muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва меҳрга ташна инсонлар билан учрашувлар ўтказмоқдалар.


Ушбу сафар давомида муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар билан ҳам дилдан суҳбат қилинмоқда. Ўзаро мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.


Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.


Бугунги ташриф давомида уламолар Булоқбоши тумани “Найман” жоме масжидида аср намозини ўқиб, намозхонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Унда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.


Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ушбу вилоятдаги мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқаролардан бўлган инсонларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, диний-маърифий китоблар жамланмаси ва пул маблағлари улашдилар.


Муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларидандан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва мурувватдан мамнун бўлиб, миннатдорлик изҳор қилдилар.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доимо тарғиб этилади. Уламолар мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этмоқдалар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.


Уламоларнинг Андижон вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов Андижон вилоятига сафардари мобайнида Шаҳрихон туманидаги “Муҳаммад Розиқбой” масжидида Шаҳрихон, Олтинкўл ва Бўстон тумани имом-хатиб, имом ноиб ва маҳаллий домлалари билан бугун замонда диний соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият ва бурчлар ҳақида давра суҳбат ўтказдилар.

Ҳомиджон домла Ишматбеков ўз сўзида юртимиз ва дунёдаги жараён, диний соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб, бугунги давр имом-хатиб, имом ноиби ва шу соҳада хизмат қилаётган соҳа эгаларидан ўз устида ишлашни, жамиятимизга ҳақиқий маънода пешво бўлиб, одамларни, айниқса, ёшларимизни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши лозимлиги, уларнинг тарбиясига алоҳида диққат қаратиш ҳақида маъруза қилдилар.

Суҳбат якунида уламолар Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар, диний соҳа раҳбарлари Андижон вилоятига ташриф буюриб, мўмин-мусулмон юртдошларимиз билан дилдан маърифий суҳбат қурганлари, жоме масжидлар ободлиги, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишганлари, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглига қувонч улашганлари ҳақида хабар берган эдик.  

Бугун, сафарнинг иккинчи куни муфтий ҳазратлари Қўрғонтепа туманидаги “Рамазон қори” жоме масжидига ташриф буюрдилар. У кишига Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам домла Жамилов ҳамроҳлик қилди. Бундан хабар топган одамлар тўп-тўп бўлиб йиғилди. Даставвал муфтий ҳазратлари масжидда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, пешин намозини жамоат билан адо этдилар.

Муфтий ҳазратлари буюк алломалар юрти бўлмиш Ватанимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бораётгани, ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани, янги диний таълим муассасалари очилаётгани ва яна яхши хушхабарлар кутилаётгани, айни замонда имом-домлалар, муддарисларимиз ҳам халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.    

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида тараққиётимизнинг янги даврида эҳтиёжманд оилалар қадр-қимматини кўтариш, турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган савобли ишларга урғу қаратдилар. Бундан ташқари, мусулмон киши қандай бўлиши кераклиги, динимиз аҳкомларига амал қилиш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга интилиш каби мавзуларда маърифий суҳбат қилиб бердилар.

Ўз навбатида масжид ходимлари, намозхонлар сермазмун ва таъсирли маъруза учун миннатдорчилик билдиришди.  

Муфтий ҳазратлари намозхонлар билан дилдан бўлган суҳбатлари якунида Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.

Маълумот учун, бугун кун давомида диний соҳа раҳбарлари ва таниқли уламолар Андижон сафари давомида жоме масжидлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида маърифий суҳбатлар ўтказишлари, “Мурувват” уйлари ва эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий кўмак кўрсатиши режа қилинган.

Сафар жараёнларини сайтимизда ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 09 Июнь 2021 00:00

Bag‘rikenglik – azaliy qadriyat

Dunyoda globallashuv jarayoni shiddatli tus olgan bugungi kunda turli madaniyat va dinga mansub xalqlar o‘rtasida o‘zaro muloqot va hamkorlikni rivojlantirish dolzarb ahamiyatga ega.

Zero, bugun yakka shaxs yoki alohida millat va davlatning o‘z qobig‘idan chiqmasdan taraqqiy etishi tasavvurga sig‘maydi. Bunda esa, avvalo, bag‘rikenglik tamoyili ustuvor bo‘lmog‘i zarur. O‘z navbatida, mazkur tamoyilning qaror topishi har qanday davlatning tinch, osoyishta va farovon hayotiga ham kafolatdir.

Prezidentimiz 2017-yil 19-sentabrda BMT Bosh Assambleyasining 72-sessiyasida jahon hamjamiyati oldida turgan dolzarb masalalar haqida to‘xtalar ekan, “Ma’rifat va diniy bag‘rikenglik” deb nomlangan maxsus rezolyutsiyani qabul qilish taklifini ilgari surgan edi. 2018-yil 12-dekabrda BMT Bosh Assambleyasi 73-sessiyasi 51-yig‘ilishida mazkur rezolyutsiya 193 ta a’zo mamlakat tomonidan yakdillik bilan qabul qilindi.

“Ma’rifat va diniy bag‘rikenglik” rezolyutsiyasining aynan O‘zbekiston tashabbusi bilan ishlab chiqilishida o‘ziga xos ramziy ma’no bor. Bugun millatlararo totuvlik va konfessiyalararo bag‘rikenglikni ta’minlash borasida O‘zbekiston namunasi jahon hamjamiyati tomonidan keng e’tirof etilmoqda.

Darhaqiqat, O‘zbekiston zaminida azaldan islom dini bilan yonma-yon boshqa dinlar, madaniyatlar ham yashab, rivojlanib kelgan. Asrlar davomida yirik shaharlarimizda masjid, cherkov va sinagogalar mavjud bo‘lgani, turli millat va dinga mansub qavmlarning o‘z diniy amallarini erkin ado etib kelayotgani buning tasdig‘idir. Tariximizning eng murakkab, og‘ir davrlarida ham ular o‘rtasida diniy asosda mojarolar bo‘lmagani xalqimizning diniy bag‘rikenglik borasida katta tajriba to‘plaganidan dalolat beradi.

Yurtimizda bag‘rikenglik va murosaning ildizlari uzoq asrlarga borib taqaladi. Mamlakatimiz hududida faoliyat ko‘rsatgan turli dinlar madaniyati bo‘yicha izlanishlar qilgan yapon olimi Kyudzo Katoning ta’kidlashicha, Surxondaryo vohasidagi noyob budda madaniyati va yahudiy yodgorliklari, Buxorodagi nasroniylar ziyoratgohlari yurtimizdagi islom obidalari bilan bir qatorda turishi hech kimni ajablantirmaydi.

Jahondagi dinlarning barchasi ezgulik g‘oyalariga asoslanadi va yaxshilik, tinchlik, do‘stlik kabi xususiyatlarga tayanadi. Din odamlarni halollik va poklik, mehr-shafqat, birodarlik va bag‘rikenglikka da’vat etadi. Aksariyat dinlar bu dunyoni foniy, o‘tkinchi deb hisoblaydi. Ular insonning yashashdan asl maqsadi bu dunyoda xayrli, savob ishlar qilish, degan g‘oyani targ‘ib etadi. Barcha dinlarda inson hayotining mohiyati, mazmuni, kishilar o‘rtasidagi siyosiy-huquqiy, axloqiy munosabatlarni tenglik va adolat mezonlari asosida o‘rnatish o‘z aksini topgan. Xususan, yahudiylar jamoasi vakillaridan biri R.Bensman shu haqda to‘xtalar ekan, Bu xoroda dastlabki sinagoga VIII asrdayoq qurilgani, boshqa din vakillari bilan bir qatorda o‘z dinlariga erkin e’tiqod qilish uchun o‘sha paytda ham sharoit yaratib berilganini ta’kidlab: “O‘rta asr Yevropasi va Vizantiya imperiyasidan quvg‘in qilingan yahudiylik Markaziy Osiyoda boshqa dinlar bilan bir xil huquqqa ega edi”, deb yozadi.

Shu o‘rinda arxiyepiskop Vladimirning fikrlarini ham keltirish joiz deb bildik: “XIX asrda Rossiyaning markaziy mintaqalaridan majburlab ko‘chirilgan dehqonlar nochor ahvolga tushib qolganda mahalliy aholi ularga har tomonlama yordam ko‘rsatgan. O‘sha davr voqealarini ko‘rgan iyeromonax Xariton “...Mahalliy aholi nochor ko‘chmanchilarga rahmdillik bilan munosabatda bo‘ldilar, busiz ularning ko‘pchiligi ochlik va muhtojlikdan o‘lib ketgan bo‘lar edilar”, deb guvohlik bergan”.

Turkiston yerlariga kirib kelgan rus pravoslav ruhoniylari asosiy e’tiborni missionerlik faoliyatiga emas, balki o‘z jamoalarining diniy ehtiyojlarini qondirishga qaratgan. Pravoslavlar cherkov qurganida mahalliy musulmon aholi ham yordam ko‘rsatgani ma’lum. Masalan, Toshkent viloyatining Chirchiq shahridagi Muqaddas Georgiy ibodatxonasi qurilishiga mahalliy imom va savdogarlar moddiy ko‘mak bergan. Bu holat ushbu dinlar vakillari orasidagi o‘zaro hurmat o‘sha davrlarda ham mustahkam bo‘lganiga dalil bo‘la oladi.

Tarixiy manbalarda O‘zbekistonda diniy va etnik munosabatlar asosida biror marta nizo chiqmagani qayd qilingan. Bunday holatni hozir islom, xristian, yahudiy dinlari va boshqa konfessiyalarning o‘zaro munosabatlari misolida ham ko‘rish mumkin. Bu kabi do‘stona munosabatlar, ya’ni musulmonlar boshqa din vakillarining O‘zbekiston zaminida hamnafas bo‘lib yashashi diniy-ma’naviy totuvlik timsoli va barcha din vakillariga nisbatan bag‘rikenglikning eng yaxshi namunasi, deb aytishimiz mumkin.

Abu Rayhon Beruniy “Hindiston” asarida: “Biron xalqning u yoki bu udumlariga baho berishda bunisi menga yoqadi, unisi yoqmaydi, deyishga hech kimning haqqi yo‘q. Negaki, har bir xalq udumlari, an’analari ming yillar davomida shakllangan va o‘sha millatning hayot tarziga aylangan”, deb yozgan edi.

Buyuk ajdodimizning ushbu so‘zlari insoniyatning bir butunligi va taraqqiyotini belgilab beruvchi omillardan biri — madaniy turli-tumanlikka munosabatning o‘ziga xos shakli bo‘lib, bag‘rikenglik va millatlararo totuvlikning mohiyatini anglashda muhim ahamiyatga ega.

Hozir yurtimizda turli millat va elat vakillarining diniy urf-odatlari, an’analari va qadriyatlarini saqlab qolish hamda bag‘rikenglik tamoyillarini ta’minlash uchun yetarli shart-sharoitlar yaratilgan. Muhimi, bag‘rikenglik xalqimizning azaliy qadriyatiga aylanganini butun jahon e’tirof etmoqda.

 

Ne’matullo MUHAMMEDOV,

O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi

 Islom tarixi va manbashunosligi — IRCICA kafedrasi mudiri,

 tarix fanlari doktori, dotsent

Manba: “Yangi O‘zbekiston” gazetasi

2021-yil 09-iyun, 116-son 6-bet.

Top