Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

 اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الْكَرِيمِ الَّذِى حَثَّ عِبَادَهُ عَلَى التَّحَلِّي بِالآدَابِ، وَوَعَدَهُم عَلَى ذَلِكَ جَزِيلَ الثَّوَابِ وَحُسْنَ الْمَآبِ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي هُوَ سَيِّدُ أُولِي الْأَلبَابِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَان.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ

Муҳтарам жамоат! Инсонийлик жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди, десак хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.

Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак яхши, ёмонликка ишлатсак ёмон нарсага айланади. Бу ердаги энг муҳим омил – инсон омилидир. Чунки инсон бир пайтнинг ўзида яхши маълумот ҳам, ёмон маълумот ҳам тарқатиши мумкин. Унинг муқобилида бошқа бир инсон яхши ёки ёмон маълумотни қабул қилиб олиши мумкин. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз, интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

яъни:Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур(Зориёт сураси, 55-оят).

         Қуйида динимиз таълимотларига уйғун ҳолда интернетдан фойдаланиш одобларини санаб ўтамиз:

  • Ниятни яхши қилиш;

Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардан биридир. Ҳатто, бир қараганда дунё иши бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз машҳур ҳадисда шундай дейдилар:

إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ

яъни: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир...” (Имом Бухорий ривояти).

  • Интернетга киришдан аввал умрнинг қадрини ёдга олиш;

Ҳадиси шарифда умрнинг қадри ҳақида шундай марҳамат қилинади:

لَا تَزُولُ قَدَمَا ابْنِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عِنْدِ رَبِّهِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ خَمْسٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَمَاذَا عَمِلَ فِيمَا عَلِمَ (رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани (сўралади) (Имом Термизий ривояти).

  • Интернетдан олинадиган ва тарқатиладиган барча маълумотлар шариатимиз рухсат берган нарсалар бўлиши керак;

Интернет хилват жой бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз катта даражадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ

яъни: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур(Ғофир сураси, 19-оят).

  • Болалар интернетдан фойдаланганда уларни ҳеч ҳам қаровсиз қолдирмаслигимиз керак;

         Инсоннинг дўсту ёрлари унга катта таъсир ўтказади. Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:

اِنَّمَا مَثَلُ الجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالجَلِيسِ السَّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ اِمَّا اَنْ يُحْذِيَكَ وَاِمَّا اَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَاِمَّا اَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ اِمَّا اَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَاِمَّا اَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً ‏"‏

яъни: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти)

         Ҳурматли азизлар! Юқорида инсон бир ўзи интернетдан фойдаланиши ҳақида гапирдик. Бундан ҳам муҳимроқ яна бир фаолият бор, яъни икки ва ундан ортиқ кишилар орасидаги виртуал алоқалар. Бунга чат, форум, фейсбук, телеграм, инстаграм ва твиттерларни мисол қилиш мумкин. Бугунги кунда мана шу соҳада ўзимизни тўғирлаш, хато-камчиликларимизни ислоҳ қилишга жуда-жуда муҳтож бўлиб турибмиз. Чунки аксарият жамият, дин, оила ва шахсиятга таҳдидлар мана шу йўлдан келмоқда. Қуйида бу йўналишда ҳам энг муҳим одобларга тўхталамиз:

  • Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳам динимиздаги умумий қоидаларга риоя қилиш, ман қилинган ишлардан қайтиш асос бўлиши керак;

 Бошқача айтганда ижтимоий тармоқлар ғийбатчилар “жавлон” урадиган майдон бўлиб қолмаслиги керак. Бу соҳада ҳам намунали бир инсон сифатида фаолият юритиш лозим бўладики, эрта қиёматда пушаймон бўлиб қолмайлик.

  • Интернетдаги ўзаро алоқаларда мусулмон киши ўзига тақво, яхши гумон, бағрикенглик ва чиройли хулқни лозим тутиши керак;

          Тақво, яхшилик ва ҳусни хулқ ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:

اتَّقِ اللَّهَ حَيْثُما كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَة تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ "

яъни:Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрққин, ёмонликка яхшиликни эргаштирки, ёмонликни ювиб кетади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил(Имом Термизий ривояти)

Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.

  • Интернет орқали ўзга жинс вакиллари билан алоқа қилишда номаҳрамлик масаласига жуда эҳтиёт бўлиш керак;

         Мана шу масалага бепарво бўлиш, кўп муаммоларга сабаб бўлмоқда. Эркакка келган хатлар хотиннинг қўлига тушиб, оилага путур етмоқда, ёки эр хотиннинг бегона эркаклар билан ёзишмаларини топиб олиб, талоқ қўймоқда. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли ношаръий алоқалар, ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишлари кузатилмоқдаки, бу биз учун огоҳлантирувчи “қўнғироқ” бўлиши керак. Тўғри, шариат қоидаларига амал қилиб, беғараз мақсадлар билан, зарурат миқдорича бирор маълумот олиш, сўраб ўрганиш мумкин. Лекин ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатиш ҳаром ҳисобланади.

  • Интернет орқали ўзаро алоқада ёлғон, уйдирма хабарлар, сурат, аудио ва видео маҳсулотларини тарқатмаслик талаб қилинади.

         Бу ишни турли мақсадларда қилиниши мумкин. Кимдир мақсадига етиш учун, кимдир шов-шув кўтариш, кимдир одамларнинг устидан кулиш учун қилади. Баъзилар диний маънодаги ёлғон хабар тарқатадилар (яқинда Қуёшдан “эртага жавоб берасиз”, деган овоз келмоқда деб маълумот тарқатишди) ва бу билан динга ёрдам бермоқчи бўладилар. Аслида динимиз ундай “ёрдамлар”га муҳтож эмас ва ёлғон хабарлар тарқатиш динимизда қаттиқ қораланади.

          Ҳурматли жамоат! Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб,  дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин! Омин.

ИЛОВА: Фолбинлик ва унинг зарарлари ҳақида

Ҳурматли жамоат! Бугунги кунимизда жамиятдаги тинчлик-фаровонлик ва оилаларнинг тотувлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири фолбинликдир. Фолбин – ғайбни билишни даъво қилувчи, асосан сеҳр-жоду билан шуғулланувчи кимса. Динимизда ғайб илми, яъни, келажакда нима ишлар бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслиги Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда  қатъий таъкидланади. Қуръони каримнинг Жин сураси 26-27-оятларида шундай дейилади: “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар)”.

Демак, фолбинларнинг ғайбни билиш даъвоси ёлғон бўлиб, улар бирор қайғу ёки ташвиш сабабли руҳий тушкунликка тушган, мол-дунё, ҳасадга жуда ружу қўйганларни лақиллатиш билан шуғулланади. Фолбинлар жамият ичига турли шубҳа ва гумонларни сочадилар. Бир одамнинг иши юришмаслигига қўшнилардан бири сабабчи деб кўрсатилади ва натижада барча қўшнилар гумондор бўлиб қолади.

Уларнинг сеҳр-жоду, иссиқ-совуқ билан шуғулланишига келсак, динимизда сеҳр билан шуғулланишнинг ҳукми куфр ҳисобланади ва бунинг далили ояти каримада мавжуд. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 102-оятида: “Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар”, деб огоҳлантирган.

Шу ўринда бир мулоҳаза пайдо бўлади. Фолбинлар, сеҳр-жоду қилувчиларнинг “тегирмонига сув қуяётган”, уларнинг “ошиғини олчи” қилаётганлар ким ўзи? Қатъий айтишимиз мумкин, улар ҳеч ҳам бегоналар эмас, кимнингдир онаси, ё опаси, ё хотини, ё қўшниси, хуллас ёр-биродари. Ана кимларга тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак! Яқинларимизга фолбинлар бахт саодат, бойлик ёки муҳаббат ато эта олмаслиги, аксинча уларнинг ўзи шу нарсаларга муҳтож эканини қайта-қайта эслатишимиз керак. Аксарият фолбинлар оиладан тинчимаган, иқтисоддан қийналган ва руҳий носоғлом бўлишади, энди уларнинг олдига ўзида йўқ нарсани сўраб бориш ақлга тўғри келадими?!

Халқимизда: “Ўтган ишга саловат”, деган гап бор. Ҳозиргача фолбинга қатнаган бўлсак, энди тўхтайлик, билиб-билмай, насф васвасаси билан фолбинлик қилиб кун кўраётган юртдошларимиз ҳам тавба-тазарру йўлига ўтишиб, ҳалол касб қилсинлар, жамиятга фойдали бир инсон бўлиб, элу-халқни дуосини олишсин, шояд ўтган гуноҳларга каффорат бўлса!

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ, рушду-ҳидоят берсин!

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари ҳақида  

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2019 йил 3 февраль куни Фарғона шаҳрида “Меҳр-мурувват карвони” ҳамда “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда 90 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 10 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари, 600 нафар гапиришида ва эшитишида нуқсони бор имконияти чекланган шахсларга хайриялар қилинди. Мазкур тадбирларда жами 121 579 450 (бир юз йигирма бир миллион беш юз етмиш тўққиз минг тўрт юз эллик) сўмлик товар ва моддий бойликлар хайрия сифатида тақдим қилинди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

مَنْ ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً وَاللَّهُ يَقْبِضُ وَيَبْسُطُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ  

яъни: “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара сураси, 245-оят ).

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖЛАРГА ҒАМХЎРЛИК” ҳақида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

 

 

 

 

5355 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top