muslim.uz
Тарвия куни ва такбири ташриқ
Зулҳижжа ойининг 8-кунига Тарвия куни дейилади. Шу куни ҳожилар Маккадан Минога чиқишади.
Тарвия дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар Замзам сувидан қониб-қониб ичишларидир. Тарвия тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим (алайҳиссалом) тушларида ўғиллари Исмоилни (алайҳиссалом) қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний, дея ўша кунни тафаккур билан ўйчан ҳолда ўтказадилар. Шунга кўра, бу кунга Тарвия (тафаккур) дейилади. Арафа кечаси “Сенга буюрилган нарсани адо эт!” амри берилгач, бу тушнинг раҳмоний эканини англаб етадилар. Шунинг учун ҳам мазкур кун “арафа” (билмоқ) деб аталди. Бу 9-зулҳижжа бўлиб, бошқа кунларга арафа дейилмайди.
Қурбон ҳайити Иброҳим (алайҳиссалом) ҳамда ўғли Исмоил (алайҳиссалом) ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган. Қурбон ҳайитини қиёматгача тарих саҳифасидан ўчмас, ҳаётимиздаги унутилмас воқеа сифатида нишонлашга одат қилганмиз.
Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни қилишни буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожиб амаллардан ҳисобланади. Ташриқ такбири ушбудир:
Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд!
Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намозидан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир.
Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуою истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган (яъни, Аллоҳнинг зик-ридан ғофил бўладиган ва қотиб қоладиган) кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.
Яна бундай мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам бор: Арафани ҳурмат қилинг! Зеро, у Аллоҳ қадрлайдиган кундир”; “Арафа куни рўза тутган кишининг икки йиллик – ўтган ва келаси йилги гуноҳлари кечирилишига умид қиламан”.
Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб , хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб намозгоҳга бориш, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емаслик суннат амалдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича ҳеч нарса емас эдилар.
Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни Аллоҳ таоло ҳусни мақбул айласин!
ЎМИ матбуот хизмати
Аллоҳнинг ҳузурида эканингни унутма!
Қуръони каримда айтиладики:
...وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنتُمْ... (سورة الحديد: 4)
«Ва ҳува маакум айна мо кунтум» /»Ал ҳадид»:4/ – «Сизлар қаерда бўлсангизлар ҳам, У сизлар билан биргадир.
لا تدرکه الابصار و هو يدرکه الابصار
«Лаа тудрикуҳул абсору ва ҳува юдрикуҳул абсор» – «Дарҳақиқат, қуллар уни кўрмайди, аммо у қулларни кўради». Бизнинг кўзимиз кўришга ожиз, шунинг учун кўрмаймиз. Қуёшга қарай олмаймиз, қарасак, кўзимиз кўр бўлади. Аммо у бизни кўради, ҳар биримизнинг ҳолимизни билади, ҳар бир ишимиздан хабардор. Шунинг учун бу хусусда ўйлаш керак.
Кўзингизни юмишингиз биланоқ, Аллоҳнинг ҳузурида эканлигингизни ўйлайсизлар. «Сен мени кўраяпсан, кўнглимдан ўтганларни билиб турибсан. Сен оламларнинг Роббисисан, мен сенинг қулингман. Сен ҳамма нарсага қодирсан, мен сенинг лутфингга муҳтожман, мен ожизман, фақирман, сен менга лутф этсанг, менинг ҳолим яхши бўлади. Мен сенинг яхши қулинг бўлишни истайман, менга ёрдам беришингни хоҳлайман. Менга ёрдам бер, токи мен ҳам сенинг севган, яхши қулларингдан бўлай, яхши ишлар қилай. Ё Роббим, розилигингга мувофиқ умр ўтказай!», – деб дуо қиласизлар.
Нега? Чунки дуо қилганга Алоҳ истаганини беришини билдиради. Роббимиз Қуръони Каримда айтадики:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ... ( سورة غافر:60)
«Ва қола Роббукум удъуни астажиб лакум» /»Ғофир»:60/ – «Менга сиз дуо қилинг, мен дуоларингизни ижобат-қабул қиламан».
Шунинг учун дуо қилиш керак, сўраш керак. Лекин «сўрадим бермади» деманглар. Чунки, «сўраган пайтингиздаёқ берилади» деган ваъда йўқ. Баъзан берганини билмай, англамай қоласан... Яхши эслаб қолинг деб ўз ҳаётимдан бир мисолни айтиб, тушунтириб бераман. Уйланган вақтимда Анқара илоҳиёт факультетига асистент бўлиб тайинландим. Институтга яқинроқ жойдан бир хоналик уй топдим. Битта хонаси, битта ошхонаси бор... Кўп уриндим бошқачароқ уй тополмадим. Янги уйланганман. Уйдан хабардор бўлиб туриш учун факультетга яқинроқ жой бўлишни истардим. Биринчи марта ота-онамиз бағридан ажралдик. Хотинимни ёлғиз қолдирсам, қўрқишини, бегона жойда тураётганлигимизни, баъзи қулайликларни ўйлаб ўша тор уйда қолишга мажбур бўлдик... Кейинроқ маҳалладагилар бизларни таниди. Бир бева хотиннинг уч хоналик, ерлик ҳовлиси бор эди. «Сизларга бераман, келинглар» деб бизга хабар юборди. Биз ҳам у ерга кўчиб ўтдик….
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди