Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Барчаларимиз моҳи шариф Рамазон ойида Раббимиз Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган Рамазон рўзаларини тутиб, кундузлари соим, кечалари таровеҳ намозларини ўқиш билан қоим бўлган ҳолатда, бу ойдаги муборак кеча бўлган Қадр кечасидаги савоблардан баҳраманд бўлишлик умидида турибмиз. Муборак Рамазон ойининг фазилатли кечаларидан бири – Қадр кечасининг қимматини Аллоҳ таоло: "Минг ойдан яxшироқдир", дея юксак кўтарган. Ойларнинг султони Рамазон ойи бўлса, шубҳасиз, унинг тожи Қадр кечасидир. Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони каримда “Қадр” номли бутун бир сура нозил қилган:

(إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ  وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ  لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ  تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ  سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ  (سورة القدر/1-5

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.

(Қадр сураси, 1-5-оятлар). 

Қадр сураси беш оятдан иборатдир. Кўпчилик уламолар бу суранинг Мадинада нозил бўлганини айтишади.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича нақл қилинади: Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни тўлиқ ҳолда Қадр кечаси Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул Иззага олиб тушган. Сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлиб-бўлиб туширилган. Қуръоннинг биринчи ояти тушган вақт ва энг оxирги ояти нозил бўлган вақт орасидаги муддат йигирма уч йилдир.

Имом Шаъбий оятнинг "Қадр кечасида" лафзларини "ҳукм кечасида" деб тафсир қилган. Ҳукм кечаси "тақдир кечаси" демакдир. У кечанинг тақдир кечаси деб номланишига сабаб, у кечада келгуси йил "Қадр кечаси"гача берилажак ризқ, ажал ва бошқаларни Аллоҳ таоло тақдир қилади ва уларни амалга оширувчи фаришталарга топширади. Улар тўрт фариштадир: Исрофил, Микоил, Азроил ва Жаброил (алайҳимуссалом).

Яна бошқа қавлга кўра, кечанинг бундай аталиши, унда қадрли Китоб қадрли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, қадрли умматга нозил қилингани туфайлидир.

"(Эй Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxшироқдир"."Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир" ояти каримасида бу кечанинг фазилати ва улуғлиги баён килинган. Вақтнинг фазилати унда содир бўладиган хайрли воқеаларнинг кўплиги билан белгиланади. У кечада минг ойда ҳам бўлмайдиган жуда кўп яхшилик тақсимланади. Бошқа муфассирлар оятни бундай тафсир қилишган: "У кечада қилинган амал, Қадр кечаси бўлмаган минг ойда қилинадиган амалдан яхшидир".

"У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир".

У кечада фаришталар ер юзига тушиб, тонг отгунича одамларнинг қилган дуоларига "омин" деб турадилар.

Оятдаги ""Руҳ" сўзидан мурод Жаброил (алайхиссалом)дир.

Ибн Аббос розияллоху анҳу оятни бундай тафсир килган: "Унда" яъни, Қадр кечасида "Парвардигорининг изни ила", яъни амри билан "барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар", яъни, Аллоҳ таоло бу йилдан келгуси йилгача бўлишини тақдир қилган, ҳукм қилган топшириқлар билан ерга тушишади".

Оятдаги "салом"ни муфассир Розий: "Қадр кечасида ерга тушган фаришталар ҳар бир мўмин одамга салом беришади. Бу тонг отгунча давом этади", деб тафсир килган. Шунингдек, "салом" калимаси яxшилик деб ҳам тафсир қилинган. Нофеъ ва бошқалардан ривоят қилинишича, Қадр кечаси тўлалигича саломатлик ва яxшилик кечасидир, унда тонг отгунча бирор ёмонлик бўлмайди. Қадрнинг айнан қайси кечада экани тўғрисида турлича фикрларни билдирганлар. Уларнинг мутлақ кўпчилигига кўра, Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси Қадр кечасидир.

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 (لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَ عِشْرِينَ " (رواه أَبُو دَاوُدَ وَ أَحْمَدُ"

 яъни: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”, - дедилар”.

Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозим-ки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, кам таъминланган оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз керак бўлади.

(عن عائشةَ رضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ الله، أرأيتَ إنْ علمتُ أي  ليلةَ القدْر؛ ما أقول فيها؟ قال: قولي: اللَّهُمَّ إنَّك عفُوٌّ تحبُّ العفوَ، فاعفُ عنِّي  (رواه الترمذى

яъни: Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўради: "Ё Расулуллоҳ, агар мен Қадр кечасини топсам нима деб дуо қилай? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: Эй Аллоҳ, Сен ҳақиқатда гуноҳларни кечирувчисан, менинг гуноҳларимни кечир, деб дуо қилинг"-дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қадр кечасининг фазилати борасида Аллоҳ таолонинг "...минг ойдан яxшироқдир", деб марҳамат қилганининг ўзи етарли.

(قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (رواه البخارى و ﻣﺴﻠﻢ

Яъни: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Ким Қадр кечасини (мукофотига) ишониб, (савобини) умид қилиб, намоз ўқиш билан ўтказса, унинг ўтмишдаги (кичик) гуноҳлари кечирилади" (Имом Буxорий ва Муслим ривояти).  

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: "Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман", - деди. Аллох таоло: "Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман", - деди. Мусо (а.с.) яна: "Илоҳо, сенинг раҳматинг орзусидаман", - деди. Аллоҳ таоло: "Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилган кишигадир", - деди. Мусо (а.с.): "Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман", - деганларида, Аллоҳ таоло: "Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман", - деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом эттириб: "Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан танаввул қилишни истайман", - деди. "Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, мени зикр этиш билан машғул бўлганларни жаннат боғларига сазовор қиламан", - деди Аллох. Мусо (а.с.): "Илоҳо, дўзаxдан нажот топишни истайман", - деганларида, Аллоҳ таоло: "Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзаxдан нажот топадилар", - деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: "Илоҳо, сенинг розилигинг топишни истайман", - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: "Эй Мусо, Менинг розилигимни Қадр кечасида икки рақат нафл намоз ўқиганлар топадилар", - деди ("Зубдатул воизин" китобидан).  

Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Қадр кечасида Аллоҳ таоло амри  ила Жаброил алайҳиссалом фаришталар жамоати билан ер юзига тушадилар, Жаброил алайҳиссаломнинг тўққиз юзта қаноти бўлиб, улардан иккитасини фақат Қадр кечасидагина очади. Жаброил алайҳиссалом ва фаришталар туриб, ўтириб, намоз ўқиб, зикр қилиб ибодат қилаётганларга салом берадилар ва уларнинг қилаётган дуоларини ижобатини сўраб, то тонг отгунча "омин" деб турадилар. Кимнинг бадани титраб, қалби юмшаса ва кўзларига ёш келса, бу Жаброил алайҳиссаломни бу одам билан кўришганининг аломатидир. Тонг отиши билан Жаброил алайҳиссалом "қайтиш, қайтиш" деб нидо қиладилар. Фаришталар Жаброил алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло бу кечада Мухаммад алайҳиссалом умматига нима қилди деб сўрашганда, у зот "Аллох таоло уларга назар қилди ва тўрт тоифа инсонлардан бошқаларининг гуноҳларини кечирди" - дейдилар. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу тўрт тоифа кимлар эканлигини сўраганимизда, у киши: "Ичкиликка ружу қўйган, ота-онасига оқ бўлган, қариндошлик алоқаларини узган, ўзаро аразлашиб гаплашмай юрган одамлар тоифасидир" - дея жавоб бердилар." (Байҳақий ривояти, "Мажолис-уш -шуҳур" китобидан).

Демак, биз мўминлар Қадр кечасининг савобини топишликка ҳаракат килишлик билан биргаликда, юқоридаги тўрт тоифа кишиларидан бўлиб қолмасликка ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло бу ойда тутаётган рўзаларимиз, ўқиётган таровеҳ намозларимиз, қилаётган ифторликларимиз, садақот-у эҳсонларимизни ўз даргохида қабул этиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлмоқликларимизни барчаларимизга насиб айласин. Омин.

9204 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top