Мақолалар

Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар: Эҳромда нималарга эътибор қаратиш керак? (4 қисм)
  1. Ҳажни ният қилиб эҳромга кирган зиёратчилар талбия айтиб Минога йўл оладилар.
  2. Минога чиқиб кетишдан олдин энг зарурий буюмлар олинади. Мино водийсига кетаётганда оддий уст бош олиб олинади. Ҳайит куни эҳромдан чиққандан кейин яна икки кун Минода тунаш учун керак бўлади;
  3. Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари, бармоқлари эса очиқ бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган, тор бўлмаган, ўзига атрофдагиларни жалб қилмайдиган даражада бўлиши талаб этилади.
  4. Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади. Ҳаж ва умра қилувчи аёл-қизлар пардозланмайди.
  5. Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-ниъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.
  6. Минодан Арофатга борилади, Арофатдан Муздалифага борилади. Муздалифадан Минога қайтиб, катта Ақабага борилади ва шайтонга тош отиш амали бошланади. Биринчи тошни отиш билан «лаббайка» айтиш тўхтатилади.
  7. Ўзи тош ота олмайдиганлар: беморлар, кексалар ўрнига вакиллари тош отса бўлади.
  8. Тош отиб бўлгандан кейин аёлларнинг соч учидан бир бармоқ бўғини (2,5–3 см.) узунлигида соч кесилади. Сочи умуман йўқ ёки бор бўлса ҳам 3 см.га етмайдиган аёллар бошига қайчини юргизиб қўйишлари кифоя қилади.
  9. Ҳайитнинг учинчи куни аср намозига қадар ҳажнинг яна бир улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавофи ифозани адо этишга киришилади.
  10. Каъбани айланиш – тавофни 7 марта қилади, 1 ёки 2 марта тавоф қилиб, бутунлай тарк этиш мумкин эмас.
  11. Тавоф вақтида таҳорат кетиб қолса, таҳоратни янгилайди ва тавофни келган жойидан давом эттиради.
  12. Тавоф вақтида зиёратчилар кўп бўлса, аёллар ҳажарул асвадга яқинлашишга ҳаракат қилмасликлари керак.
  13. Саъй бошлашда Сафодан  Марвагача 1 саъй, Марвадан Сафогача 2-саъй ҳисобланади. 1 та ёки 2 та саъй қилиб кетиб қолинмайди. Сафо ва Марвадаги саъй 7 марта бўлади.
  14. Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) аёллар югурмайди.
  15. Эҳром вақтида ҳеч ким билан талашмайди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайди.
  16. Эҳромда ҳидли хушбўйликлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида Каъба атрофида айланаётганда қўлларни Каъбага суртмаслик талаб этилади.
  17. Эҳромда атир совун, нам салфетка, мушк анбар, ҳидли тагликлар, косметикалар ишлатиш мумкинмас.
  18. Бирор ўсимликнинг баргини юлиш, ҳидлаш мумкин эмас.
  19. Жониворларга озор берилмайди.
  20. Аёллар эҳромда кийимларини алмаштиришлари мумкин.
  21. Дунё нафсидан узилиб, фақат зикр билан машғул бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими.

547 марта ўқилди

Мақолалар

Top