muslim.uz

muslim.uz

Астрономларнинг сўзларига кўра, эртага, 26-май куни маҳаллий вақт билан соат 12 дан 18 дақиқа ўтганда қуёш Катта масжиддаги Каъба билан уйғунлашади, деб хабар бермоқда islam.ru.

Жидда Астрономия жамияти раҳбари Мажид Абу Заҳронинг айтишича, қуёш диски бевосита Каъбанинг устида жойлашган бўлади ва қисқа муддатга ўз соясини йўқотади.

Астрономлар "ноль соя" деб номланган бу ҳодиса унинг ноёб географик жойлашуви сабабли Катта масжидда йилда икки марта содир бўлади, дейишмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шу йил 29 майда Татаристон Республикаси Ютазин тумани Уруссу шаҳарчасида аёллар ўртасида Бутунроссия қориялар мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Татаристон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу танлов Россия фуқароси бўлган ёшидан қатъий назар мусулмон аёллари иштирок этади. Танлов талабига кўра, улар Қуръони каримни ўрганиш ва ёдлаш марказлари талабаси бўлмаслиги керак. Ҳар бир иштирокчи фақат битта йўналиш бўйича қатнашиши мумкин. Ўтган йилги танлов ғолибларига Қуръони каримнинг 5 пораси бўйича мусобақада қатнашишга рухсат берилади.

Мазкур мусобақа Татаристон мусулмонлари диний идораси, Татаристон Республикаси жанубий-шарқий қозиёти, Ютазин тумани муҳтасиблиги ва Ютазин шаҳар округи маъмурияти томонидан ташкил этилган.

Қуръони каримнинг беш порасини (26, 27, 28, 29, 30) ёддан билган номзодлар ўртасидаги танлов ғолибига 50 минг рубл (7 миллион 195 минг сўм) миқдорида пул мукофоти берилади. Иккинчи ўринга Ютазин муҳтасиблик идорасининг махсус соврини, бошқа совринли ўринлар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, барча иштирокчилар рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирланади.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Среда, 26 Май 2021 00:00

Соф эътиқоднинг аҳамияти

Мусулмонларни нотўғри эътиқоддан асраш, соф эътиқод ила тарбия қилиш бугунги куннинг долзарб масаларидан бири бўлиб келмоқда. Эътиқодда адашиш, озгина билган нарсасига маҳкам ёпишиб олиб қолганларни сўзини қабул қилмаслик, илмсиз равишда билмаган нарсасига, танимаган шахсларга эргашиш кўпгина кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммамизга маълум.   Ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб, бало офатларнинг сабабларидан бири ҳам ақидада адашган, оз билган нарсасига ёпишиб олган замона хаворижлари ҳисобланади. 

Ақидада адашиш ва ҳаддан ошишнинг асосий сабаби билимсизлик ҳисобланади. Билимсизлигини тан олмаслик эса балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинки, аввалки ва ҳозирги ақида овчилари ўзларини олим деб биладилар аммо дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни ҳам олмаган бўладилар. Уларнинг бирортасида ҳам диний таҳсил олганлиги ҳақида шаҳодатномаси йўқ.

Уламоларимиз бу кимсаларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканлигини таъкидлайдилар:

  1. Қуръоннни билмаслик. Қуръон илмини яхши билмай туриб, оятларнинг маъносини ўз мақсадларига бурадилар.
  2. Суннатни билмаслик. Ҳадисларнинг матнидан тўғридан-тўғри ҳукм чиқарадилар.
  3. Шариат мақсадларини билмаслик.
  4. Далил ва ҳукм чиқариш йўлларини билмаслик.
  5. Уламоларнинг қавлларини ва асарларини билмаслик.
  6. Араб тили ва усулларини билмаслик
  7. Тарихни ва воқейликни билмаслик.

Ушбу билимларнинг барчасини пухта эгалламасдан туриб бирор ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Билимсизликларга  асосланиб  чиқарилган ҳукмлардан бири, мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бир мўмин инсонни асоссиз куфрга чиқаришнинг оқибати жуда ёмон бўлиб, кўпчиликнинг бошига бало-офат бўлади. 

Аслида Расуллулоҳ (с.а.в) мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарганлар.

ثَلاثٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ : الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لا إلَهَ إِلا اللهُ لا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلا نُخْرِجُهُ مِنْ الإِسْلامِ بِعَمَل

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Уч  нарса иймоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар.

Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган киши мусулмон ҳисобланиб, унинг жонига, молига зарар етказмаслик, у билан чиройли муомалада бўлиш, гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаслик зарур. Аммо динда ҳаддан ошган, ақидада адашган кимсалар эса калимаи шаҳодатни айтиб турган кимсани, аҳли қиблани кофирга чиқарадилар. Улуғ алломаларни ва бошқа мусулмонларни ўзларининг йўлига эргашмаганлари учун портлатадилар, қатли ом қиладилар.

Шаръий матнларда келган куфр сўзи аслида икки хил маънода ишлатилади:

  1. Куфри акбар (катта куфр) яъни, иймоннинг зидди. Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилади. Бунга пайғамбарларни ёлғонга чиқариш, билиб турсада кибр қилиб иймонга келмаслик кабилар киради.
  2. Куфри асғар (кичик куфр). Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилмайди. Бунга маъсиятлар яъни, гуноҳлар киради. Қуйидаги ҳадислар бунга мисол бўлади:

سِبَابُ الْمُسْلِمِ أَخَاهُ فُسُوقٌ ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир, у билан уруш қилмоқ куфрдир”,  деганлар.

Бошқа ҳадисда:

بَيْنَ الْعَبْدِ وَبَيْنَ الْكُفْرِ تَرْكُ الصَّلاَةِ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон ва куфрнинг ўртасида намозни тарк этиш бор”.

Яна  бир ҳадисда:

مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” деб, марҳаммат қилганлар.

Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларда зикр қилинган куфр сўзидан диндан чиқарадиган кофирлик эмас балки гуноҳ ирода қилинган. Шунингдек, “Зинокор зино қилаётган вақтида, ароқ ичувчи ароқ ичаётган вақтида, ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўъмин бўлмайди” деган ҳадисларда бундай ишлар ўта қабиҳ бўлганлигидан таҳдид ирода қилиниб мўмин бўлмайди ибораси ишлатилган. “Намоз диннинг устуни. Ким уни қоим қилса динини қоим қилибди. Ким уни тарк этса динини вайрон қилибди” деган ҳадис      намозни фарз эмас деб, эътиқод қилувчи киши ҳақида айтилган.

  Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари жумладан, ақида илмидаги буюк алломаларимиз Имом Мотуридий, Имом Насафий, Абу Ҳанифалар ўз асарларида  гуноҳи кабира қилган мўмин гуноҳкор бўлсада, кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Бундай кишилар қиёматда гуноҳига яраша жазо олишлиги ёки тавба қилиб Аллоҳнинг афвига мушарраф бўлишлари мумкин.

Адашган фирқалар эса ушбу ва бошқа ҳадис мантларини тўғри тушунмаганларидан мўмин аммо гуноҳ иш қилган кимсани кофирга чиқарадилар, уларни қонини ҳалол санайдилар.

Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблаганга ҳадд (шаръий жазо) қўлланишлиги беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Чунки  ҳаддлар кофирга қўлланилмайди. Бу  эса гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқади деган гап бузуқ эътиқод эканлигини кўрсатади.

Абу Муин Насафий “Баҳрур Калом” номли асарларида мўминни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб, қонини ҳалол санайдиган адашган фирқаларга қарата ушбу далилларни келтирадилар:

“Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”.

Таҳрим сурасининг 8-оятида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизларни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”.

Ушбу оятлардаги тавба гуноҳ сабабидан бўлади. Гуноҳ қилган кишигина тавба қилади ва Аллоҳ уни афв этиб жаннатга киритишини  умид қилади.”

Юқоридаги оят ва ҳадислардан гуноҳкор мўмин кофир бўлмаслиги маълум бўлди. Ҳозирги кундаги такфирчилар эса нафақат гуноҳ қилган кишини балки айнан уларнинг фикрига қўшилмаган бегуноҳ, беайб инсонларни қатл қилмоқда.

Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири, “Ал-Баҳрур Роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нажим айтадилар:

“Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далили бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деган.

Динда ҳаддан ошганлар эса буни аксини айтадилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир. 

 

Мухамедходжаева  Санобар 

Англиянинг Престон шаҳри расман 693-шаҳар мэри ва биринчи мусулмон сифатида ушбу лавозимни эгаллаган Жавед Иқболни расман олқишлади, деб хабар бермоқда islam.ru.

"Оилам ва кўп йиллар давомида яшаган шаҳар Престоннинг биринчи мусулмон мэри бўлиш шарафига муяссар бўлганим бу мен учун кўп нарсани билдиради. Бу бизнинг кўп маданиятли шаҳримизнинг ўзига хос тан олиниши ва турли ирқ, дин ва эътиқоддаги одамлар билан бирга яшаб, бирга ишлашда давом этаётганидир", - дейди Жавед Иқбол.

"Ҳаётим давомида жамият ҳаётини яхшироқ ўзгартиришга ва акс ҳолда эшитилмаслиги мумкин бўлганларга овоз беришга интилдим. Престон шаҳар Кенгашида хизмат қилиш шарафи ва Престон Мэри бўлиш катта шарафдир", - деди у.

Покистонда туғилган, Жавед Иқбол илк бор Буюк Британияга 1968 йилда кўчиб ўтди , у бу ерда Брокхолз мактаби ва Мур-Парк-авенюдаги олтинчи синф коллежини тамомлади.

1974 йилда турмушга чиққан рафиқаси Тоҳира билан Рибблтон-авенюдаги биринчи оилавий уйини сотиб олдилар. Орадан кўп ўтмай, у 2007 йилда пенсияга чиққунига қадар ишлаган Қироллик почтасига ишга кирди.

Иқбол ўз фаолияти давомида Қироллик муҳандислар полкида ҳам хизмат қилиб, сержантлик мартабасига кўтарилган ва 1992 йилда оилавий мажбуриятларга эътибор қаратиш учун хизматни тарк этган.

2007 йилда Жавед Иқбол Престон шаҳар Кенгашига сайланди, у 2017 йилдан бери Режалаштириш қўмитаси раиси ҳисобланади.
Mэр этиб тайинланишидан икки йил олдин Иқбол унинг муовини бўлиб хизмат қилди.

Шу ой бошида британиялик мусулмон Содиқ Хон пандемиядан кейин Британия пойтахти учун "яхшироқ ва порлоқ келажак" қуришни ваъда қилиб, иккинчи муддатга Лондон мэри этиб қайта сайланганини таъкидлаш лозим.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top