muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 18 Июнь 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Бухоро вилояти вакиллиги тассаруфида кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган Жўрабек домла Муродовга отаси Нажмиддин Муродовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳумнинг тортган дардларини гуноҳларига каффорат қилиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло раҳматлининг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Жўрабек домла Муродовга ва марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухоро вилоятига сафарлари якунланиб, Самарқанд вилояти бўйлаб давом эттирилди.
Мутасаддилар Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Каттақўрғон туманидаги “Қаландархона” жоме масжиди фаолияти билан танишдилар.
Маълумки, Каттақўрғон туманида жойлашган “Қаландархона” жоме масжидида намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, сўнгги йилларда қурилиш ишлари жадал суратларда амалга оширилмоқда. Муфтий ҳазратларининг Самарқанд вилоятига ташрифлари доирасида “Қаландархона” жоме масжидида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар, намозхонлар учун яратилаётган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар ва ўзининг бир қатор маслаҳат ва тавсияларини бериб ўтдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу жоме масжидда намозхонлар билан бўлиб ўтган мулоқотда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу бериб, мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларнинг қадрига етиш, Давлатимиз Раҳбари ташкил этиб бераётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдириш, Парвардигорга ҳамду санолар айтиш ва дуолар қилиш даркорлигини сўзладилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Бухоро вилоятига сафарлари асносида Қуръони карим мусҳафини Бухоро ёзувида битилаётган табаррук нусхаси билан яқиндан танишдилар.
Илоҳий каломнинг ушбу нусхаси ҳаттот Муҳиддин домла Нўъмонов томонидан кўчирилмоқда. Мазкур мусҳафнинг ўлчами 60 см./40 см. бўлиб, Бухоро услубида ёзилмоқда. Ушбу хат Мир Убайдий Бухорий томонидан амалиётга жорий этилган бўлиб, ўзига хослиги ва чиройлилиги билан ҳудди Мадинаи мунаввара нашри каби алоҳида ажралиб туради.
Қуръони карим оятлари матнлари, саҳифаларининг безаклари ҳам қўлда ишланмоқда. Мусҳаф саҳифалари қаймоқ ранг бўлиб, турли рангли нақшлар билан жило берилган. Расмий Усмонийда Мир Убайдий Бухорий ёзувида битилаётган ушбу Қуръони карим мусҳафи ишларининг ярмидан кўпи бажарилган. Мазкур хат ишлари охирига етказилганда, яъни Қуръони каримни кўчириш ишлари якунлангандан сўнг ушбу мусҳаф ҳақида тўлиқ маълумот кенг оммага тақдим этилади.
Ташриф якунида ҳаттот Муҳиддин домла Нўъмоновнинг яқинда вафот этган волидаи муҳтарамаси руҳига бағишлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонидан таъзия изҳор қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Бухоро вилоятига сафарлари мобайнида Мир Араб мадрасасининг таъмирланаётган биносини ҳам кўздан кечирдилар.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасасига тақдим этилган мазкур бинода айни кунларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Муфтий ҳазратлари олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини яқиндан кўриб, биноларни миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига мос шаклда ҳар томонлама қулай ва шинам қилиш борасида муҳим тавсияларни бердилар. Мазкур ҳудудда ўқув биноси билан бир қаторда ёпиқ спорт майдони, сув ҳавзаси, талабалар турар жойи, ошхона ва мударрислар учун алоҳида турар жой мажмуалари ҳам барпо этилаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сафар асносида Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жоме масжидида олиб борилаётган қайта қуриш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Мутасаддилар томонидан бунёдкорлик ишларини олиб боришда эътибор қилинадиган энг муҳим жиҳатларга алоҳида урғу қаратдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мадраса ва масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча-барчани, хусусан, қурувчи-муҳандис ва ишчи-хизматчиларнинг ҳаққига дуолар қилдилар. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top