www.muslimuz

www.muslimuz

Исломнинг беш рукнидан учинчиси бўлмиш закот ибодати ва унинг жамиятга фойдалари жуда кўпдир.

Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Бир ривоятда: “Закот фитр садақаси ва рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин ҳижратнинг иккинчи йили, шаввол ойида Мадинада фарз қилинган”, дейилган.

Қуръони каримда «закот» сўзи 30 мартадан ортиқ келган бўлса, шундан 27 тасида намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса, ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида закотга алоҳида эътибор берилган.

Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломида шундай марҳамат қилади:

فَالَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَأَنْفَقُوا لَهُمْ أَجْرٌ كَبِيرٌ

“Бас, сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир”. (Ҳадид сураси, 7-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам закотга доир кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا تَصَدَّقَ أَحَدٌ بِصَدَقَةٍ مِنْ طَيِّبٍ وَلاَ يَقْبَلُ اللهُ إِلاَّ الطَّيِّبَ إِلاَّ أَخَذَهَا الرَّحْمَنُ بِيَمِينِهِ وَإِنْ كَانَتْ تَمْرَةً فَتَرْبُو فِي كَفِّ الرَّحْمَنِ حَتَّى تَكُونَ أَعْظَمَ مِنَ الْجَبَلِ كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ أَوْ فَصِيلَهُ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир киши ҳалол-покдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалол-покдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ у (садақа)ни ўнг қўли билан қабул қилиб олади. Агар у бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида ўсади. Ҳаттоки, тоғдан ҳам катта бўлиб кетади. Худди бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилганидек”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, ҳақиқий закот тушунчаси бугунги кунда кўпчилик ўйлаганидек бойлар томонидан камбағалларга бериладиган уч-тўрт чақа эмас. Ҳақиқий закот жуда ҳам кенг ва шомил маънодаги тушунчадир.

Ҳозирги куннинг иқтисодий муаммоларидан бири – жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг маълум бир жойга тўпланиб, «айланмай» туриб қолиши эканини иқтисодчилар кўп такрорлайдилар.

Одамлар қўлидаги пулни қайтариб ололмай ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар қийналадилар. Нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилаверса, пулнинг қиймати тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот эса бу муаммони ҳал қилишга ҳам йўл очади. Ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада «айланмай» туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди. Натижада икки қатлам ўртасида илиқ муносабатлар баробарида юртга ҳам барака келади.

 

Исмоилхон МАҲМУДОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус билим юрти

4-босқич талабаси.

 

Шу ўринда «Ҳозир Усмоний мусҳафлар қаерда?» деган савол туғилиши табиий.

Ушбу саволга етарли жавоб топиш мушкул. Ҳозирда бир нечта Усмоний мусҳафлиги даъво қилинаётган нусхалар мавжуд. Уларнинг ҳар бирини тутиб турган тарафлар ўзларидаги мусҳафнинг усмоний мусҳаф эканини таъкидлайдилар ва ўзларининг ҳужжату далилларини келтирадилар. Аммо шу билан бирга, бошқа тарафлар уларнинг асл усмоний мусҳаф эканига шубҳа билан қарайдилар.

Мисол учун, қарши тарафлар қуйидагиларни айтадилар:

«Қоҳирадаги кутубхонада сақланаётган тарихий мусҳафларнинг суралари орасида нақшлар ва фосилалар борлиги ёки Қуръоннинг таъширларининг (ҳар ўн оятдан кейин қўйиладиган махсус белгининг) ажратилганлиги каби аломатлар уларнинг усмоний мусҳаф эмаслигига ёрқин далилдир». Чунки Усмоний мусҳафлар бунга ўхшаш аломатлардан холи экани ҳаммага маълум. Баъзи кишилар кўпгина тарихий ривоятларни тўплаб, кадимги уламолар Усмоний мусҳафларни ёки уларнинг сураларини муайян исломий шаҳарларда кўрганликларини таъкидлайдилар. Готҳелф Бергштрассер[1] ва Претсайл[2] ўзларининг Қуръон матнлари тарихи тўғрисидаги ёзувларида ўзларидаги мусҳафнинг Усмоний мусҳаф эканини таъкидлаётган юқоридаги шарқшуносларнинг бошида устоз Катрмер[3] турганлигига ишора қилишади.

Сўнгра шарқшунос Казанова[4] ўзидан олдинги Катрмернинг илмий ишига суяниб, уни қайтадан текшириб, кўпгина янгиликларии келтирган.

Билишимизча, усмоний мусҳафларнинг биттаси ҳижрий тўртинчи асрнинг бошларида баъзи илмий доираларда машҳур бўлган. Машҳур сайёҳ Ибн Баттута «Усмоний» деб гумон қилинаётган ушбу мусҳафлардан баъзиларини ёки уларнинг баъзи саҳифаларини Ғарнота (Гренада), Марокаш, Басра ва бошқа баъзи шаҳарларга бир неча бор қилган саёҳатларида ўз кўзи билан кўрганлигини айтади.

Мисол учун, Ибн Баттута ўзининг «Риҳлату Ибн Баттута» номи билан машҳур бўлган «Туҳфатун-нуззор фи ғороибил-амсор ва ажаибил-амсор» китобида турли жойларда сақланаётган усмоний мусҳафларни кўргани ҳақида баён қилади. Жумладан, у Маккаи Мукаррамада, Масжидул Ҳаромда сакданаётган усмоний мусҳаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«У ерда Ҳарами шарифга оид турли китоблар ва мусҳафи шарифлар сақланадиган жой бор. Ундаги омборлардан бирида кенг ва узун сандиқ бўлиб, унда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хати билан ёзилган мусҳафи карим бор.

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотла-ридан ўн саккиз йил ўтганидан сўнг кўчирилган нусхадир. Қачон Макка аҳлига қаҳатчилик ёки шиддат етса, улар ушбу мусҳафи шарифни чиқаришар ва Каъбанинг эшигини очиб, уни шарафли остонага ҳамда Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларига қўйишар экан. Сўнгра одамлар жамланиб, ялангбош ҳолда тазарруъ ила мусҳафи шарифни ва мақоми каримни васила қияиб дуо қилишар экан...»

Ибн Баттута раҳматуллоҳи алайҳи Куфадаги усмоний мусхаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Улар жумани мен юқорида зикр қилган мўминларнинг амири Алий розияллоҳу анҳунинг масжидларида ўқир эканлар. Сўнг у ёпилар экан. Унга фақат жумада келар эканлар. Бу масжид энг гўзал масжидлардандир. Унинг саҳни кенг бўлиб, йиртқичлар водийсидан келтирилган майда қизил тошлар тўшалган экан. Унга Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган вақтларида ўқиб турган мусҳафи шариф қўйилган экан...»

Ибн Баттута раҳматуллоҳи алайҳи Дамашқ масжидидаги Усмоний мусҳаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Масжиднинг қибласида катта махсус хона бўлиб, унда шофеъийларнинг имоми имомлик қилади. Унинг шарқий бурчагида, меҳроб тарафда катта жавонда мўминларнинг амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Шомга юборган мусҳафи карим бор. Мазкур жавон ҳар жума куни намоздан кейин очилади. Ўша мусҳафи шарифни ўпишга жуда кўпчилик интилганлиги учун ниҳоятда тиқилинч бўлади. Одамлар шу ерда қарздорларидан ва бирор нарсани даъво қилинганлардан қасам ичишни талаб қилишади».

Шу каби фойдали, дақиқ маълумотлар туриб, Казанова ушбу тарихий қийматга эга бўлган ҳақиқатларни шубҳа остига олмоқчи бўлади ва қуръоний илмлар оламида ҳеч ким айтмаган гапни айтишга журъат қилади. У шундай дейди:

«Аслида мусҳафни Усмон розияллоҳу анҳу тўплаган, деган қисса тўғри эмас. Дастлаб бу гапни мусҳафларни тўплаш борасида чиройлироқ қисса бўлсин, деб халифа Абдулмалик ибн Марвон ўйлаб чиқарган. У мусҳафни безаш ишларини амалга ошираётиб, «Бу ишни дастлаб Усмон розияллоҳу анҳу қилган эди», деган».

Бундан ҳам ажабланарлиси, муаллиф ёш боланинг оқил инсон қабул қилмайдиган гапини гапиришдан ҳам тоймайди. Унинг фикрича, Қуръонни биринчи бўлиб жамлаган шахс Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий эмиш. Унинг бу гапларига ҳатто ўзининг шарқшунос ҳамкасабалари ҳам ишонишмайди. Блашерушбу фикрнинг таги пуч ва бузуқ эканини айтиб:

«Казанованинг ушбу гумонига эргашишимиз қатъиян мумкин эмас. Чунки собит бўлган матнлар унинг нуқсонли эканини билдиради», дейди.

Яна маълумки, саккизинчи аср уламоларидан Ибн Касир Шомга юборилган мусҳафни кўрган. У ўзининг «Фадоилул-Қуръан» номли китобида:

«Усмоний мусҳафларга келсак, бугунги кунда уларнинг машҳури Шомдаги Дамадақ жомеъсида, Аллоҳнинг зикри билан обод бўлган алоҳида хонанинг шарқий рукнидадир. У қадимда Табария шаҳрида эди. Сўнгра хижрий 518 йилнинг бошларида у ердан Дамашққа кўчирилди. Уни азиз, жалил, улуғ, улкан ҳолда, кучли, очиқ ҳуснихат билан ёзилган суратда кўрдим. Сиёҳи маҳкам эди. Менимча, туянинг териларига ёзилган», деган.

Шунингдек, «Ан-Нашр фил-қироатил-ашр» китобининг муаллифи Ибн Жазарий ва «Ал-Масаликул-абсор фи мама-ликил-амсор»нинг соҳиби Ибн Фазлуллоҳ Умарийлар ҳам шомий мусҳафни ўз кўзлари билан кўрганларини таъкидлайдилар. Баъзи тадқиқотчилар ушбу мусҳафни Русия подшолиги Санкт-Петербургдаги кутубхонага олиб келганини, сўнгра Англияга олиб кетилганини айтишади. Бошқалар «Ушбу мусҳаф 1310 йилгача Дамашқ масжидида турди ва масжид ёнганда, у ҳам ёниб кетди», дейишади.

Шу ерга келганда, ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрида сакданаётган ҳазрати Усмон мусҳафи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишимиз зарур. Биз бу маълумотларни муҳтарам зот, қайнотамиз, Урта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбоеари шайх Исмоил Махдум Сатти Охунд ўғилларининг «Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи» номли рисолаларидан олдик.

Рисола муаллифи раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Усмон ибн Аффон ёздирган мусҳафлардан бирининг бизнинг ватанимизга келиб қолиши ҳақида тарих китобларидан тўққизта ривоятни далил қилиб келтирган. Мазкур далилларга суяниб, ушбу Мусҳаф ҳақиқатдан ҳам учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзилган мусҳафлардан бири, дея хулоса чиқарган. Исмоил Махдум Сатти Охунд ўғли ҳазратлари мазкур Мусҳафи шариф ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзадилар:

«Аввал у Самарқанддаги «Оқ мадраса» номи билан машҳур бўлган Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасининг махсус ҳужрасида узоқ давр мобайнида катта эътибор билан сақ-ланарэди...»

«...Мусҳаф аввалда Шайх Убайдуллоҳ Аҳрор, сўнгра у зотнинг авлодлари ва ўзларидан кейинги халифаларнинг тасарруфида бўлган. Ул зотнинг авлодлари ва халифалари ҳазрати Хўжа Аҳрорга Мусҳафни мазкур ҳужрада сақлашга ваъда берган эдилар. Бу ҳол ҳижрий 1285 (милодий 1869) санагача – руслар Самарқандни ишғол қилгунларига қадар давом этди. Босқинчилар Мусҳафдан хабар топгач, унинг Ислом оламида катта аҳамиятга молик ёдгорлик эканини англаб, уни Петербургга олиб кетиш чораларини кўра бошладилар. 1869 йил Зарафшон водийси ҳокими генерал Абрамов Тошкентда турган Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманга хат йўллаб, «Самарқанд масжидларининг бирида куфий хатда ёзилган ва мусулмонлар орасида жуда машҳур бўлган қадимий Қуръон бор, ерлик уламолар уни Бухорога олиб кетиш чорасини кўрмоқдалар», деб ёзади ва подполковник Серовга тезда бу ишнинг олдини олиш учун Хўжа Аҳрор масжидига боришни буюради. Қуръони Каримнинг машҳур нусхасини қўлга киритмоқчи бўлган рус маъмурлари мусулмонлар билан суҳбатда: «Ушбу нодир китобнинг аҳамияти катта, билишимизча, Мусҳаф қимматли ёдгорлик. Бу ерда уни ҳеч ким ўқий олмаса ва қадрига етмаса, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар у Русиянинг пойтахти Петербургдаги император кутубхонасига ўтказилса, у ерда уни асраш ва муҳофаза этишнинг барча чоралари кўрилади», деб тушунтирган бўладилар. Сўнгра «Самарқандлик уламолардан Шайх Абдужалил афанди ва мулла Яҳё Хўжа муфтий бу ишнинг тўғрилигига фатво бердилар», деган маънодаги расмий ҳужжат тайёрлайдилар. Бу ҳақда подполковник Серов генерал Абрамовга берган баённомасида: «Қуръон масжидда тургани билан унинг мулки эмас, балки амирлар хазинасидан чиққан. Масжид домлалари «Агар сизларга керак бўлса, биз ўз розилигимиз билан топширамиз», дедилар», деб ёзади. Шундан сўнг генерал Абрамов Серовга: «Бу ёдгорлик илмий ва тарихий аҳамиятга молик асар, бориб, олиб келтиринг», деб буюради. Мусҳаф шу тариқа эгалланиб, Тошкентга, генерал-губернаторга етказилади. Генерал Абрамов Самарқанддаги масжид шайхларининг қўлига Мусҳафи шариф эвазига 100 рубль микдорида пул беради. («Ўзбекистон тарихи ҳужжатлари», 32-ЗЎ-бетлар. Фанлар Академияси нашри, Тошкент, 1966 кил)

Генерал фон Кауфман масжид шайхлари Мусҳафни ўз розиликлари билан топширганлари ҳақида тақрир – протокол хати ёзишлари ва император кутубхонасига олинганининг гувоҳи бўлганликларини тасдиқловчи имзолари бўлишини ҳам буюрган эди. Тўрт киши имзо қўяди. Унга Мусҳаф тарихи ҳақида Самарқанд уламолари ва шайхларидан эшитилган ривоятлар ҳам ёзма равишда илова қилинади. Ушбу ёзма тақрир – протоколни тасдиқлаб, генерал фон Кауфманнинг ўзи имзо чекади. Бу воқеа 1869 йил 24 октябрда бўлган эди...» («Мирьот» («Ойна») журнали, Богчасарой, 1900 йил)

«...Шундай қилиб, Мусҳафни олиб, бутун эҳтиёт чоралари кўрилиб, ҳурмат билан Петербургга юборилди ва Ихмператор кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўлимига қўйилди...»

«...Мусҳаф икки бетига ёзилган 353 варақдан иборат бўлиб, саҳифалар сони 706 та эди. Варақларнинг бўйи 68 см, эни 53 см ҳажмда эди. Йўқолган ва чириб кетган варақларнинг ўрнида оддий қоғоздан иборат 69 саҳифа қўшимча бор эди. («Миръот» журнали П-12-1900й.)...»

«... 1917 йилнинг Октябр инқилобидан сўнг Петербургда тузилган маҳаллий Ислом шўроси Мусҳаф масаласида янги ҳукумат раиси В.И.Ленин номига мурожаат ва талабнома мактуби ёзди. Бунга жавобан, халқларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида тезлик билан Мусҳафни мусулмонлар қўлига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга В.И.Ленин имзо чекди...»

«...Мусҳафи шариф Петербургдан махсус поездда, аскарлар фахрий қоровуллигида Русия мусулмонларининг Уфа шаҳридаги марказий идораси қароргоҳига келтирилди. Уфа шаҳри вокзалидаги ўша кунги манзара Исломнинг нақадар буюклигини намойиш этди. Диний раҳбарлар, ҳукумат арбоблари, масжид имом-хатиблари, мадраса, институт, университет талабалари ҳамда шаҳарнинг эркагу аёл аҳолиси Қуръони Каримни кутиб олиш учун чиққан эдилар. Мусҳафи Усмонийнинг мусулмонларга қайтарилиши ҳақидаги қу-вончли хабарлар газета ва журналларда эълон қилинди...»

«...Тошкентда чиқадиган «Изҳорул-ҳақ» (Ҳақиқатни зоҳир қилиш) номли журналнинг 1918 йил 18 январь сонида босилган мақолада Мусҳафнинг аввалги макони Самарқанд шаҳри экани таъкидланиб, у ўз ўрнига қайтарилса яхши бўлар эди, деган фикр олға сурилади. Унда, жумладан, «Мусҳаф учун тошдан ясалган махсус лавҳ ҳанузгача ўз ўрнида бўш турибди», дейилади...»

«...Мусҳафи Усмоний Уфа Диний назорати қароргоҳида 1924 йилгача сақланди. Русия мусулмонлари барча жойлардан келиб, уни зиёрат қилаётганликлари ҳақидаги хабар Туркистон минтақасидаги Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона мусулмонларига тарқалди. Туркистон аҳлининг тарихий мероси бўлган Мусҳафнинг асл жойи Самарқанд шаҳри эканини кўпчилик билар эди. Шунга қарамай, Уфа Диний назорати эгалари Мусҳафни ўз қарамоғида сақлаётгани ҳамда унинг ворисларига шукрона айтиб, хурсандликларини баҳам кўриш ҳақида лом-мим демаганлари Мусҳафни ўзларида олиб қолиш ниятида эканликларини кўрсатар эди. Ўша пайтда Узбекистонда кўзга кўринган диний арбоблардан шайхул-ислом Тўрахон Махдум Хўқандий ва бошқалар билан Уфа Диний назорати орасида ушбу масала юзасидан ёзишмалар давом этар ва орада чопарлар бориб-келиб турар эди. Охири Тўрахон Махдум ўз ҳамроҳлари билан Москва, Ленинградга сафар қилиб, икки ой мобайнида ҳукумат доираларига қатнаб, шу орада В.И.Ленин билан учрашди ва уни Мусҳафни Ўзбекистонга юбориш учун фармон чиқариш зарур эканига қаноатлантирди.

Шундай вазият давом этаётган пайтда Уфа шаҳрида қурултой ўтказилди. Ушбу ҳодиса тўғрисида менга шайх Юсуф Жоруллоҳ Фанзовий шундай ҳикоя қилиб берди: «Қурултойда Туркистон минтақасидан 75 нафар вакил қат-нашди. Мусҳаф масаласига келганда, ўртада жанжал кў-тарилди. Туркистонликлар тарафидан ҳатто баланд овозда «Мусҳафни қайтармаслик ўз биродарлари ҳаққига зўра-вонликдан ўзга нарса эмас! Исломда бундай ишлар жоиз эмас!» деган гаплар айтилди. Хуллас, гап кўп бўлиб, оқибат жанжал-шовқингача бориб етди».

Инқилобдан кейин таъсис топган Тошкент ва Сир дарё ви-лояти мусулмонларининг «Исломий жамият»и Ўзбекистон мусулмонлари номидан ҳукумат доираларига Мусҳафи шарифни Туркистонга қайтариш тўғрисида мурожаат қабул қилди. Ушбу мурожаатни газета-журналларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Туркистондаги тарихий музейлар ва қадимий осор-атиқалар иши бўйича тузилган комитет ўзининг 1922 йил 18 февралдаги қарорига асосан ўша йилнинг 15 мартида Совет ҳукуматига Мусҳафни Туркистон жумҳуриятига қайтариш тўғрисида талабнома топширди. Шундан сўнг, 1923 йил 25 июнда Мусҳафи У смонни Туркистонга қайтариш тўғрисида Олий Совет ижроқўмининг қарори чиқди. Ўша пайтларда Уфа Диний назорати Русиядаги барча мусулмонларнинг умумий маркази деб эътибор қилинар эди. Шу мавқеидан фойдаланиб, Мусҳафни олиб қолмоқчи бўлган Диний назорат ҳукумат қабул қилган қарор асосида ниҳоят бу ишга рози-лик билдирди.

1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа, муфтий Заҳириддин Аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа Диний назоратига бориб, Мусҳафи Усмонни қабул қилиб олдилар. Мусҳафни олиб кетишда уларга Татаристоннинг улуғ уламоларидан ҳазрат, шайх Ризоуддин Фахриддин, шайх Абдуллоҳ Сулаймоний, шайх Абдурраҳмон ва бошқалар ҳамроҳлик қилдилар.

Мусҳаф махсус вагонга эҳтиром билан олиб чиқилди. Мусулмон аскарлардан тузилган фахрий қоровул вагоннинг чор атрофида туриб келди. Барча шаҳарларга бу ҳақда телеграммалар юборилди. Темир йўлнинг Тошкентгача бўлган масофасида поезд қайси бекатларда тўхташи барча газеталарда эълон қилинган эди. Ҳар бир бекатда йиғилган эркагу аёл мусулмонлар поезд узокдан кўриниши билан то тўхтагунга қадар уни такбир-таҳлиллар билан кутиб олдилар. Поезд тўхтагач, халқ орасидаги энг мўътабар кишилардан бир-иккиталарига махсус вагонга чиқиб, Мусҳафни зиёрат этиб тушишга изн берилар эди. Атрофдаги мусулмонлар Мусҳафни кўриб, махсус сандиқни ўпиб, зиёрат қилиб чиққанларнинг қўлларини ўпиб, бошларини тавоф қилардилар. Кўплар вагонга қўлларини теккизиб, юзларини силар эдилар. Ҳатто бу хабарни эшитганлар, айниқса Қозоғистон чўлларида яшовчи мусулмонлар темир йўл бўйларига оқ ўтовлар тикиб, поездни бир неча кунлаб кутганлар. Байрамона кийимлардаги сон-саноқсиз отлиқлар поезднинг икки томонидан дашту чўллар бўйлаб узоқ-узоқ манзилларгача от чоптириб, кузатиб қўйишар эди. Дуога кўтарилган қўллар, олқишлар дилларни ларзага солар, ҳар бир мусулмон учун умр бўйи эслагулик, унутилмас лаҳзалар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан қолган меросга эҳтиром шу қадар юксак бўлди.

Поезд шундай иззат-икромда Тошкент шаҳрига кириб келди. Вокзал беҳисоб мусулмонлар билан тўлган эди. Оқ саллали, соқоллари кўксига тушган нуроний уламолар, табаррук отахонлар халойиқ орасидан пешвоз чиқар, атрофдаги минг-минглаб ёшу қари, эркагу аёл мусулмонлар улардан нигоҳларини узмай, қараб турардилар. Мусҳафи шарифни бошлари узра кўтариб чиққанлар кўзга кўринганданоқ, барча бир овоздан «Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!..» дея такбир айтиб юборди. Унинг садоси бутун вокзални ларзага келтирган эди. Одамлар кўзидан қувонч ёшлари оқар, улар дилларидаги ҳаяжонларини боса олмас эдилар. Аллоҳ таолонинг Каломи шарифига нисбатан эътиборнинг нақадар буюклиги шундай намоён бўлди. Мусҳафи Усмонийнинг узоқ йиллик, яъни 50 йиллик ғариблик сафаридан яна Ўзбекистон заминига қайтарилиши воқеаси 1924 йил 18 августда ниҳоясига етди.

Мусҳафни навбатма-навбат бошларида кўтарганларича Ислом жамияти қошидаги, Кўкалдош мадрасаси ёнида жойлашган катта жомеъ масжидга келтириб, махсус тайёрланган хонага қўйдилар. У ерда Мусҳаф зиёратй бцр йилга яқин давом этди...» «...Мусҳафи шарифнинг кўп марта ўғрилик ва талон-тарожга дучор бўлганини, бу ҳол яна қайтарилиши мумкинлигини ва бошқа хатарларни ҳисобга олиб, уни Тошкент шаҳридаги ёдгорликлар музейига кўчириш маъқул кўрилди. Ушандан буён у мутахассислар томонидан осор-атиқаларни сақлаш қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, темир сандиқда кўз қорачиғидай сақланди...» (Иқтибослар тугади.)

Ҳар бир инсофи бор тадқиқотчи биладики, бошқа бирорта китобга Қуръони Каримга берилганчалик аҳамият берилмаган. Бошқа бирорта китоб Қуръон каби мутавотир даражада етиб келмаган. Шифолий айтганидек, «Ҳар қандай инсон кутганидан ҳам мукаммал ва энг дақиқ суратда бизгача етиб келган». Шубҳасиз, бу Аллоҳнинг Китоби бўлиб, унинг олди-ортидан ботил яқинлаша олмайди. Зеро, у ўта ҳикматли, ўта мақталган Зот томонидан нозил қилингандир.

1989 йилда ҳазрати Усмон мусҳафи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим қилинди.

Махсус гуруҳ ўша йилнинг 14 март куни ҳазрати Усмон мусҳафини музейдан мусулмонлар қурултойи бўлаётган «Ҳазрати Имом» мавзесига келтирди. Кўпчилик мусулмонлар уни катта қувонч билан кутиб олдилар.

«Усмон Мусҳафи»ни талаб даражасида сақлашни таъминлаш мақсадида 2007 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сонли махсус Қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда Усмон мусҳафи қайта таъмирланди. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги музейга айлантирилган Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси биносида сақланмоқда.

Усмон мусҳафига халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан 2000 йил 28 августда махсус сертификат берилган. Мўйи Муборак мадрасаси ҳукумат томонидан 2007 йил қайта таъмирланди. Бунгача Усмон мусҳафининг сақланиш шароити талаб даражасида эмас эди. Қуръон терига ёзилган ва уни мукаммал сақлаш учун намлик мўътадил бўлиши шарт. Таъмир жараёнида ҳукумат томонидан Германия давлатидан махсус сандиқ олиб келинди. Бу сандиққа Мусҳафни мукаммал давр талаби даражасида сақлаш учун намликнинг мўътадил бўлишини таъминлаб берувчи махсус ускуналар ўрнатилган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Оят ва сураларнинг тартиби

 

[1] Готҳельф Бергштрассер (Gotthelf Bergstrasser, 1886-1933) – олмон шарқшуноси.

[2] Отто Претсайл (Otto Pretzl, 1893-1941) – олмон шарқшуноси.

[3] Этьенн-Марк Катрмер (Etienne Marc Quatremere, 1782-1857) – француз шарқшуноси.

[4] Пауль Казанова (Paul Casanova) – француз олими.

Аллоҳга тақво қилиш, ибодатларни тўкис адо этиш билан бир неча неъматлар қўлга киритилади. Жумладан:

﴿ وَأُخۡرَىٰ تُحِبُّونَهَاۖ نَصۡرٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَفَتۡحٞ قَرِيبٞۗ وَبَشِّرِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ١٣

«(Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлажак ғалаба ва яқин(да рўй берувчи) фатҳдир . (Эй Муҳаммад!) Мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» (Саф, 13).

Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олдиндан бир неча хушхабарни Жаброил (алайҳиссалом) воситасида етказиб турди. Бу эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Ислом йўлида яна ҳам шижоатли ва жасоратли бўлишлари учун замин яратди. Жумладан, Макка шаҳрининг фатҳ этилиши ҳам мусулмонлар учун жуда қувонарли бўлди. Киши ўзи туғилиб-ўсган, киндик қони тўкилган ердан ҳайдалса, қавм-қариндош ва уруғ-аймоқларидан айрилса... Бундан ҳам аянчли, бундан ҳам аламли ҳолат борми дунёда?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларига ҳам шундай оғир кулфатлар тушди. Энг ачинарлиси, ўзларининг амакилари, қариндошлари у зотни қувиб солишди. Бу эса, ўз-ўзидан ранж-аламнинг икки баравар оғирлашишига сабаб бўлган. Келинг, яхшиси, тарихга қулоқ осайлик. Зеро, тарих олий ҳакам эканини ҳеч ким инкор эта олмас. Номи “уруш” бўлса ҳам, лекин унда (Имом Бухорий ривоятига кўра, бир кишидан бошқа) умуман қон тўкилмаган “Макка фатҳи” ҳақидаги воқеа-ҳодисалар тарихини эшитайлик!

Макка фатҳи билан Макканинг мусулмонлар тарафидан олиниши билан йигирма йилдан кўпроқ давом этиб келган “Ислом ва ширк” даъволашуви ниҳоясига етди.

Ислом динининг асоси тавҳид эътиқоди (якка худолик ишончи), тавҳид эътиқодининг энг катта обидаси эса, Каъба эди. Каъба Иброҳим (алайҳиссалом) томонидан ягона илоҳ эътиқодининг илк обидаси сифатида қурилганига қарамай, кейинчалик унинг ичи ва таши инсон қўли билан ясалган уч юз олтмиш дона бут билан тўлдирилган эди.

Каъбани бутлардан тозалаш, шу йўл билан бутпарастликка барҳам бериш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун илк илоҳий вазифа эди. Инсонларни тавҳид эътиқодига, Буюк Ислом инқилобининг руҳига боғлаш керак эди. Исломнинг вужудга келишидан (610 й.) Макка фатҳига қадар (630 й.) орадан йигирма йил ўтган бўлса-да, бу муҳим вазифа рисоладагидек амалга оширилмаган, қурайшликларнинг давомли тарзда Мадинага қилиб турган ҳужумлари бунга йўл қўймаган эди. Чунончи, Ҳудайбия сулҳи билан икки томон ўртасида тинчлик ўрнатилиб, ҳатто мусулмонлар Каъбани зиёрат қила олишди, аммо тавҳид обидаси ўлароқ қурилган Каъба бутпарастликнинг ўчоғи бўлишдан ҳануз қутула олмаган эди.

Бундан ташқари, ўзларини Макканинг ҳокими ва Каъбанинг қўриқловчиси деб билган қурайшликлар Ҳудайбия сулҳи ҳукмларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиб, ҳатто сулҳ шартларига қарши ҳаракатдан ҳам тойишмади.

Макканинг мусулмонлар томонидан қуршаб олинишига ўн йил муддатга имзоланган Ҳудайбия сулҳининг курайшликлар томонидан қасддан бузилгани сабаб бўлди.

Ҳудайбия сулҳи Қурайшдан бошқа қабилаларга икки томондан бирининг ҳимоясига кира олиш ҳуқуқини берган эди. Шунга биноан, Хузоа қабиласи мусулмонларнинг, Бани Бакр қабиласи эса, қурайшликларнинг ҳимоясига кирган эди. Ҳолбуки, хузоаликлар билан Бани Бакр қабиласи аввалдан бир-бирлари билан келишмас, ўрталарида душманлик бор эди. Шу сабабдан ораларида қонли тўқнашувлар ҳам бўлиб турарди.

Хузоаликлар билан ҳошимийлар ўртасида эса мусулмонликдан олдин ҳам бир иттифоқ бор эди. Ислом вужудга келганидан кейин ҳам хузоаликлар бу дўстликни унутишмаган, ҳар доим Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафдори бўлиб келишган эди.

Ҳижратнинг саккизинчи йили, Шаъбон ойи эди.

Қурайш ҳимоясига ишонган Бани Бакр қабиласи бошлиқлари Нафвалнинг кўрсатмаси билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳимояларидаги хузоаликлар устига тўсатдан ҳужум қилишди. Қурайшликлар Бани Бакр қабиласига қуролли ёрдам кўрсатди. Қурайшнинг Икрима, Сафвон ва Суҳайл каби пешволари қиёфаларини ўзгартириб, Бани Бакр қабиласига қўшилиб, бир кеча хузоаликларга қарши жангда иштирок этди. Ҳатто, бу босқин чоғида хузоаликлардан йигирма уч киши ўлдирилди ҳам.

Кутилмаган бу тажовуздан кейин хузоаликлардан қирқ кишилик бир ҳайъат тез Мадинага йўл олди. Қурайш устидан шикоят қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) паноҳларига келишди, душмандан ҳимоя қилишларини сўрашди.

Қурайшнинг Бани Бакр билан бирлашиб хузоаликларга қарши жангга чиқиши Ҳудайбия сулҳ шартномасини очиқ-ойдин бузиш эди.

Бу пайтда Пайғамбаримиз Мадина масжидида ўтирган эдилар. Босқинчилик ҳодисасини эшитиб, қаттиқ хафа бўлдилар. Хузоаликларга ёрдам беришга ваъда қилибгина қолмадилар, айни пайтда, маккаликларга бир элчи орқали қуйидаги уч таклифни ҳам билдирдилар:

  1. Ўлдирилган хузоаликларнинг оилаларига дия (хун ҳақи) берилади.
  2. Ёки Бани Бакр қабиласини ҳимоя қилишдан воз кечилади.
  3. Бу икки таклифдан бири қабул қилинмаган тақдирда Ҳудайбия тинчлик сулҳи бузилган ҳисобланади.

Маккалик қурайшликлар биринчи ва иккинчи таклифга бўйин эгмади. Учинчи таклифни қабул қилишганини бир вакил орқали билдиришди. Шу тариқа, Ҳудайбия сулҳи расмий равишда кучини йуқотган ҳисобланди.

Бироқ орадан бирмунча муддат ўтгач, Қурайш пешволари хатоларини англади. Қилмишларига пушаймон бўлди. Сулҳнинг қайтадан тузилишини – янгиланишини истаб, бошлиқлари Абу Суфённи Мадинага юборишди.

Мадинада Абу Суфён ҳеч ишини битиролмади. Қизи – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг завжалари Умму Ҳабибадан бошлаб навбати билан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг саҳобалари Абу Бакр, Усмон, Али, Саъд ибн Убода, Умарга мурожаат қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сулҳни янгилашга кўндириш учун жон-жаҳди билан уриниб кўрди. Ҳатто, мақсадига эришиш илинжида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари ҳазрат Фотима (розияллоҳу анҳо) ва унинг беш ёшли ўғли Ҳасандан ҳам ёрдам сўради. Аммо бутун хатти-ҳаракатлари бефойда кетди. Ниҳоят, ҳазрат Алининг тавсияси билан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидига келиб, халққа қарата: “Эй инсонлар! Мен икки томонни ҳам ҳимоямга оламан, Ҳудайбия сулҳини янгилайман. Менинг бу аҳдимни ҳеч ким бузмайди, деб ўйлайман!” деди.

Бироқ ҳеч кимдан тасдиқ жавоби ололмай, туясига миниб, маъюс ҳолда Маккага қараб йўлга тушди. Маккага келиб, бўлиб ўтган воқеаларни тушунтираркан: “Муҳаммаддан сулҳ тузишни сўрадим, жавоб ололмадим. Абу Бакрга бош уриб бордим, умидим пучга чиқди. Умар энг катта душман экан. Бошқалардан ҳам бирор ёрдам кўрмадим. Ҳукмдорларига бу даражада боғлиқ бўлган қавмга шу дамгача дуч келмаганман. Сулҳ масаласини ҳал қила олмадим. Энг охири, Алининг сўзига кирдим. Ўзимдан бир сулҳ эълон қилиб, қайтиб келавердим!” деди. Абу Суфён келтирган гапни эшитганлар: “Сен ҳеч иш қилмабсан-ку! Ўзингча эълон қилган сулҳнинг қандай қиймати ва ҳукми бўлиши мумкин! Али сенинг устингдан кулгандай бўлибди! Хотиржам бўлайлик десак, сен бизга сулҳ хабарини олиб келмадинг, урушга тайёргарлик кўрайлик, десак, сен уруш хабарини олиб келмадинг. Ҳозир жойимизда хотиржам ўтиришни ҳам, жанг тадоригини кўришни ҳам билмаймиз!” деди.

Абу Суфён Маккага қайтиб келгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод намозидан кейин Абу Бакрни ёнларига чақирдилар. Унинг фикр-раъйини сўрадилар. Уни ўнг томонга ўтирғиздилар. Сўнгра Умарни чақириб маслаҳат қилдилар. Уни эса чап ёнларига олдилар. Уруш қилишга қарор қилинди. Тезда тайёргарлик бошланди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча иттифоқдош қабилаларга хабар жўнатдилар. Жами аскарларнинг тўпланишини сўрадилар. Чунки Маккага, Қурайшга қарши катта бир юриш бошланаётган эди. Бироқ бу тайёргарликлар яширин тутилди. Макканинг ҳамма йўллари тўсиб қўйилди – бу вазифа Хузоа қабиласига топширилди. Назорат шунчалик қаттиқ бўлди, у томондан бу томонга бирор тирик жонзот ўтолмас эди.

Аммо Хотиб (Абу Балтоа ўғли) Маккага бир хат ёзиб, бу яширин тайёргарликдан Қурайшни огоҳ этмоқчи бўлди, лекин ниятига етолмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг хуфёна душманлигидан илоҳий ваҳий орқали хабар топдилар.

Сўнгра Али, Зубайр ва Миқдоддан иборат уч кишилик бир ҳайъат тузиб, мактубнинг йўлини кесиш учун юбордилар. Бу ҳайъат йўлда Маккага кетаётган Сора исмли бир аёлни ушлаб олди. Сочининг орасига яширилган мактуб топиб олинди ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб келинди. Хотиб бу мактубида қурайшликларга шундай хитоб этган эди: “Эй Қурайш жамоаси! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) устингизга катта бир куч билан бормоқда. Тун қоронғиси каби даҳшатли бўлган бу қўшин сел мисол оқади. Аллоҳга қасам ичиб айтаман, Аллоҳнинг Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) якка ўзи бўлса ҳам Аллоҳ уни устингиздан ғолиб қилади, берган ваъдасини бажаради. Ҳозирдан жонингизни қутқаришга чора ахтаринг, вассалом!”

Бу хат Қурайшнинг қўлига тушиб қолгудек бўлса, душман мусулмонларга қарши тайёр вазиятга келарди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бу муаззам фатҳнинг қон тўкилмай амалга оширилишини тақдир этган эди.

Хотибнинг бу қилмишини кўриб, мусулмонлар ҳайратдан ёқа ушлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарҳол уни бир ҳайъат олдида сўроққа тутиб: “Эй Хотиб! Нега бундай қилдинг?” дедилар. Хотиб: “Ё Расулуллоҳ! Менга шафқат қилинг. Қурайшга аҳд ила боғланган бир инсонман. Бироқ ҳеч қачон Қурайшнинг маҳрами бўлмадим. Олдингиздаги муҳожирларнинг Маккада оилаларини, болаларини ҳимоя қиладиган қариндошлари бор. Менинг эса, у ерда ҳеч кимим йўқ. Шу йўл билан маккаликлар миннатдорлигини қозониб, қариндошларимни ҳимоя қилишни ўйладим. Аллоҳга қасам, мен Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирганман. Динимни ўзгартирганим йўқ”, деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ерда тўпланиб турганларга: “Хотиб ўзини тўғри ҳимоя қилди!” дедилар. Лекин Умар чидаб туролмай: “Расулуллоҳ, рухсат беринг, бу мунофиқнинг бўйнини узиб ташлай!” деган эди, буюк Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умар! Хотиб Бадр урушида иштирок этган. Аллоҳ таоло Бадр қатнашчиларига: “Нима қилган бўлсаларингиз ҳам, сизларни афв этдим”, дея марҳамат қилмаганмиди?!” дея Умарни тинчлантирдилар.

Ҳақиқатан, Хотибнинг оиласи Маккада эди. Яқинлари ҳам йўқ эди. Хотиб оиласини ҳимоя қилиш учун маккаликларни мамнун қилмоқчи бўлган, бу сабабдан катта хатога йўл қўйган эди. Бироқ пок руҳли Пайғамбар (алайҳиссалом) Хотибни афв қилдилар.

Ислом қуёши нур соча бошлаган илк дамлардан бошлаб, Макка даврида бўлсин, Мадина даврида бўлсин, Қурайшнинг мусулмонларга қарши қилмаган ёмонликлари қолмаган эди. Ҳатто, улар Ислом динини йўқотиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Қурайшга топширишга мадиналикларни мажбурлаш учун Мадинага уч бора босқинчилик ҳаракати уюштиришди. Мана, ниҳоят, ёвузни жазолаш, илдизларини қўпориб ташлаш вақти келган эди.

Шу мақсадда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратнинг саккизинчи йили, рамазоннинг ўнинчи куни ўн минг кишилик қўшин билан Мадинадан йўлга чиқдилар.

Аллоҳнинг ёрдамига ишонган ҳолда қўшинни Макка йўлига бошладилар. Ўша куни ўзлари ҳам рўзадор эдилар. Ҳолбуки, урушга борилаётган эди. Шунинг учун йўлда Пайғамбаримиз ифтор қилдилар, лашкарни ҳам рўзаларини очишга буюрдилар.

Макка томон йўл олинаркан, дўст қабилалардан баъзиларининг кўшилиши ҳисобига қўшиннинг сони ўн мингдан ошиб кетди.

Икки йил олдин, Ҳудайбия йилида Макка яқинига борган Ислом лашкарлари бир минг тўққиз юз адад бўлган бўлса, икки йил кейин бу миқдорнинг ўн (ёки ўн икки) мингтага юксалиши Ҳудайбия сулҳининг мусулмонлар учун қанчалар буюк фойдалар олиб келганини кўрсатар эди.

Макка йўлида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббосни учратдилар. Аббос (розияллоҳу анҳу) анча олдин мусулмон бўлган эди. Лекин динини қурайшликлардан яшириб, ҳозиргача Маккада – мушриклар орасида қолган, энди эса, пайти келгани учун, Мадинага ҳижрат қилиш мақсадида йўлга чиққан эди. Йўлда Ислом лашкарига қўшилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аббосга: “Муҳожирларнинг охиргиси сиз бўлдингиз!” дея илтифот кўрсатдилар.

Йўллар батамом ёпилгани сабабли, Ислом қўшинларининг бу ҳаракатидан Қурайш бехабар қолди. Бу орада қўшин Маккага яқин (ўн олти чақирим) масофадаги Марруз-Заҳрон деб аталган водийга етиб келди. Қароргоҳини шу ерга қурди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн икки минг кишилик қўшинга алоҳида-алоҳида гулхан ёқишни буюрдилар. Ҳар бир гуруҳ оловини ўз чодири олдида ёқди ва бу билан Ислом қувватини, борлиқларини катта оловли ҳалқалар билан қурайшликларга кўрсатдилар.

Ислом қўшинининг яқинлашиб қолганини билган маккаликлар оёғи куйган товуқка ўхшаб типирчилаб қолди. Дарҳол Абу Суфённинг қошида тўпланишди. Вазиятни тўла ўрганиш мақсадида, Абу Суфён ёнига Ҳаким билан Будайлни олиб, Маккадан чиқди ва Мадина сари йўлга тушди. Абу Суфён арафа кечасида ҳожилар Ара­фотда ёқадиган гулханларга ўхшаш улкан гулханзорни кўрди. Бироқ йўлда Ислом миршаблари томонидан қўлга олиниб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келтирилди.

Умар Абу Суфённи ўлдирадиган пайт ниҳоят келганини айтар, Аббос эса, унинг афв этилишини хоҳлар эди. Абу Суфённинг қилган бутун ёмонликлари мусулмонлар кўз ўнгига келди. Чунки Абу Суфён мусулмонларнинг энг қўрқинчли душмани эди. Мадинага қарши бир неча босқинчиликларга сабаб бўлган, бутун арабларни оёққа турғизиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларини ҳам таҳликага солган эди. Бу ёмонликлари учун у ўлдирилиши керак эди. Бироқ буюк инсон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Суфённи ҳам кечирдилар. Чунки у зот Аллоҳнинг элчиси эдилар. Абу Суфённи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа ҳеч кимса кечира олмас эди.

Ислом қўшини ҳануз Марруз – Заҳрон водийсида туриб, ҳужумга ўтганича йўқ эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббосга хитоб қилиб: “Абу Суфённи қўшин ўтадиган ерга олиб боринг, мусулмон қўшинининг ҳашаматини-ҳайбатини кўриб қўйсин!” дедилар.

Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларини қилди. Абу Суфённи Ислом қўшинини бутун салоҳияти билан кўриш мумкин бўлган бир тепаликка олиб чиқди.

Иттифоқо, қўшин ҳаракатга тушган эди. Бутун қабилалар алоҳида гуруҳ-гуруҳ ҳолда Абу Суфённинг олдидан ўтарди. Булар такбир айтиб ўтар, “Аллоҳу акбар!” садолари кўкларга юксалар эди. Ҳар бир гуруҳ шундай дабдаба билан ўтиб бораркан, юрагини ҳовучлаган Абу Суфён буларнинг қайси қабилага мансублигини сўрар, Аббос жавоб берарди.

Айниқса, жуда жасурона ва катта жўшқинлик билан ўтаётган “Ансорлар гуруҳи”ни кўриб, Абу Суфён ҳайратга тушди. Бошда Убода ўғли Саъд эди. Энг охирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуруҳлари эди. Ҳар тарафга нур сочаётган ва бошдан-оёқ нурга бурканган бу гуруҳда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қосва лақабли туялари устида, такбир айтиб ҳайқираётган саҳоба киромлар қуршовида борардилар. Байроқ Зубайр (розияллоҳу анҳу)нинг қўлида эди.

Уҳуд ва Ҳандақ урушларининг бош қўмондони Абу Суфён олдидан ансорлар қўшинлари қўмондони Саъд ўтаркан: “Эй Абу Суфён! Бугун энг катта жанг кунидир. Бугун Каъба забт этиладиган, Каъбада қон тўкиш ҳалол қилинган кундир!” дея Абу Суфёнга таҳдид солди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуруҳлари ўтиб бораётганида, Абу Суфён: “Ё Расулуллоҳ! Саъднинг нима деганини эшитдингизми?” деб Убода ўғли Саъднинг унга қилган таҳдидини оқизмай-томизмай билдирди. Шунда Хотамул Анбиё (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саъд янглиш сўзлабди, Саъд хато қилибди. Йўқ! Бугун лутф ва марҳамат кунидир. Аллоҳ Каъбанинг шон-шуҳратини азон садоси ила юксалтирадиган бир кундир. Каъба тавҳид либоси билан бурканадиган бир кундир!” дея марҳамат қилдилар.

Саъднинг асабийлашиб, қон тўкиб қўйишидан шубҳаланганлари учун дарҳол Алини юбордилар. Қўлидан қиличини олдирдилар ва Саъднинг ўғли Қайсга беришни буюрдилар.

Ислом лашкарининг бу юксак интизом ва қудратини кўрган Абу Суфён: “Эй Аббос! Ҳақиқатан, биродарингнинг ўғли салтанатини роса кенгайтирибди!” деган эди, Аббос (розияллоҳу анҳу) унинг сўзини дарҳол бўлиб: “Жим! Бу салтанат эмас, пайғамбарликдир!” деди. Абу Суфён ҳам “Ҳа, ҳа!” деб гапини тўғрилади.

Дарҳақиқат, шундай эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давлат бошлиғи эмас, Аллоҳнинг элчиси ҳамда пайғамбарларнинг охиргиси эдилар.

Бутун Ислом лашкари шу йўсинда тор сўқмоқдан ўтди. Абу Суфён ҳам Аббоснинг ёнидан айрилди. Маккага қайтди, Ҳарами шарифга борди. Ҳамма ҳаяжон ва сабрсизлик билан уни кутиб турган эди.

Абу Суфён баланд овозда халққа шундай хитоб қилди: “Эй Қурайш аҳли! Муҳаммад шаҳримиз остонасидадир! Устимизга шундай бир қувват билан келмоқдаки, унга қарши туриб бўлмайди. Ким Абу Суфённинг уйига кирса, жони омонда. Каъбада паноҳ топганлар ҳам омонда. Қуролини ташлаб, ўз уйига кириб, эшигини ёпиб олганлар ҳам омон қолади!” дея эълон қилди ва маккаликларга таскин бера бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) афв қилишга ваъда берганларини билдирди.

Абу Суфёндан бу гапларни эшитган Қурайш аҳли жуда қаттиқ талвасага тушиб қолди. Бир қисми нима қиларини билмай қолди, бир қисми Абу Суфённинг уйига югурди. Бир қисми Ҳарами шарифга кирди. Бошқа қисми уйларига кириб бекинди. Талотўп ичида қуролини яширибоқ кўчага отилганлар ҳам, силоҳини ташлаб дуч келган томонга тумтарақай қочганлар ҳам бор эди.

Ибн Исҳоқдан келтирилган ривоятларга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зи Туво деган жойда Ислом қўшинининг Маккага кириш дастурини қўмондонларга ўргатганлар, Маккага қайси томонлардан кирилишини кўрсатиб: “Сизларга қарши тажовуз содир бўлмагунча, ҳеч кимга қилич кўтармангиз! Жанг бошлаб юборишдан сақланингиз!” дея танбеҳ берган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккага кириш чоғида барча эҳтиёт чораларини унутмаган эдилар. Аслида, нусрат Аллоҳдандир. Лекин тадбирда ҳам қусурга йўл кўймаслик керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўшинни тўртга бўлдилар. Байроқни тутган Зубайр Макканинг уст тарафидан келиши; Валид ўғли Холид қаноти “Пастки маҳалла” дейилувчи жойдан шаҳарга кириши; бошқа гуруҳлар эса, Макканинг шарқ ва ғарб томонларини ишғол этишлари керак эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ислом қўшинига ҳаракат бошлаш амрини бердилар. Саккиз йил олдин (622 й.) Мадинага кўчаётганларида икки туя, тўрт кишилик бир гуруҳ бўлиб Маккадан чиқишган! Мана, орадан саккиз йил ўтиб (630 й.), муаззам ва муҳташам бир қўшин билан Маккага кираётган эдилар!

Сарвари Олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зи Туво мавқеидан Маккага киргунга қадар туяларининг устида ана шуларни ўйлар, муборак бошларини туянинг бўйнига сажда қилаётгандек қўйиб, мағрур бир фотиҳ каби эмас, ниҳоятда мутавозе бир қулдек, Аллоҳнинг буюк лутф ва карамига шукроналар айтиб олға борардилар.

Қўшин қон тўкмай, тинч йўл билан Маккага киришга муваффақ бўлди. Фақат Валид ўғли Холид бошқараётган қўшин мушрикларнинг қаршилигига учради. Қурайшнинг энг золимларидан Сафвон, Суҳайл, Икрима (Абу Жаҳлнинг ўғли) кичик бир тўда тайёрлаб, маҳаллаларни ишғол этишга монелик қилиш учун Холиднинг суворий тўдасини ўққа тутишди, ҳатто мусулмонлардан икки мужоҳидни шаҳид этишди.

Ҳолбуки, умумий афв эълон қилинган эди. Холид аскарларини тинчлик билан олиб ўтиб бораётган эди. Бу тажовузга қарши Холид дарҳол мудофаа қуролини қўлга олди. Унга ҳужум қилганлардан ўн учтасини бир ҳамлада ер тишлатди. Қолганлари қочиб кетди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макканинг олд томонидан, Холид эса паст тарафидан шаҳарга киришган эди. Холид кирган жой Исломнинг энг ёвуз душманлари яшайдиган маҳалла эди. Ҳатто, Бани Бакр билан бирлашиб хузоаликларга ҳужум қилганлар ва бу билан Ҳудайбия сулҳининг бузилишига сабаб бўлганлар ҳам шу маҳалла аҳолисидан эди.

 

Давоми бор...

 

Қуръони каримнинг ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжизадир. Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони каримни кўп тиловат қилар эдилар. Умматларига бу борада ҳам аввало ўзлари амалий ўрнак бўлганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саҳийси эдилар. У зотнинг энг саҳийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръондан дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда шамолдан ҳам саҳий бўлиб кетар эдилар.

Мўминлар Қуръон тиловат қилар эканлар унинг оятлари борасида тафаккур юритиб, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Қуръон тиловат қилсалар уни тартил билан тиловат қилиб, унинг ҳар бир оятини тадаббур этар эдилар. Тафаккур ила ўқилган суралар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини оқартирган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочингизга оқ тушибдими?” деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: “Менинг сочимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ ва Таквир (суралари) оқартирди”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Ҳоким, Имом Байҳақий, Имом Абу Яъло ривояти).

Ҳуд сурасининг икки ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини оқартирган оятлардан ҳисобланади.

Имом Байҳақий ўзининг “Шуъаб ал-имон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим, деди.

Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳа шундай, деб жавоб бердилар.

Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳоли-ми сизнинг сочингизни оқартирди.

Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! ояти сочимни оқартирди, дедилар.

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.

Қуръонни кўп тиловат қилишлик бизни Аллоҳга яқин қилади. Қуръонни ўқиш қанчалик савобли бўлса, уни тинглаш ҳам шунчалик савобли амаллардандир. Шундай экан, Қуръонга мухлис бўлиб, уни тиловат қилганимизда ҳам тинглаганимизда ҳам тадаббур қилайлик.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ

Инсонлар ҳаётлари давомида руҳиятларини ҳазил-мутойиба ва ширин сўзлар, қизиқарли ҳикматлар билан бойитиб борсалар, умрлари завқли, файзли бўлади. Бу сўзлар ва ҳолатлар меъёрида бўлиб, ҳаддан ошмаса, албатта кишилар қалбига манзур бўлиб, қувонч бахшида этади. Муқаддас динимиз мусулмон кишини очиқ юз, табассумли ва яхши дўст бўлишга буюради. Атрофдагилар бундай кишининг суҳбатидан мароқ олиб, рағбат ва меҳрлари зиёда бўлади. Натижада кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмату эҳтиром ва муҳаббат зиёдалиги муҳим омил бўлиб, жамият янада мустаҳкамланади, жипслашади, бошланган ишлар самараси ортаверади.

Бироқ ҳар бир ишнинг қонун-қоидаси бўлганидек, бу одоб турининг ҳам ўзига яраша меъёрий жиҳатлари бор. Акс ҳолда, яъни ҳазил-мутойиба қилиш ҳаддан зиёда бўлса, мазахга айланиши ёки шундай тушунилиши мумкин. Мазах қилиш эса инсон қалбини яраловчи қалтис қуролдир. Шу боис ҳазил-мутойиба қилишнинг қоидалари билан танишайлик.

 

Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўйин ва эрмак аҳлидан эмасман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мазах қилиш, ортиқча ҳазил мусулмонни Аллоҳ таолога ибодат қилиш, буюрган эзгу ва хайрли ишлар, яъни инсонлар ҳамда жамиятга манфаатли амаллар билан кўпроқ, бардавом машғул бўлиш, бошқаларни тарғиб этиш каби асосий амаллардан чалғитади.

Бу борада ҳам саҳобалар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) тарбия олганлар. Улар ўзаро ҳазил-мутойиба қилишарди. Агар ул зот жиддийлашсалар, салобатли бўлардилар.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари бир-бирларига (енгил нарса) отардилар, айрим пайтларда улар жиддий қиёфага кирардилар. Кўп мазах қилиш қалбни ўлдиради, адоватни мерос қилади ҳамда кичикларни катталарга нисбатан ҳурматсизликка  ундайди”.

Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди ва ким кўп ҳазил қилса, уни беписанд қилади”, деди.

 

Ҳазил-мутойибада озор бермаслик

Бошқаларни хафа қилмаслик шарти билан аҳлига,  қариндошларига, дўстлари ва ака-укаларига ҳазил-мутойиба қилиш мубоҳдир.

Навбатдаги ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларини ёмонлик аломати мавжуд бўлган ҳазилдан қайтарганларини баён қиламиз. Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қилади: “Биродарингиз нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким биродарининг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари у киши билан сайрга чиқди. Йўлда улардан бири ухлади. Шунда уларнинг баъзиси унинг ёнидаги арқонни олишди. У уйғониб, арқонини йўқотганидан қўрқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Хандақ ғазоти куни Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) одамлар билан бирга тупроқ ташиди. Бир маҳал у чарчаб ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Робеъ (розияллоҳу анҳу) ҳазил қилиб унга сездирмай аслаҳасини олиб қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишдан қайтардилар.

Ибн Ҳиббон Омир ибн Робеъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши кимнингдир оёқ кийимини ҳазиллашиб яшириб қўйди. Буни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, Ул зот: “Мусулмонни қўрқитманглар, чунки уни қўрқитиш катта зулмдир”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).

Ҳазил баҳона бировнинг устидан кулиш, ғийбат қилиш, таҳқирлаш ва динимиз арконлари хусусида мазах қилиш, ҳурматсизлик қилиш гуноҳдир.

 

Ҳазил-мутойибада ёлғондан сақланиш

Ёлғоннинг тури кўп, барчасидан сақланиш керак. Кишилар даврасида бўлганларнинг баъзилари кулгили қиссаларни, ҳикояларни сўзлаётганида эшитаётганларни кулдириш, уларга хурсандчилик улашиш мақсадида ёлғон тўқийдилар. Шубҳасиз, шу тариқа баён этилган қисса ва ҳикоялар ёлғон, динимиз булардан қайтарган ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ қоралаган амаллардандир.

Буҳз ибн Ҳаким (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни кулдириш учун ёлғон сўзларни айтувчига вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин”, дедилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Байҳақий ривояти).

Навос ибн Самъон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга ишонган биродарингга ёлғон гап гапиришинг катта хиёнатдир”, дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Шу ўринда ёлғоннинг кўпайиб, тарқалишига сабаб бўлаётган баъзи жиҳатлар ва сабаблар ҳақида мушоҳада қилиб ўтамиз. Одамлар орасида “1-апрел ёлғони” (алдаш куни)  номи билан кенг тарқалган ёмон одат бор. Бу  ғарб “маданият”идан кириб келган. Асрлардан буён динимиз ва халқимиз қадриятлари чамбарчас боғланиб “ёлғончи” деган номни ўзларига ор билган, бу иллатга яқин йўламаган аждодларимизнинг бугунги айрим авлодлари ўз ота-боболарининг ғурурли, номусли, иффатли урф-одатлари қолиб, кимнингдир бетайин одатларини ўзлаштириб олмоқдалар. Бунинг натижасида баъзи ёшларимиз “ёлғон гапирса бўлар экан” деган тарбияни олиб, ўз ота-оналарига, устозларига ҳам ёлғончилик қилаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Алдов билан бировларнинг пулларини олиб мақтаниб кетаётганлар, ёлғон гаплари билан оилаларни бузаётганлар, ёлғончи туҳматчилар, ёлғон сўзлаб гувоҳлик берувчилар қаердан келмоқда? Улар ўзга юрт вакиллари эмас, ўз фарзандларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиздир.

Бир киши бешинчи синфда ўқийдиган ўғли ҳақида гапириб беряпти: “Бир куни ўғлимдан:

– Ўғлим, ўқитувчинг ота-оналар мажлисига тез-тез чақириб турарди. Кейинги вақтларда чақирмай қўйди,  – деб сўрасам, ўғлим:

  • Дадажон, энди устозимиз чақирмайди, – деди.
  • Нимага чақирмайди устозинг, нима, биздан хафа бўлдими?
  • Хафамас. Яқинда ота-оналар йиғилиши бўлди. Сиз “Менинг вақтим йўқ”, ойим эса: “Дугоналарим билан гапим бор, боролмайман”, дедилар. Яхшиям бормабсизлар, ўша куни устозимиз ўртоғим Ботирни дадасига: “Ўғлингиз яхши ўқимайди”, дебди. Ботирни дадаси роса уришибди. Энди ҳар куни уйидан кўчага чиқмасдан, дарс қилаётган эмиш. Кейинги кун устозимиз: “Шокир, ота-онанг нимага келмади?” деб сўрадилар. Мен: “Устоз, дадам узоқ сафарга кетганлар, ҳали-бери келмайдилар. Ойимнинг мазалари йўқ, келолмайдилар”, деб жавоб бердим.

– Яхши қилибсан, ўғлим, энди бошқа безовта қилмайди, ўзи шундоғам ишларим кўп, – дедим.

Бу ота ўғлининг “гапдон”лигию, “уддабурон”лигидан хурсанд бўлиб сўзламоқда. Демак, болани ёлғон гапиргани учун рағбатлантирмоқда. Шу тахлит тарбия олиб, балоғат ёшига етган фарзандга ёлғоннинг салбий оқибатларини уқтириб кўрингчи, қанчалик уддалар экансиз бу ишни? Беҳуда уриниб, вақтингиз бекорга кетишидан бошқа нарсага кафолат йўқ. Чунки у болалигидан катта бўлгунга қадар ёлғон кирди­кор­ларининг “маза”сини тотиб, “самара”сини кўрган ва ундан завқ олиб улгурган. Энди у бу йўлда “етуклик”ка интилади, ёлғонни яшириш учун ҳеч бир жиноятдан, зулм ва ёмонликдан қайтмайди. Агар боши бир тошга урилиб ёрилгач, тўғри йўлни ихтиёр қилмаса! Кўриб турибсиз, майда-чуйдадек туюлган ёлғонларга эътиборсизлик туфайли, келажакда яхши инсон бўлиб етишиши лозим бўлган фарзанд ёмон йўлни одат қилмоқда.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматга қадар келадиган барча умматларига энг яхши мураббий ва муаллимдир. Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, дея ўзлари ва аҳли Ислом билан бундай кимсалар ўртасига парда қўйганлар. У зот ўз ўрнида, тўғри маънода, яъни ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилганлар. Ёлғондан мутлақо узоқ бўлганлар ва бошқаларни ҳам ростгўйликка чақирганлар.

 

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳазил-мутойибаларидан намуналар

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. У саҳродан ҳадялар олиб келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берарди. У бўйи паст одам эди. Бир куни у мато сотиб турганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнига келдилар. Билдирмасдан Зоҳирни орқасидан маҳкам қучоқладилар. Зоҳир: “Ким, мени қўйиб юбор”, деди. Қайрилиб  қараса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турибдилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўксиларига тегиб турган орқа елкаларини ажратмай турди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бу қулни ким сотиб олади?”  дедилар.

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, менинг бозорим чаққон эмас, – деди Зоҳир.

– Лекин Аллоҳнинг ҳузурида бозоринг чаққон, Аллоҳнинг ҳузурида сен қимматсан, – дедилар у зот. (Имом Термизий ривояти).

Авф ибн Молик Ашжаъий ривоят қилади: “Табук” ғазотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келдим. Ул зот теридан ясалган кичкина чодирда эдилар. У зотга салом бердим. Набий (алайҳиссалом) алик олдилар ва “Киргин” дедилар. Мен: “Ҳамма танам кирсинми?” дедим. У зот: “Ҳамманг”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши келиб, Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улов сўради. У зот: “Мен сенга туянинг боласини бераман”, дедилар.

– Ё Аллоҳнинг расули, туянинг боласини нима қила­ман?

– Туя туядан туғиладими? дедилар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Бикор Зайд ибн Асламдан ривоят қилади. Умму Айман деган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб:

– Менинг эрим сизни чақиряпти, – деди.

– У ким? Икки кўзи оқ кишими?

– Йўқ.

– Ҳа, унинг икки кўзи оқ.

– Йўқ, Аллоҳга қасам ичаман.

– Ҳар кишининг икки кўзи оқ бўлади.

Жаноб Пайғамбар (алайҳиссалом) бу ўринда кўз қорачиғи атрофидаги оқликни мақсад қилган эдилар.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Бир кампир Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин”, деди. Шунда: “Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга айтинглар, у кампир ҳолатда жаннатга кирмайди”, деб айтдилар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар» (Воқеа, 35–37).

Юқоридаги воқеада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёллар жаннатга қиз ҳолатида киради деган маънони мақсад қилиб ҳазиллашдилар.

Беназир салоҳиятли мураббийларимиз тарбия жараёнида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) самимий одоблар билангина ҳазил қилганликларини тушунтириб ва уқтириб борсалар, фарзандларимиз бундан ибрат олишади ва ҳаётлари давомида кишилар билан ўзаро яхши муомалада бўлишади.

 

ТАБРИКЛАШ ОДОБИ

Фарзанд одобини камолга етказадиган тарбиявий ишлардан яна бири керакли ўринларда самимий табриклашга одатлантиришдир. Шунда бола билан жамият ўртасида ўзаро дўстлик, қадрдонлик, меҳру муҳаббат зиёда бўлади. Табриклашнинг турли шакллари бор. Аввало, мураббийлар фарзанднинг руҳиятини кўтариш мақсадида кичкина ютуғи билан ҳам табриклаб, муносиб баҳолаши керак. Байрамлар ва шунга ўхшаш саодатли кунларида табриклаш айни муддаодир. Бундай эътибор, самимий тилаклар уларнинг хотираларида муҳрланиб қолади. Зеро, айтган гапига аввал ўзи амал қилиб ибрат кўрсатиш тарбиянинг таъсирчан, самарали усулидир. Бу борадаги бир ибратли воқеа билан танишамиз.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши ўз фарзандини олиб келиб: «Ҳазрат, шу ўғлимга бир насиҳат қилсангиз, кун бўйи асал егани еган. Тугаб қолса, “Олиб келинг” деб жанжал қилиб, ҳоли жонимга қўймайди. Онаси иккаламиз қанча панду насиҳат қилмайлик, ҳеч кор этмаяпти”, дея шикоят қилди. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бир оз ўйланиб туриб: “Фарзандингизни бир ойдан кейин олиб келинг”, деди. Ҳалиги киши бир ойдан кейин яна Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келди. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) унинг ўғлини ёнларига ўтқизиб, бошини силадилар-да: “Ўғлим, эсли-ҳушли бола экансан, асалнинг кўпи ҳам зарар, шунинг учун ота-онангга қулоқ солиб, рухсат беришган вақтдагина егин, хўпми?” деди. Бола эса: “Хўп бўлади”, деб жавоб берди. Шунда боланинг отаси:

– Тақсир, бир нарса сўрасам? – деди.

– Марҳамат.

– Шу бир оғиз насиҳатингизни ўтган ой келганимизда айтсангиз бўлмасмиди? Бир ой куттирмоқдан муддао нима?

– Сизлар келган куни эрталаб асал еган эдим. Асалнинг қуввати ва таъсирини ҳали яхши билмай туриб, “Асал ема”, деб насиҳат қилишдан тийилдим, чунки сўзимнинг таъсири бўлмай қолиши мумкин эди. Шу боис сизларни қайтариб юборгач, бир ой давомида ўзимни асал емоқдан тийдим. Иншааллоҳ, фарзандингизга бу насиҳат энди фойда беради», – дея жавоб бердилар.

Бу сабоқ ва ўрнак катта амалий бир дастурдир.

Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар қандай солиҳ амал бажарса, унинг самарасини бу дунёда ҳам олади. Албатта, Аллоҳ ҳузурида улуғ савобларга мушарраф бўлади.

Кишиларни табриклаш ва уларнинг қалбига хурсандчилик етказиш Ислом динимиз назарида энг катта қурбат, яъни Аллоҳга яқин қилувчи ва фарз амаллардан кейин турадиган, Аллоҳга севимли бўлган амаллардандир. Бундай амаллар гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади ва жаннатга йўл очади. Ушбу улуғ неъматлар, савоблар ҳақида башорат берилган муборак ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганар экансан, беихтиёр бутун вужудинг ила эзгулик қилиб, кишилар қалбини қувончга тўлдиргинг келади.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким биродарига уни хурсанд қилиш учун яхши кўрган нарсасини берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни мамнун қилади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْكَبِيرِ) عَنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ من مُوجِبَاتِ الْمَغْفِرَةِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى أَخِيكَ المُسْلِمِ

Имом Табароний Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон биродарингга хурсандчилик улашиш гуноҳлар кечирилишини вожиб қиладиган амаллардандир”, дедилар.

رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْأَوْسَطِ وَالْكَبِيرِ) عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أنَّ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ تَعَالَى بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ

Имом Табароний Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзлардан сўнг Аллоҳ таолога маҳбуб амаллар мусулмонга хурсандчилик улашишдир”, дедилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ким мусулмонларнинг (аҳли байтига) қалбларини хурсандчилик ила тўлдирса, Аллоҳ унга жаннатдан ўзга мукофот беришга рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 

Табриклашда хурсандчилик ва эътибор қилиш

Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) қиссасида келтирилади: Каъб ибн Молик: «Баланд овозда “Эй Каъб ибн Молик, табриклайман”, деяётган овозларни эшитдим. Одамлар мени табрикладилар. Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўришни истаб чиқдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, мени тавбамнинг қабул бўлгани билан табриклардилар. “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дейишди. Шунда масжидга кирдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўти­ришарди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ туриб келди ва мени қучоқлаб табриклади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Каъб ибн Молик айтади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салом бердим, ул зотнинг юзлари хурсандчиликдан порлади ва менга: “Онанг сени дунёга келтирган кунидан ҳозиргача бўлган кунларнинг энг яхши куни – тавбанг қабул бўлган кун билан табриклайман”, дедилар».

Суннати Набавий бизни гўзал табрик ва чиройли дуо сўзларидан фойдаланишга буюради. Мусулмон киши уни пухта ўрганиши ва муносиб вақтда айтиши лозим.

 

Фарзандли бўлган кишини табриклаш

 Янги фарзандли бўлган кишига қуйидаги дуони айтиш мустаҳабдир: “Барик лака бил мавҳуб ва балағо ашуддаҳу”.

Табрик қабул қилувчи эса: “Баракаллоҳу лака ва барака аълайка ва розақокаллоҳу мислаҳу”, дейди.

 

Сафардан қайтган кишини қутлаш

Сафардан қайтган кишига салафлар ривоят қилган ушбу қутлов сўзи айтилади: “Алҳамду лиллаҳиллази саламака ва жамаъа ашшамла бика ва акромака”.

 

Ҳаждан келган кишини қутлаш

Ҳаждан келган кишига: “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғофаро занбак ва ахлафа нафақотак”, дейиш мустаҳаб.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир йигит Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ҳаж қилмоқчиман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан юриб: “Эй йигит, Аллоҳ тақвони сенга зийнат қилсин ва сени яхшиликка юзлантирсин, ғам-андуҳни кетказсин”, дедилар. Йигит ҳаждан келганида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй йигит, “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғофаро занбак ва ахлафа нафақотак” (маъноси: Аллоҳ ҳаж ибодатингни қабул қилсин ва гуноҳингни авф қилсин ва нафақангни қайтиб берсин), дедилар» (Ибн Сунний ривояти).

 

Никоҳни қутлаш

Никоҳдан сўнг келин-куёвнинг ҳар бирига қуйидаги  дуони айтиш мустаҳаб: “Барокаллоҳу лака ва барока алайка ва жамаъа байнакума фи хойрин”.

Яъни: “Аллоҳ баракотлар берсин ва уни сенга баракотли қилсин ва ораларингизни яхшиликда бирлаштирсин”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирон киши уйланса, унга: “Барокаллоҳу лака ва барока алайка ва жамаъа байнакума фи хойрин”, деб айтардилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

رَوَى أَحْمَدُ وَالنَّسَائِي عَنْ عُقَيلِ بْنِ أَبِي طَالِبٍ أَنَّهُ تَزَوَّجَ إِمْرَأةً من بَنى جَشْمٍ فَدَخَلَ القَوم عَلَيْهِ فَقَالُوا: بِالرِّفَاءِ وَالْبَنِينَ، فَقَالَ: لاَ تَفْعَلُوا ذَلِكَ ، فإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ ذَلِكَ قَالُوا: فَمَا نَقُولُ يَا أَبَا زَيْدٍ؟ قَالَ: قُولُوا: بَارَكَ اللهُ لَكُمْ وَبَارَكَ عَلَيْكُمْ. (إِنَّا كَذَلِكَ كنا نُؤْمَرُ.)

Имом Аҳмад ва Насоий Уқайл ибн Абу Толибдан ривоят қилади: «Уқайл ибн Абу Толиб Жашм қабиласидан бир аёлга уйланди. Одамлар унинг олдига кириб “Бахт ва ўғиллар тилаймиз”, дедилар. Шунда: “Бундай деманглар, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганлар”. “Эй Абу Зайд, унда нима деймиз?” дедилар. “Барокаллоҳу лакум ва барока алайкум, денглар. Бизга шу буюрилган эди”, деди».

Али ибн Абу Толиб Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) уйланишдек бахтга мушарраф бўлиш олдидан, тўй тадориги билан сарфу харажатлар учун совутини сотмоқчи бўлиб бозорга борди. У жойда ҳазрат Усмонни учратиб қолди. Ҳазрат Али уйланиш ва маҳр учун совутини сотишга келганини айтди. Ҳазрат Усмон унга тўрт юз саксон дирҳам бериб совутни сотиб олди. Кейин эса яна совутни ҳазрат Алининг қўлига тутқазиб: “Эй Али, Аллоҳ йўлида хизмат қилишинг учун ушбу совутни мендан тўй совғаси сифатида қабул қил”, деб уни ҳадя қилди.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ана шундай ўткир фасоҳатли инсон эдилар. Бу қадар олийҳимматлик ила Алига (розияллоҳу анҳу) бир вақтнинг ўзида керакли маблағни бердилар, яна тўй ҳадяси сифатида Алининг (розияллоҳу анҳу) ўзига жуда ҳам керак бўлган, бироқ зарурият юзасидангина сотган қимматбаҳо совутларини қайтариб бердилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) шу қадар юксак фаҳму фаросат билан тадбир қўллади, натижада Али (розияллоҳу анҳу) катта қувонч билан ортларига қайтдилар. Ҳазрат Усмон: “Мен сенга қарз бериб тураман, совутни сотма” ёки “Совут жангда керак бўлади, мана бу пул сенга тўёна” деганида ҳам бўларди, аммо бундай вазиятда Али (розияллоҳу анҳу) гарчи хафа бўлмаса-да, бундан хурсанд бўлмаслиги аниқ эди. Бу ибрат олишимиз лозим бўлган олий сифатлардан биридир. Демак, никоҳ тўйи бўлаётган кишини нафақат оғзаки табриклаш, балки унга совға тақдим қилиш ҳам яхшидир.

 

Байрам билан табриклаш

Ҳайит намозидан сўнг: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка” (маъноси: Аллоҳ биздан ва сиздан ибодатларимизни қабул қилсин), дейиш мустаҳабдир.

Ҳайит куни Холид Ибн Маъдон Васила ибн Ақъа билан учрашиб қолди. Шунда Холид: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка”, деди. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтиб юрган дуодир.

Икки ҳайит байрамида кишилар бир-бирларини қутлашлари ва бир-бирларига хурсандчилик улашишлари лозимлиги кўп нодир манбаларда ёзилган. Замонамиз, хусусан, диёримиз уламолари бу ҳақда ўзларининг китобларида ҳам жуда кўп мушоҳада қилганларига қарамасдан, ийд кунлари ҳали-ҳануз юртимизнинг кўп жойларида одат тусига кириб қолган аза маросимларини ўтказиш давом этяпти. Ваҳоланки, динимизда ушбу кунлар байрам сифатида нишонланиши ҳамиша таъкидланган. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан диёримизда Рамазон ва Қурбон ҳайити биринчи кунлари байрам сифатида кенг нишонланиши учун дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Яқин ўтмишда ҳам ота-боболаримиз учун бундай кунлар армон эди. Яратганга шукр, истиқлол туфайли бу саодатли кунлар қадрига етиб, улуғ айёмларимизни муносиб қарши олмоқдамиз.

 

Яхшилик қилган кишини қутлаш

Яхшилик қилган кишига “Барокаллоҳу лака фи аҳлик ва малика ва жазакаллоҳу хойрон” (маъноси: Аллоҳ сени, аҳлингни ва молингни марҳаматига сазовор қилсин ҳамда сенга яхши мукофотлар берсин), дейиш мустаҳабдир.

Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан қарз сўрадилар. Бир муддатдан кейин уни қайтардилар ва: “Боракаллоҳу лака фи аҳлика ва малика”, - дедилар” (Имом Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صُنِعَ إِلَيْهِ مَعْرُوفٌ فَقَالَ لِفَاعِلِهِ: جَزَاكَ اللهُ خَيْرًا فَقَدْ بَلَغَ فِي الثَّنَاءِ

Имом Термизий Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Кимга яхшилик қилинса, қилувчига “Жазакаллоҳу хойрон” (Аллоҳ яхши мукофот берсин) дейилса, батаҳқиқ, мақтовда етук қилибди», дедилар.

Табрикловчи ва табрикланувчи масур дуоларни айтишни одат қилиши афзалдир.

 

Табриклаш чоғи совға бериш мустаҳабдир

Янги фарзанд туғилган хонадон аҳлига ва сафардан қайтган кишига, шунингдек, висол кечасига кирувчига совға бериш мустаҳабдир.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро совға улашинглар, ҳатто қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстликни пайдо қилади ва гиналарни кетказади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

رَوَى الْبُخَارِىُّ فِي (الْأدَبِ الْمُفْرَدِ) عَنْ أَبِي  هُرَيْرَةَ مَرْفُوعًا: تَهَادَوْا فإِنَّ الْهَدِيَّةَ تُذْهِبُ وَحْرَ الصَّدْرِ (وحر الصدر: غِشُّهُ وَحِقْدُهُ)

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ўзаро совға улашинглар, чунки у қалбдаги нафратни кетказади”, дедилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ўзаро ҳадя улашинглар, ўзаро муҳаббатли бўласизлар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Бу ҳадисларда кишилар ўртасидаги ўзаро совға улашишнинг фазилатлари таъкидланган. Айниқса, муайян бир хурсандчилик айёмларида, байрам ёки бирор-бир ёдда қоладиган кунларда совғалар улашиш турмушга янада файз ва кўтаринки руҳ бахш этади.

Ҳадя улашишлар кишиларни, хусусан, қариндош-уруғларни бир-бирларига янада жипслаштириб, ўзаро ҳурмату эҳтиром, меҳру муҳаббатлари зиёда бўлишида катта аҳамият касб этиши муқаррардир. Шу билан бирга, орага тушиб қолган хижиллик, гина, адоват барҳам топишига ёрдам беради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ:

Касални ўз вақтида кўриш;

Касалнинг ҳолига қараб ёнида ўтириш ёки тезда туриш;

Касални дуо қилиш;

Оғриётган жойига қўлни қўйиб дуо қилишни эслатиш;

Касал ҳақида унинг аҳлидан сўраш мустаҳаб;

Касалнинг бош томонида ўтириш мустаҳаб;

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш;

Касал ҳолини сўраш;

Касалнинг одоби;

Касал кўрувчи касалдан дуо қилишини сўраши мустаҳаб;

Касал ўлим тўшагида ётган бўлса “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни эслатиш;

Top