muslim.uz
Ёшларимизни ёт ғоялардан асрайлик
Ақида масаласида ёшлар тафаккурини шаклантириш ва ёшларни ҳамда бутун жамиятнинг маънавиятини нотўғри ақидалардан ҳимоялаш, бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта эътибор беришлари керак. Лекин айрим ота-оналар бола тарбиясида бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.
Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Расулуллоҳ (с.а.в) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар.
Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.
“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан алдамоқда.
Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам): “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, деганлар. “Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васалам) эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).
Сайидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васалам) ва у зотдан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби
Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Динда саволим бор: Дуо қилаётганда кафтларимизни орасини очган афзалми ёки бирлаштирган?
— Дуо қилаётганда кафтларимизни орасини очган афзалми ёки бирлаштирган? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай дуо қилганлар?
— “Ад-Дур ал-мухтор” китобида келади: “Сафо, Марва ва Арафотда эса худди дуодаги каби қўлларини кўтаради. Бу ўринда ва истисқо намозида қўлларни кўтариш мустаҳаб ҳисобланади. Хуллас, қўлларини кўкси баробарида осмонга қаратиб очади. Чунки, само дуонинг қибласидир. Икки қўли орасини (ёпиштирмасдан) бироз очиқ жой қолдиради... Ундан (яъни дуодан) кейин (қўлни) юзга суртиш (мазҳабимиздаги турли қавллар ичидан) энг саҳиҳига кўра суннатдир”.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Диний соҳа раҳбарлари масжиддаги шароит ва имом-хатиб фаолияти билан яқиндан танишди
Навоий вилоятига сафар давомида Диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этмоқда.
Бугун, 23 сентябрь куни Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Конимех туманидаги “Мих Ота” жоме масжидига ташриф буюриб, жомени кўздан кечирди, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Диний соҳа раҳбарлари масжидда мўмин-мусулмонларга қилинган шароитларни кўриб, мутассадди вакиллар, масжид ходимларига намозхонларга янада қулайликлар яратиш ҳақида таклифлар берди. Хусусан, масжид кутубхонасини диний-маърифий, илмий китоблар билан бойитиш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, масжид жойлашган маҳаллалардаги нуроний отахон ва фаоллар билан учрашиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Сафар тафсилотларини кузатиб боринг.
hazratnavoi.uz
Телевидение орқали уламоларнинг маърифий суҳбати бутун жаҳонга узатилмоқда
Навоий вилоятига юртимиз таниқли уламоларининг ташрифи ҳар томонлама манфаатли бўлмоқда. Жумладан, Навоий вилоят телевидениесига уламолар иштирокида маърифий суҳбат тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.
Ушбу вилоят телевидениесидаги кўрсатувнинг галдаги сони Навоийга ташриф буюрган юртимизнинг таниқли уламоларидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов, Тошкент шаҳар “Хожа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов иштирокида бўлди.
Уламолар иштирокидаги диний-маърифий кўрсатув бугунги кундаги долзарб мавзуларга бағишланди.
Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!
hazratnavoi.uz
Маънавий қадриятлар ривожида анъанавий исломнинг ўрни
Маънавий ва диний қадриятларимиз тарихан уйғун ҳолда ривожланиб такомиллашиб борган. Aйниқса, маънавий қадриятлар ривожида анъанавий исломнинг ўзига хос ўрни бор. Инсоний фазилатларнинг енг юқори чўққиси, шубҳасиз, одоб дурдоналаридир. Хусусан, бугунги кунда комил инсонни камол топтиришда маънавий қадриятларнинг аҳамияти беқиёс.
Бу борада, миллатимизнинг маънавий қадриятлари ҳақида гап кетганда узоқ асрлар қаърида юзага келган, ватанпарварлик, дўстлик, тинчликсеварлик, меҳмондўстлик, меҳнацеварлик, мурувват, андиша, ор-номус, ҳалоллик, меҳр-оқибат, биродарлик ва аҳил қўшничилик муносабатлари каби езгу инсоний фазилатларни алоҳида қайд этиш лозим. Минтақамизда ўн асрдан ортиқ мавжуд бўлиб келаётган ислом дини халқимизнинг ана шундай беқиёс маънавий қадриятларида чуқур акс этиб туради.
Шу ўринда битта нозик нуқтага эътибор қаратиш зарур. Нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида деярли минг йилдан бери ислом дини билан боғлиқ қадриятларимиз ҳанафий мазҳаби асосида шаклланиб келган. Ҳанафий мазҳабининг бағрикенглик тамойиллари шариатга зид бўлмаган миллий урф-одат ва анъаналарни сақланиб қолишдаги ўрни беқиёс. Биз ҳозирда фахрланиб ёдга оладиган аждодларимизнинг аксари мана шу мазҳаб вакиллари бўлганлар. Демак, айта оламизки, миллий ва диний қадриятларимиз қаторида ҳанафий мазҳаби анъаналари ҳам ўзига хос ўринга ега. Ҳозирда, юртимизга четдан кириб келаётган, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган еътиқодига зид бўлган турли бегона диний оқим ва фирқалар нафақат муқаддас динимизга, балки, бевосита маънавий қадриятларимизга ҳам тажовуз еканини англаб йетишимиз керак. Юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари каби буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини, хусусан, ҳанафий мазҳаби уламоларининг меросини ҳамда мотуридийлик ақидавий таълимотини ўрганиш ва тарғиб қилиш марказлари фаолиятига бежиз асос солинмади. Демак, тўлақонли ишонч билан айта оламизки, ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик таълимоти – халқимизнинг маънавий қадриятлари билан мужассамдир. Нафақат бизнинг, балки минтақмиздаги қардош ва диндош халқларнинг ҳам муқаддас қадриятидир. Ҳанафий мазҳаби анъаналарига зид оқимлар ва фирқаларнинг ғояларини тарқатиш миллий маънавиятимиз ва қадриятларимизга таҳдид, деб қаралади.
Таъкидлаш жозки, меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, ота-онанинг ҳақларини адо етиш, ижтимоий ҳамкорлик, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, хусусан, жамиятдаги эҳтиёжманд қатламларга кўмаклашиш халқимизга хос эзгу фазилатига айланган. Жаҳонда кечаётган коронавирус пандемиясининг энг оғир палласида халқимизнинг жипслилиги ва аҳиллиги, ўзаро ёрдамлашишга доимо тайёрлигининг жонли гувоҳи бўлдик. Aгар биз ғарбдан кириб келаётган индивидуализмга ён бериб, миллатимизга хос бўлган жамоавийлик тамойилларини йўқотиб қўйганимизда натижа қандай бўлар эди?
Демак, бугунги ривожланган жамиятда, хусусан, глобаллашув даврида маънавий қадриятларнинг ўрни беқиёс. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, тарғиб қилиш бугунги жамиятнинг долзарб ва устивор вазифаларидан еканлиги бежиз эмас. Aммо, кези келганда айтиш керак – бугун ижтимоий ҳаётда мавжуд айрим иллатларни “ўзбекчилик” деб хаспўшланиши мутлақо ўринсиз ҳолатдир. Дабдабавозлик, моддиятпарастлик, ҳар қандай ишда кимўзарга берилиб кетиш, риёкорлик, хўжакўрсинчилик, жиноят ботқоғига ботириб юборувчи таниш-билишчилик ва коррупсия каби иллатлар миллатни ва халқни таназзулга йетаклайди. “Топаяптими қандини урсин” дейиш, “узумини йеб, боғини суриштирмаслик” миллатнинг офати бўлиб хизмат қилади. Пул топган, мол топган обрўли бўлавермайди, қаердан қай йўсинда топган, нимага сарфлаяпти, бировнинг ҳаққини еб, ўзини ҳаром-ҳаришга урган кимса каби кишилардаги салбий иллатлар юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши даркор. Хусусан, фуқаролик жамиятининг муҳим асосларидан бири жамоатчилик назоратининг мавжуд бўлишидир. Одамлар бундай ҳолатларга бефарқ ва лоқайд бўлмасликлари, энг асосийси хайрихоҳ бўлиб қолмасликлари шарт.
Кўриниб турибдики, глобаллашув жараёнида технологик ривожланиш билан бирга маънавий қадриятлар ҳам жамият аъзолари учун сув ва ҳаводек зарур. Зеро, бугунги ривожланган даврда жамият маънавий қадриятларсиз руҳан ва маънан кемтик ҳолатга тушиб қолади. Ҳар қандай жамиятда ахлоқий меъёрларнинг аҳамияти беқиёс.
Глобаллашув шароитида моддий чегаралар тобора нисбийлашиб, маънавий қадриятлар аста-секин умумийлашиб бориши кузатилади. Бундай даврда миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш, миллий ўзликни англаш ва қадрига етиш тушунчалари устивор мақсадга айланади. Миллий ўзликни англаш ва қадрлаш жараёни маънавий қадриятларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Жаҳонгир Тоҳиров
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи