Мақолалар

Гуноҳи одам ўлдиришдан ҳам оғир

Маълумки, фитна одам ўлдиришдан ҳам кўра ёмонроқдур. Араб тилида “фитна” сўзи луғатда “синов”, “имтиҳон” маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш “фитна” дейилади.

Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.

Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Анъом” сурасининг 151-­153-­оятларида шариат аҳкомларидан ўнтасини баён қилади­ки, “Қуръоннинг таржимони” деб ном олган улуғ муфассир, саҳобий, юксак илм соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бу оятлардаги ҳукмлар ҳеч бир китобларда мансуҳ бўлмаган, яъни на Тавротда, на Инжилда на Забурда ва на бошқа илоҳий саҳифаларда бу ҳукмлар ўзгармаган. Ислом шариатида ҳам шу  аҳкомлар жорий қилинган:

  1. Аллоҳга ширк келтирмаслик.
  2. Ота онага яхшилик.
  3. Боласини ўлдирмаслик.
  4. Бузуқ­-фаҳш ишларга яқинлашмаслик.
  5. Аллоҳ ўлдирилишини ҳаром қилиб қўйган кимсани ноҳақ ўлдирмаслик.
  6. Етимнинг молига яқинлашмаслик (хиёнат қилмаслик).
  7. Ўлчов ва тарозида вафо қилишлик.
  8. Адолат билан сўзлашлик.
  9. Аллоҳнинг аҳдига вафо қилишлик.
  10. Турли йўлларга эргашиб, Аллоҳнинг йўлидан бўлиниб кетмаслик.

Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг арқонини  жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”.

“Арқон”ни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қурон” деб тафсир қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқагача бўлиниб кетишини башорат қилганлар. Шу етмиш уч фирқадан фақат биттасигина нажот топиб, қолганлари ҳалокатга кетишини унутмайлик.

 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

447 марта ўқилди

Мақолалар

Top