muslim.uz
Шавкат Мирзиёев: Динимизнинг эзгу фазилатларини қадрлаймиз
Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари аввал ўтган беш йилдаги натижаларга қисқача тўхталиб ўтди, сўнгра келгусидаги асосий мақсадларни баён этиб, жумладан бундай деди:
“Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари бундан буён ҳам, устувор тарзда диққатимиз марказида бўлади. Биз муқаддас динимизни, эзгу фазилатларимизнинг мужассам ифодаси сифатида қадрлаймиз.
Асрлар давомида миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб келаётган инсонпарвар динимизни, зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз.
Бой диний ва маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий-маърифий марказлар имкониятлари, тўлиқ ишга солинади.
Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароит яратишга қаратилган сиёсатимизни изчил давом эттирамиз».
Шунингдек, “Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП съездида.
ЎзЛиДеП съезди давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ВАТАН – ЖОНДАН АЗИЗ
Инсоннинг ўз Ватанида яшаши – чинакам саодат. Чунки Ватанимизда барчамизнинг киндик қонимиз тўкилган, илк қадамимизни шу заминга қўйганганмиз. Ёшликдаги юрт билан боғлиқ ширин хотираларимиз мангуликка муҳрланган.
Aллоҳ бизга ўз Ватанимизни севиш, ўзга юртларда бўлсак, уни қўмсаш ҳиссини, табиатини ато этган. Ватанни қўмсаш, соғиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб-ўсган маскан Маккаи мукаррамада 53 йил яшадилар. Бу вақт ичида у зотга мушрикларннг зулми, камситишлар шу даражага етдики, ҳатто ҳаётлари хавф остида қолди, жонларига қасд қилмоқчи бўлишди.
Набий алайҳиссалом Aллоҳ таолонинг буйруғи билан Маккадан чиқар эканлар: “Эй Макка, сендан кўра менга севимлироқ, суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сендан чиқармагнида, бошқа жойни макон тутмас эдим”, деб кўзларида ёш билан чиқиб кетдилар (Имом Термизий ривояти).
Шу пайтда Aллоҳ таоло расулининг кўнглини кўтариб, ушбу оятни нозил қилди: «Эй Муҳаммад, албатта, сизни ушбу Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз сизни қайтиш жойига, яъни Маккага қайтаргувчидир» (Қасас сураси, 85-оят).
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларини ҳотиржам давом эттирдилар.
Инсоннинг Ватани олдида учта муҳим вазифаси бор.
- Ватаннинг ҳақига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом ўз Ватанлари ҳақига бундай дуо қилган: «“Эй Раббим, буни(Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига(турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди» (Бақара сураси, 126-оят).
Мадинаи мунаввара ҳақига эса: “Ё Aллоҳим, Мадинани Маккани суйганимдек ёки ундан ҳам зиёдароқ қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
- Ватаннинг ободиги учун маънавий ва моддий ҳисса қўшиш.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Aгар қиёмат қоим бўлиб қолсаю, қўлингда бир кўчатни экишга улгурсанг, экиб қол” (Имом Бухорий ривояти).
Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг:
Келдинг оламга демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни етмоғинг керак
Бўстон ўзинг ризвон ўзинг, деган мисралари Ватанни боғу бўстонга, жаннатга айлантириш ўз қўлимизда эканига ишорадир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ватанининг соғинчида яшаб, яқинларини, ҳатто ўз диёрининг сувларини қўмсаб, бундай ёзган:
Оқар сувлар фироқида,
Кўзларимдан оқар сув.
- Ватанда фасод, бузғунчилик билан машғул бўлмаслик
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Aъроф сураси, 56-оят).
Ўз Ватанига хиёнат қилиш, унга қарши қурол кўтариш жуда катта жинятдир. Aфсуски, Ватан қадрига етмаган кимсалар “Ҳижрат қилиш фарз”, деб ёшларни чалғитмоқдалар.
Онгли одам ҳеч қачон Исломнинг беш рукни эмин-эркин адо этилаётган юртдан чиқиб, олов ва уруш ўчоқларига кетмайди. Ҳижрат, жиҳод деб жаннат қидириб, дўзах томон кетаётган ақли ноқис кимсалар қилмишлари хато эканини кеч англамоқдалар.
Ватан тинчлиги, осойишталиги, ободлигига ўз ҳиссамизни қўшиб, уни турли унсурлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчидир.
Ватанимизни Яратган Ўз паноҳида асрасин!
Эркиной ЖУМАБОЕВА,
Бектемир тумани отинойиси
Хивада “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форуми ўтказилади
Шу йил 14-15 сентябрь кунлари Хивада “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” Халқаро маданият форуми ўтказилади. Darakchi.uz хабарига кўра, бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида Маданият вазирлиги мутасаддилари маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” Халқаро маданият форуми жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилади.
Форум доирасида Хива шаҳрида ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги мажлисини ўтказиш кўзда тутилган.
Фестивалда иштирок этиш учун бугунги кунга қадар ЮНЕСКО ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) каби халқаро ташкилотлардан ижрочилар, конференция иштирокчилари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, Халқаро ташкилотлардан фахрий меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари рўйхатдан ўтказилган.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг V халқаро конгресси, Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Маданий мерос масалалари бўйича халқаро халқаро маслаҳат қўмитаси кенгашининг йиғилиши, Нукус шаҳрида “Археология ва туризм; салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш” халқаро археология конференцияси ҳамда II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Яхши сўз – жон озиғи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кишининг гўзаллиги унинг тилидан билинади” (Имом Ҳоким ривояти);
– “Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин!” (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти);
– “Ҳақиқий мусулмоннинг қўлидан ҳам, тилидан ҳам мусулмонлар озор кўришмайди” (Имом Муслим ривояти).
Сийрат китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кам гапиришлари, гапирганларида ҳам, бўлиб-бўлиб, аниқ сўзлашлари баён этилган. У зот алайҳиссаломнинг муборак юзларини кўрган бир саҳройи араб: “Гувоҳлик бераман, бу юз ёлғончиларники эмас”, деб Ислом динини қабул қилган. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли инсон эдилар. Ул зот бизларни ҳам яхши хулқли бўлишга чақирганлар.
Ҳадисда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин”, дейилган (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Дунё ва охират учун фойдали сўзларни сўзлаб, фойдасиз гаплардан тийилиш фақат яхшилик келтиради. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериши гуноҳкор бўлишига кифоядир”, деганлар.
Одам бир гапни айтишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Агар айтмоқчи бўлган сўзи яхши бўлса, савоб келтирса, гапиргани тузук. Бордию айтмоқчи бўлгани ёмонликларни қўзғайдиган, яхшиликка шубҳа уйғотадиган бўлса, тилини тийсин. Одам ҳар бир гапи учун жавоб беради. Оғиздан чиққан ҳар бир сўз гапирувчининг фойдасига ёки зарарига хизмат қилади. Ўйламасдан айтилган сўз билан яқин дўст гоҳо душманга айланиб қолиши мумкин.
Манба: islom.uz
МАСЖИДЛАР ҚУРИЛИШИ КЎЗДАН КЕЧИРИЛДИ
Сўнгги йилларда барпо этилаётган янги масжидлар, қайтадан қурилаёган жомелар узукка қўйилган кўздек юртимизга ярашиб тушмоқда. Янги масжидларда эмин-эркин ибодат қилишнинг гашти, сурури ўзгача, албатта.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров пойтахтимизнинг Миробод туманида янгидан қурилаётган “Ал-Бадр” ҳамда Яккасарой туманида қад ростлаётган “Ракат” жоме масжидларига ташриф буюрдилар.
Қурилиш жараёнларини кўздан кечирган Нуриддин домла ўзларининг зарур тавсия ва маслаҳатларини бериб, усталар, қурувчилар билан суҳбатлашдилар.
Масжид – Аллоҳ таолонинг уйи. Уни фақат ояти каримада айтилганидек: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят).