Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҲАСАД – ҲАСАНОТ КУШАНДАСИ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي حَذَّرَنَا مِنَ الْبَغْضَاءِ وَالْحَسَدِ وَاَمَرَنَا بِالتَّعَوُّذِ مِنْهُ بِقَوْلِهِ (وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ) وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِنَا مُحَمَّدٍ الْاَمِينِ الَّذِي قَالَ "...وَلَا تَحَاسَدُوا وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا..." وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

Ҳурматли жамоат! Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам, афсуски, мавжуд. Шулардан бири ҳасаддир. Биринчи гуноҳ Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Хобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. Аллоҳнинг бирор неъматни ўз бандасига ато этиши ёки бермаслигига эътироз қилган кишининг ҳолати оғир бўлади. Зеро, Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига хоҳлаган неъматини беради, хоҳламаса – йўқ. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин?!

Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасаднинг ёмонлиги тўғрисида шундай дейди:  

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ فَقَدْ آَتَيْنَا آَلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآَتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا   (سورة النساء الاية-54).

яъни: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” (Нисо сураси, 54-оят).

Ояти каримадаги “неъматлари” дегани – “пайғамбарлик, ҳидоят ва имон”дир. “Одамларга” сўзидан мурод – “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга имон келтирганлар”дир. Бошқа бир ояти каримада ҳақни билганларидан кейин ҳам ҳасад қиладиганлар ҳақида шундай дейилади:

وَدَّ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُمْ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِنْ عِنْدِ أَنْفُسِهِمْ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ

 (سورة البقرة الاية-109)

яъни: “Аҳли китобларнинг кўпчилиги имон келтирганингиздан кейин ва уларга ҳақиқат равшан бўлгандан сўнг ҳам ҳасад юзасидан сизларни (яна) куфрга қайтаришни истайдилар” (Бақара сураси, 109-оят).

Аҳли китоблар Уҳуд жангида мусулмонлар қўшини мағлубиятга учраганидан кейин уларга: “Агар сизларнинг динингиз ҳақ бўлганда эди, сизларга Аллоҳ ёрдам бериб, ғалаба қозонган бўлур эдингиз. Яхшиси  қайтиб, бизнинг динимизга кира қолингиз”, – деганлар.

         Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:

وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ 

(سورة الفلق الاية-5)

яъни:ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан(паноҳ сўрайман деб айтинг) (Фалақ сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан огоҳлантириб шундай деганлар:

إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّهُ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби, яхшиликларни ейди” (Имом Бухорий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда айтилади:

دَبَّ إِلَيْكُمْ دَاءُ الْأُمَمِ الْحَسَدُ وَالْبَغْضَاءُ هِيَ الْحَالِقَةُ لَا أَقُولُ تَحْلُقُ الشَّعْرَ وَلَكِنْ تَحْلُقُ الدِّيْنَ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِيذِيُّ)

яъни: “Сизга (ўтган) умматларнинг касали: ҳасад ва буғзу-адоват ўрмалаб (ўтиб) келди. Улар қирувчидир. Улар сочни қиради демайман, балки улар динни қиради!” (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда ўзаро ҳасад қилишдан қайтариб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

لَا تَقَاطَعُوا وَلَا تَدَابَرُوا وَلَا تَبَاغَضُوا وَلَا تَحَاسَدُوا وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا وَلَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Узилишиб кетманглар, юз ўгиришманглар, бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг оға-ини бандалари бўлинглар. Мусулмон киши  биродаридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Ўз ўрнида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларда ҳасаднинг давосини айтиб ўтадилар:

ثلاثٌ لازماتٌ لأُمَّتِي سُوءُ الظَّنِّ والحَسَدُ والطِّيَرَةُ فإذا ظَنَنْتَ فلا تُحَقِّقْ وإذا حَسَدْتَ فاسْتَغْفِرِ اللهَ وإذا تَطَيَّرْتَ فَامْضِ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ طَبَرَانِيُّ)

яъни: “Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсанг, юзага чиқарма; ҳасад қилсанг, истиғфор айт; шумлансанг, йўлингда давом эт” (Имом Табароний ривояти).

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

كُلُّ بَنِي آدَمَ حَسُودٌ وَلاَ يَضُرُّ حَاسِداً حَسَدُهُ مَا لَمْ يَتَكَلّمْ بِاللِّسَانِ أَوْ يَعْمَلْ بِالْيَدِ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ اَبُو نُعَيْمٍ)

яъни: “Ҳар бир Одам боласи ҳасадчидир, (лекин) модомики (ҳасадини) тилига чиқармаса, (ҳасадига) қўли билан амал қилмаса ҳасадчига ҳасади зарар қилмайди” (Имом Абу Нуъайм ривояти). Баъзи ҳадисларда ҳасад сўзи ҳавас маъносида келган:

لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِى اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ قُرْآنًا فَهُوَ يَقُومُ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ

 (رَوَاهُ  الامام الْبُخَارِىُّ)

яъни: “Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши; Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейди: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад бир кишидан неъматнинг йўқ бўлишини исташ; бу ижмоъ ва бошқа далиллар билан ҳаром қилинган.  Мажозий ҳасадни “ғибта” дейилади. “Ғибта” дегани неъмат эгасидан кетмасдан, ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир (буни бизда “ҳавас” дейилади). Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу-ҳавас қилиш эса мустаҳабдир”.

Қалбни гина-кудуратлардан поклаш – мўмин кишини жаннатга олиб кирувчи катта ютуқдир. Буни Анас разияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳикоясидан ҳам билиб олсак бўлади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида ўтирганимизда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шу пайт ансорийлардан бир киши таҳорат сабабли соқолларидан сув томиб турган, ковушини чап қўлида кўтариб олган ҳолатда кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Эртаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – деб қолдилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтиб берадилар: “Ҳалиги кишининг изидан бориб: “Отам билан аразлашиб қолиб, уч кун уйга бормасликка қасам ичдим,  агар имкони бўлса, қасамим ечилгунича сизникида тунасам, нима дейсиз”, – дедим. Ансорий саҳоба розилик берди. Абдуллоҳ ибн Амр уч кеча у билан тунади. Уни тунда (тунги намоз учун) турганини кўрмади. Лекин кечалари уёқ-буёққа ағдарилганда Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўярди. Шу билан бомдод намозига туриб, чиройли таҳорат қиларди (Абдуллоҳ: “У кишидан фақат яхши гапларни эшитдим”, – дейди). Уч кеча ўтгач, мен унинг амалларини кам санаб қолишимга оз қолди. Унга: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аслида отам билан ўртамизда ҳеч қандай аразлашиш бўлмаган, лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта, учта ўринда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Уч марта ҳам сиз кириб келдингиз. Сизникида тунаб, сизнинг амалларингизни кўрмоқчи бўлдим. Катта бир амал қилганингизни кўрмадим. Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган даражага қандай етдингиз?”, – дедим. У: “Амалларим фақат сен кўрганларинг” – деди. Изимга қайтганимда, мени чақириб: “Амалларим фақат сен кўрганларинг, лекин қалбимда бирор мусулмонга нисбатан ғилли-ғашлик йўқ ва Аллоҳ берган яхшилик учун бирор кишига ҳасад ҳам қилмайман”, – деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ана шу сизни (улуғ) даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган нарсадир”, – деди” (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон аввало қалбини гина-кудурат, буғзу адоват, кўролмаслик, кибр ва ҳасаддан поклаши даркор. Қалбнинг покланиши, имону ихлос, ҳусну хулқ, самиймийлик ва камтарлик билан гўзал бўлиши инсонни икки дунё саодатига етказади, иншааллоҳ.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кун сайин дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган севимли ватанимиз ва ватандошларимизга ҳасад кўзи билан эмас, балки ҳавас кўзи билан қараш керак. Давлатимизда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни фақат ёмон гумон ва ҳасад билан таҳлил қиладиганлар ҳам, афсуски, топилади. Биз уларга таҳлилда холис бўлиш ва жамиятга фойдали бўлган ислоҳотларга хайриҳоҳ бўлишни тавсия қилган бўлардик. Зеро, ҳасад билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Ватандошларимизнинг ҳам давлатимиз ҳукуматининг хайрли ислоҳотларида ҳамфикр бўлиб, қўллаб қувватлаб туришлари, мустажоб дуоларида эсга олишларидан умидвормиз.    

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида миссионерлик билан шуғулланувчи секталарнинг кўпмиллатли жамиятимизда диний бағрикенглик, ўзаро иноқлик ва тинчликка етказадиган зарарлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Миссионерликнинг асосий мақсади – қайсидир динни тарғиб қилиш ёки қайсидир динни кучсизлантириш эмас, балки сизу биз яшаб турган юртнинг тинчлигига раҳна солиш ва тараққиётини барбод қилишдир. Тарихдан маълумки, миссионерлар худди шу йўл билан бир неча давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқардилар. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юбордилар. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий  ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва, ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келди. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида минглаб одамларни ўз томонларига оғдириб олишди ва охир оқибат улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратишди. Худди шундай ғаразли услуб Судан мамлакатининг жанубини, яъни Дарфур вилоятини ажратиб олишда ҳам қўлланилган.

Бундай ҳаракатлар билан улар ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикрлар туғдиришга эришади. Бу йўлда атайлаб Ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини нотўғри талқин қилиш каби усуллардан фойдаланади. Афсуски, кўп ёшларнинг эътиборсизлиги, бефарқлиги уларнинг қабиҳ ниятларини амалга оширишда қўл келмоқда.

Миссионерлар ғаразли ниятларини амалга оширишда оммавий ахборот ва алоқа воситаларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Миссионерлик ғояларини тарғиб қилувчи рисола, журнал ва матнлар маҳаллий тилларга таржима қилиниб, аҳоли ўртасида текин тарқатилади. Сунъий йўлдош орқали узатиладиган ўнлаб телевидение кўрсатувлари, радио каналлари, интернет саҳифалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши натижасида дунёда миссионерлик ҳаракатлари ёйилмоқда.

Айрим юртдошларимиз даромад топиш мақсадида ўз киндик қонлари тўкилган юртдан узоқлашиб, олис ва нотаниш юртларга бормоқда. Уларнинг аксарияти айнан миссионерларнинг тузоғига тушмоқдалар. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасида яшаган ёшларимиз ўз миллий маънавиятларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишмоқда. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай бузуқ ғоялардан асраш – бугунги кунимизнинг энг муҳим масалаларидан биридир.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан, буғзу адоватдан асрасин, ўзаро дўсту ёр бўлиб яшашни муяссар қилсин! Барчамизни Ўзининг ҳидоятида бардавом айлаб, иймон ва исломда собит қадам қилсин! Омин!

4628 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top