштирок қилсалар, Аллоҳ таоло уларни дўзахга юзтубан йиқитган бўлар эди” (Имом Термизий ривояти), деганлар...»
Имом домлаларимизнинг сафарлари таассуротларга бой кечмоқда. Улар ватандошларимиз билан учрашиб, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни айтиб беришмоқда.
Учрашувлар сўнгида ҳар бир ватандошимизга унинг ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўйи интиқлик билан кутаётгани, шу боис чет элларда барча тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиб, ишлашлари тушунтириляпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати