www.muslimuz
ZO'R.TV телеканали билан ҳамкорликда "Рамазон туҳфаси" ЛОЙИҲАСИ
ZO'R.TV телеканали ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Рамазон туҳфаси» лойиҳаси тақдим этиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида таниқли уламо ва тажрибали имом-хатиблар ҳар куни руҳий тарбия мавзуларида мавъиза қилмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон ойида Пайғамбаримизнинг амаллари қандай бўлган?
Ҳар қандай мусулмон борки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашишга ва унга тўлиқ амал қилишга уринади. Чунки, Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида у зотни мақтаб шундай дейди:
لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб сураси 21-оят).
Биз сиз азизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини қандай ўтказганликларини қисқача келтириб ўтмоқни ният қилдик.
Хўп, бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай амаллар билан машғул бўлганлар?
Қуйида сизга у зотнинг бу ойда қилган амалларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Саҳарликни оҳирги вақтигача кечиктирар, ифторликни тезлаштирар эдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар. Яъни ифторликни Қуёш ботиши билан қилар эдилар. Лекин баъзи мусулмонларда ифторликни шом намозидан кейин ҳатто, ҳуфтон намозигача кечиктириб хатога йўл қўядилар. Ҳудди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни саҳарлик қилишга ундар эдилар.
- Қуёмул Лайл ( тунги намоз)ни кўпайтирар эдилар.
- Қуръон қироат қилишни зиёда қилар эдилар. Ҳар Рамазон ойида Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломга бир маротаба ўқиб берар эдилар.
- Аллоҳ йўлида кўплаб Хайр-эҳсон қилар эдилар. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Лекин у зотнинг сахийликлари бу ойда яна ҳам зиёда бўлар эди.
- Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан олдин берар ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар.
عَن ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما قَالَ: "فَرَضَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ زَكَاةَ الْفِطْرِ مِنْ رَمَضَانَ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ، أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ، وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى، وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ". رَوَاهُ البخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини қулга ҳам, ҳур инсонга ҳам, эркак-аёл, катта-кичик мусулмонларга бир соъ ҳурмо ва арпадан беришни фарз қилдилар”.( Имом Бухорий ривояти).
- охирги ўн кунликни кўпроқ ибодат билан ўтказар эдилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: "كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ إِذَا دَخَلَ العَشْرُ أَحْيَى اللَّيْلَ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ، وَشَدَّ المِئْزَرَ"
Ойиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг оҳирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).
Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар » деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти деганлар.
- Охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Бу пайт аёллардан ва барча ишлардан узоқлашиб, вақтларини зикр, тавба ва ибодатлар билан ўтказар эдилар.
Аллоҳ таоло барчамизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мукаммал тарзда эргашувчи ва қиёматда шафоатларига сазовор бўлувчи бандалардан қилсин.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.
Тошкент Ислом институти талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин.
Қадр кечасини изланг!
Рамазон барокатли ва фазилатли ой. Унда дунё ва охират учун яхшиликлар бисёр. Айниқса “минг ойдан яхшироқ” бўлган “Лайлатул қадр” – қадр кечаси Рамазонда кутилади. “Қадр” деб номланишига сабаб унда ризқлар ўлчанади, ажаллар ёзилиб, ўша йили бўладиган ишлар битиб қўйилади, тақдир қилинади.
فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ
“У (кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур”, Духон,4 оят
“Барча бўладиган ишлар Лавҳул маҳфуздан кўчирилади. Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Албатта, сен бир кишини бозорда учратасан, лекин унинг исми ўликлар сафига киритиб қўйилган бўлади”.[1]
Бундан ташқари қадри ва шарафи улағлиги учун ҳам шундай аталган. Яна ким бу кеча тоат-ибодатларга берилса, қадри баланд бўлади, бу кечадаги тоатларнинг қадри бўлакча бўлади, деган маънолар ҳам айтиб ўтилган.
Шомий[2] айтадилар: “Меърожуд дироя”да келтирилади: “Билингки, қадр кечаси – фазилатли кеча бўлиб, уни излаш, талаб қилиш мустаҳабдир. У йилнинг энг яхши тунларидан биридир. У кечада қилинган амал йилнинг бошқа пайтида қилинган минг амалга тенг. Ибн Мусайййиб айтади: “Ким қадр ҳуфтонига гувоҳ бўлса, ундаги насибасини олибди”. Шофеъий айтадилар: “Ҳуфтон ва бомдодига гувоҳ бўлса. Мўминлардан Аллоҳ хоҳлагани қадр кечасини кўради, кўрганлар эса уни яширишлари лозим бўлади. Аллоҳга ихлос билан дуо қилинади”.
Қадр кечаси қайси кун эканлиги борасида 46 та фикр бор.
“Мароқил фалаҳ”да[3] айтилади: “Ибн Масъуд айтадилар: “Қадр кечаси йилнинг барчасида бўлиши мумкин. У кишининг гапларини Имом Аъзам ҳам олиб, йилнинг исталган пайтида айланиб юради. Гоҳо рамазон, гоҳо бошқа ой ҳам бўлиши мумкин. Буни Қози Хон ҳам айтган”.
Шомий айтадилар: “Юқоридаги гапни орифлар султони, жанобим – Муҳйиддин ибн Арабий ўзларининг “Футуҳотул Маккийя” асарларида ҳам келтирганлар: “Лайлатул қадр ҳақида инсонлар турлича фикрдадирлар. Яъни унинг пайти ҳақида. Улардан баъзилари йилнинг барчасида айланиб юради дейишган. Мен ҳам шу фикрдаман. Мен уни Шаъбонда ҳам, Робиъул аввалда ҳам, Рамазонда ҳам кўрганман. Кўпроқ рамазоннинг охирги 10 кунлигида гувоҳ бўлганман. Яна рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигидаги тоқ бўлмаган кечада ҳам, тоқ бўлган кечасида ҳам кўрганман. Мен шуни аниқ ишонч билан айта оламанки, йилнинг барчасида тоқ кечасида ҳам, жуфт кечасида ҳам келаверади”.
“Мабсут”да айтилади: “Бу борада Абу Ҳанифанинг мазҳаблари қадр кечаси рамазонда бўлади, лекин у олдинга сурилиб ёки кечикиб келиши мумкин. Икки соҳиблари наздида эса муқаддам ҳам бўлмайди, кечикиб ҳам келмайди”.
Унинг аломати: ойдин, соф, сокин; совуқ ҳам эмас, иссиқ ҳам эмас; қадр кечасининг тонгида қуёш нурсиз тоғорга ўхшаб қолади.
Унинг аниқ куни яширин бўлиши: инсонлар уни топишда, излашда жидду жаҳд қилсинлар, ибодатда мужтаҳидлар ажрини олсинлар.
Шавконий айтадилар: “Уламолар унинг қайси кун эканлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. “Фатҳул Борий”да ўша фикрлар келтирилган (ундан бошқа ерда бу қавллар келтирилмаган), уларни қисқача зикр қилиб ўтамиз:
1-Қовл: Қадр кечаси одамлар орасидан кўтарилган, буни Мутаваллий Рофизийлардан ривоят қилган. Ҳанафийлардан ҳам шу гап келган. Мен айтаман: бу асли йўқ гап, ҳанафийлар китобларида бунақа гап учрамайди.
2-Қовл: Қадр кечаси фақат бир йил учун хосланган бўлиб, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида юз берган. Фокуҳоний шу гапни айтган.
3-Қовл: Қадр кечаси мана шу уммат учун хосланган. Моликийлардан бир жамоанинг фикрлари.
4-Қовл: Йилнинг исталган патида бўлиши мумкин. Бу ҳанафийларнинг машҳур гаплари ва салафи солиҳларнинг бир жамосининг фикри.
5-Қовл: У рамазонга хосланган бўлиб, унинг барча тунларида содир бўлиши мумкин.
6-Қовл: У муайян ва яширинган бир тунда. Насафий шу фикрни айтган.
7-Қовл: Рамазоннинг биринчи кечасида. Абу Розийн Уқайлий Саҳобий айтган.
8-Қовл: Рамазоонинг ўртасидаги бир кеча. Ибн Мулаққин айтган.
9-Қовл: Шаъбоннинг ўртасидаги бир кеча. Қуртубий “Муфҳим”да айтган.
10-Қовл: Рамазоннинг 17 кечасида.
11-Қовл: Рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигида яширинган.
12-Қовл: Рамазоннинг 18 кечаси.
13-Қовл: 19 кечаси.
14-Қовл: Охирги ўн кунликнинг биринчи кечаси. Шофеъий шунга моил бўлганлар.
15-Қовл: Агар ой тўлиқ бир ой бўлса, 20 куни, ноқис бўлса, 21 куни.
16-Қовл: 22 кечаси.
17-Қовл: 23 кечаси. Бунга кўплаб саҳобий ва тобеъинлар эргашганлар.
18-Қовл: 24 кечаси.
19-Қовл: 25 кечаси. Ибн Жавзий Абу Бакрадан ривоят қилган.
20-Қовл: 26 кечаси. Мен буни аниқ билмадим. Фақат Иёз шу фикрни айтган.
21-Қовл: 27 кечаси.
22-Қовл: 28 кечаси.
23-Қавл: 29 кечаси. Ибн Арабий келтирган.
24-Қовл: 30 кечаси. Иёз айтган.
25-Қовл: Охирги 10 кунликнинг тоқ кунларида. “Фатҳ”да мана шу тўғрироқ дейилган.
26-Қовл: Рамазоннинг охирги кечаларида.
27-Қовл: Охирги 10 кунликда кўчиб юради. Абу Қалоба айтган.
28-Қовл: Охирги 10 кунликда, фақат баъзи кечалар баъзиларидан кўра қадр бўлиши умид қилинади.
29-Қовл: 27 кеча. Фақат 23 бўлиши умид қилинади.
30-Қовл: 23 кеча. Фақат 27 бўлиши умид қилинади.
31-Қовл: Охирги 7 кунликнинг барчасида кўчиб юради. Аҳли илмлар бундан нима назарда тутилгани ҳақида ихтилоф қилдилар: ойнинг охирги 7 кунлигими ёки ойдан саналадиган охирги 7 кунми? Бундан 32 қовл келиб чиқади.
33-Қовл: Охирги 15 кунликда кўчиб юради. Абу Юсуф ва Муҳаммаддан ривоят қилинган.
34-Қовл: 16 ёки 17 кечада.
35-Қовл: 17, 19 ёки 21 кечада.
36-Қовл: Рамазонинг биринчи ёки охирги кечаси.
37-Қовл: 19, 21 ёки 23 кечада.
38-Қовл: 1 ёки 9 ёки 17 ёки 21 ёки охирги кечада.
39-Қовл: 23 ёки 27 кечада
40-Қовл: 21 ёки 23 ёки 25 кечада.
41-Қовл: Охирги 27 кечага чекланган.
42-Қовл: 22 ёки 23 кечада.
43-Қовл: ўртадаги ва охирдаги 10 куликнинг жуфт кечаларида.
44-Қовл: охирги ўн кунликнинг учинчи ёки бешинчи кечаси.
45-Қовл: Ойнинг иккинчи 15 кунлигидаги 7 ёки 8 кеча.
46-Қовл: 1 ёки охирги ёки тоқ кечада бўлиши мумкин.
Ҳофиз Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Мен охирги учратган қовлим мана шу. Уларнинг баъзиси баъзисини рад қилиши мумкин. Рожиҳроғи охирги 10 кунликнинг тоқ кечаларида бўлиб, улар кўчиб юриши мумкин. Шофеъий наздида 21 ё 23 бўлса, жумҳур наздида рамазоннинг 27 кечаси деб зикр қилинган”.
Қадр кечасига тўғри келган одамга зоҳирий аломат бўладими ёки йўқ, деган масалада ҳам ихтилоф қилдилар. Баъзилар ҳамма нарса сажда қилган ҳолда кўринади, деса, айримлар ҳатто қороғу ерда ҳам нур сочилиб туради, деган. Малоикалардан гап ва салом эшитилади, ҳам деб айтилган. Тобарий буларнинг барчаси юз берадиган ишлар эмас деганлар. Бирор нарсани кўриш ёки эшитиш шарт қилинмаган.
Хулоса: Қадр кечаси турли кунларда бўлиши, турли кечаларда айланиб юриши ҳақидаги фикрларни инобатга олсак, уни фақат 27 кечада кутмай, рамазоннинг охирги тоқ кунлари, имкон бўлса рамазоннинг ғанимат барча кечаларидан излаган, кўпроқ ибодат, тиловат, истиғфор ва тавблар қилиб қолган маъқул. Агар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ижтиҳодларига назар солинса, лайлатул қадр йилнинг барчасида бўлиши мумкин. Балки, мана шу нарса аввалги уламоларимизни кўп тоат-ибодат қилишга, бугун қадр кечаси бўлиши мумкин деган умидда сергак юришларига бир сабаб бўлгандир... Валлоҳу Аълам!
Аҳмад Саҳаронфурийнинг “Базлул мажҳуд фий ҳалли
Сунани Аби Давуд” китоби асосида Нилуфар Саидазиз қизи тайёрлади
[1] “Тафсири Самарқандий”
[2] Ибн Обидийн
[3] 264 б
Муборак васиятлар: ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ: Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилиш
ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رضي الله عنه قَالَ: أَوْصَانِي خَلِيلِي بِسَبْعٍ: «حُبِّ الْمَسَاكِينِ وَأَنْ أَدْنُوَ مِنْهُمْ وَأَنْ أَنْظُرَ إِلَى مَنْ أَسْفَلَ مِنِّي وَلاَ أَنْظُرَ إِلَى مَنْ فَوْقِي وَأَنْ أَصِلَ رَحِمِي وَإِنْ جَفَانِي وَأَنْ أُكْثِرَ مِنْ “لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ” وَأَنْ أَتَكَلَّمَ بِمُرِّ الْحَقِّ وأن لاَ تَأْخُذُنِي فِي اللهِ لَوْمَةً لاَئِمٍ وَأَن لاَ أَسْأَلَ النَّاسَ شَيْئًا» (رواه أحمد والطبراني)
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Яқин дўстим (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)) менга етти нарсани васият қилдилар:
– камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;
– ўзимдан юқоридагиларга эмас, ўзимдан пастдагиларга қараш;
– қариндошларим билан, улар ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳмни боғлаш;
– “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтиш;
– Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай, аччиқ бўлса-да ҳақиқатни айтиш;
– одамлардан бирор нарса сўрамаслик” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу васиятларига амал қилиш жамият тинчлиги ва тараққиётига муҳим омил бўлади. Бу тавсия жамият аъзоларининг ўзаро алоқалари ва бир-бирига муносабатини тўғри йўлга солишга, инсонларнинг камолоти ва охиратда саодат топишига қаратилган.
Камбағалларни эъзозлаш, уларни дўст тутиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш ва ҳақиқатни айтишда одамлардан чўчимаслик жамият равнақи ва фаровонлиги, инсонлар ўртасида тотувлик ва барқарорликка гаров бўладиган омиллардандир.
Аллоҳни кўп зикр қилиш, бойлик, мол-дунёга интилишга рағбат туғилган пайтда ўзидан кўра камбағалроқлар ҳам борлигини унутмаслик ва ўз ҳолига шукр қилиш ҳар бир мусулмонга зарур фазилатлардандир. Диний жиҳатдан ўзидан кўра билимлироқ кишиларга етишга интилиш, дунёвий эҳтиёжларини одамлардан эмас, Аллоҳдан сўраш маънавий камолот шартларидандир. Сиз, азиз китобхонлар билан биз мазкур васиятларнинг ҳар бири устида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш
Инсоният бор экан, жамиятда ўзига тўқ бойлар ҳам, мискин ҳамда камбағаллар ҳам бўлади. Лекин кишининг қадри бойлик ва камбағаллик билан ўлчанмайди. Бойлик ҳақиқий шараф бўлмагани каби камбағаллик ҳам айб ёки нуқсон эмас, балки Аллоҳнинг тақдири ва синовидир. Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿فَأَمَّا ٱلۡإِنسَٰنُ إِذَا مَا ٱبۡتَلَىٰهُ رَبُّهُۥ فَأَكۡرَمَهُۥ وَنَعَّمَهُۥ فَيَقُولُ رَبِّيٓ أَكۡرَمَنِ١٥ وَأَمَّآ إِذَا مَا ٱبۡتَلَىٰهُ فَقَدَرَ عَلَيۡهِ رِزۡقَهُۥ فَيَقُولُ رَبِّيٓ أَهَٰنَنِ١٦﴾
«Бас, энди инсонни қачон, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер. Аммо, қачон (Парвардигори) уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, дер» (Фажр, 15–16).
Бандага бирор неъмат берилса, Аллоҳ мени ҳурмат қилгани учун беряпти, деб ўйламаслик ёки аксинча, ризқи танг бўлган вақтда Парвардигорим ғазаб қилгани учун мени шу аҳволга солди, деб гумон қилмаслик, балки ҳар иккала ҳолатни ҳам Аллоҳнинг синови деб қабул этиш лозим.
Аллоҳ таоло инсонни синаш учун унга бойлик беради ёки бойликдан қисади. У берилган неъматдан унумли фойдаланиб, уни яхшиликка сарфлаб, шукрини адо этадими ёки бошқаларни назар-писанд қилмай, берилган неъматни тақиқланган жойларга сарфлаб, ношукрлик қиладими? Камбағал борига қаноат билан шукр қилиб яшайдими ёки ўғрилик, талончилик каби гуноҳларга қўл урадими?
Камбағалликни айб деб биладиган кимсалар ўзларидан камбағалроқ кишиларга паст назар билан қарайди ва бойлиги билан кибрланиб, бошқалардан ўзини устун санайди. Аслида эса, моддий жиҳатдан эмас, балки маънавий ва ахлоқий жиҳатдан қашшоқлик ҳақиқий қашшоқликдир. Шунингдек, моддий бойлик эмас, балки нафс ва кўзнинг тўқлиги ҳақиқий бойликдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мол-дунё кўплиги ҳақиқий бойлик эмас, балки нафс тўқлиги ҳақиқий бойликдир”, деганлар.
Борига қаноат қилиб, ўз ҳолидан нолимай яшайдиган камбағалларнинг бир қанча фазилатлари бор. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Фақир ва мискинлар жаннат аҳлининг кўп қисмини ташкил этади. Яъни, жаннатга бойлардан кўра кўпроқ камбағал кишилар киради.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатга қараб, унинг кўп аҳли фақирлар эканини, дўзахга қараб, унинг кўп аҳли аёллар эканини кўрдим”, дедилар».
Жаннатга биринчи бўлиб фақир ва мискинлар киради.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Умматимнинг фақирлари жаннатга бойларидан қирқ йил аввал киради”, деганларини эшитганман».
Қиёмат кунида Кавсар ҳовузидан сув ичишга биринчи бўлиб камбағаллар келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Кавсар) ҳовузи (ўлчами) Адандан то Аммонул Балқо шаҳригачадир. У сутдан кўра оппоқ, асалдан кўра тотлироқ, косалари осмон юлдузлари саноғичадир. Ким ундан бир марта ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Унга сочлари тўзғиган, (дунё) неъматларидан баҳраманд бўлмаган муҳожир фақирлар биринчи бўлиб келади”, деганлар.
Сирот кўпригидан биринчи бўлиб мискин ва фақирлар ўтади.
Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, бир яҳудий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Кимларга биринчи бўлиб сирот кўпригидан ўтишга рухсат берилади?” деб сўраганида, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Муҳожирлардан бўлган фақирларга”, деб жавоб берганлар.
Пайғамбарларга биринчи бўлиб эргашганлар мискин ва фақирлардир.
Нуҳ (алайҳиссалом) қавмини имон келтиришга чақирганида улар: “Сенга разил (камбағал) одамлар эргашганидан кейин бизлар сенга имон келтирармидик?!” (Шуаро, 111) дейишган.
Бундан ташқари, Рум подшоҳи Ҳирақл ва Абу Суфён ўртасида бўлиб ўтган машҳур суҳбатда Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида “Унга одамларнинг бадавлатлари эргашяптими ёки заиф (фақир)ларими?” деб сўрайди. Абу Суфён, бадавлатлари эмас, балки заифлари, деб жавоб берганида, подшоҳ: “Заифлар пайғамбарларга биринчи бўлиб эргашадилар”, дейди.
Кўплаб фақирлар бор, лекин нафси тўқлиги сабабли борига қаноат ва шукр қилиб яшайди. Аммо баъзи бойлар бор, мол-дунёси қанча кўпайса-да, нафси ва кўзи очлиги сабабли “ҳозирги замонда пул топиш қийин бўлиб кетди” қабилидаги гаплар билан ўз ҳолидан нолиб, ношукрлик қилади. Камбағал ва мискинларга қандай муомала қилишни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрганишимиз лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мискин ва фақирларни яхши кўрганлар ва бошқаларни ҳам шунга чақирганлар. Буни юқорида келтирилган васиятда ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, Анас (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда яшат, мискин ҳолда ўлдир ва Қиёмат куни ҳам мискинлар қаторида тирилтир”, дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Нима учун, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чунки улар жаннатга бойлардан қирқ йил илгари киради. Эй Ойша, мискинни қуруқ қайтарма, ҳеч бўлмаса яримта хурмо бўлса ҳам бергин. Мискинларга муҳаббатли ва яқин бўл. Шунда қиёмат куни Аллоҳ сени Ўзига яқин қилади”, дедилар».
Бу ҳадис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мискинларга бўлган ҳурматларини намоён қилади.
Саҳобалар ҳам мискинларни яхши кўриб, ҳурмат қилган. Ҳатто Жаъфар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) мискинларни яхши кўргани ва кўпинча улар билан суҳбатлашиб ўтиргани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни “Абул масакин”, яъни, “Мискинлар отаси” деб чақирганлар. Яна Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларидан бири Зайнаб бинти Хузайма (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳам мискин ва фақирларга кўп эҳсон қилгани учун саҳоба аёллар орасида “Уммул масакин”, яъни, “Мискинлар онаси” дея ном чиқарган.
Зирор ибн Мурра Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даври ҳақида гапирар экан, “Бошқа диндагиларни ҳурмат қилар ва мискинларни яхши кўрар эди”, дейди.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам камбағаллар билан овқатланар ва “Шояд уларнинг баъзилари қиёмат куни подшоҳлар мақомида бўлса”, дер эди.
Фузайл ибн Иёз: “Ким охират саодатини истаса, мискинлар билан ўтирсин”, деган.
Пайғамбар (алайҳиссалом) ва саҳобалар ҳаётида бу каби кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, уларнинг аксарияти фақирона ҳаёт кечиришни танлаган.
Мискин ва фақирларни яхши кўриш уларга қўполлик қилмаслик, хушмуомалали бўлиш, ҳолидан хабар олиб туриш, касал бўлса, бориб кўриш ва уларга эҳсон қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди:
﴿وَيُطۡعِمُونَ ٱلطَّعَامَ عَلَىٰ حُبِّهِۦ مِسۡكِينٗا وَيَتِيمٗا وَأَسِيرًا٨ إِنَّمَا نُطۡعِمُكُمۡ لِوَجۡهِ ٱللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمۡ جَزَآءٗ وَلَا شُكُورًا٩﴾
«Таомни эса суйиб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларга едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорлик кутмасмиз» (Инсон, 8–9).
Ушбу оятда мискин ва етимларни таомлантириб, бунинг эвазига бирор нарса тама қилмайдиган кишилардаги бу хислат жаннат аҳлининг хислатларидан экани айтилмоқда. Демак, мискин ва етимларга эҳсон қилиш ва чиройли муомалада бўлиш жаннатий кишилар хислатидандир. Ояти каримада фақирларни овқатлантириш эвазига бирор нарса сўрамаслик кераклиги айтилмоқда. Афсус, ҳозирги вақтда бировга яхшилик қилиб, сўнг ҳаммага бу билан мақтаниб юрадиган, вақти келганда қилган яхшиликларини одамлар олдида юзига соладиган ва миннат қиладиганлар ҳам йўқ эмас.
Мискинларга яхшилик қилиш ва уларга чиройли муомалада бўлишнинг бир қанча фойдалари бор. Уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Уларга яхшилик қилганнинг ихлоси ва самимияти ортади. Чунки камбағалларда кишиларни ўзига жалб қиладиган ёки умид қилинадиган манфаат ёки мол-дунё бўлмайди. Шу сабабли уларга муҳаббатли бўлиш ва уларни ҳурмат қилиш бойларни яхши кўришдан кўра самимийроқ ва ихлосга яқинроқдир.
- Уларга яхшилик қилган кишидан такаббурлик ва манманлик кетади. Чунки кибрли одамлар камбағал ва мискинлар билан бир жойда ўтириш ёки суҳбатлашишни ёқтирмайди.
- Уларга яхшилик қилган кишининг қалби тўғриланади ва юмшайди. Қалби қаттиқлигидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилиб келган бир кишига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қалбинг юмшашини истасанг, мискинни овқатлантир ва етимнинг бошини силагин”, деганлар.
- Уларга яқин бўлган ва ҳолидан хабар олиб турадиган киши ўзига берилган неъматларнинг қадрига етади. Чунки у фақирлар нимага эга эканини кўради ва ўзига берилган неъматлар кўп бўлгани учун шукр айтади.
- Жамиятнинг бой ва камбағал табақалари ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва тенглик пайдо бўлади.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, фақир ва мискинларга ваъда қилинаётган мартабалар уларнинг айнан фақир ва мискин бўлганлари учун эмас, балки фақир ва мискинликка сабр, борига қаноат қилганлари учундир. Албатта, бу фикрдан қасддан фақир бўлишга уриниш керак, деган маъно келиб чиқмайди. Мазкур ҳадиси шарифлардаги ғоялар одамларни фақирликка ундамайди. Балки уларни сабр, қаноатга ва ҳалол меҳнат қилиб, молларини орттириш ва ибодатга чорлайди. Зеро, ҳалол йўлда бойиш камбағалликдан ортиқдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мазкур васиятлари кишилик жамиятининг тинч ва бахтли бўлишида катта аҳамиятга эга. Чунки одамлар орасидаги кўплаб жанжал ва келишмовчиликлар баъзи бойларнинг ўзидан моддий жиҳатдан ночор одамларни менсимаслиги ва уларга ёмон муомалада бўлиши оқибатида ёки аксинча, баъзи камбағалларнинг бойларни кўролмаслиги ва уларга ҳасад қилиши натижасида келиб чиқади. Ҳатто, буни ҳозирги вақтда баъзи ака-укалар, яқин қариндошлар ўртасида бўлаётган келишмовчиликлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларга қараш
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу васиятларига амал қилган киши ҳаргиз бу дунё қийинчиликлари ва ҳаётнинг баъзи оғир дамларида ўзини йўқотиб қўймайди. Ҳамиша кўнгли тўқ ва хотиржам яшайди. Чунки бу васиятда моддий жиҳатдан ўзидан пастроқ, дин ва ахлоқ жиҳатдан эса ўзидан устун ва баландроқ бўлган кишилардан ибратланиш кераклиги таъкидланмоқда. Киши ўзидан кўра бойроқ одамни кўрганида, ўз ҳолидан ачиниши ва берилган неъматларга ношукрлик ҳиссини туйиши мумкин. Бундай туйғуларни даволаш учун ўзидан кўра фақир ва муҳтожларнинг ҳам борлиги, уларга нисбатан ўзининг моддий аҳволи анча яхшилигини эслаши кифоя қилади. Ҳар бир одам Аллоҳ таоло ўзига тақсимлаб берган неъматларга шукр қилиши ва норози бўлишдан сақланиши лозим. Илоҳий тақдирга норозилик ҳалокат ва фақирликка сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Оз бўлиб кифоя қилгани, кўп бўлиб банд қилганидан яхшироқдир”. Аллоҳ таоло бойликни бандаларидан хоҳлаганига беради. Бу борада уларнинг итоатли ёки фосиқлигига қарамайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ дунёни Ўзи яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам бераверади. Аммо динни эса фақат яхши кўрганига беради”, деганлар.
Ҳар бир киши диний жиҳати ўзидан, яъни, тақвосига кўра қуйида бўлганлардан яхши ҳисобланади. Яъни, ҳатто намоз ўқимаса-да, Аллоҳ таолога имони бор киши Аллоҳ таолони инкор қиладиган кофирдан яхшироқдир. Лекин дин борасида ўзидан қуйи бўлганларга эргашмаслик керак. Дин ишларида ўзидан юқорида бўлганлардан ибрат олиш ва уларга етишга интилиш жуда муҳим. Бу эса ибодатларимиз янада кўпайишига сабаб бўлади.
Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам,
силаи раҳм қилиш
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу васиятларида силаи раҳмнинг энг олий намунаси ҳақида баён қиляптилар. Зеро, бир инсон ўзига бирор ёмонлик қилган одамга яхшилик қилиши, у билан қариндошлик алоқаларини ўрнатиши қийин. Қариндошларга яхшилик қилишда ушбу мақомга эришган одамгина Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларига тўла амал қилган бўлади. Чунки яхшиликка яраша яхшилик қайтариш ёки қариндош бўлгани учун бировга меҳр-мурувват кўрсатиш кўпчиликнинг қўлидан келади. Бироқ ёмонлик қилиб турган кимсага яхшилик қилиш фақат охиратни, Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилган инсоннинггина қўлидан келади.
“Силаи раҳм” халқимиз орасида кенг тарқалган ибора бўлиб, аслида арабчадан кириб келган. Халқ ичида у қариндошлик ришталарини ўрнатиш маъносида тушунилади. Имом Нававий буни қуйидагича таърифлайди: “Силаи раҳм, инсоннинг имкониятларидан ва муҳтожнинг ҳолатидан келиб чиқиб, бири иккинчисига эҳсон-ёрдам қилишидир. Бундай ёрдам хизмат қилиш, зиёрат этиш каби моддий ва маънавий кўринишларда бўлиши мумкин”.
Ибн Абу Жамра айтади: “Силаи раҳм мол-дунё билан ёрдамлашиш, ҳожатни адо этиш, зарарни аритиш, очиқ юз билан қараш ва яхши дуо қилиш билан бўлади”.
Ушбу таърифлардан тушунилишича, бир кишининг ўз яқинларига хоҳ моддий, хоҳ маънавий йўл билан фойдаси тегадиган, кўнглини кўтарадиган ишни қилиши силаи раҳмдир.
Ибн Мунзир эса силаи раҳмни бундай тушунтиради: “Силаи раҳм насаб ва қуда-андачилик жиҳатидан боғлиқ кишига яхшилик қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш, уларга мулойим бўлиш ва аҳволларини сўраб туришдир”.
Силаи раҳмга бундай маъно бериш кўпроқ унинг луғавий ва истилоҳий жиҳатларини жамлаш-мувофиқлаштириш туфайли келиб чиққан. Чунки “раҳм” сўзи араб луғатида бачадон, қариндошлик маъноларида ишлатилади. “Сила” сўзи эса боғлаш маъносида. Демак, “қариндошликни боғлаш”нинг маъноси қариндошлик тақозо қилган ишларни амалга оширишдир.
Силаи раҳмнинг ҳукми борасида Қози Иёз бундай дейди: “Силаи раҳмнинг вожиблиги, уни узиш катта гуноҳ экани борасида ихтилоф йўқ. Ҳадиси шарифлар шунга далолат қилади. Бироқ силаи раҳмнинг даражалари турлича бўлиб, баъзилари бошқаларидан устун туради. Уларнинг энг қуйиси салом беришнинг ўзи билан бўлса-да, қариндошлар билан алоқа боғлаш. Силаи раҳм шахсларнинг ҳолати ва амалнинг турига кўра, вожиб ёки мустаҳаб бўлади”.
Масалан, хасталанган қариндошни зиёрат қилиш вожиб бўлса, ҳурсандчилик кунида ҳурсандчилигига шерик бўлиш учун зиёратига бориш мустаҳабдир.
Уламолар силаи раҳм вожиб бўлишига қуйидаги оятларни далил қилиб келтирган:
﴿۞إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُ بِٱلۡعَدۡلِ وَٱلۡإِحۡسَٰنِ وَإِيتَآيِٕ ذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَيَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِ وَٱلۡبَغۡيِۚ يَعِظُكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَذَكَّرُونَ٩٠﴾
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни умумий маънода адолат ва эзгу ишларга, шу жумладан, қариндошларга яхшилик қилишга буюриб, бузғунчилик ва ёвуз ишлардан қайтараётган бўлса, қуйидаги оятларда хайр-эҳсон ва яхшиликларни аввало кимларга қилиш кераклигини баён этмоқда.
﴿يَسَۡٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلۡ مَآ أَنفَقۡتُم مِّنۡ خَيۡرٖ فَلِلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۗ وَمَا تَفۡعَلُواْ مِنۡ خَيۡرٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ٢١٥﴾
«Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Нимани хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билувчидир» (Бақара, 215).
﴿۞وَٱعۡبُدُواْ ٱللَّهَ وَلَا تُشۡرِكُواْ بِهِۦ شَيۡٔٗاۖ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنٗا وَبِذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡجَارِ ذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡجَارِ ٱلۡجُنُبِ وَٱلصَّاحِبِ بِٱلۡجَنۢبِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ مَن كَانَ مُخۡتَالٗا فَخُورًا٣٦﴾
«Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Ота-оналарга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада яқинларга яхшилик қилишни Ўзига ибодатда бўлиш ва Ўзига ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик борасидаги буйруқлари қаторида зикр этмоқда. Маълумки, Аллоҳ таолони қўйиб, бошқа нарсаларга ибодат қилиш Исломда энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, умр давомида қилинган барча солиҳ амалларни чилпарчин қилади ва чин тавбасиз асло кечирилмайди. Демак, ояти каримада зикр этилган шахсларга яхшилик қилиш ҳам шариатнинг энг муҳим талабларидандир. Ким муҳтож ҳолдаги яқинига, хоҳ отаси бўлсин, хоҳ бошқа қариндоши бўлсин, имкони борича ёрдам қўлини чўзмаса, гуноҳкор бўлади. Бу қилмишига қиёматда жавоб беришига тўғри келади. Ушбу ояти карима “намоз, рўзаларимни адо қилиб юрибман-ку, ҳамма ўзи учун ҳаракат қилсин, уларнинг ҳам қўл-оёғи бор, ахир, менинг топганим ўзим учун ҳалол, ўз ҳожатларимга қанча сарфласам ҳам бўлаверади, бировларга ёрдам бериш савобли иш, қилса, катта савоб бўлади, қилмаса, гуноҳи йўқ”, дейдиган кишиларнинг хато ақидаларига қарши очиқ-ойдин раддиядир.
Шунингдек, қариндошларнинг гуноҳ бўлмаган, сизга нисбатан қилган майда озор ва азиятларини кечириб юбориш ва хатоларидан кўз юмиш ҳам силаи раҳм қаторига киради. Силаи раҳмнинг айни шу турини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз шарҳлаётган васиятларида баён қилдилар.
Силаи раҳм қилишга бир неча сабаблар борлиги китобларда зикр этилган. Уларни бирма-бир далиллари билан эслаб ўтсак:
- Имон. Инсонни инсонга боғловчи энг кучли сабаб унинг қалбидаги имон-эътиқодидир. Чунки бир инсон сиз ишонган нарсага ишонса, наздингиздаги улуғ нарсаларни – қадриятларингизни қадрласа, сиз ёмон кўрган нарсани ёмон кўрса, қисқа қилиб айтсак, қалб истаклари сизники билан бир бўлса, шубҳасиз, бундай одамни сиз ҳам ҳурмат қиласиз, унга дўст бўлишга интиласиз, ёрдам қўлини чўзишга тайёр турасиз. Ушбу ояти каримани барчамиз яхши биламиз:
﴿إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ إِخۡوَةٞ فَأَصۡلِحُواْ بَيۡنَ أَخَوَيۡكُمۡۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُرۡحَمُونَ١٠﴾
«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардир. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот, 10).
﴿فَهَلۡ عَسَيۡتُمۡ إِن تَوَلَّيۡتُمۡ أَن تُفۡسِدُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَتُقَطِّعُوٓاْ أَرۡحَامَكُمۡ٢٢﴾
«Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқ, сизлар ерда бузғунчилик қиласиз ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз» (Муҳаммад, 22).
Демак, силаи раҳмни узиш имонсизлик аломатларидан бўлиб, фасод ҳамда бузғунчиликнинг бошланишидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар бир-бирларида ҳақ-ҳуқуқлари борлигини ва уларга риоя қилиш кераклигини баён қилганлар:
Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин учун мўминнинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир. Мўмин мўминнинг биродаридир, уни бефарқ ташлаб қўймайди, унга зулм ҳам қилмайди. Тақво бу ерда”, дедилар ва кўкракларига ишора қилдилар» (Имом Аҳмад ва Имом Муслим). Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин ўз ҳаётида мўминларга нисбатан муносабатларида доимий равишда эътибор бериши керак бўлган шариат ҳукмларини баён қилганлар.
Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ўз биродари савдосидан воз кечиб кетмагунича савдосининг устига савдо қилиши, совчилиги устига совчи қўйиши мўмин учун ҳалол эмас”» (Имом Муслим). Ушбу ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлик сабабидан вужудга келадиган силаи раҳмни кесувчи сабабларнинг иккитасидан қайтарганлар.
- Қариндошлик. Насаб бир бўлиши кишиларни бир-бирларига боғловчи сабаблардандир. Шубҳасиз, инсон дунё ҳаётида маълум маконда, маълум муддатда турмуш кечиради. У ҳаёти мобайнида бировларнинг ёрдамига муҳтож бўлади ва у ҳам кимларгадир ёрдам қилиши лозим бўлади. Бундай ўзаро ёрдамларнинг, аввало, насаб жиҳатидан қариндошлар ўртасида бўлиши барча инсонлар наздида одат тусига кирган. Қариндошлик ришталарини боғлаш, қариндошлар ҳақларига риоя қилиш борасида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Силаи раҳм борасида келган оят ва ҳадисларнинг аксарияти насаб жиҳатидан қариндошлик алоқаларини боғлаш борасидадир.
Ота-она, бобо-буви, ака-ука, опа-сингил, амаки, амма, тоға, хола, жиян ва бошқалар насаб жиҳатидан қариндошлардир. Ислом шариатининг мерос тақсимоти, нафақа вожиблиги каби масалалари насаб жиҳатидан қариндошликка боғлиқдир. Бундай яқинлик қариндошларга ўзаро меҳр-мурувватли бўлишни вожиб қилишидан ташқари, баъзи масъулиятларни ҳам юклайди.
Қариндошлик алоқаларини ўрнатишнинг вожиблигига далолат қилувчи баъзи оятларни зикр қиламиз:
﴿وَٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهۡدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقۡطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفۡسِدُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ أُوْلَٰٓئِكَ لَهُمُ ٱللَّعۡنَةُ وَلَهُمۡ سُوٓءُ ٱلدَّارِ٢٥﴾
«Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд, 25). Ушбу ояти каримада қариндош-уруғчиликни узиш Аллоҳ таоло билан тузилган аҳдни бузиш ва ер юзида бузғунчилик қилиш гуноҳлари билан бир қаторда зикр қилинган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндош-уруғчилик ришталарини боғлашингиз учун насабларингизни ўрганинглар. Чунки силаи раҳм аҳли оилага муҳаббат, мол-дунёнинг кўпайиши ва умрнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади”, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифда бевосита ҳар бир мўминга ўз насабини билиши кераклиги уқтирилмоқда. Насл-насабни билишдан кўзланган мақсад қариндошлар билан алоқалар ўрнатиш, уларга ёрдам беришдир, улар билан фахрланиш ва шуҳрат қозониш эмас.
Ўзбек халқи азалдан қариндош-уруғчилик, маҳалла-кўйчилик муносабатларини маҳкам тутади. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақол халқимиз орасида бежиз тарқалмаган. Ушбу ришталарнинг намуналарини халқимизнинг ҳашар, тўй, ҳайит ва таъзия каби маросимларида яққол кўришимиз мумкин. Бир инсон ёлғиз ўзи қилолмайдиган кўплаб ишларни маҳалла-кўй ёрдамида ҳашар йўли билан амалга оширади. Тўй-ҳашамлар қариндош-уруғ ва маҳалла-кўйнинг иштирокисиз ўтмайди. Таъзия маросимларига бормаслик эса халқ орасида кечириб бўлмайдиган айб ҳисобланади.
- Эмикдошлик. Чақалоқ ўз онасидан бошқа аёлни эмиши билан ўша аёл унга она, аёлнинг эри ота, фарзандлари эса ака-ука ва опа-сингилларга айланади. “Разоат”нинг луғавий маъноси эмиш бўлса-да, шариат китобларида ушбу сўз келса, одатда бегона аёлни эмиш назарда тутилади. Бегона аёлни эмиш ортидан жуда кўп шаръий ҳукмлар келиб чиқади. Бироқ эмикдошлик ҳукмларининг собит бўлиши учун эмишнинг ҳолати ва эмаётган пайтда гўдакнинг ёши эътиборлидир. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳабида икки ярим ёшгача бўлган гўдак эмса ва гўдакнинг қорнига аёлнинг сути кирса, эмикдошлик ҳукмлари собит бўлади. Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Туғиш-туғилиш орқали кимлар маҳрам бўлса, эмиш-эмизиш орқали ҳам ўшалар маҳрамга айланади”, дедилар». Содда қилиб айтадиган бўлсак, бир гўдак онасидан бошқа бир аёлни эмиши, сутидан озиқланиши билан ўша аёлнинг фарзандига, оила аъзосига айланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган даврларида арабларда чақалоқларни онасидан бошқа аёлларга эмизишга бериш одат тусига кирган эди. Шу жумладан, Сарвари олам ҳам ўз оналаридан бошқа яна уч аёлни эмганлар. Улар Ҳалима Саъдийя, Умму Айман ва Сувайба. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сут оналарига қанчалик ҳурмат-эҳтиром кўрсатганлари ҳақидаги ривоят сийрат китобларида кўп келтирилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эмикдош сингилларига кўрсатган мурувватлари ҳақидаги кичик бир воқеани эслаб ўтсак:
Ҳунайн ғазотида асирга тушганлар сони олти минг эди. Улар ичида бир аёл мусулмонларга: “Мен соҳибингизнинг опаси бўламан”, деди. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб келишди. У: “Эй Муҳаммад, мен сенинг опангман”, деб ўзини таништирди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлни танидилар ва ўрниларидан туриб, ридоларини ерга тўшадилар ҳамда қувонч кўзёшларини тия олмай, анча йиғладилар. Анча суҳбатдан сўнг у имон келтирди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларида йўқ хурсанд бўлдилар. Дийдорлашув ниҳоясида аёлни жуда кўп совға-саломлар билан уйига кузатиб қўйдилар. У аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га гўдакликларида меҳр кўрсатиб, энагалик қилган Ҳалима Саъдийянинг қизи Шаймо эди. Баъзи ривоятларда ушбу воқеада Шаймо билан бирга унинг онаси Ҳалима ҳам келган, дейилса, баъзиларида ҳар қайси алоҳида келган, дейилади. Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни эмизган оналари ва эмикдош опалари абадий саодатдан насибадор бўлди. Шу ўринда эслаб ўтиш зарур, Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан кенгаш қилиб, Ҳунайнда қўлга тушган барча асирларни озод қилдилар.
Эмикдошлик ортидан инсонлар ўртасида меҳр-оқибатларга сабаб бўладиган алоқаларнинг вужудга келиши динимиз талаби экан, халқимиз бу борада ҳам ҳар соҳада кузатилганидек, бошқа халқларга намуна бўла олади.
Силаи раҳм нафақат Ислом дини, балки Аллоҳ таоло олдин нозил қилган бошқа китобларнинг ҳам энг муҳим талабларидан бўлган. Бунга Қуръони каримнинг ушбу ояти гувоҳлик беради:
﴿وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ ثُمَّ تَوَلَّيۡتُمۡ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنكُمۡ وَأَنتُم مُّعۡرِضُونَ٨٣﴾
«Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз сўзланг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, эй Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз (ушбу аҳддан) юз ўгирдингиз» (Бақара, 83).
Ушбу ояти карима маъносидан бошқа қавмларда ҳам силаи раҳм шаръий талаб бўлгани кўринади.
Силаи раҳм мавзуида хулоса қиладиган бўлсак, осон ва енгил амаллар билан бўлса-да, силаи раҳмни ўрнатган киши оятларда қораланган кимсалар қаторига кирмайди. Бироқ зиммасига вожиб бўлган, ўзи қодир бўлган силаи раҳмни тўлиқ амалга оширмаса, у динимиз талаб қилган амални адо этган бўлмайди, балки оят-ҳадисларда огоҳлантирилган кишилар тоифасига кириб қолади.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтиш;
Аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни айтиш;
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]
Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.
“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.
“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.
Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)
[2] Имом Бухорий ривояти(1913)
[3] Имом Насаий ривояти(1641)
[4] Имом Бухорий ривояти(952)