muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва вилоят бош имом-хатиблари иштирокида Zoom дастури орқали онлайн йиғилиш ўтказилди.

Масофавий тадбирда вилоят қозиларининг янгидан қурилаётган масжидлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Унда айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 2094 та масжид фаолият юритилаётгани, шундан 245 та масжидни янгидан барпо этиш ишлари жадал суратларда олиб борилаётгани, шунингдек, 44 та масжиднинг қайта қурилиши учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, тез кунларда қурилиш ишлари бошланиши кутилаётгани қайд этилди.

Йиғилиш якунида масжид қурилиши бўйича зарурий тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Аллоҳ таоло масжидларимизда амалга оширилаётган хайрли ишларга кўмакчи бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Среда, 06 Октябрь 2021 00:00

Ислом эзгулик дини

Барчамизга маълумки, Ислом дини тинчлик ва омонлик дини бўлиб, у доимо инсонларни аҳиллик бирдамлик ва тотув яшашга, нафақат инсоният балки, нохақ бирор жонзотга, атроф муҳитга зарар етказмасликка чақиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:“Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”. Бизнинг диёримизга ҳам ислом дини кириб келгандан буён аждодларимиз, ота-боболаримиз мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони карим, ҳадиси набавияга асосланган мўътадил ҳанафий мазҳаби таълимотига мувофиқ эътиқод билан, мазкур мазҳаб асосида ибодатларини адо қилиб келганлар.

Маълумки, тарихда нафақат ислом дини тараққиёти йўлида, балки, дунёвий илм-фан ривожи йўлида мутафаккир юртдошларимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби юзлаб алломалар муносиб хизмат қилганлар.

Мамлакатимиз мустақилликдек улуғ неъматга эришгандан сўнг жафокаш халқимиз ўз миллий ва диний қадриятларига эга бўлди. Хусусан, бошқа дин вакиллари қаторида мусулмонлар учун ҳам минглаб масжидлар очилди. Диний таълим масканлари фаолият юрита бошлади. Ота боболаримиз орзу қилиб ета олмаган ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл очилди. Дин эркинлиги, виждон эркинлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу боисдан мамлакатимизда амалда бўлган виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунда ҳам ҳалқимиз руҳига мос келадиган иймон эътиқод меҳр-оқибат, ор-номус иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Ўзбекистон худудида яшовчи барча халқларни урф-одатлари миллий анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Ёшларимиз тарбиясида, халқимизнинг маънавиятини юксалтиришда имом-хатибларимиз фаол қатнашиб келишмоқда.

Ўзга юртларда мусулмонлар орасида турли хил ихтилофлар келишмовчиликлар низолар пайдо бўла бошлади. Ўзларини “ваҳҳобийлар” деб номлаган кимсалар ёшларимизни Ватанга, халққа қарши қилиб тайёрладилар. Бу оқим таъсирига тушган айрим кимсалар диний илмларга улкан ҳисса қўшган аждодларимиз тутган йўлларини қоралаб, ҳаттоки, ўтган уламоларимиз, авлиёларимиз қўйинки, мазҳабга амал қилувчи мусулмонларни иймонсиз кофир ва мушрикликда ҳаёт кечирган дея уларга қарши чиқдилар.

Покиза аждодларимизга отилган бўхтон тошлари диёримиздаги ваҳҳобийларнинг ўзларини хор қилди. Ҳозирда улар юртдан қувғин ҳолатда беватан тоғу тошларда ҳаёт кечирмоқда. Буларнинг беодоблиги, катталарга ҳурматсизлиги охиратда ҳам хор қилади.

Мустақиллик туфайли эришилган дин ва қадриятлар эркинлигига ношукурлик қилган жоҳил кимсалар турли  экстремистик оқимлар таьсирига тушиб динимизга, осойишта ҳаётимизга зарарли ихтилофларни келтириб чиқаришди. Тинчлигимизни бузиб қатор хунрезликларни амалга оширдилар. Биз ўзлигимизни, аждодларимиз ким эканлигини билиб, ўрганиб ўз даврларида бутун Ислом оламига дарс берган алломаларимиз, устозларимиз изидан бориб аҳли суннат вал-жамоа эътиқодида маҳкам турсак, доимо огоҳ бўлсак, ёшларимизни ваҳҳобий, ҳизбут-таҳрир, акромийлар ва шунга ўхшаш бузғунчи гуруҳлар таъсиридан сақлай оламиз. Пайғамбар алайҳиссалом: “Дин насиҳатдир” деб марҳамат қилганлар. Насиҳат деб бировни эзгуликка бошлаш, меҳр оқибатга тарғиб қилиш, бирдамликка чақиришга айтилади. Ақидапарастларнинг тафриқага, шафқатсизликка чақиришларини насиҳат деб бўлмайди. Шундай экан ўз диёримиздан чиққан уламолар, фузалолар бизларга мерос қилиб қолдирган китоблар, бизни тўғри йўлда юришимизда кифоя қилади. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек: “Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёни ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради. Одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”.

Аллоҳ ҳеч биримизни ўзи кўрсатган тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин!

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Саудия Арабистонида биринчи марта уч муслима аёл профессионал парашютчи малакасига эга бўлишди.

Яқинда Алаа Дафер, Марам Ал-Эйд ва Разан Ал-Гуфаили 12 000 фут баландликда Black Hawk вертолётидан сакраб, Саудия Арабистони Экстремал спорт турлари федерациясининг биринчи аёл парашютчилар жамоаси сифатида расмий равишда дебют қилишди.

Islam.ru хабарига кўра, аёлларга ушбу соҳа бўйича дунёдаги етакчи органларидан бири АҚШ Парашют уюшмаси томонидан профессионал лицензия берилди.

"Албатта, хавфсизлик чораларини ҳисобга олишимиз керак. Мен бу спортни танладим, чунки мен ҳар доим учишни ёқтирардим ва эркин учиш имконияти – бу мен ҳеч қачон қўлдан бой бермайдиган нарса", – дейди парашютчи Марам Ал-Эйд.

"Парашют билан сакраш – бу бошқа ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган тажриба. Бу менинг юрагимга алоҳида ва яқин нарса. Болалигимдан учишни орзу қилганман, энди эса орзуим ушалди ва бунга ҳали ҳам ишонолмайман", - дейди маккалик Алаа Дафер.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзанди дедилар: “Эй отамиз! Бизлар укамизни еган бўрини сизга олиб келамиз”. Яъқуб алайҳиссалом: “Майли”, дедилар. Ваҳоланки, улар бўри гапиради деб ўйламас эдилар, буни билганларида бундай демаган бўлардилар. Шу каби банда ҳам қиёмат куни гуноҳларини инкор қилади, Аллоҳ таоло айтади: “Менда сенинг зарарингга ишончли гувоҳлар бор: икки фаришта, замон ва макон ҳамда аркон (қилинган ишлар)”.

Кўзлар қарадим дейди, қўллар ушладим дейди, терилар суйкалдим дейди, Жаббор (бўлмиш Аллоҳ таоло) кўрдим, дейди.

Улар оталарининг ҳузуридан чиқдилар ва қариган, озиб-тўзиб кетган бир бўрини ушладилар, унинг тишларини синдириб, занжирга боғлаб, оталарининг ҳузурига олиб келдилар. Яъқуб алайҳиссалом: “Эй бўри! Ўн тўрт кечалик ойдек порлаб турган юзни еганингда нақадар ёмон иш қилдинг! Ёш болага раҳм этмадинг, унинг кекса отасига шафқат қилмадинг!” дедилар.

Шунда Аллоҳ таоло бўрига саломдан бошланган нутқ ато қилди. Бўри деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Огоҳ бўлингки, пайғамбарларнинг гўштлари биз (жонзотлар)га ҳаром қилинган. Сиз гумон қилган нарсадан мен йироқман. Аллоҳга қасамки, мен билан фарзандларингиз орасида мен ҳақимда айтилган гаплар туҳмат ва бўҳтондир!”

Сўнг Яъқуб алайҳиссалом дедилар: “Эй бўри! Юсуф алайҳиссаломдан бирор хабаринг борми?” Бўри: “Ҳа”, деди. “Бўлмаса менга хабар бер”, дедилар. “Йўқ”, деди бўри. “Нима учун?” дедилар. Бўри деди: “Ор-номусдан қўрқаман, йўқса, бўрилар мени чақимчи деб номлайдилар, чақимчилик бизда ор саналади”.

* * *

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг ёмони – одамлар орасида гап ташувчилар, айбловчилик қилиб юрувчилар ҳамда чақимчилардир”.

Яна жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг шафоатим ота-онасига оқ (осий) бўлган, маст қилувчи ичимликларни ичувчи ва сотувчига ҳамда чақимчига ҳаромдир”.

Яна дедилар: “Кимки султоннинг ҳузурида чақимчилик қилса, уч тоифа кишининг айбловига йўлиқади: биринчи – султоннинг айблови, иккинчи – чақимчилик қилган кишисининг айблови, учинчи – ўз-ўзининг айблови”.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга душманлик қилманглар, ҳасад қилманглар, (ёмон) лақаб қўйманглар, шунда шафоатга муҳтож бўлмай жаннатга кирасизлар”.

Хабарда келадики, “Жаннатда инсон жинсидан ва жинлар жинсидан бошқа етти нарса бўлади: Яъқуб алайҳиссаломнинг бўрилари, Асҳоби Каҳфнинг итлари, Солиҳ алайҳиссаломнинг туялари, Узайр алайҳиссаломнинг эшаклари, Асҳоби филнинг филлари, Али розийаллоҳу анҳунинг дулдул (от)лари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирлари”.

Аҳмад ҒАЗЗОЛИЙнинг “Баҳрул маҳабба” асаридан
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби
Абдулмажид ИСҲОҚОВ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 14-сонидан

Вторник, 05 Октябрь 2021 00:00

Жаҳолатга қарши маърифат

Бугун – 5 октябрь куни вилоят ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита вилоят бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ҳамкорлигида Наманган давлат университетида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир давомидатинчликнинг қадрига етиш, ёшлар ўртасида ўзаро ҳурмат, одоб-ахлоқ,юртимиз алломаларининг бой меросини ўрганиш каби ўзбекона миллий қадриятларга садоқат ҳақида тушунчалар берилди. Сўнгги йилларда ёшларнинг маънавияти ва дунёқарашини шакллантириш бўйича барча имкониятлар яратиб берилаётгани таъкидланди.

Бўлиб ўтган тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита вилоят бошқармаси бош мутахассиси Иброхимжон Сайдуллаев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Обидхон Икрамовлар иштирок эдилар.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, талабалар диний соҳада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ
Top