www.muslimuz

www.muslimuz

Воскресенье, 02 Сентябрь 2018 00:00

Мустақилликни мустаҳкамлаб

Тарихан қисқа давр ичида, мустақиллик йилларида ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимизни, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда ҳар соҳада ҳар томонлама мустақил тараққиёт йўлидан ривожланиб бораётган эркин, демократик давлатга айландик. Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган энг улуғ ва олий неъматдир. Муқаддас динимиз ҳам тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғоясига айлантирган, десак, хато қилмаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида баён қилади: “Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ичига кирингиз”. Ислом динининг иккинчи манбаси бўлмиш Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси шарифларида: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”,- дейилган. 

Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг бу неъматидан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Барчага аёнки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошираётган тубан кимсаларга қарши доимо сергак ва ҳушёр бўлиш зарур. Зеро, Қуръони каримнинг “Моида” сурасида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, деб марҳамат қилинган.

Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузум давомида қатағон қилинган юзлаб юртдошларимиз, ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди. Энг улуғ ва энг азиз – Мустақиллик байрами яхшиликнинг умри абадий эканлиги ҳақида ўйлашга ундайди. 

Ўзбекистон Республикасиининг марҳум Биринчи Президенти И.А. Каримов: “Биз учун бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни таъминлаш,уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар доим диққат-эътиборимиз марказида туриши лозимлигини асло унутмаслигимиз керак”, деган эдилар. Дарҳақиқат, қайси бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша ерда тараққиёт бўлади. Биз эришаётган ютуқлар замирида ҳам ана шундай тинчлик ва осойишталик ётади. Мустақилликнинг ўтган йилларига назар ташласак, пойтахтимиз, барча вилоят ҳамда шаҳарларда, қишлоқларимиз, ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли халқимизнинг ҳар куни тўю-томошалар, байраму шодиёналар билан ўтмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Шу маънода халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу-интилишлари ва эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. 

Дарҳақиқат, динимиз ҳам тинчликни, мустақилликни бебаҳо неъмат деб улуғлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида кўп бора тинчликка даъват этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ёппасига тинчлик ичига киришингиз”. Тафсир китобларида келтирилишича, ушбу оят бир томондан барча инсонлар аҳилликда тинчлик йўлини тутишлари кераклигини англатса, иккинчи томондан эса уни барқарор қилиш учун барча ҳисса қўшиши зарурлигини билдиради. Мустақил, тинч, осойишта, ҳар куни хурсандчилигу тўй-томоша бўлган юртда яшаш эса катта бахтдир. Аллоҳ таоло юртимизнинг мустақиллиги ва тинчлигини бардавом айласин. 

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавият ва

 маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Рохат Мамадшоева

Воскресенье, 02 Сентябрь 2018 00:00

Доимо эътибор ва эъзозда бўлдик

Ҳожиларимиз миннатдорликларини изҳор этар эканлар, жумладан, Тошкент шаҳри 13-гуруҳи зиёратчилари номидан Қосимова Муқаддас Зайниддин қизи: “Аввало, биз Яратган Парвардигорга шукрлар қиламиз. Истиқлол туфайли дин борасида катта имкониятлар очилди. Ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этишимизга кенг шарт-шароитлар яратиб берилди. Муҳтарам Президентимизга раҳматлар айтамиз. Чунки Юртбошиси одил юрт халқининг ҳаёти фаровон, ибодати комил бўлади. Биз Ўзбекистонимиздан Мадина, Макка шаҳарларига бориб, Ҳаж амалларини тўлиқ бажардик. 

Мана, ҳозирда ҳам ҳурмат, эъзоз, турли қулайликларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ишчи гуруҳи, шифокорлар томонидан бизга кўрсатилган хизматлар, ошпазлар тайёрлаб берган мазали таомлари, меҳмонхонадаги шароитлари ва бошқа барча хизматлар учун Президентимиз бошчилигида барча мутасаддиларга, муфтий ҳазратларига миннатдорлигимизни билдирамиз. Ҳаж амалларини бажаришда яқиндан ёрдам берган ишчи гуруҳи, шифокорлар ва гуруҳимиз раҳбарига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Биз ҳожи оналарга берган ёрдамлари жуда ҳам улкан бўлди. Албатта, биз уларнинг ҳақларига дуолар ижобат бўладиган жойларда дуолар қилдик ва яна дуо қиламиз. Юртимизга Яратганнинг ўзи хайр ва баракалар ато этсин.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи биз ҳожи оналар Муқаддас заминдан она-Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатамиз, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз, иншаоллоҳ.

Ҳожиларимизнинг мана шундай миннатдорлик мактублари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пойтахтимиздаги “Наврўз” маросимлар уйида 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб эҳсон дастурхони ёзилди.  

 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

 

 

 

Ислом Каримов хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.  

 

Халқимиз мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг барҳаёт номларини доимо ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олади. У киши юритган оқилона сиёсат, илм-фан, маданият ва маънавиятни ривожлантириш борасидаги ишларни ҳеч қачон унутмайди.  

 

Бу эзгу ишлар бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги босқичда ва изчил давом эттирилмоқда.  

 

Тадбирда Республика вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ҳамда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.  

 

ЎзА

Воскресенье, 02 Сентябрь 2018 00:00

Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилиши

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси таклифига биноан Бишкек шаҳридаги Имом Сарахсий номли марказий масжиднинг 2018 йил 2 сентябрь куни бўладиган расмий очилиш маросимида иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига жўнаб кетди. Мазкур масжид Усмонлилар Султонлиги меъморчилиги асосида қурилган бўлиб, қурилиш 2012 йилда бошланган. Унга Туркиянинг “Диёнат” фонди томонидан 25 миллион доллар ажратилди. Масжидга 8 минг киши, умумий ҳудудига эса 20 минг киши жойлашиши мумкин бўлади.

 

Бундан ташқари вакилимиз шу куни Чўлпон ота шаҳрида ўтказиладиган III Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди.

 

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, кўчманчилар ўйинлари 2016 йилдан буён Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтказилади. Унда кўпкари, от чопиш, кураш каби кўчманчи халқлар спорт ўйинлари бўйича дунёнинг кўплаб жамоалари иштирок этишади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Воскресенье, 02 Сентябрь 2018 00:00

Жаннат тўлови

Иброҳим Адҳам ҳазратлари ҳаммомга бордилар. Лекин пуллари бўлмагани учун, қанча ялинсалар ҳам, ичкарига қўйишмади. Бўйинлари эгик ҳолда ортга қайтаётган Иброҳим Адҳам шундай ҳайқириб йиғладиларки, бир зумда атрофларига одамлар тўпланди. Бири олиб, бири қўйиб ҳазратни юпата кетишди:

 

– Бунчалик қайғу чекишингизга ҳожат йўқ, сиз учун ҳаммомга, мана, биз пул тўлаймиз!

 

Шунда Иброҳим Адҳам йиғилганларга:

 

– Сизлар мени ҳаммомга киритишмагани учун йиғлаяпти деб ўйлаяпсизми? – дедилар. – Йўқ, асло бундай эмас. Бу дунёдаку пулинг йўқ деб ҳаммомга киритишмаяпти. Бироқ охиратда яхши амалларинг йўқ, дея жаннатга қўймасалар, ҳолим нима кечади? Шуни ўйлаб йиғлаяпман.

 

«Ирфон» тақвимининг 2010 йил, 4-сонидан олинди.

Top