Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат! Мустақил Ватанимиз учун бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан файз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлди. Юртдошларимиз холис ният билан Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон ойи рўзасини чин ихлос ила тутишди. Масжидларимиз намозхонлар билан янада гавжумлашди. Қуръон хатмлари қалбларимиздаги ғуборларни ювиб, ихлосимизни янада оширди. Қилинган амри маъруф, наҳйи мункарлар кўзларимизни очди, нафсимизни жиловлашга ўргатди. Моли нисобга етганлар закотларини чиқариб, Аллоҳ буюрган ўринларга, эҳтиёжмандларга тарқатишди. Мусулмонларимизнинг саховатлари, меҳр-мурувватлари бу муборак ойда янада ошди. Кексалар, ногиронлар, етим ва муҳтожлар ҳолидан хабар олишди, меҳр-мурувват ва саховатлари билан уларнинг кўнгилларини кўтаришди. Бу ойда кўпларимиз гуноҳ ишлардан, ёмон қусурлардан тийилдик, яхшилик, эзгу ишларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қилдик. Барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини имкони борича тутиб, Аллоҳнинг ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни бўлган Фитр ҳайити каби улкан шодиёна арафасида турибмиз.

Рамазон ҳайити жуда улуғ байрам. Дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринкилик билан ўтказадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз шавқланадиган ажойиб палладир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайитида ва Қурбон байрамида барчаларимиз хурсандчилигимизни, суруримизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Китобида бундай дейди:

(قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ

(سورة يونس/ 58).

 яъни: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр ҳайити кунларига алмаштирди”, дедилар” (Абу Довуд, Аҳмад, Насоий).

Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат кунидир, уларнинг қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ учун тутган рўзалари эвазига улкан мукофотлар ва жаннат неъматларини ваъда қилган кунидир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

(إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ  لِمِثْلِ هَذَا فَلْيَعْمَلِ الْعَامِلُونَ

(سورة الصافات / 60-61).

яъни: “Албатта, мана шу (неъматлар) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти деб атаганлар. Бу ҳадисни Ибн Аббосдан Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар ривоят этишган. Кечагина барча мусулмонлар емак ва ичмакдан ўзларини тийиб, фақат тоат ва ибодат билан машғул бўлган бўлишса, бугун Аллоҳ таолонинг неъматларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёмига етишдилар.

Азиз намозхонлар! Бугун шуни рўй-рост тан олиш керакки, халқимизнинг асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз, диний эътиқодидан, қадриятларидан мосуво бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсин, мана, мустақилликка эришдик, миллий ва диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Энг асосийси, мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этадиган, диний таълимни бемалол оладиган бўлишди. Кўплаб масжидлар янгидан очилди, минглаб мусулмонлар ҳаж ва умра қилиш имкониятига эга бўлишди. Мусулмонларимиз бу ойни тоат-ибодат, тавба-тазарру, сабр-бардош, яхшилик ва меҳр-мурувват йўлида ўзаро мусобақалашишлар билан безашга ҳаракат қилишди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бизга кўрсатмалари шундай бўлган, ибратлари шундай бўлган: ўзлари бу ойда бошқаларга қараганда кўпроқ ибодат, эзгу, хайрли ишлар қилганлар.

Бир ой давомида диёримиздан етишиб чиққан мужаввид, қорилар иштирокида мамлакатимиз масжидларида Қуръони карим хатмлари, таровеҳ намозлари бўлиб ўтди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом иштирокларида ҳар йили Қуръони каримни хатм қилишган. Албатта бу хатмларда Қуръони каримни диққат-эътибор билан тинглаш, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилиш, унда зикр этилган динимиз таълимотини оғишмай бажаришга интилиш асосий вазифалардан саналади. Шунинг учун мўмин-мусулмонларимиз бу ойни том маънода Аллоҳни хушнуд этадиган солиҳ ва эзгу ишлар, Қуръони каримни тиловат қилиш ва ўрганиш ойига айлантирдилар. Мусулмонларимиз шунинг учун бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан ҳам кўпайтиришди, ночор оилаларга, бемор-мажруҳларга ёрдам қўлини чўзишди, муҳтожлар ҳолидан хабар олишди. Рамазон ойида ўзларини таом ва ичкиликдан, бошқа нафсоний ишлардан тийибгина қолмай, кўзларини, тилларини, қалбларини ҳам гуноҳ ишлардан қайтаришга ҳаракат қилишди. Бу ойда, шунингдек, шайтоний амаллардан ҳисобланган исрофдан ўзни асрашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом таълим берганларки:

(لَوْ عَلِمَ العبادُ ما في رَمَضانَ لَتَمَنَّتْ أُمتي أنْ يكونَ رمَضان السنة كلّها" (رواه أبو يعلى

яъни: "Агар инсонлар рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматлар кўплигини билишса эди, рамазоннинг йил бўйи давом этишини хоҳлашган бўлур эди".

Куни кеча муҳтарам Юртбошимизнинг Рамазон ҳайитини муносиб тарзда нишонлаш ҳақидаги Қарорлари эълон қилинди. Унда Рамазон ҳайитининг халқимизнинг маънавий ва руҳий ҳаётида тутган катта ўрни алоҳида таъкидланган.

Энди Рамазон ойимиз ниҳоясига етиб, мусулмонлар учун муҳим саналган байрамимиз – Рамазон ҳайитини шодиёналик билан қарши олмоқдалар. Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Бу байрам ўтадиган куннинг дам олиш куни деб эълон қилиниши ҳам унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборди.

Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. Ҳайитдан мақсад, ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир. Ҳайит қувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб бориши учун айнан шу кунларда фитр садақасини бериш, закот ва бошқа садақа, хайр-эҳсонларни тарқатиш давлатманд кишиларга вожиб бўлади.

Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат ва ҳаё, етим ва ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, хулласи инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

(السَّاعِي على الْأَرْمَلَةِ وَالْمِسْكينِ كَالْمُجاهِدِ في سَبِيلِ الله أوْ القَائمِ الليلَ الصائمِ النَّهارَ"(متفق عليه

яъни: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”.

Муҳтарам жамоат! Барчамиз бугун ушбу улуғ айёмда яна бир сана арафасида турибмиз. У ҳам бўлса мўътабар Ватанимиз мустақиллигинининг 25 йиллигидир. Мамлакат миқёсида оладиган бўлсак истиқлол йилларимизнинг ҳар бири асрга татугулик баракотли бўлди десак муболаға бўлмайди.

Собиқ иттифоқ даврида биз ўз тарихимиз, ўзлигимиздан ажралиб, диний эътиқодимиз, алломаларимиз, буюк бобокалонларимиз, уларнинг бебаҳо меросларини ўрганиш имкониятидан маҳрум қилинган эдик. Яратганнинг инояти истиқлолимиз туфайли миллийлик, ўзликни англаш, эътиқод ва виждон эркинликларини тикланди.

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатиб турган озод ва обод Ватан манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Барча соҳаларда эришган юксак марраларимизга бугун бутун жаҳон тан бераётгани бизга чуқур ифтихор бағишлайди.

         Бундан ташқари, ҳукуматимиз ва саховатпеша давлатмандларимиз томонидан кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотганларни моддий рағбатлантириш, уларнинг ўксик кўнгилларига хурсандчилик олиб кириш йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, бундай савобли тадбирлардан барчаларимиз ҳам четда тураётгани йўқ.

Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

(... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ... (سورة إبراهيم/7

яъни: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”.

Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек:

 (مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِاللهَ"(رواه أحمد و الترمذى

яъни: "Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди".

 Муҳтарам жамоат! Ҳар ҳайит арафасида қайта-қайта такрорланадиган яна бир муҳим гапни эслатиб ўтмоқчимиз: ҳайит – баъзи жойларда бўлаётганидай азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас, балки хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар, фазилатли ой рўзасини эсон-омон, соғ-саломат тутиб олганимиз учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шукроналар изҳор этиш рамзидир. Шу куни вафот этган кишилар хонадонига бориб, хонадон аҳилларига мусибатини қайта эсларига солиш ўрнига бу куннинг шукрини адо этиш, ушбу шодиёна кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб уларнинг дуоларини олиш, бетоб, инсонлар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг муҳим вазифаларидан саналади.

Хурсандчилик куни ғанимат, шунинг учун уни байрамга хос кўтаринки бир руҳда, шодиёналар билан ўтказайлик. Ота-оналаримизни, опа-сингилларимизни, ака-укаларимизни, қавму қариндошларни, маҳалла-кўйдагиларни ошиқиб зиёрат қилайлик. Беморларни йўқлаб, кўнгилларини кўтарайлик, дарду ташвишларини аритайлик. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат этадики:

(الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ  (سورة آل عمران/134

яъни: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, - деб таъкидлаган. (Оли-Имрон сураси, 134-оят).

Рамазон ҳайити бутун Ислом оламининг улуғ байрамидир. Аллоҳ таоло бу байрамни барчаларимизга муборак қилсин, қайта-қайта ҳайит хурсандчиликларига етказсин! Байрам туфайли мустақил Ватанимиз равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларда халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчаларимизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни фаровон айласин! Аллоҳ таоло келаси Рамазон ойи ва ҳайитига соғ-саломат, тичлик-омонликда, офият-хотиржамликда етиб боришни барчаларимизга насиб айласин! Рамазон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин, азиз юртдошлар!

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Муҳтарам имом домла! Рамазон ҳайит намози кун чиққандан сўнг 15 дақиқа ўтгандан кейин адо этилади!

7422 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top