www.muslimuz
БАҚАРА СУРАСИ, 102–103 ОЯТЛАР
وَٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ١٠٢
102. Ва улар Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар ўқиган нарсага эргашиб кетишди. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр ўргатишгани учун шайтонлар кофир бўлишди ҳамда Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага тушган нарсага эргашишди. Ҳолбуки иккови: "Бизлар синовмиз, яна кофир бўлиб қолма" демай туриб ҳеч кимга сеҳр ўргатмас эди. Икковидан эр-хотин орасини бузишни ўрганишарди, ваҳоланки, улар Аллоҳ изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олишмайди. Улар ўзларига зарарли ва бефойда нарсани ўрганишади. Ахир уни алмаштирганга охиратда насиба йўқлигини билишади-ку! Насибаларини нақадар ёмон нарсага сотиб юборишганини билишмасмикин?!
Яъни, яҳудийлар ўз динлари ва китобларини бир четга қўйиб, сеҳр ва жоду ўрганишга киришиб кетишди. Уларга сеҳр икки тарафдан маълум бўлган эди: биринчиси – ҳазрати Сулаймон подшоҳлиги замонида инсонлар ва шайтонлар аралашиб юришарди, уни ўша шайтонлардан ўрганишган. "Бу тоифа сеҳрни Сулаймон алайҳиссаломга нисбат берарди. Улар: "Сулаймон алайҳиссалом пайғамбар эмас, балки бир сеҳргардир, шу сеҳр қувватидан инсонлар ва жинларга баробар ҳукмронлик қилади", деб бўҳтон қилишарди. Бунинг зиддига ушбу оят нозил бўлди" (Ибн Исҳоқ зикр қилган, Собунийнинг "Равоиъул баён" тафсири, 1-жуз).
Аллоҳ таоло уларнинг бу гапи беҳудалигини баён қилиб марҳамат этадики, сеҳр Сулаймоннинг иши эмас, чунки у куфрдир, Сулаймон эса кофир эмас. Иккинчи томондан, Бобил аҳолиси Ҳорут ва Морут исмли икки фариштадан сеҳр ўрганган. Аммо улар сеҳр ўрганмоқчи бўлганларни "Биз Аллоҳ томонидан юборилган бир фитна-синовмиз, яна кофир бўлиб қолманглар" деб албатта огоҳлантиришар эди. Шунга рози бўлганларгагина сеҳр ўргатишар эди. Имони заифлар охиратларини дунёга сотишди ва сеҳр орқали кўпчиликка зарарлари тегиб, имондан бебаҳра қолишди. Ҳозирда ҳам аксар сеҳргарлар сеҳрни қабиҳ ниятда, эр-хотинни ажратиш ёки дўстлар орасини бузиш, инсонлар ўртасига душманлик солиш, жамиятда фасод тарқатиш каби ишларда қўллашади. Ким сеҳрни бир инсонга озор ва зарар етказиш учун ишлатса, ҳақ йўлдан адашади, имон гавҳаридан ажрайди, чунки сеҳр киши имонининг синовидир.
Имрон ибн Ҳорис айтади: "Биз Ибн Аббос олдида ўтирган эдик. У киши бундай дедилар: "Шайтонлар осмондан хабарларни ўғринча эшитиб олар, сўнг битта ростига етмишта ёлғон қўшиб, одамлар дилига сингдирар эди. Буни Сулаймон алайҳиссалом билиб қолдилар ва барча хабарларни тўплаб курсилари остига кўмиб қўйдилар. У зот вафот этгач, йўл шайтони туриб (одамларга): "Сулаймоннинг беркитилган хазинасини кўрсатайми? Бу каби хазина ундан бошқада йўқ", деди. Одамлар рози бўлишганида у: "Хазина курси тагида", деди. Одамлар уни топиб: "Бу Сулаймоннинг сеҳри, у билан умматни сеҳрлаган", дейишди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни оқлаб, ушбу оятни нозил қилди".
Калбий эса бундай дейди: "Шайтонлар Осифнинг тилидан сеҳр ва ҳар хил руқияларни (дуоларни) ёзиб: "Булар Осиф ибн Барҳиянинг Сулаймон подшоҳга ўргатган нарсалари", дея Аллоҳ у кишининг подшоҳлигини олаётганида меҳроблари остига кўмиб қўйишди. Сулаймон алайҳиссалом буни сезмадилар. У киши вафот этгач меҳроб остидан бояги нарсаларни чиқариб олишди ва одамларга: "Сулаймон сизларга шу нарсалар билан ҳукмронлик қилган, сизлар ҳам буни ўрганинглар", дейишди. Бани Исроил олимлари буни ўрганиб: "Аллоҳ сақласин, бу Сулаймоннинг илми эмас", дейишди. Аммо жоҳил кимсалар "Сулаймоннинг илми шу экан" дея уни ўрганишга киришиб кетишди ва пайғамбарларининг китобини инкор қилишди. Шундай қилиб, Сулаймон алайҳиссаломга туҳмату бўҳтонлар ёғилди ва бу то Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни юборгунча давом этди. Аллоҳ Сарвари оламга Сулаймон алайҳиссаломнинг бу нарсалардан поклигини айтиб, ушбу оятни нозил қилди" (Асбабун-нузул", 23-бет).
Сеҳр куфрдир, ҳалок қилувчи етти улкан гуноҳдан (гуноҳи кабирадан) биридир. Сеҳр билан шуғулланувчилар кофирдир, уларнинг жазоси жуда қаттиқдир. Сеҳрдан топилган пул эса ҳаром ва жирканчлидир. Баъзи илмсиз, жоҳил кимсаларнинг бошқаларга зулм қилиш ёки ғанимларидан ўч олиш ёхуд бошқа сеҳргарнинг сеҳрини қайтариш учун сеҳргарга боришлари, унинг сўзига ишонишлари ҳам ҳаромдир. Сеҳрдан охират учун ҳеч қандай фойда йўқ, аксинча унинг зарари катта. Аллоҳ таолонинг изнисиз сеҳргар ҳеч кимга зарар етказа олмайди. Сеҳр ва жоду билан шуғулланувчилар бунинг ўрнига дин ва Китобни ўрганишса, савобга эришган бўлишарди. Мўмин-мусулмонлар ҳаёт қийинчиликларида фақат Аллоҳдан ёрдам исташлари, дуо ва илтижолар билан Унинг Ўзигагина юзланишлари даркор. Шайтон, жин ва сеҳргарлар ёмонлигидан сақланиш учун Қуръони карим сураларини ўқиб юришга тарғиб қилинади. Ҳадиси шарифда бундай ҳолларда Ёсин, Ҳашр сурасининг охири, Қадр, Кафирун, Ихлос, Фалақ, Нас сураларини, Оятул-Курсий ва бошқа сура-оятларни мунтазам ўқиб юриш тавсия этилади (Алийул Қори, "Мирқотул-мафотиҳ", 8-жуз).
وَلَوۡ أَنَّهُمۡ ءَامَنُواْ وَٱتَّقَوۡاْ لَمَثُوبَةٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ خَيۡرٞۚ لَّوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ١٠٣
103. Агар улар билишса, имон келтириб, Аллоҳдан қўрқишганида Аллоҳ ҳузуридаги савоблари яхшироқ эди.
Аллоҳга имон келтириш ва ҳар ишда Ундан қўрқиш мўминликнинг асосий талабларидандир. Агар куфр ва ширк йўлини тутган кимсалар Аллоҳга имон келтириб, У Зотдан қўрқишганида Парвардигорларининг ҳузурида улкан савобларни қўлга киритган, Унинг тақволи бандаларига ваъда қилган ажр-мукофотларини қўлга киритган бўлишарди. Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эртаси учун нима тайёрлаб қўйганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ чиндан ҳам қилаётган амалларингиздан хабардордир" (Ҳашр, 18). Имом Абу Лайс Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзади: "Аллоҳ таолодан қўрққан киши тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан, бекорчи сўзларни айтишдан тияди, ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикри, Қуръон тиловати ва маърифий суҳбатлар ила машғул бўлади; қалбида мусулмон қардошларига нисбатан душманлик, кин, адоват, ҳасад каби ғайриинсоний иллатлар бўлмайди; кўзини қараш тақиқланган нарсалардан тўсади, дунёга ибрат назари билан боқади; меъдасини нопок луқмалардан асрайди; қўлини фақат Аллоҳ рози бўладиган нарсаларгагина узатади; оёғи исён йўлида эмас, тоат, ибодат йўлида, илм мажлислари сари одимлайди; Аллоҳ таолодан қўрққан одам фақат Унинг ризоси учун, Унинг Ўзигагина ибодат қилади, риёдан ва ўзини ҳамда ишларини инсонларга кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади".
Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш ҳақида
#Эслатма
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш ҳақида шундай деганлар:
"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ" (روَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ)
яъни: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Суфён Саврий (р.а): “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб, унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар.
Суфён ибн Уяйна (р.а): “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деганлар.
Демак, Ашуро куни рўзғорни бут қилиб олинса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади.
Ислом цивилизацияси маркази директори юксак орден билан мукофотланди
Муҳтарам Президентимиз Фармонига асосан кўп йиллик самарали меҳнати, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Миноваров Шоазим Шоисломович «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллик қадрдон Шоазим Миноваровни юксак мукофот билан қутлаб, у кишига Аллоҳ таолодан улкан зафарлар ва шарафли натижалар тилайди.
Маълумки, мамлакатимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини ва буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини намоён этиш, юртимизда муборак динимизнинг ҳақиқий мақомини тарғиб қилиш мақсадида, Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига Шоазим Миноваров раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Ислом цивилизацияси маркази 12 та халқаро нуфузли халқаро ташкилот ва йирик муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатди. Жумладан, Истанбулдаги Тўпқопи музейи, Ибн Холдун университети, Ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Париждаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи ва бошқа қатор ислом ва унинг тарихини ўрганиш марказлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳам ўз меваларини аллақачон бера бошлади. “Танланган ҳадислар”, “Буюк аждодларимиз”, “Иймон ва эътиқод”, “Вақфия”, “Панднома”, “Амир Темур. Тузуклар” асарлари нашрдан чиқарилди.
“Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти” маълумотномаси ва “Ислом цивилизацияси қомусий луғати”нинг биринчи жилди нашрга тайёрланди. “Ўзбекистон ислом цивилизацияси” илмий журнали чоп этила бошланди, жаҳоннинг 32 мамлакатида марказнинг тақдимотлари ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Шоазим Миноваров Тошкент Француз альянсига у ташкил этилган 2015 йилдан буён раҳбарлик қилади. У – тажрибали дипломат ва моҳир таржимон сифатида ҳам эътироф этилиб, фрунцуз ҳукуматининг «Хизматлари учун» кавалер ордени билан тақдирланган. Шоазим Миноваров Француз тили ва адабиёти илмини мукаммал эгаллаган таржимон сифатида даставвал Франсуа Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескьенинг “Форс номалари” (ҳамкорликда) романларини, Ле Клезионинг “Монде ва бошқа ҳикоялар”ини ўзбек тилига бевосита ўгирган бўлса, кейинги йилларда таниқли адибимиз Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва бир қатор ҳикояларини ўзбек тилидан французчага таржима қилиб Европага танитди. Ушбу таржима 2015 йил “Adieu aux contes de fées” (“Сеҳрли эртаклар билан хайрлашув”) нашр қилинди ва Парижда ЮНЕСКО қароргоҳида унинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Турли йиллар мобайнида Шоазим Миноваров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимларида ҳам хизмат қилган. У – “Мустақилликнинг 15 йиллиги” кўкрак нишони ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Шоазим Миноваровни юксак орден билан қутлаш баробарида Яратган Парвардигордан узоқ йиллик қадрдонга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахту саодат, файзу барака тилайди. Ҳақ таолодан эл-юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган меҳнатларида улкан муваффақиятлар ато этишини сўрайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
2. БАҚАРА СУРАСИ, 99–101 ОЯТЛАР
وَلَقَدۡ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ءَايَٰتِۢ بَيِّنَٰتٖۖ وَمَا يَكۡفُرُ بِهَآ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقُونَ٩٩
99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этишади.
Фосиқ кимсаларгина бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб турган Қуръон оятларини инкор қилишга журъат этишади. Чунки уларнинг буни тан олишдан куфрлари, кибрлари, ҳасадлари тўсиб туради. Шундайлардан бири Мадина яқинидаги Фадақ деган мавзеда яшовчи яҳудий роҳиби Абдуллоҳ ибн Сурия исмли кимса эди. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан "Сенга қайси фаришта тушади?" деб сўрайди ва Жаброил номини эшитиб бу улуғ фариштани ёмонлашга тушади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бу оят Ибн Сурия саволига жавобдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Муҳаммад, биз биладиган бирор нарсани бизга келтирмадинг, сенга бирор аниқ оят тушганини билсайдик, биз унга эргашсак" деганида Аллоҳ азза ва жалла мазкур оятни нозил қилди".
أَوَ كُلَّمَا عَٰهَدُواْ عَهۡدٗا نَّبَذَهُۥ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۚ بَلۡ أَكۡثَرُهُمۡ لَا يُؤۡمِنُونَ١٠٠
100. Ҳар гал улар аҳдлашса, бошқа бир гуруҳи уни бузаверадими? Аслида уларнинг аксари имон келтирмайди.
Яҳудийларнинг фосиқ ва кофирлари бошларига бирор бало ёки мусибат келса, дарров Аллоҳга ёлбориб қолишади, Унга аҳду паймон қилишади. Аммо орадан кўп ўтмай улардан бошқа бир гуруҳи берилган аҳдларни ҳеч нарса бўлмагандай бузиб кетаверади. Чунки уларнинг аксарияти имонсизлардир: Аллоҳга, Унинг пайғамбари, фаришталари ва китобларига ишонмайди.
Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бизга мурожаат қилсалар, “Омонати йўқ кишининг имони йўқ. Аҳди йўқ кишининг дини йўқ”, дер эдилар». Яъни, омонатга хиёнат қиладиган кимса имонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса динсиздир. Ҳар қандай ишдаги хиёнат қабиҳ бўлиб, баъзилари айниқса ёмонроқдир. Аҳлингиз ё молингизга хиёнат қилган кимса билан арзимас пулингизга хиёнат қилган кимса тенг эмас.
وَلَمَّا جَآءَهُمۡ رَسُولٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٞ لِّمَا مَعَهُمۡ نَبَذَ فَرِيقٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَرَآءَ ظُهُورِهِمۡ كَأَنَّهُمۡ لَا يَعۡلَمُونَ١٠١
101. Уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагиларни тасдиқлаб Пайғамбар келганида Аҳли китобларнинг бир гуруҳи Аллоҳ Китобини билмагандек ортларига отишди.
Ваъдасида турмаслик, аҳдни бузиш яҳудийларнинг эски одатларидир. Пайғамбар солллаллоҳу алйҳи васаллам сифатларини Тавротда кўриб қолиб, уни йўқотишдан бошқа йўл топишолмади. Юқоридаги оятнинг нозил бўлиши ҳақида имомлардан бирининг бундай ривояти бор: "Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Таврот тўғрисида нима сўрашса, Набий уларга жавоб қилар эдилар. Улар сеҳр тўғрисида сўраб, Расулуллоҳ билан тортишиб қолишди. Шунда ушбу оят нозил қилинди" (Абу Олия ривояти).
Исломшунос олим орден билан тақдирланди
Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ушбу фармон ила Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ислом тарихи ва манбашунослиги кафедраси профессори, таниқли арабшунос, шарқшуноc, исломшунос олим Ҳасанов Аҳаджон Аҳмеджонович ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва жамоаси таниқли исломшунос олим Аҳаджон домла Ҳасановни юксак давлат мукофоти билан муборакбод этади.
Аллоҳ таолодан улуғ 80 ёшни қаршилаган, кўплаб шогирдларнинг устози, ёш авлодга илм-маърифат улашишда фаоллик кўрсатиб келаётган устоз Аҳаджон домла Ҳасанов мустаҳкам соғлик, куч-қувват ва муваффақият сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати