Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Нафсни жиловлаш – нажот калити

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنَارَ النُّفُوسَ بِطَاعَتِهِ وَعَظَّمَهَا فَأَقْسَمَ بِهَا لِتَرْقِىَ فِي مَنَازِلِ جَنَّتِهِ ثُمَّ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مَنْ أَرْسَلَهُ اللهُ مُعَلِّماً وَمُزَكِّياً لِلنُّفُوسِ وَمُبَشِّراً وَنَذِيراً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

Муҳтарам жамоат! Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

(سورة الحشر الاية-18)

яъни:Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир(Ҳашр сураси, 18-оят).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:

الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ

(رواه الامام الترمذي)

яъни:Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир(Имом Термизий ривояти).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай дедилар:

حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الْأَكْبَرِ وَإِنَّمَا يَخِفُّ الْحِسَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

عَلَى مَنْ حَاسَبَ نَفْسَهُ فِي الدُّنْيَا

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва буюк рўпара бўлиш кунига зийнатланинг (тайёргарлик кўринг). Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади” (Имом Термизий ривояти).

Тазкиятун нафс – нафсни ёмон сифатлардан поклаш, солиҳ амаллар билан безашдир. Муҳосабатун нафс – инсон ўз нафсини тергаб туриши, ёмонликлардан қайтариб, яхшиликка ундаб туриши бўлиб, тазкиятун нафснинг бир қисмидир.

Қуръони каримда нафсини поклаган инсон нажотга эришиши ўн бир ўринда қасам билан зикр қилинган. Нафсни поклаш ҳақида Қуръони каримда такрор-такрор келади:

(قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا)

(سورة الشمس الاية-9)

яъни:ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур(Шамс сураси, 9-оят). Бу оят тўғрисида муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Бу оятнинг маъноси: ким нафсини Аллоҳ таолонинг тоати билан покласа, разил сифатлар ва пасткашликлардан тозаласа, нажот топади, деганидир”.

Бошқа оятда шундай дейилади:

(وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى)

(سورة النازعات الاية 40 – 41)

яъни: “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат сураси, 40-41 оятлар).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида нафсини поклаган киши имоннинг таъми (ҳаловати)ни татишини хабар бердилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар:

اَللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا...

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин. Зеро сен энг яхши покловчисан. Сен унинг эгаси ва мавлосисан” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат вазифаларидан бири ҳам Аллоҳга мукаммал ибодат қилиши учун нафсларни поклаш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

(سورة آل عمران الاية-164)

яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят). Бу оятдаги “Пайғамбар”дан мурод Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдир. Шуни ёдда тутишимиз керакки, инсон нафсини поклаши Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ёрдами билан бўлади.

Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:

  1. Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
  2. Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
  3. Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади.

Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.

Нафсимизни поклаш учун қуйидагиларга амал қилишимиз керак экан:

  1. нафсни риё, ужб (ўзидан фахрланиш), бахиллик, очкўзлик, таъма, охират ҳисоб-китобидан хотиржам бўлиб қолиш каби ёмон хислатлардан поклаш;
  2. нафсни ихлос, инобат (Аллоҳ таолога қайтиш), Аллоҳдан қўрқиш, шукр ва камтарлик каби чиройли хислатлар билан гўзал қилиш;
  3. фарз ибодатларни доимий адо этиб юриш, чунки Аллоҳ таолога фарзлардан кўра севимли амал йўқ;
  4. нафл ибодатларни кўп қилиш, чунки банда нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиб бораверади, ҳатто Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриб қолади;
  5. Қуръони каримни тадаббур билан қироат қилиш. Зеро, Қуръон тиловати қалбни поклайди, қалб покланса, нафс ҳам покланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:

إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأَ كَمَا يَصْدَأَ الْحَدِيدُ إِذَا أَصَابَهُ الْمَاءُ قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جَلَاؤُهَا قَالَ:" كَثْرَةُ ذِكْرِ الْمَوْتِ

 وَتِلَاوَةِ الْقُرْآنِ"

(رَوَى الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ)

яъни: “Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, қалбни сайқаллаш (зангини кетказиш) қандай бўлади? ” – дейилди. “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти);

  1. илм ўрганиш;
  2. нафсни тергаб туриш ва нафснинг шариатга зид хоҳишларига қарши курашиш. Бу орқали инсон ҳавои нафс, шайтон ва дунё лаззатлари устидан ғолиб келади. Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бандага ўз нафсидан насиҳатчи бўлса ва нафсни тергаш эътиборида турса, у доим яхшиликда бўлади”, – деганлар;
  3. Солиҳ инсонлар билан суҳбатлашиш ва хулқи бузуқ одамларнинг суҳбатидан четда бўлиш.

Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.

Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизни сайқаллаш ва қалб касаллигидан покланишимиз учун тавфиқ ва иноят берсин! Омин!

 

Муҳтарам имом домла! Ушбу “нафсни жиловлаш – нажот калити” номли жума мавъизаси тезисига “2018 йил давомида эришилган ютуқлар” ҳақидаги илова яқин кунларда тақдим этилишини маълум қиламиз.

Шунингдек, масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

 

 

2018 йил 28 декабрдаги “нафсни жиловлаш –

 нажот калитиномли жума тезисига ИЛОВА

 

Муҳтарам жамоат! 2018 йили юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби, диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

  • Юртбошимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Республика миқёсида 5 мингдан ортиқ қорилар иштирокида Қуръон мусобақаси ташкил этилди;
  • Халқаро Ислом цивилизация маркази ташкил этилиб, фаолият йўналишлари белгилаб олинди ва ҳозирда унинг биносини қурилиши изчил давом этмоқда;
  • Ҳалқаро ислом академияси ташкил этилиб, ҳозирда ўз таркибидаги ўрта таълим (лицей), олий таълим (бакалавр, магистр) ва таянч докторантурага талабалар қабул қилиб, фаолиятини давом эттирмоқда;
  • “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди. Ҳозирги кунда “Вақф” томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, Республикамиздаги олий ва диний таълим муассасалари талабаларининг шартнома пулларига кўмаклашиш, масжид ва зиёратгоҳларни обод қилиш ва ҳоказо хайрли ишлар амалга оширилмоқда;
  • Халқимизнинг бошланғич диний таълимга эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, диний таълим муассасаларида уч ойлик Қуръон ва тажвид ўқитиш курслари ташкил этилди;
  • Ҳаж қилувчилар сони оширилди ва йил давомида Умра қилиш имконияти йўлга қўйилди;
  • Йил давомида 100 дан ортиқ масжидлар капитал таъмирдан чиқарилди ва яна 10 дан ортиқ янги жоме масжидлар очилди;
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Республикамиздаги барча имом-хатиблар ўртасида  "Энг маърифатли имом – 2018" кўрик танлови бўлиб ўтди;
  • Ҳар йили Юртбошимиз ташаббуслари билан маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган умумавф – амнистия акти бўлгани каби, бу йил ҳам Конституциямиз қабул қилинган куннинг 26 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан афв эълон қилинди. Унга кўра, афв 136 кишига дахл қилади, шундан 98 киши қамоқдан озод этилади. Зеро, авф этмоқ азалий миллий ва диний қадриятларимизга тўла ҳамоҳангдир. Инсон ўзи билиб-билмай содир этган қилмиши, гуноҳини ўз вақтида тан олса, вақт ўтказмай, тавба қилиб, бу ишларни қайта такрорламаслигига кафолат берса, тавбасини нафақат сўзи, балки амаллари билан исботлай олса, ўзига нисбатан кўрсатилган авфга муносиб жавоб берган бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ التَّوَّابُونَ"

(رواه الإمام الترمذي والإمام ابن ماجه) ‏)

яъни: “Одам боласининг ҳар бири гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари – гуноҳларига тавба қилганларидир” (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти);

  • Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида қуйидаги долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эди.

Бундай ҳаққоний ёндашув халқаро доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 21 декабрдаги 2396-сонли Резолюциясида: “Терроризм, зўравон  экстремизм ҳеч бир ирқ, дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак”, – дея қайд этилди.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилди. Бу Ўзбекистон раҳбарияти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг яна бир ҳаётий ифодасига айланди.

Хуллас, бу ислоҳотлар юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳаётига хурсандчилик олиб келди, уларга ўзига хос ғайрат, ўзгача шижоат бахш этди. Шу севимли Ватан фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган.

... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ...

  (سورة إبراهيم الآية-7)

яъни: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Муҳтарам азизлар! Мана, 2018 йилнинг ҳам тугашига саноқли кунлар қолиб, янги 2019 йил кириб келиши арафасида турибмиз. Бу дегани умримизнинг яна бир йили тугаб, янги саҳифаси очилмоқда. Шунинг учун барчамиз ўтган умримиздаги яхши-ёмон ишларимиздан хулоса қилиб, янги 2019 йилни фақат яхши амаллар, савобли ишлар, дунё ва охиратимиз учун захира бўладиган амали солиҳлар билан ўтказишни мақсад қилмоғимиз лозимдир. Ўтган солиҳ зотлар кишининг эртанги куни бугунидан яхши ва фойдали бўлиши ҳақида шундай деганлар:

مَنْ اسْتَوَى يَوْمَاهُ فَهُوَ مَغْبُونٌ

яъни: “Кимни икки куни бир хил бўлса, у кунини қадрига етмабди”.  

Демак, мўмин-мусулмон киши ҳар янги келаётган кунини қадрига етиб, уни ўтган кунидан кўра кўпроқ ва яхшироқ савобли амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ўтган кундаги ишларига мағрурланиб, ўша билан кифояланиб қолиб, янада кўпроқ ҳаракат қилишга ошиқмаслик – оқил мўъминнинг иши эмасдир. Шу нуқтаи назардан биз келаётган янги йилга яхши амалларимиз учун захира бўладиган умримизнинг бир қисми деган эътибор билан қарашимиз лозим.

Баъзиларнинг “янги йил кутиш мутлақ жоиз эмас, у фақат христианларнинг байрами” деб қарашлари тўғри эмас. Чунки, биз уни христианларнинг байрами сифатида ва уларга ўхшаб нишонламаймиз, балки йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб оламиз.

Қолаверса, ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат етказганингга шукр”, – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз яхши одатларимиздандир.

Аллоҳ таоло 2019 йилда қилинадиган барча соҳадаги ислоҳотларимизни файзли ва баракали қилиб, бунданда зиёда айласин! Омин!

 

 

 

6389 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top