muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 06 Ноябрь 2020 00:00

Яқин орада тавба қилдингизми?!

Аллоҳ ҳақ таоло айтадики:

Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир[1].

Яна бошқа бир ояти каримада шундай дейди:

Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт[2].

Барча айбу нуқсонлардан пок бўлган Аллоҳ таоло, ўйламай иш қилиш ёки аҳмоқлик қилиш орқали гуноҳ орттириб, шу захоти тавбага шошилган инсонларни тавбаларини қабул қилади.

 Аммо ёмон ишларига надомат қилмайдиганлар ҳақида Аллоҳ ҳақ таоло шундай дейди: Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз[3].

Баъзи инсонлар гуноҳ қилишлари билан тавбага шошилмай то ғарғара келгунча тавба қилиб оламан деб ўйлайдилар, ана ўшаларнинг тавбалари ўша вақтда қабул қилинмайди натижада гуноҳлари билан бирга вафот этадилар – Аллоҳ сақласин – Аллоҳ ундай инсонларга аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.

Шундай экан, жонимиз ҳалқумимизга келмай туриб тавбага шошилайлик! Ва ҳоланки ҳеч бир инсон, қачон жон топширишини билмас.

 

Муҳаммадий Абдураҳимов

“Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом ноиби

 

 

 

[1] Нисо сураси 17-Оят.

[2] Аном сураси 54-оят.

[3] Нисо сураси 18-Оят.

Самарқанд вилояти вакиллиги

Пятница, 06 Ноябрь 2020 00:00

Расулуллоҳга муҳаббат имондандир

 Улуғ саҳобий Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قال النبي - صلى الله عليه وسلم: "لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده والناس أجمعين"

 яъни: “Ҳеч бирингиз мўмин бўлмайди токи мен унга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам севиклироқ бўлмагунимча”. Ушбу ҳадиснинг машҳур саҳобий Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган бошқа бир шаклида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قال رسول الله - صلى الله عليه وسلم: "فو الذي نفس محمد بيده لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده"

яъни: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, ҳеч бирингиз мўмин бўлмайди токи мен унга отасидан ҳам, боласидан ҳам севиклироқ бўлмагунимча” (Имом Бухорий, Муслим, Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисда баён қилинишича, киши мўмин бўлиши учун унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати бу дунёда у яхши кўрган барча нарсаларга бўлган муҳаббатидан кўра кўпроқ ва кучлироқ бўлиши шарт. Ҳатто, у отаси бўлса ҳам, боласи бўлса ҳам, аҳли оиласи бўлса ҳам ва барча инсоният бўлса ҳам.

         Шуни англамоқ лозимки, ҳадисдаги “мўмин бўлмайди” дейилган иборадан кофир бўлади, деган маъно чиқмайди, балки имони комил бўлмайди, деган маъно тушунилади. Маълумки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат у зотнинг кўрсатган йўлларига эргашиш билан ўз исботини топади. Зеро, у зотнинг сийратлари биз учун ҳар замон ва ҳар маконда энг гўзал намунадир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

لقد كان لكم في رسول الله أسوة حسنة لمن كان يرجو الله واليوم الآخر وذكر الله كثيراً

яъни: (Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир(Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ишончли ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу ҳақда шундай деганлар:

لا يؤمن أحدكم حتى يكون هواه تبعاً لما جئت به

яъни: “Ҳеч бирингиз мўмин бўлмайди токи унинг ҳавои нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича” (Ибн Ражаб ривояти).

         Қуръони каримда Аллоҳ таоло бизларни бу дунёдаги нарсалар, бизларнинг у нарсаларга бўлган муҳаббатимиз Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатидан тўсиб қўймаслигидан огоҳлантириб, шундай деган:

قل إن كان آباؤكم وأبناؤكم وإخوانكم وأزواجكم وعشيرتكم وأموال اقترفتموها وتجارة تخشون كسادها ومساكن ترضونها أحب إليكم من الله ورسوله وجهاد في سبيله فتربصوا حتى يأتي الله بأمره، والله لا يهدي القوم الفاسقين

яъни: Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз, сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан, Унинг йўлидаги жиҳод қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай(Тавба сураси, 24-оят).
         Ушбу ояти каримада инсон дунёда кўпроқ яхши кўрадиган ва у билан чалғиб қоладиган нарсалардан саккизтаси зикр этилган бўлиб, ушбу нарсаларга бўлган муҳаббат ҳеч қачон Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатдан ортиб кетмаслиги огоҳлантирилмоқда. Акс ҳолда, ундай кишиларни оятда фосиқлар деб тавсифланмоқда. Маълумки, фосиқлик имон билан куфрнинг ўртасидаги мартабадир.  

          Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат деб баҳолаган. Бу ҳақда Қуръони каримда:

من يطع الرسول فقد أطاع الله

яъни: Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди деб марҳамат қилган (Нисо сураси, 80-оят). Шунингдек, бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган кишиларни яхши кўришини эълон қилиб, шундай деган:

قل إن كنتم تحبون الله فاتبعوني يحببكم الله ويغفر لكم ذنوبكم والله غفور رحيم

яъни: Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир (Оли Имрон сураси, 31-оят).

         Бизнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз мана шу билан чекланмайди, балки ундан ҳам  юқорироқ, яъни ўз нафсимиздан ҳам юқори туради. Ривоятларда келишича, улуғ саҳобийлардан ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўз жонимдан бошқа ҳамма нарсадан ҳам севиклироқсиз, дедилар. Шунда Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, эй Умар. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, токи ўз жонингдан ҳам севиклироқ бўлмагунимча”, дедилар. Шунда Умар: Сиз менга жонимдан ҳам севиклироқсиз, дедилар. Расулуллоҳ: “Ана энди, эй Умар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мана бу ҳақиқий имонида содиқ бўлган мўминларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидир. Зеро, бу имоний муҳаббат бўлиб, у Расулулоҳнинг йўлларига эргашишда намоён бўлади. Ҳар бир мусулмон киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ана шундай имоний муҳаббат даражасига эришишга лойиқдир. Ана шундай бандаларини Аллоҳ таоло дунё ва охират саодатига ноил этади, иншааллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top