muslim.uz

muslim.uz

  • Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади?
  • “Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.
  • Зулҳижжа ойи қандай ой?
  • Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.
  • Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга?
  • Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ойда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп айтардилар: "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр" (Имом Термизий ривояти).

Эслатиб ўтамиз, 11 июль якшанба куни Зулҳижжа ойининг 1-кунидир. Валлоҳу аълам.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Уламоларимиз Тошкент вилоятига ташрифлари давомида Паркент, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Тошкент, Қибрай туманларидаги масжидлар атрофида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашувлар ўтказдилар, эҳтиёжманд оилаларда бўлиб, ҳақдорларга “Вақф” фондининг моддий ёрдамини етказдилар.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Паркент туманидаги “Самсарак” ва “Қўрғон” маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, беморлиги бор юртдошларимиз ҳолидан хабар олдилар, уларнинг кўнглини яхши сўзлар билан, “Вақф” фонди моддий ёрдам пуллари, китоблар жамланмасидан иборат ҳадялар билан кўтариб, уларни қийнаётган ё ўйлантираётган масалалар бўйича маслаҳат ва тавсияларини бердилар, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўз навбатида ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, юртимиз равнақи, халқимиз фарвонлигини сўраб эзгу дуоларда бўлишди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мумкин-ми? Бу ишда хотинни мажбурлаб бўлади-ми?

— Модомики, урфда бу ҳол кишини танитиш йўлларидан бири ҳисобланса, хотин эрнинг фамилиясини олиши жоиз ишдир. Фақат шарти шуки, бу шариатда қайтарилган насабни даъво қилиш йўли билан бўлмасин. Аммо шунчаки ўзини танитиш воситаси ўлароқ, эр фамилиясига ўтишнинг зарари йўқ. Бунга қуйидагилар далил бўлади: Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси, 10-оятида “Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотини”, дейилади.

Набавий Суннатда келишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, киришга изн сўрайди. Шунда: “Ё Расулаллоҳ, бу Зайнаб, сизнинг олдингизга киришга изн сўраяпти”, дейишди. У зот: “Зайнабларнинг қайси бири”, дея сўрадилар. “Ибн Масъуднинг хотинлари”, дея жавоб қилишганда, “Ҳа, унга изн беринглар!”, дедилар. Унга киришга изн берилди” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, урфда жорий бўлса, аёлнинг эр фамилиясига ўтиши жоиз. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

 

 

Кеча, 9 июль куни уламолар, диний соҳа ходимлари Тошкент вилоятига ташрифлари давомида Паркент, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Тошкент, Қибрай туманларидаги масжидларга ташриф буюриб, ҳудуд мўмин-мусулмонлари учун маърифий маъруза қилиб бериб, жума намозини жамоат билан адо этдилар:

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Юқори Чирчиқ туманидаги “Саксон ота”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Паркент туманидаги “Бойқозон”, Диний идора раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Паркент туманидаги “Сирли” жоме масжидида бугунги жума маърузаси: “Порахўрлик – тараққиёт кушандаси” мавзусида таъсирли мавъиза қилиб бериб бердилар.

Ушбу сермазмун маърузаларда хусусан қуйидагилар таъкидланди: «Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз бундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.

Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада бундай дейилади: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).

Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.
Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”».

Уламоларимиз жума маърузалардан сўнг хайрли дуолар қилдилар, шунингдек, намозхонларни қизиқтирган ё ўйлантирган саволларга жавоб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Суббота, 10 Июль 2021 00:00

Хаворижларнинг даъвоси (видео)

Доктор Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳаж Ал-Ҳанафий ҳафизаҳуллоҳ

Top