www.muslimuz

www.muslimuz

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турибди. Делегация шу кунга қадар “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарияти ва бир нечта илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти билан яқиндан танишди. Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш борасида қатор келишувларга эришилди. Ўзбекистон делегациясининг мазкур сафари Миср ОАВ ва интернет нашрларида кенг ёритилмоқда.

Жумладан, Мисрдаги http://www.rosaelyoussef.com/news/details/462945 веб-сайтида “М.Комилов: Яқин Шарқдаги қуролли можаролар содир бўлган жойдан 156 ўзбек қайтарилди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.
Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қилган нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича берган таклифи ва мазкур муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши ва унинг аҳамияти ҳақида сўз боради.

Шунингдек, мақолада “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори асосида терроризм ва экстремизмга қарши кураш, оқибатларга қарши эмас, балки сабабларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш зарурлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72 сессиясидаги нутқида келтирилган қуйидаги сўзлар зикр қилинади: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Мақолада Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комиловнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақидаги қуйидаги сўзлари келтирилади.

– Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ижобий ўзгаришларни мамлакатдаги ҳар бир инсон ҳис қилмоқда, Президентимизнинг олиб бораётган эзгу ташаббусларига хайрихоҳлик билдирмоқда. Жорий йил Рамазон ойида юртимизда учта йирик масжид-мажмуа очилди. Шулардан иккитаси Тошкент шаҳрида, биттаси эса Термизда.

– Республикамиз мустақиллигининг дастлабки йилларида саноқли масжидларда таровеҳ намозларида Қуръони карим хатм қилинар эди. Қорилар етишмагани сабабли, бошқа мусулмон давлатлардан қориларни жалб этардик. Бугунга келиб, хусусан, ушбу Рамазон ойида хатми Қуръон қилиб бериш учун Россия, Малайзия ва АҚШ каби давлатларга ўнлаб қориларимизни юбордик. Юртимиздаги мусулмонлар 2056 масжидда таровеҳ намозини, 2030 та жомеда эса Қуръоннинг тўлиқ хатмини эшитдилар. Қувонарлиси, Қуръони каримни таровеҳ намозида хатм қилиб берган қорилар юртимиздаги ислом билим юртларининг талабалари ва битирувчилари ҳисобланади. Сўнгги йилларда иккита ислом олий ўқув юрти ташкил этилди. Бу каби мисолларни узоқ вақт давом эттириш мумкин. Яқинда, АҚШга расмий ташриф билан бордик. Ушбу ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирсак, у ердаги турли ташкилотларнинг ходимлари лол қолишди, дейди М.Комилов.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси асосида 30 май куни “меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида Яқин Шарқнинг низоли ҳудудларидан ўзбекистонлик 156 нафар фуқаро юртимизга қайтарилгани, бу инсонпарварликнинг олий кўриниши экани алоҳида қайд этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

5 июль куни Фарғона вилоятида меҳнат қилаётган имом-хатибларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салим Қодиров ўз ихтиёрига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар бош имом-хатиби ва “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Фарғона вилояти бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Убайдуллоҳ домла Абдуллаевга ушбу масъулиятли вазифада Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَوَكَّلُونَ عَلَى اللَّهِ حَقَّ تَوَكُّلِهِ لَرُزِقْتُمْ كَمَا تُرْزَقُ الطَّيْرُ تَغْدُو خِمَاصًا وَتَرُوحُ بِطَانًا » (رواه الترمذي)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Агар сиз Аллоҳга чинакам таваккал қила олганингизда эди, худди эрталаб инидан бўм-бўш чиқиб кетган қуш кечки пайт тўлиб-тошиб қайтиб келиши каби ризқлантирилар эдингиз”» (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, тонг отиши билан қушлар чуғурлашиб инларидан чиқади. Ейишга ҳеч вақоси йўқ бўлса-да, хотиржамлик билан уча бошлайди. Чунки бу жониворлар ризқ Аллоҳдан эканини билади.

Биз-чи?! Шу қушларчалик Раббимизга таваккал қила оляпмизми?!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи(таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ояти каримадаги “дааббатун” сўзи “ўрмалаб юрувчи нарса” деган маънони англатади. Ушбу сўз барча тирик мавжудотни ўз ичига олади.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу оятни далил қилиб: “Ҳаром нарсалар ҳам бандага ризқдир. Акс ҳолда, бир умр ҳаромдан касб қилганлар (масалан, ўғри, рибохўрлар) ризқдан бенасиб бўлар эдилар”, дейишган.

Ибн Уйайна: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирор жонзот ўз ризқини захира қилиб сақлаб қўймайди”, дейди.

Ҳадиси шарифларда ҳам ризқ Аллоҳдан экани очиқ-ойдин баён этилган. Хусусан, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда талаб қилинглар! Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирон нарсани ун(га келиши)дан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар» (Имом Табароний ривояти).

Сулаймон алайҳиссалом қирғоқда ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз сари кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон алайҳиссалом бу ҳолдан таажжубланди. Бир пайт қурбақа сувдан бошини чиқариб оғзини очган эди, ҳалиги чумоли кўринди. Бироқ дон йўқ эди. Шунда Сулаймон пайғамбар чумолини чақирди ва ундан донни нима қилганини, қаерда бўлганини сўради. Шунда чумоли: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! – тилга кирди чумоли. – Мана шу денгиз тубида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғишни эса қурбақага юклади”, деди.

Сулаймон алайҳиссалом: “Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?” деб сўради. Чумоли жавоб берди: “У ушбу дуони айтар эди: “Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унутмайдиган Зот! Марҳаматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унутмагин!»

Мазкур ҳадис бугунги кун учун ҳам жуда долзарб. Негаки, маъмурчилик даврида кўпимиз Аллоҳга таваккал қилишни унутиб қўйдик. Бунинг оқибатида юртимизда имконият, шароит бўла туриб, ризқимизни чет эллардан қидира бошладик. Қонуний йўллар бўла туриб, бошқа чоралар ахтариш сабабли айрим кишилар ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолаётгани ҳам сир эмас.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 май куни Президентимиз топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқаролари, асосан, аёллар ва болалар махсус авиарейсда “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти доирасида Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Бу эзгу ишни барчамиз ойнаи жаҳон орқали кузатдик. Она юрт тупроғига қадам қўйган каттаю кичикнинг кўзларига ёш қалққанини кўриб, хаёлимга юқоридаги ҳадис келди.

Ҳадиси шарифда Аллоҳга чинакам таваккал қила олсак, худди қушлардек ризқимиз оёғимиз остига сочиб қўйилиши чиройли услубда англатилмоқда. Бунинг учун фақат ихлос керак.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

Малика Рима бин Абдул Азиз Ол Сауд Саудия Арабистони тарихидаги биринчи аёл элчи бўлди, у Вашингтонга элчи этиб тайинланди.

Саудия Арабистонининг АҚШ ва Буюк Британиядаги элчилари Ямандаги уруш ва журналист Жамол Қошиқчининг ўлими сабабли юзага келган бир неча ойлик кескин муносабатлардан сўнг ўз ўринларини эгаллашди.

Маликанинг акаси, шаҳзода Холид ибн Султон Ол Сауд пайшанба куни Лондонда ишонч ёрлиғини топширди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Мозори-Шарифга ташрифи Афғонистон Ислом Республикаси матбуотида кенг ёритилиб, жамоатчилик ва сиёсий доиралар вакиллари томонидан юқори баҳоланди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон ҳукумати раҳбари Абдулла Абдулла билан учрашувда “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи қурилиш лойиҳаси қийматининг 45 миллион АҚШ долларига туширилиши ҳақида маълум қилди. Бу ўзбек халқининг ҳақиқий дўстона муносабатидан дарак беради. Ўзбекистоннинг афғон халқи билан доим ёнма-ён эканига, ҳар қандай вазиятда кўмакка тайёр эканига яна бир бор амин бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top