muslim.uz

muslim.uz

Россия мусулмонлари Марказий диний идораси МДҲ давлатлари мусулмон етакчилари ва муфтийлари ўртасида онлайн анжуман ташкил этди. Islam.ru хабарига кўра, конференсия мавзуси:"COVID -19 коронавирус пандемияси даврида МДҲ мусулмонларининг диний идоралари тажрибаси ва амалиёти - сабоқ ва хулосалар". Иштирок этиш учун диний ташкилотлар, Ислом билим юртлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Беларусь, Ўзбекистон ва Литванинг мавзули ва ихтисослаштирилган давлат тузилмалари раҳбарлари таклиф этилди. Россия Марказий диний идораси "Гибадурраҳмон"жамоатчилик ҳаракати кўнгиллилари трансляция модераторлари бўлишди. Конференциянинг асосий амалий мақсади - ўз-ўзини изоляция қилиш ва карантин шароитида мусулмон дин пешволари орттирган тажриба билан алмашиш эди. Бундан ташқари, ушбу форум Россиянинг турли минтақалари ва қўшни мамлакатлардаги мусулмонларнинг маънавий маъмуриятларининг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Интерактив анжуманда сўзга чиққанлар: Шайх-ул-Ислом, Олий муфтий, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси Талгат Сафо Тажуддин; Қозоғистон диний идораси раиси, муфтий Наурузбой ҳожи Таганули; Қирғизистон муфтийсининг маслаҳатчиси Калнур Ормушев; Белоруссияда Диний идораси муфтийсинингi муовини Мақсат Овезов; Кавказ мусулмонлари диний идораси раисининг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Рашад Алиярли; Ўзбекистон мусулмон идораси раиси муовини Иброҳим Иномов; Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги дин ишлари,диний урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўмита раиси Давлатзода Сулаймон; Қрим Республикаси Диний идораси раиси муовини Асадуллоҳ Баиров; Татаристон муфтийси Комил Самигуллин; Россия мусулмонлари Марказий диний идораси Россия ислом университети ректори Сулейманов Артур; Булғор Ислом академияси ректори Данияр Абдраҳманов, Қирғизистон Республикаси давлат маслаҳатчиси Азизбек Турсунбоев.
Талгат Сафо Тожуддин ўтган йиллардаги жаҳон саммитлари ва анжуманларини ёдга олиб, ҳозирги шароитда инсоннинг табиий истаги бўлган мулоқот учун кўпроқ имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Ўтган уч ой мобайнида давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда улкан ўзгаришлар юз берди; кишиларнинг ахлоқий ҳолати, маънавий қадриятларга, ҳаётнинг ўзига, бу муқаддас туҳфага муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Талгат Сафо Тожуддин пандемия давомида вафот этганларнинг оилаларига таъзия билдирди: "Ташкилотчилик, юз берган воқеалардан огоҳ бўлиш бор экан, бу офат энг кам оқибатлар ва йўқотишлар билан ўтишига умид ҳам бўлади."

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сарлавҳа кимнингдир эътиборини тортиши, бошқа бировнинг фикрини чалғитиши, ҳатто айримларни ажаблантириши мумкин. Бу саволнинг жавоби кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак.
 
Гап Нурота туманига кўрк бериб турган «Чашма» меъморий мажмуаси ва у ердаги «Чилустун» жомеъ масжиди ҳақида кетмоқда.
 
Очиғи, юртимизда Нуротанинг «Чашма»си ҳақида билмаган одам кам топилса керак. Афсоналарга бой табиий, чучук ва кўплаб касалликларга шифо, мўъжизавий балиқлари кўзни яшнатувчи тиниқ булоқ ҳақида эшитганлар кўп. Қолаверса, агар бу ерга келсангиз, мажмуанинг пайдо бўлиш тарихи, ундаги қадимий масжид ва обидалар, булоқ сувининг нега шифобахшлиги ҳақида ҳикоя қилиб беришади.
 
«Чашма мажмуаси»да жойлашган «Чилустун» жомеъ масжидининг илк қад ростлаши X асрга бориб тақалади. Иккинчи бор XVI асрда ва ундан кейин 1905-1912 йилларда бинонинг эски пойдевори устига қайтадан қурилган. Масжидининг ташқи кўриниши тўртбурчак шаклда бўлиб, меҳроби ғарбий деворга туташтирилган. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундан иборатки, масжидда қадимда ишлатилган қуёш соатининг ўрни бор ва қадимги акс-садо берувчи овоз кучайтиргичлар кейинги таъмирлаш жараёнида сақлаб қолинган.
 
2626.JPG
 
2009-2010 йилларда жомеъ масжиди асл қиёфасини сақлаган ҳолда қайта таъмирланди.
 
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018-2020 йиллар давомида «Чашма» мажмуасини ободонлаштириш учун маҳаллий бюджет ҳамда турли вазирлик ва идоралар маблағларидан жами 8 миллиард 231 миллион сўм ажратилди, – дейди «Чилустун» жомеъ масжиди имом хатиби Отабек Атоев. – 2018 йил август ойидан мажмуада кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, «Чилустун» масжиди пол қисмидан 1,2 метр тупроқ чиқарилиб қадимий шамоллатиш шахтаси қайта тикланди. Масжиднинг том қисми ва ташқи деворлари тўлиқ қайта таъмирланди.
 
Ҳақиқатан ҳам, «Чашма» сўнгги уч йил давомида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Мажмуага жуда яқин жойлашган 120 дан зиёд хонадон (жами 255 та оила) қарийб 20 миллиард сўм тўлаб берилган ҳолда кўчирилиб, ҳудуд кенгайтирилди. Мажмуадаги ички йўллар асфальтлаштирилди, замонавий тунги ёриткичлар ҳамда сув ўзанлари ўрнатилди. «Панжвақта», «Чилустун», «Саидато», «Домалла» масжидлари ва «Шайх Абул Ҳасан Нурий» мақбараси тўлиқ қайта таъмирланди. «Нурота» меҳмонхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди, мажмуага туташ «Ҳунармандлар маркази» бунёд этилмоқда.
 
Халқ орасида «Чашма» қадимдан кўплаб машҳур жаҳонгиру фузалоларни ўзига жалб этгани ҳақидаги ҳикоятлар, айниқса, «Чилустун»ни буюк муҳаддис Имом Бухорий, соҳибқирон Амир Темур, фалакиётшунос олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек, улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий зиёрат қилган ва ушбу масжидда намоз ўқиган, деган ривоятлар юради. Албатта, биз ҳам бунга ишонгимиз келади, лекин нега уларнинг аксариятининг тарихий манбалари ўрганилмагани мавҳум бўлиб келмоқда.
 
Қайд этиш жоизки, сўнгги 30 йил давомида Нурота, унинг тарихи, «Чашма» мажмуаси ва қадимий обидалари ҳақида ўнга яқин рисолалар нашр этилган. Мамлакатимиз тарихи, масжид ва обидалар, муқаддас қадамжолар ҳақидаги маълумотлар жамланган интернет сайтларида ҳам кўплаб, лекин асосан такрор маълумотлар жой олган. Қизиғи, ўтмишдаги тарихий шахсларнинг Нуротага ташрифи ҳақида ривоятлар аниқ тарихий манбаси йўқлиги сабабли, фақат ривоят шаклида тилдан тилга, китобдан китобга ўтиб келмоқда.
 
Юртимизга, хусусан, Нуротага келаётган сайёҳлар оқимининг кўпаяётганидан фахрланасиз. Тарихий ва меъморий обидаларимиздан ҳайратга тушган сайёҳ борки, унинг тарихи билан қизиқади. Ана шундай пайтда биз улар ҳақида аниқ тарихий манбалардаги маълумотлар эмас, балки халқ орасидаги ривояту ҳикоятлар билан чегараланиб қолаётганимиз сир эмас. Маълум бир мажмуа ёки обида ҳақидаги ривоятлар яхши, албатта, ҳатто уларнинг кўпчилиги ишонарли, шу заминнинг фарзандлари уларни айни ҳақиқат деб ҳам қабул қилади. Бироқ дунёни ўзимизга ишонтирмоқчи эканмиз, барча маълумотларимизни аниқ тарихий фактлар устига қуришимиз, яъни, мавжуд тарихий фактни жамоатчиликка аниқ кўрсатиб бера олишимиз керак.
 
Нуротанинг тарихи, хусусан, «Чашма» мажмуаси, бу ердаги тарихий обидалар, ўтмишда содир бўлган ушбу даргоҳлар билан боғлиқ воқеётлар, улуғ саркардалар, мутафаккиру шоирлар, номи дунёга машҳур алломаларнинг бу ўлкага ташрифи ҳақидаги аниқ манбаларга асосланган ҳужжатли рисоланинг йўқлиги сайёҳларга бераётган маълумотларнинг ривоятларгагина асосланиб қолгандек кўрсатмоқда.
 
Мақоладан мурод – воҳа ва мамлакатимиз тарихчилари эътиборини Нурота тарихига яна бир бор қаратиб, унинг мозий қаърида ётган гавҳар саҳифаларидаги олтин маълумотларни халқимизга улашишга даъватдан иборат. Зеро, ҳозирги ва келажак авлод ҳам, юртимизга меҳр қўяётган сайёҳлар ҳам уларга жуда ташнадир.
 
Бектемир Пирнафасов,
журналист.
ЎзА

Ушбу буюк саҳобий Исломни қабул қилгач олти йил яшадилар холос. Ўттиз бир ёшида Исломга кириб ўттиз етти ёшида вафот этдилар.

Хўш, бу зот  ким бўлдики, унинг ўлимидан Раҳмоннинг Арши ларзага келса ва жанозасига етмиш минг фаришта ҳозир бўлса! 

У зот Саъд ибн муъоз ибн Нўъмон ибн Имрулқайс ал-Ансорий ал-Ашҳалийдир. Кунялари Абу Амр эди. У зотнинг оналари Кабша бинти Рофиъ ибн Убайд ибн Саълаба. Исломни Қабул қилгач, Расулуллоҳга байъат бериб, Ўғли Саъд ибн Муъоздан кейин вафот этганлар.

Саъд ибн Муъоз бўйлари баланд, жуссадор, оқдан келган, ҳуш юзли ва соқоли ўзига ярашиб турадиган киши эдилар.

Саъд исломдан аввал қавмларининг саййиди,  Авс Қабиласининг раиси, Бани Абдулашҳалнинг сардори эдилар. Ҳижратдан бир йил олдин ўттиз бир ёшларида Исломни қабул қилдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан йигирма бир ёшга кичик бўлганлар. У зотнинг ҳидоятларига Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан даъват юритган Мусъаб ибн Умайр сабабчи бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳу  Исломни қабул қилиб Бани Ашҳалга қарата: “Токи Исломни қабул қилмас экансиз, эркагингиз-у аёлингиз билан гаплашиш мен учун ҳаромдир!”, дедилар. Бу гапдан кейин улар ҳам Исломга кирдилар. Саъд розияллоҳу анҳу Исломда ҳам барокотли киши эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида иштирок этдилар. Бадр жангидан олдин Расулуллоҳга қай даражада фидокор эканликларини бутун ансорийлар номидан намоён этганлари маълум ва машҳур. Ўшанда Ул зот алайҳиссалом қайта-қайта маслаҳат  сўраганларида Саъд ўрнидан туриб шундай дедилар: : “Ё Расулуллоҳ! Сиз бизларни назарда тутаётган кўринасиз?” - “Ҳа, шундай”, дедилар ул зот алайҳиссалом. Саъд сўзида давом этди: “Ё Расулуллоҳ! Биз сизга иймон келтирганмиз ва сиз келтирган нарсаларни ҳақлигига шаҳодад берганмиз. Бу нарсалар устида сизга  қулоқ тутиб, итоат этишга аҳд ва ваъдалар берганмиз. Бизни истаган жойингизга бошланг, ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар бизга бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, албатта, ортингиздан сиз билан бирга шўнғиймиз. Орамиздан бирор киши ортига қайтмагай! Бизни бирор душманга йўлиқтирсангиз ҳам дилхирилик қилмаймиз. Биз жанг қаршисида матонатли, душман қаршисида садоқатли кишилармиз. Умид қиламанки, бизнинг ҳаракатларимиз билан Аллоҳ таоло сизни мамнун қилажак. Бизни Аллоҳ таолонинг барокоти ила олға бошланг, ё Расулуллоҳ!”.

Уҳуд жангида эса қўшин орти ҳимоячилари белгиланган жойни тарк этгандан кейин мусулмонлар жуда оғир ҳолатга тушиб қолдилар. Шундай ҳолатда Расулуллоҳнинг олдиларида собит туриб, кўксини қалқон қилиб, ҳимоя қилган оз сонли кишилар ичида Саъд ҳам бор эдилар.

Саъд Ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Ҳандақ ғазотида мусибатга учрадилар. Қаттиқ жароҳат олган буюк саҳобий бир ой бетоб бўлиб ётдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдига кирдилар. Уни оқ кийимига ўраб қўйишганди. Бошидан ушлаб, бағриларига босдилар ва дуо қилдилар: “Аллоҳим! Албатта Саъд сенинг йўлингда жидду жаҳд қилди. Расулингни тасдиқлади ва зиммасидаги бурчни адо этди. Бас, Унинг руҳини бирор бир руҳни қабул қилмаган суратда қабул эт!”

Саъд розияллоҳу анҳу ул зотнинг сўзларини эшитиб, кўзларини очдилар ва: “Ассалому алайка ё Расулуллоҳ! Гувоҳлик бераманки, албатта сиз Аллоҳнинг Расулисиз!”, дедилар.

Саъд ибн Муъознинг сўнгги онларида Набий алайҳиссалом унинг олдига кирдилар ва: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин! Қавмингнинг қандай ҳам яхши бошлиғи эдинг. Сен Аллоҳга берган ваъдангнинг устидан чиқдинг, албатта Аллоҳ таоло ҳам сенга берган ваъдасининг устидан чиқади!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу кеча умматингдан бир киши вафот этди. У ким?”, деб сўради. “Саъддан бошқанинг оғир беморлигини билмайман. Унга нима бўлди?”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ! Саъднинг руҳи қабз қилинди. Сўнг унинг қавми келиб, ўз диёрларига олиб кетишди”, дейишди. Ул зот Бомдод намозини ўқиб, йўлга тушдилар. Одамлар ҳам у зотга эргашишди. Расулуллоҳ жуда тез юрардилар. У зотга етишиб юраман деб, одамларнинг оёқ кийимидаги иплари узилиб, елкаларидан ридолари тушиб кетарди. Шунда улар: “Ё Расулуллоҳ! Одамларни шошириб юбордингиз!”, дейишди. Ул зот эса: “Малоикалар Ҳанзалага биздан олдин борганлари каби унга ҳам биздан олдин бориб қолишмасин, деб қўрқмоқдаман!”, дедилар.

Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосни ювиш шарафи фаришталардан кўра ўзларига бўлишини истардилар.

Ибн Саъд Салама ибн Аслам розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз эшик олдида туриб, Расулуллоҳдан кейин кирмоқчи эдик, у зотга кўзим тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарига кирдилар, уйда ўраб қўйилган Саъддан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен у зотнинг ортга тисарилганларини кўриб, тўхтадим. Узот менга “Ўрнингда тур”, деб ишора қилдилар. Мен тўхтаб ортимдагиларни ҳам тўхтатдим. У зот бир муддат ўтириб, кейин чиқдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч кимни кўрмадимку, аммо сизнинг орқага тисарилганингизни кўрдим?”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Фаришталардан бири мен учун қанотини тортиб турмагунича ўтира олмадим”, дедилар-да: “Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин!”, дедилар.”

Инсонлар унинг тобутини кўтарар эканлар, Саъднинг жуссадор бўлганига қарамай жуда енгиллигидан ажабландилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишганида, Ул зот алайҳиссалом: “Уни сизлардан бошқалар кўтаришяпти. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Саъднинг руҳи билан Фаришталар шод бўлди ва унга Раҳмоннинг Арши ларзага келди!”, дедилар.

Саъд ибн Муъоз ўттиз етти ёшга етиб вафот этгандилар. У кишининг жисмлари инсонлар орасидан риҳлат қилган бўлсада, сийратлари тиллардан-тилларга ўтиб, мангу қолажак.

Зеро у зотнинг Робб субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ҳам юксак мақомлари бор эди. У зот Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонларга ҳиёнат қилишгач оқибатлари қандай бўлишини кўзлари билан кўрмагунларича жонини олмасликни Роббдан дуо қилиб сўрагандилар. Дуолари  ижобат бўлди. Мақсадлари ҳосил бўлгач яна Робб таолога дуо қилиб, жонини қабз қилишини сўрагандилар, у ҳам қабул бўлди. Бу Саъд розияллоҳу анҳунинг  Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги олий мақомига далолатдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло Саъдга йўлиқишни яхши кўргани учун Арш ларзага келди. Зеро, кимки Аллоҳ таолони яхши кўрса ва Унга муштоқ бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унга йўлиқишни яхши кўради!”

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Арш Саъд ибн Муъознинг вафоти учун Робб азза важалланинг хурсанлигидан ларзага келди!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъоз ҳақида марҳамат қилиб, айтадилар: “Бу шундайин солиҳ бандаки, унинг ўлимидан Арш ларзага келди, унинг учун осмон эшиклари очилди ва  илгари ерга тушмаган етмиш минг фаришта (жанозасида) ҳозир бўлди! Албатта у (қабрда) бир қисишлик билан қисилди сўнгра қўйиб юборилди!”

Яна ул зот  соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг жаннатдаги мавқейи ҳақида қуйидагича марҳамат қилдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак сарпо ҳадя қилинди. У зотнинг саҳобалари уни ушлаб кўриб, унинг юмшоқлигидан ажаблана бошладилар. Шунда у зот: “Бунинг юмшоқлигидан ажабланяпсизларми?! Албатта, Саъд ибн Муъознинг жаннатдаги дастрўмоли бундан ҳам яхшироқ ва юмшоқроқдир!”. дедилар”.

 

Интернет маълумотлари ва

Ҳадис ва ҳаёт”китоби асосида

Икром Каримов тайёрлаган

 

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

«Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари». Бу улуғвор ғоя бугун янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Инсон улуғ ғоя ва даъватлардан куч олади, уларга қараб қаддини ростлайди, уларга мос равишда ўктам қадам ташлашга интилади. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди. Ана шу маънода Давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш қадам ташлашда бетимсол қудрат ва бунёдкорлик бахш этмоқда.

Ватан сурати! Улуғ меҳр, улуғвор ният ила муҳаббат мўйқалами билан чизилган, ғурур-ифтихор ранглари жо бўлган, қалб олами усиз ҳувиллаб қоладиган бетимсол, бемисл суратки, у давлат байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз, ўзбек тили сиймосида аввало ўзимизни ўзимизга, шунингдек, дунёга танитади.

2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан бири: бундан 28 йил муқаддам айни шу кунда «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир. Демак, Давлат герби – халқнинг эрки, бахти, ғурури, ўзлиги тимсоли. Шундай тимсолки, ҳар қараганда, халқу Ватан тарихи, бугуни, келажаги билан боғлиқ орзу-интилишларингга қувват, қудрат оласан гўё. Қорачиғингга Ватан рамзида жо бўлади, унга ҳатто гард тушса ҳам, кўзинг ёшланади, дилинг вайрон бўлади.

Ҳар сафар Давлат гербимизга қараганимда, устоз шоир Абдулла Ориповнинг барчамизга севимли «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърлари беихтиёр ёдга тушади.

Тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочмоқда. Биз Ватанни гўзаллигу бойликлари кони бўлган тоғу даштлари, дарёлари учун севамизми ёки олтин бошоқлари, оппоқ пахталари муҳаббатимизга сабабми? Балки, тўрт фаслимизни ҳам мунаввар, сероб этган қуёши қалбимизга меҳр нурларини ёғдирар?.. Шоир фикрлашга чорлагани каби:

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.

Нечун ватан, дея еру осмонни

Муқаддас атайман, атайман танҳо.

 

Аслида дунёда танҳо нима бор?

Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?

Ёки қуёшими севгимга сабаб?

Ахир қуёшлику, бутун Осиё...

 

Бу саволнинг жавоби қалбни улғайтирган, маънавий ганжиналар билан бойитган, инсонни ўз ватанидагина бахтиёр этган туйғуларда ярақлайдики, ифодасига сўз танлайверасиз, танлайверасиз! Балки, Ватанни сўзсиз, дил билан севмоқнинг маъноси шундандир.

Гербимизда тасвирланган ҳар бир тимсол дилга туташ, улар моҳиятидаги маъно, ҳикмат, меҳр қалбимизда сайқалланиб бораверади. Савлат тўкиб турган мағрур тоғлар шунчаки тоғ эмас, улар мардлигу жасорат, Ватан муҳаббатига садоқат бобида башариятга ибрат бўлиб қолган аждодларимиз рамзи. Бу тоғлар— кучни адолат тарозуси билан ўлчаган Соҳибқирон Амир Темур, Синд дарёси бўйида мардлигу шижоати билан Чингизхонни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди, Ватан байроғини жонга тиккан Нажмиддин Кубро, юрт ғанимларга оёқости бўлмаслиги йўлида умрини фидо этган Широқ, Тўмарис... зеро, ҳар қандай замонда элу юрт қадди, қадри баланд бўлиши учун фидойиликка тайёр инсонларнинг сиймоси гўё.

Порлаб турган қуёш меҳридарё халқимизнинг юраги кабидир. Унда бағрикенглик, Ватанга муҳаббат, қадриятларгаҳурмат, миллий юксалишга қанот бўлаётган оловқалб инсонларнинг оташин шижоати бардавомлиги бор. Қуёш ҳамма юртлар узра бирдек нур, ҳарорат улашади. Ўзбекистонни севишимиз сабаби, демак, қуёш эмас, қалб ҳарорати бу кўҳна заминга ободлик, файзу баракот, юксалиш, тўкинлик бахш этаётган халқнинг меҳр-муҳаббат офотоби рамзига ҳам ўхшайди гербимиздаги қуёш.

Гербимизда тасвирланган заминда илму урфонда дунё тамаддуни сарчашмаларини очган, уни ирмоқлардан дарёларга айлантирган бобокалонларимиз, маърифату юксак маънавияти инсоният қалб кўзларини нурлантирган улуғ алломаю донишмандларни тарбиялаб вояга етказган моможонлардан тортиб яқин тарихда шу тупроқ, шу халқерку озодлиги учун фидо-қурбон бўлган оталаримиз, оналаримиз нафаси бор. Бу нафақат Шарқда, балки бутун дунёда улуғвор давлатчилиги, юксак маданияти, буюк тарихи билан эъзозланиб келинаётган муқаддас замин! Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:

Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Ватанни бир нафас ҳам тарк айлаш, онадан айрилган гўдак кўзидаги ёшдек ғамли, ўкинчли, изтироблидир. Давлатчилигимиз тарихининг барча даврида шу азиз тупроғу миллат рамзлари, ватан тимсоллари энг азиз ва муқаддас қадрият сифатида эъзозланган. Туғ, тамға миллат, халқ, давлатнинг ор-номуси каби асралган. Муқаддас рамзларни асраб қолиш йўлида аждодларимиз, ҳатто, ўз жонидан ҳам кечганини кўрсатувчи мисоллар жуда кўп. Байроқ, тамға билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат шундаки, жангу жадалларда давлат рамзларини энг ишончли баҳодирлар, паҳлавонлар қўриқлаган, кўтарган.

“Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб, қалъани тарк этишга даъват этсада, Нажмиддин Кубро «Киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди», дея бу таклифни рад этади. У Ватан байроғини баланд кўтариш баробарида ўзи ҳам байроққа айланади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўн кишилик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради. «Ё Ватан, ё шарафли ўлим!» дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отланади.

Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали воқеалардан бири бўлди. Шайх бошчилигидаги мудофаачилар Ватаннинг юраги бўлмиш Гурганж ҳимоясини ор-номус ҳимояси, деб билдилар. Ҳар бир курашаётган жангчи, мудофаадаги халқ – каттаю кичик Ватан учун курашиб ўлишни фахр ва шараф деб билган руҳан енгилмас кучга айланади. Имон белгиси – Ватан севгисига садоқат билан ғанимга қарши жангда мардона бўлиш ҳақидаги улуғ шайхнинг даъвати мўғуллар бераётган қурбонлар сонини кескин ошириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”. Давлат гербидаги тасвирларнинг ҳар бир қати ана шундай мардлик ва қаҳрамонликлар билан йўғрилган.

Донолар «Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч қачон ҳеч нимани сева олмайди», – дейдилар. Таъбир жоиз бўлса, бизнинг Она Ватанга, шу муқаддас тупроққа бўлган муҳаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади, ифодаланди.

Ватан рамзлари доимо баландда туради. Бош узра ҳилпирайди, пештоқлардан ўрин олади. Негаки, у миллионларни бирлаштиради. Халққа куч-қудрат бахш этади. Юксак мақсадларни тарбиялайди, иродани тоблайди. Эзгулик учун курашларда йиқилганни тиклайди, қўрқувни жасоратга, заифни матонатли инсонга айлантира олади. Байроқни мардона кўтарган, давлат гербини ўз эрки ва ор-номуси рамзидек қабул қилган инсон минглаб қалбларга ватанпарварлик, халқпарварлик байроғини тика олади.

Гербимизнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини кенг ёзган Ҳумо қуши, пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган. “Oʼzbekiston” – бу сўз кўзимизга дунё имло луғатларидаги барча сўзлардан ҳам кўра чиройли кўринади. Ҳумо қушини аждодларимиз бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш, дея таърифлаган. Ривоятларда келтирилишича, у кимнинг бошига қўнса, шодимонлик, бахт доимий ҳамроҳи бўлади. У бизнинг ВАТАН бошига қўнган, юрт узра парвози бардавом, барқарор бўлган бахту саодат тимсолидир.

Давлат Гербимизга қараб туриб яна бир гап дилимда ўтди. Бизнинг Давлат Гербимиз ҳам Байроғимиздек чиройли, ёруғ, ундан эзгуликнинг, бунёдкорлик ва яхшиликнинг нафаси келади. Таъбир жоиз бўлса Давлат Гербининг ўзи бир достон, достонки ундан буюк халқимизнинг қалби мужассам.Биз дунё саҳнасида бугун давлат тиклаган миллат эмасмиз. Шу боис ҳам унда улуғ тарих, маданият, эзгу ният ва мурод мужассам.

Давлат рамзлари бизни юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди. Давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир. Мана шу рамзларни эъзозлаш орқали биз ўз қадр-қимматини, ўз мамлакатимиз истиқболи, демакки, ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон ҳамиша миллатга саодат бахш этадиган улуғ ишларга қодир бўлади. Ана шу маънода 2 июль -Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун катта байрам қилинишга арзирли кундир.

Бу - кўксида Ватан деган муборак номни гард юқтирмай олиб юришни ўзига шараф деб билганлар байрами. Бу янги Ўзбекистонни бунёд этишга сидқдилдан интилаётган мардона халқимиз байрами, бу-ўз илми, касб кори, фидойилиги билан буюк аждодларга мос равишда қадам ташлашга интилаётган Ватаннинг ўктам ёшлари байрами. Бу - бир бутун Ватанга айланган Ўзбекистонликлар байрами!

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази раҳбари

Мақолалар

Top