www.muslimuz
Рўзанинг фарз бўлишидаги ҳикматлари (Танловга)
Бутун мусулмон оламида, жумладан, юртимизда ҳам Рамазони шариф ўзининг файзи ва баракоти ила давом этмоқда. Рамазон ер ва осмонлар зийнатланадиган, қалбларни юмшатиб гўзаллаштирадиган, жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари беркитилган ҳамда савоблар беҳисоб бериладиган ой. Рамазон ойи рўзасини тутиш иккинчи ҳижрий йилда фарз бўлган. Яъни, Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий йилда Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилган.
Рамазон рўзасини тутиш исломнинг беш асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Рўза Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун тонг отгандан то қуёш ботгунгача ейиш-ичиш, шаҳвоний нафслардан ўзини тийиш ва ҳар хил гуноҳларга сабаб бўладиган ишлардан сақланишга сабаб бўладиган ибодат. Аллоҳ таоло бандаларига иймонни, намозни, ҳалолга буюриб, ҳаромдан қайтарди. Темирчи темирни бир оловга, бир сувга солиб тоблаганидек, Аллоҳ таоло бандаларини турли ибодатларга буюриб, уларнинг иймонини, жисму жонини пўлат каби тоблашни ихтиёр қилди. Англаб етганимиздек, Ислом динида ҳар бир ибодатнинг ўз моҳияти ва ҳикмати бор. Жумладан, инсонларга рўза тутишнинг фарз қилинишида ўзига хос ҳикмат ва фазилатлар бор. Улар Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, нафсни жиловлаб бадан ва руҳни тарбиялашдир. Қуйида улар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз:
Аввало, инсонларга рўза тутишнинг фарз қилиниши олий ҳикмати ояти каримада айтилганидек, бу – инсон рўза тутиш билан қалбини турли хил ғиллу ғашлардан поклаб, ниятни холис қилиб нафсини жиловлаш ҳамда қалбда тақвосини зиёда қилиб, шу орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳдан савоб умид қилиб бир ой давомида ўз ихтиёри билан кундуз кунлар емоқ-ичмоқдан, шаҳватдан ўзини тўхтатиб юрган инсон бу дунёсида ҳам, охиратида ҳам улкан фойдалар топади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон рўзасини иймон ила савоб тилаб тутса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар[1].
Бошқа бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон кирса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар занжирланади”, деганлар.[2]
Рўза тутувчиларга ажр, савоб ва охират даражаларини ваъда қилувчи бу каби ҳадислар жуда ҳам кўп. Лекин рўза тутишнинг фойдаси шу билан чегараланиб қолмайди. Балки, рўза тутишда бугунги кунда инсон жисмига ва унинг руҳиятига ҳамда ҳаётига фойдалари жуда кўп. Зеро, Рамазон рўзасининг фарз қилинишининг яна бир ҳикмати ҳам нафсни жиловлаб, руҳни тарбиялашдир.
Ҳар нарсанинг закоти бўлганидек, баданнинг ҳам закоти бор. Баданнинг закоти эса рўзадир. Банда закот билан молини тозалагани каби, рўза билан ҳам қалбини ва руҳини хар хил иллатлардан тозалайди ва ўзини руҳан ва жисмонан тарбиялайди. Инсон молидан закот бериш орқали молини ҳалокатдан сақлагани каби, рўза тутиш билан жисмига келадиган турли зарарли иллатлардан холос бўлади. Табиблар инсон рўза тутиш сабабли тўғри овқатланадиган рўзадорнинг жисмига келадиган фойдаларни санаб ўтишган. Қуйида уларнинг айримларини келтирамиз:
Рўзадор киши қонида холестирен камайиб склероздан холос бўлади, ўпка тозаланади, тутқаноқдан холос бўлади, саратон, қанд, экзема, аллергия, бронхиал астма, бронхит, бавосил, жигар касалликларидан холос бўлади. Ичаклар турли иллатлардан тозаланади, рўза бўғинлар шишига фойда беради, юрак атрофини ёғ қоплашидан сақлайди, қон босими нормаллашади, қон айланиши фаоллашади, қон томирлари торайиши йўқолади, шаҳвоний ҳирс камайиб у сабабли келадиган касалликлардан ҳимояланади, қон томир ва тўқималарида тўпланиб қолган заҳарли моддалар тозаланади, буйракда тош пайдо бўлишини олдини олади, семизликдан қутулади, иммунитет кўтарилади ва бошқалар.
Рамазон рўзасининг инсон руҳиятига ижобий таъсирлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсак. Рўза инсонни ҳалол покликка даъват этади, унинг нафсини тарбиялаб, қалбини ғуборлардан тозалайди ва руҳан комилликка ундайди. Инсон бир ойлик Рамазон рўзасини тутиш билан бир йилга татигулик руҳий озуқани ғамлайди. Йил бўйи ўзининг нафсини бошқара оладиган, иродаси мустаҳкам, сабр-қаноатли ва ҳар хил ёмон ишлардан ўзини сақлайдиган инсон бўлади. Чунки рўза тутган одам нафақат ўзини таомдан, балки ёмон ишлардан ҳам ўзини тўхтатишга ҳам мажбурдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ёлғон сўзни ва унга оид ишларни ташламаса, Аллоҳ таолога унинг емоқ ичмоғини тарк этганига савоб беришни ҳожати йўқдир”, дедилар[3].
Рамазон ойи гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Бу ойда бирор киши билан тортишиш ва жанжаллашиш яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бинобарин, рўза тутган киши ҳақорат сўзларинин тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман”, десин!”, дедилар”[4].
Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Камбағал-мискинларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса, очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан оч-ялонғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди.
Рамазон руҳан покланиш ва ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазон ойида шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланади ва кишиларнинг ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бу ойда қилинган гуноҳнинг бошқа ойларда қилинган гуноҳлардан жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазон ойида барча ахлоқсизликлардан ва гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ёлғон гапирилмайди, тухмат ва бўҳтон каби ишлардан узоқ турилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ёлғон сўзлашни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди”[5].
Рўза ўз соҳибини ёмонлик ва гуноҳлардан асрайдиган бир қалқондир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: “Рўза (тутмоқлик) дўзах ўтидан асровчи воситадир!”[6].
Ибн Можада келган бошқа бир ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қалқон жангда сизни асрагани каби рўза ҳам жаҳаннам оловидан асрайди”[7].
Бугунги кунда меҳр шафқатга, раҳмдилликка ва хайри эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади. Рамазон шарифда ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг сахий одам эдилар. У кишининг энг сахий бўлишлари Рамазонда бўлар эди”, дейилган[8].
Биз Рамазоннинг фойдалари ҳақида денгиздан бир томчисини айтиб ўтдик, холос. Рўзанинг ҳикматларини баён қилар эканмиз, рўзадор киши рўза тутишдан ниятининг холислиги, Аллоҳ таолодан савоб умид қилиб, ўзига бир йилга еткулик руҳий озуқа тақвони ғамлаб олишга алоҳида аҳамият бериши лозим эканлигини таъкидлаш лозим. Чунки киши рўзадор бўлсаю, аммо унинг рўза тутмоғидан кўзланган мақсад ҳосил бўлмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганларидек, барча аъзоларини гуноҳдан тиймаса, ундай киши очлик ва чанқоқликдан ўзга нарсага эга бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен – Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири – ифтор вақтида, иккинчиси – Парвардигорга йўлиққанида”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).
Рамазон ойида ҳам, ҳар қачонгидек беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, кўнгли ярим инсонларни йўқлаш, болаларга ҳадялар бериш каби гўзал урф-одатларимизни эсдан чиқармайлик. Ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз, устозларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, эски гина-кудратларни унутиб, силаи-раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олишга шошилайлик.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул ғофилийн”. Б 315.
[2] Абу Бакр Байҳақий. “Шуъбул-ийман”. 3-жуз. Б 300.
[3] Имом Термизий. Сунани Термизий. 707- ҳадис.
[4] Имом Бухорий. Рўза китоби. 1894-ҳадис.
[5] Имом Бухорий. Рўза китоби. 1903-ҳадис.
[6] Имом Бухорий. Рўза китоби. 1894-ҳадис; Имом Муслим. Рўзанинг фазилати боби. 2761-ҳадис.
[7] Ибн Можа. Сунан. 1639-ҳадис.
[8] Шайх Муҳаммад Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва Ҳаёт”. 9-ж.Б 89.
Ислом тарихи: ҲИЖРАТ. ИСЛОМ ДАВЛАТИНИ БАРПО ҚИЛИШ
ЖИНЛАРНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ИЙМОН КЕЛТИРИШИ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Макка томон йўл олдилар.
Йўлда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тонгда намоз ўқиётганларидаги қироатларини эшитган бир гуруҳ жинлар у зотга иймон келтирдилар ва ўз қавмларини Исломга даъват қилиш учун шошилиб кетдилар. Бу ҳакда Аллоҳ таоло Аҳқоф ва Жин сураларида хабар берган.
Мазкур ҳодисанинг оғир пайтда юз бериши алоҳида ҳикматга эга бўлиб, одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилиб турганларида жинларнинг ўзларидан-ўзлари иймон келтиришлари катта гап эди.
Икковлари Маккага яқинлашганларида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг олдига қандай кирасиз? Ахир улар сизни чиқардилар-ку?!» деди.
«Эй Зайд! Аллоҳ сен кўриб турган нарсага албатта кушойиш берур. Аллоҳ Ўз динига албатта нусрат берур. Ўз набийсини ғолиб қилур», дедилар у зот.
ҲАЖ МАВСУМЛАРИДА ИШТИРОК ЭТИШЛАРИ
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсумлари эди. Ҳажга атроф-теваракдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот: «Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳ юборган расулман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У Зотга бирор нарсани шерик қилмасликка буюришга амр қилинганман. У Зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк этишга чақираман. У Зотга иймон келтиринг! Мени ўз ҳимоянгизга олинг, токи У Зот юборган нарсани етказай», дер эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб: «Эй Бану фулон! Манави сизларни Лот ва Уззони ҳамда сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмокда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.
ЯСРИБЛИКЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган Ақаба номли жойда Ясрибда (Мадинада) истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан иборат эдилар: Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳ.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар. «Хазражликлармиз», дейишди.
«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар. «Ҳа», дейишди.
«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. «Хўп», деб ўтиришди.
У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва Қуръони Каримдан тиловат қилиб бериб, Исломга чақирдилар.
Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга киришга мойиллик бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар, улар аҳли китоб бўлишгани учун кўп нарсаларни билишарди. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга: «Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашиб, сизларни ўлдирамиз. Од ва Эрам халқлари қирилиб кетгандек, сизлар ҳам қирилиб кетасизлар», дейишар эди.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб: «Билдингизми? Бу яҳудийлар васфини келтирадиган пайғамбарнинг ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дейишди.
Уларнинг барчалари иймонга келишди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайхи васалламга: «Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. Дунёда у қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват этамиз. Уларга сиздан қабул қилган динни таклиф қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан азизроқ одам бўлмайди», дейишди.
Сўнг келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳнинг ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.
БИРИНЧИ АҚАБА БАЙЪАТИ
Нубувватнинг 12-йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.
Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон бўлган эди. Улар ўшанда олти киши бўлиб, бу сафар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келмаганлар.
Бошқа етти нафар янги мусулмонлар: Муоз ибн Ҳорис, Заквон ибн Абдулқайс, Убода ибн Сомит, Язид ибн Саълаба, Аббос ибн Убода, Абул Ҳайсам ибн Тайҳон ва Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳум. Улар Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. Ўша байъатнинг иштирокчиси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:
«Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан «тўқилган бўҳтон» келтирмаслигингиз, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб, бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоратдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа иқоб қилади, хоҳласа афв этади», дедилар».
Мазкур мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб, у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар, одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг ҳузурларига қурол кўтариб келишарди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг чиройли муомалалари, қироатлари ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб кетишар эди. Ислом Ясриб бўйлаб мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борарди. У ердаги бош қабилалар – Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар. Авс қабиласи, Бану Абдулашҳал уруғининг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўлдилар.
ИСРО ВА МЕЪРОЖ ҲОДИСАСИ
Ҳижратдан бир йил олдин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Буроқ номли бир уловга миндириб, Байтул мақдисга кечқурун сайр қилдирди. У зотга Жаброил алайҳиссалом ҳамроҳ бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда набийларга имом бўлиб намоз ўқидилар, сўнгра Аллоҳ таоло у зотни осмонларга кўтарди. У ерда набийлар билан учрашдилар. Сўнг Байтул маъмурга, у ердан эса Сидратул мунтаҳога кўтарилдилар.
Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашди ва берадиган нарсаларини бериб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига намозни фарз қилди.
«Исро» сўзи луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилдириш» деган маънони англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига «Исро» дейилади.
Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари билан қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Исро сурасининг 1-ояти каримасида «бандасини» деб таъкидланиши ҳам бу ҳодиса ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, «бандасининг руҳини» деган бўлар эди. «Меърож» луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул мақдисдан Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишлари «меърож» дейилади.
Муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинт Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида уйнинг шифти очилди ва Жаброил алайҳиссалом у зотни Байтуллоҳга олиб чиқди. Шу билан Исро ҳодисаси бошланди. Буроқ номли уловга миниб, Байтул мақдисга бордилар. Сўнг у ердаги катта харсангтош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ана шу тош устига қубба – гумбаз қурилган. Унинг думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқалган. Кўпчилик билмаганлар уни Масжидул Ақсо деб тушунадилар.
Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар бир осмонга етганда, у киши эшикни очишни сўрар эдилар. Қўриқчи фаришталар «Ким?» деб сўрашарди. У киши: «Жаброил» деб жавоб берар эдилар. Улар «Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом «Муҳаммад» десалар, улар «У Пайғамбар этиб юборилдими?» дея эшикни очиб сўрашарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир осмонда пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул мунтаҳога ўгиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнг ортга қайтдилар. У зотнинг ўзлари Умму Ҳониъга қиссани тўлиқ сўзлаб бердилар.
Сўнг масжидга чиқмоқчи бўлиб, ўринларидан турдилар. Умму Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга нима бўлди?» дедилар. Умму Ҳониъ: «Агар бу хабарни айтсангиз, қавмингиз сизни ёлғончига чиқаришидан қўрқаман», деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғончига чиқарса ҳам майли», дедилар.
Чиқиб бориб Каъба ёнидаги Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исронинг хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл: «Эй Бану Каъб[1] ибн Луай жамоаси, келинглар!» деб бақирди. Сўнг бўлган гапни уларга айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб, таажжубга тушишди. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб, ҳайратини ифодалади.
Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шохидлик бераман», дедилар. Улар: «Шом ўлкасига бир кечада бориб, яна тонг отмай туриб, Маккага қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр: «Мен у зотнинг бундан ғаройиброқ сўзларини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишларини ҳам тасдиқлайман», дедилар.
Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» – «доимо тасдиқловчи» деб атала бошладилар.
Одамларнинг ичида Байтул мақдисга борганлари бор зди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжидни сифатлаб беришларини талаб қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга масжид намоён қилинди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни васф қила бошладилар. Улар: «Аммо васфини тўғри қилдинг, – дейишди-да, сўнгра: – Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туяларнинг сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида: «Карвон эртага, қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», дедилар.
Эртаси тонгда ҳаммалари шаҳар четига чиқиб, карвоннинг келишини кута бошлашди. Улардан бири: «Мана, қуёш ҳам чиқди», деди. Бошқаси эса: «Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Муҳаммад айтганидек, олдинда кулранг туя келмоқда», деди.
Аммо шунда ҳам улар иймон келтиришмади. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди. Буни билгандан кейин ҳар қандай инсон иймон келтириши лозим эди. Лекин улар иймонга майл этишмади.
ИККИНЧИ АҚАБА БАЙЪАТИ
(нубувватнинг 13-йили зулҳижжа ойи)
Яна ҳаж мавсуми қайтиб келди. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу бошлиқ ясриблик мусулмонлар ҳеч кимга билдирмай, ўз қавмларининг мушрикларига қўшилиб ҳажга келдилар. Одамлар билан бирга ҳаж қилдилар. Арафотдан кейин ташриқ кунларининг ўртасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ақабада учрашишга келишдилар. Учрашув кечаси бўлганда ҳаммалари ўз қавмлари ила ухлагани ётдилар. Кечанинг учдан бири ўтгандан кейин битта-иккита бўлиб, ҳеч кимга билдирмасдан учрашув жойига кела бошладилар.
Тўпланиб бўлгач, қарасалар, етмиш уч эркак ва икки аёл (Умму Умора Нусайба бинт Каъб ва Асмо бинт Амр) эканлар. Ҳаммалари жам бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кутишди. Бир вақт у зотнинг келаётганларини кўришди. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганларида у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос экани маълум бўлди. Орада қисқа сўзлашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нимани талаб қилсалар, ўша нарсага тайёр эканларини билдирдилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар, Аллоҳга даъват, Исломгa тарғиб қилдилар ва: «Аёлларингиз ва болаларингизни нимадан ҳимоя қиладиган бўлсангиз, мени ҳам ўшандан ҳимоя қилишингиз шарти ила сизларнинг байъатингизни қабул қиламан», дедилар.
Биринчи бўлиб Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини олиб, байъат қилди. Кейин ҳамма бирма-бир байъат қилиб чиқди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ораларидан ўн иккита нақиб (ўз уруғига масъул раҳбар) сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танладилар. У зот нақибларга: «Худди Ийсо ибн Марямнинг ҳаворийлари ўз қавмларига кафил бўлганларидек, сизлар ҳам ўз қавмингизга кафилсизлар. Мен ўз қавмимга (яъни муҳожирларга) кафилман», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Энди жойларингизга бораверинглар», дедилар.
Бўлиб ўтган ишдан Макка мушриклари хабардор бўлиб қолишди. Ясрибликлар турган жойга бориб, суриштира бошлашди. Ясриб мушриклари: «Биз бундай иш қилганимиз йўқ», деб қасам ичиб, туриб олдилар. Мусулмонлар ҳеч нарсани билмагандек, жим туравердилар.
Ҳожилар жўнаб кетганларидан кейин мушриклар ишнинг тафсилотини ўрганишди. Улар ясриблик мусулмонларни ортларидан қувиб боришди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни тутиб ҳам олишди. У ьсишини калтаклаб, Маккага олиб келишди. Аммо Саъд розияллоҳу анҳунинг иттифоқдошлари у кишини мушриклар қўлидан ажратиб олдилар.
Бу ишдан дарғазаб бўлган мушриклар мусулмонларга нисбатан адоватни яна ҳам авж олдиришди.
МУСУЛМОНЛАРНИНГ МАДИНАГА ҲИЖРАТИ
Мушрикларнинг тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар, чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга ёрдам беришларини яхши билар эдилар. Ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ҳижрат диёрингиз ҳақида хабар берилди. У Ясрибдир. Ким чиқмоқчи бўлса, ўша ёққа йўлга чиқсин», дедилар. Баъзи мусулмонлар махфий равишда ҳижратга тайёрлана бошладилар.
Ясрибга биринчи бўлиб ҳижрат қилиб келган мусулмон Абу Салама ибн Абдуласад бўлди. Аслида у Иккинчи Ақаба байъатидан бир йил олдин ҳижрат қилган эди. Ундан кейин Омир ибн Рабийъа аёли билан келди. Унинг хотини Лайло бинт Абу Ҳасма биринчи муҳожир аёл бўлди. Сўнг бошқа саҳобалар ҳам бирин-кетин ўта махфий равишда Маккани тарк этиб, Ясрибга ҳижрат қила бошладилар.
ЯСРИБГА ИСЛОМНИНГ КИРИШ ОМИЛЛАРИ
Ясрибга Исломнинг киришига сабаб бўлган ҳолат ва шароитларнинг энг муҳими қуйидагилардан иборат:
– Ясриб араблари самовий динларга энг яқин араблар бўлишган, чунки улар ўзлари билан қўшни бўлиб яшаётган яҳудийлардан кўп гапларни эшитишган эди.
– Мадина яҳудийлари арабларга таҳдид қилиб, охирзамон пайғамбарининг чиқишига оз қолганини, улар ўша пайғамбарга эргашиб, арабларни йўқ қилишларини айтишар эди. Шунинг учун Мадина араблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга шошилдилар.
ҲИЖРАТ. ИСЛОМ ДАВЛАТИНИ БАРПО ҚИЛИШ
НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИ
ҚАТЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА МАСЛАҲАТ
Қурайш мушриклари мусулмонларнинг ҳижратидан безовталаниб қолишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эргашган кишиларга бориб қўшилишларидан ҳавотирлана бошлашди. Агар у зот Ясрибда турсалар, мустаҳкам марказ қуриб олишларидан қўрқишди.
Қурайш Дорун-надвада жамланди. Улар билан бирга иблис ҳам Нажд аҳлидан бўлган бир чолнинг суратида ҳозир бўлди. Йиғилганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ҳақида маслаҳат қилишди. Абу Жаҳл ҳар бир уруғдан биттадан ёш йигитни танлаб олиб, уларга қилич бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бараварига ўлдиришни маслаҳат берди ва: «Шунда унинг қони барча уруғларга тарқалиб кетади ва улар билан уруша олмагандан сўнг Бану Абдуманофнинг (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уруғлари) хунни қабул қилишдан бошқа иложи қолмайди», деди. Мажлисда иштирок этганлар унинг маслаҳатини қабул қилишди. Лаънати иблис буни муборакбод этди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Аҳмад ибн Ҳанбал қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир: «Эрталаб Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар», деди. Бошқалари эса: «Иўқ, уни ўлдириш керак», дейишди. Баъзилари: «Маккадан чиқариб юборинглар», дейишди.
Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга буни билдирди. Ҳазрати Алий Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб ётди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Маккадан чиқиб, Савр ғорига етиб олдилар. Мушриклар Алий розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқишди. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алийни кўрганларида Аллоҳ уларнинг макрларини пучга чиқарди. Улар: «Оғайнинг қани?» деб сўрашди. Ҳазрати Алий: «Билмайман», деди.
Улар Расулуллоҳнинг изларидан ахтариб кетишди... Расулуллоҳ ўша жойда уч кун қолдилар».
МАККАДАН ЧИҚИШ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар ва икковлари биргаликда йўлга чиқишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шериклари ҳамроҳлигида Маккадан чиқиб, Савр ғорига бордилар. Қурайш эса уларни яна ҳам жиддийроқ излашга тушди. Ҳатто ғорнинг оғзигача боришди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Агар улардан бири оёғининг остига қараса, албатта бизни кўради», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумон қиласиз? Маҳзун бўлманг, Аллоҳ таоло биз биландир», дедилар.
Абу Бакрнинг ўғиллари Абдуллоҳ ва Омир ибн Фуҳайра икковлари ғорга келиб, хабарларни айтиб туришди. Шу ҳолатда ғорда уч кун қолдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо уларга таом келтириб берди. Сўнг икки дўст Мадина томон йўл олдилар.
СУРОҚА ИБН МОЛИК ҚИССАСИ
Қурайш қабиласи ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тутиб келса, мукофотига юзта туя берилишини эълон қилди. Одамлар у зотни ушлашга жиддий киришдилар. Уларнинг ичида машҳур изқувар Суроқа ҳам бор эди. Суроқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб топди, орқаларидан етиб борай деганда, минган отининг олдинги икки оёғи ерга ботиб қолди. Бу ҳолат икки марта такрорланди. Шундан кейин Суроқа: «Мен учун дуо қилинглар, мен сизлардан одамларни қайтараман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақ-қига яхши дуо қилдилар.
УММУ МАЪБАД ҚИССАСИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва қамроҳлари юриб бориб, Хузоъа қабиласига мансуб Умму Маъбад исмли аёлнинг чодири олдидан ўтдилар. У аёлнинг чодирида на таом ва на сув бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариб сутдан қолган совлиқнинг елинини муборак қўллари билан силадилар. Ундан сут отилиб чиқа бошлади. Ундан ўзлари ҳам ичдилар, бошқаларга ҳам ичирдилар. Сўнг юришда давом этдилар.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ҲИЖРАТНИНГ БИРИНЧИ ЙИЛИДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР.
Набий алайҳиссаломнинг Ясрибга киришлари;
Ясрибнинг янги номи. Ислом жамиятига асос солиш;
Янги жамиятнинг энг муҳим асослари;
Уруш ва ғазот ишлари;
Ҳарбий ҳаракат поғоналари;
Исломдаги биринчи байроқ;
Ҳижрий иккинчи йилдаги ғазотлар;
Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг юборилиши;
Бадр жанги;
Урушнинг бошланиши ва унинг натижалари;
Бадр ғазотининг аҳамияти;
Мунофиқларнинг юзага чиқиши;
Кудрдаги Бану Сулайм ғазоти;
Бану Қайнуқоъ ғазоти;
Ҳижрий иккинчи йилда бўлиб ўтган бошқа ҳодисалар;
[1] Каъб Пайғамбаримизнинг саккизинчи боболари бўлиб, Бану Каъб ундан тарқалган авлоддир.
Карантин юмшатилиши бемалолликни эмас, қатъийликни талаб этади
Охирги пайтда дунёда ҳар куни 90-100 минг нафар инсон коронавирусни юқтириб олмоқда. Бугунга келиб, унга чалинганларнинг умумий сони 4,2 миллионга етди. Минг афсуски, уларнинг 282 минг нафардан зиёди оламдан ўтди.
Таъкидлаш зарурки, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳатто пандемияга қарши муваффақият билан курашган Жанубий Кореяда бир ойлик пасайишлардан сўнг коронавирусга чалинганлар сони кескин ошди. У ерда сўнгги суткада вирус юқтирганлар сони 34 кишига кўпайди. Бу 12 апрелдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Эътиборли жиҳати, Жанубий Кореядаги янги касалланиш ҳолатларининг барчаси карантин талаблари асосида ўзини изоляция қилмаган битта бемор билан боғланмоқда.
Бу ўз навбатида халқимиздан жорий этилган барча тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этади.
Шу йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз Раҳбари “Ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт”, деб бугунги куннинг энг устувор тамойилини таъкидладилар.
Республикамизда карантин чекловлари юмшатилиши баробарида зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур.
Афсус билан қайд этиш керакки, айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузмоқда. 2020 йил 10 май куни Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони аввалги кунлардан кўпайиб, 69 нафарни ташкил этгани барчамизни карантин талабларига риоя этишда ҳушёрлигимизни оширишимиз зарурлигини кўрсатади.
Ушбу синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан бири — cўнгги вақтда айрим фуқароларда кузатилаётган бепарволикдир. Айрим ҳудудларда карантин чекловлари юмшатилгани сабабли гигиена қоидаларини унутиб қўймайлик. Бу биринчи навбатда ниқоб ва қўлқоп тақиш, ижтимоий масофаланиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва уч кишидан ортиқ тўпланмаслик билан боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, карантин чекловларини ўрнатишдан бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вирус тарқалишининг олдини олиш. Шундай пайтларда ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилиш зарур.
Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари ҳам учраётгани кишини қаттиқ ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники – туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб туришибди-ку.
Ислом динида инсоннинг юқумли касалликларга сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши сабр қилса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилса, у бу ажрдан бебаҳра қолади.
Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.
Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир.
Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа ояти каримада: “...ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар...” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.
Мўътабар фиқҳий китобларда “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш – шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”, деб баён этилган.
Афсуски айрим жойларда жаноза каби диний маросимни амалга оширишда Республика махсус комиссиясининг карантин бўйича талабларига, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги фатвосига амал қилмаслик оқибатида нохуш ҳолатлар содир бўлмоқда.
Жумладан, вилоятларимизнинг бирида жаноза ва дафн маросимида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик оқибатида кўп сонли фуқароларни карантинга олишга мажбур бўлинди.
Яна шуни қайд этиш керакки, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш Ислом динида баён этилган олий ҳикматдир. Жамоавий намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади. Пандемия шароитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг бошқа мусулмон мамлакатларида каби қабул қилган Фатво ва қарорларига зид равишда хонадон ва масжидларда жамоавий намозларни адо этишга ҳаракат қилиш ёки жаноза, дафн маросимларини белгиланган (10-15 киши) ададдан кўп одамларни тўплаш мусулмонларнинг жони ва соғлиғини хатарга қўйишини унутмаслик керак.
Ислом динида инсонлар ўз раҳбарларига, айниқса ҳозирги каби таҳликали даврда ҳар бир мусулмон диний масалаларда уламоларнинг, саломатлигини сақлашда эса табиб-шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя этиши талаб қилинади. Касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат, шифокорлар ва уламолар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилиш зарур. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” – деб таъкид қилинади (“Нисо” сураси, 59-оят).
Бугун ҳар қачонгидан кўра, амрга итоат этадиган, бирлашадиган, жипслашадиган муваққат даврда яшаяпмиз. Халқимизда “Ҳар бир тун ортида тонг бор” деган нақл бор. Бу ўзида жуда катта умид ва ишончни жамлаган иборадир. Тушунган ҳолда итоатимиз, чиройли сабримиз, хайрли амалларимиз ила бундай синовли кунларни енгиб ўтсак, эртага тинч-тотув, хотиржам, тўкин кунларга етамиз, албатта.
Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.
Ў.Ҳасанбаев
Эҳтиёжмандларни топайлик!
Бир танишим ҳикоя қилади: “Шеригим билан ўтган йили чиқарган закотимизни тарқатиб юрганимизда бир маҳалладан ўтиб қолдик. Чамаси аср вақтидан кейин эди. Чеккада кўримсизгина бўлиб, бошини қуйи солганча бир аёл ўтирган экан. Дўстимга: “Ким экан бу аёл, муҳтожга ўхшайди”, - дедим. Дўстим: “Ҳа, бу аёл эҳтиёжманд оилалардан”, - деди. Мен: “Қанча берсак экан, икки юз мингми, йўқ, кел, беш юз минг берамиз”, - дедим. Кейин шу аёлнинг олдига бордик-да, закотимизни бердик. Бундай ҳолатни кутмаган ожиза аёл йиғлаб юборди ва қўлларини очиб, юм-юм йиғлаб дуо қилди. Қалбларимизни ажиб ҳис-туйғу чулғаб олди. Сўнг аёл олдидан кетдик”.
Орадан икки-уч кун ўтгач, дўстим уйига келса, онаси биз закот берган аёл ҳақида айтиб берибди. У аёл дўстимнинг онасининг олдига келиб, миннатдорчилик билдирибди. Унинг айтишича, оиласидаги ҳамма рўза тутган бўлиб, ўша куни ифторликка ҳаттоки нон олишга ҳам пуллари қолмаган экан. Юраги сиқилган бева аёл ариқ бўйига чиқиб, Аллоҳга нола қилиб ўтирган экан. Барча нарсага қодир Аллоҳ унинг оҳини эшитиб бизларни учратибди. Хурсандчилигидан Аллоҳга ҳамд айтиб, оиласидагилар учун ифторликка озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олибди. Фарзандлари бутун Рамазонда бунчалик тўкин дастурхонда ифторлик қилишмаган экан. Фарзандлари билан бирга саховатли инсонларнинг ҳақига дуо қилишганини айтиб, алоҳида миннатдорчилик билдириш учун дўстимнинг уйига келган экан.
Бу ҳолатни эшитиб, хайрон қолдик. Атрофимизда нонга зор оилалар ҳам бор экан, ғафлатда юрганимиздан хафа бўлиб кетдик.
Азизлар, озгина эътиборлироқ бўлайлик. Атрофимизда ана шундай оилалар борлигини билмаслигимиз, ғафлатда юришимиз – ҳақиқий фожеа! Ҳақиқий эҳтиёжмандларни топайлик, хайр-эҳсонларимизни соҳибларига улашайлик, кўмагимизни аямайлик!
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ
Ё Роббим, ҳолимизга раҳм қил! (Танловга)
Ё Роббим, ҳолимизга раҳм қил! Сен раҳм қилмасанг, бошқа кимга ҳам юзланамиз, қаердан нажот топамиз?! Зотан, энг меҳрибон, раҳм-шафқатли ЗОТ – ЎЗИНГсан!
Шу сабаб бизларни махлуқотлар гултожи – инсон қилиб яратдинг; сарвари коинот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилдинг; меҳрибон, мусулмон ота-онага фарзанд қилиб бердинг!
АЛЛОҲИМ, бизга раҳм қилдингки, ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғ-саломат вояга етдик! Ўзингни танитдинг, Ўзинггагина ибодат қиладиган, байтинг бўлмиш масжидларга талпинадиган қилиб қўйдинг!
ЯРАТГАН ЭГАМ, бизларга раҳм қилганинг сабаб юракларимиз Сенинг ва Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишқи билан урадиган бўлди, Каломинг – Қуръонга муҳаббатли қилдинг, уни севиб ўқийдиганлар сафига киргиздинг, дининг йўлида хизмат қилишни насиб этдинг, шу йўлда ғам чекадиган қилиб қўйдинг!
Ё РОББИМ, ҳолимизга раҳм қил! Билиб-билмай қанчадан-қанча гуноҳу маъсиятларга қўл урдик, бизни афву мағфират айла! Ҳолимизга ЎЗИНГ раҳм қилмасанг, батаҳқиқ, залолатда қоламиз!
АЛЛОҲИМ, ота-оналаримиздан марҳаматингни аяма, бизларни жаннатингда жамул жам қил! Аҳлимиз, фарзандларимизни Ўзинг рози бўладиган ҳолда тарбия қилишлигимизга ёрдам бер! Бизларга раҳм қил, сўнгги нафасимизгача ҳақ йўлингда бўлайлик!
Ё РОББИМ, Қиёмат куни ҳамма сарсон бўлиб турганда бизларга раҳм қил! Ўзинг раҳм қилмасанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шафоат қила олмайдилар! Ўша даҳшатли ҳолатда бизга раҳм қил! Бизларга жаҳаннамни раво кўрма, бунга тоқат қила олмаймиз!
Ё РОББИМ, фақат Сенинг раҳматинг ила жаннатга кирамиз! Мақсадимиз – Жамолингни кўриш, бу саодатга бизларни мушарраф айла, муносиб бандаларингдан қил!
Ё РОББИМ, раҳматинг ва марҳаматинг билан бизларни РАМАЗОНга етказдинг! Ундан жаннатни қўлга киритиб, тақвомизни мустаҳкамлаб, қалбларимизни ислоҳ қилиб чиқишлигимизни насиб эт!
Ё РОББИМ, ҳолимизга раҳм қил! Ўзингнинг розилигинга эриштир!
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ