muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 10 Октябрь 2021 00:00

Мавлид ойини қандай ўтказамиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар йили мавлид ойи кириши билан мавлид ҳақидаги хилофлар қайта қўзғалади. Ҳар ким ўз далилини келтириб, бошқани танқид қилади ва охир оқибат икки тараф ҳам ўз фикрида қолади. Бундай тортишувдан кимга фойда, биров ўйламайди. Аслида бундай хилофли масалада ҳар ким ўзи қониққан далилга кўра амал қилиб, бошқага тош отмаслиги керак. Биз ҳам юртимиз уламоларининг қадимдан танлаган сўзларини тутиб, ўз шароитимиздан келиб чиққан ҳолда, мавлидни бугунги куннинг руҳида, ҳозиримиз ва келажагимиз учун манфаатли суратда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Унамаганлар ўзлари билади.

Бугунги кунда мусулмон ўртасида турли хил байрамларни кенг миқёсда нишонлаш оммавий урфга айлангани ва бу байрамлар кўпчиликнинг, хусусан ёшларнинг хотирасида, қалбларида чуқур из қолдираётгани сир эмас. Бундай вазиятда мусулмонлар ёш авлодга исломий тушунча ва анъаналарни сингдира билишлари лозим. Фурсатни ғанимат билиб, керакли воситаларни ишга солишлари даркор. Ана шундай муҳим омил ва анъаналардан бири бу – мавлид ойи ва кунини ўзига хос суратда ўтказишдир. Хўш, бугун биз мавлид ойини қандай ўтказишимиз керак? Бу ойдан унумли фойдаланиш учун нималарга эътибор беришмиз даркор? Бунинг учун қуйидагиларни қилиш лозим:

1. Рабиулаввал ойини сийратни ўрганиш мавсими қилиб олиш режасини тузиш ва бунда ҳар ким ўз ҳолати, шароити ва имкониятларидан келиб чиқиб ёндашиши керак.

2. Бирорта сийрат китобини танлаб, бир ойга тақсимлаб, шу ой ичи уни якунлаш. Масалан: «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг 19‑жузи ‒ «Оламларга раҳмат Пайғамбар», «Тарихи Муҳаммадий», «Араҳиқул‑махтум», «Сарвари олам», «Нурул‑яқин», «Нурул‑басар», «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» ва бошқалар.

3. Аҳлу оилага мавлид ойи охир замон Пайғамбари, ҳабибимиз, дунёда етакчимиз, охиратда шафоатчимиз бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ой эканини, у зот шу ойнинг 9 ёки 12 куни душанбасида дунёга келганларини эслатиш.

4. Ушбу ой кириш билан фарзанд‑набираларни дастурхон атрофига йиғиб, уларга бу ойнинг аҳамиятини тушунтириш. Эрталаб ҳам, кечки пайт ҳам аҳлу оилага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан қисқача суҳбат қилиб бериш. Бунда у зотнинг хулқларини, олийжанобликларини ёритиб бериш керак. Бунинг учун юқорида эслаб ўтилган адабиётлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

5 Болаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон бўлганларини, саҳобалари ичида кичик ёшдаги, ўсмир ёшдаги кишилар кўп бўлганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирини алоҳида севиб, эҳтиром қилганларини мисоллар билан айтиш. Қиз‑жувонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга кўрсатган эҳтиромларидан сўзлаб бериш.

6. Хонадонни оила даврасида шу ойнинг бирор кунини, масалан, 8, 9 ёки 12 куни оилавий мавлид йиғини уюштириш ва ушбу кунни ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудлари хурсандчилиги, у зотнинг таваллуд кунлари болаларнинг зеҳнида яхшироқ ўрнашиши учун шу кунда болалар учун совғалар ташкил қилиш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ўйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга оширишни унутмаслик керак. Совғаларни уларга топширишда «Бу сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туҳфаларидир, суюнчиларидир», деб таъкидлаш ҳам фойдадан холи эмас.

8. Имкони борлар ушбу ойда мавлид йиғинлари уюштириб, маросимни рисоладагидек ўтказишса, хайрли иш бўлади, иншааллоҳ.

(Ушбу мавзу хусусида «Мавлид ҳақида ўйлар» номли мақолада батафсил сўз юритилган.)

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

                                                                                                                                                                         1436 йил рабиъул аввал ойи

Пятница, 08 Октябрь 2021 00:00

Президент Сурхондарёга келди

Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун 8 октябрь куни Сурхондарё вилоятига келди.

Давлатимиз раҳбари ўз сафарини буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.

Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Шайх Aлижон қори бошчилигидаги “Aл-Қурaн мaсс медиa" МЧЖ таъсисчиси Козимхон Ниязов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов мазкур нашриёт ижодий уйига ташриф буюрди. Меҳмонлар нашриётнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф сўнггида нашриёт ишларига мувоффақият тилаб, дуои хайр қилинди.

Қуръони карим қироати ва тажвиди нуқтаи назаридан шарҳланган ҳадислар ҳақида эшитганмисиз? Қуръони карим ходими Шайх Алижон қори мана шундай хайрли ишга қўл урди. Қуръон таълими, Қуръон тажвиди, Қуръон қироати ва

Қуръон хизматида қарийб 30 йил фаолият олиб борган мутахассис — Шайх Aлижон қори томонидан Қуръон фазилати ва шафоатига доир ҳадислар Қуръони карим илмлари асосида шарҳланиб, "Қуръони карим шафоати" номли асар тайёрланди.

Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли қаламига мансуб "Қуръони карим шафоати" номли китоби нашрга тайёрланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйига чоп этиш учун топширилди. Ҳозирда мазкур китоб нашр этиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда.

"Aл-Қурaн мaсс медиa" МЧЖ томонидан илк марта тақдим этилаётган "Қуръони карим шафоати" китоби тез орада нашр етилиб, Қуръон мухлислари эътиборига ҳавола қилинади, иншаAллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 08 Октябрь 2021 00:00

Сўкинишлик – тарбиясизлик аломати

Ҳар бир инсоннинг ўз шаъни, обрў-эътибори бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган киши бошқа бировнинг ҳам ҳурматини билиши лозим. Афзал киши шундайки, унинг тили ва қўлидан бошқа мўмин-мусулмонлар озор кўрмайди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” дедилар.

Баъзан эса бўлар-бўлмасга сўкадиган одамларга дуч келамиз. Сўкиниш инсоннинг тарбиясизлигидан, бадхулқ инсон эканлигидан дарак беради.  Ислом динида бировни сўкиш қораланади. Ислом шариатида сўкиниш ҳаром бўлган амалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш эса куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).

Ислом динида гуноҳ ишларни қиладиган киши фосиқ дейилади. Фосиқ киши гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба қилиши лозимдир.

Айрим кишилар бировнинг ота-онасини сўкиш билан ўзларининг ота-оналарини лаънатлайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).

Хулоса қилиб айтамизки, сўкинишлик бадхулқлик белгиси ва гуноҳ амалдир. Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ ишдан қайтиб, яхши хулқ эгаси бўлишлик бахтига муяссар айласин!

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.

 

 

 

Пятница, 08 Октябрь 2021 00:00

Германияда ҳалол бозори очилди

Германиянинг Кёльн шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон озиқ-овқат ва ичимликлар ярмаркасида ҳалол маҳсулотлар бозорига йўналтирилган форматда Anuga Halal Market бозори ташкил этилди. Ҳалол бозор ҳам қийинчилик, ҳам янги имкониятни ўзида намоён қилади.

Ҳалол маҳсулотларнинг зарур шаффофлиги ва саноатлашуви Германияда яшовчи беш миллиондан ортиқ ва Европа бўйлаб 50 миллиондан ортиқ мусулмонларнинг хавфсизлиги ва сифат талабларига жавоб берадиган сертификатлашни талаб қилади.

2021 йилнинг 9 октябридан 13 октябрига қадар чакана савдо шохобчаларида бўлиб ўтадиган Anuga Halal Market бозори гўшт ва сут маҳсулотларидан тортиб музлатилган озиқ-овқат, ширинлик ва яхна овқатларгача бўлган ҳалол секторнинг бутун таклифини қамраб олади.

Islam.ru хабарига кўра, махсус кўргазма озиқ-овқат чакана савдоси вакилларига ҳалол маҳсулотларнинг ассортименти билан танишиб чиқиш имконини беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top