Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан жорий йилнинг август ойи масжидларимизда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳаётларини ва у зотнинг “Ал-адаб ал-муфрад” (Одоблар хазинаси) асарларини ўрганиш ойлиги деб эълон қилинди. Бу бежизга эмас. Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг «табиби», набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган бу улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум. Мамлакат раҳбари ҳаққоний таъриф берганидек, «Имом Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихоридир. Бу табаррук зотнинг ҳаёти том маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсолидир».     

Муҳтарам Юртбошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-адаб ал- муфрад” (Одоблар хазинаси) асари ҳақида алоҳида таъкидлаб шундай тавсия бердилар: “Биринчи навбатда фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатларга эга қилиб тарбиялашимиз лозимлиги, уларга биз учун муқаддас бўлган Исломнинг  моҳиятини, унинг тинчлик, яхшилик, меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик дини эканини тўғри тушунтириб беришимиз керак. Имом  Бухорий  бобомизнинг асарлари “Ал-адаб ал муфрад” китобида ёшларга ибрат ва намуна бўладиган ўгитлар борлиги, бундай нодир асарлар, одоб-ахлоқ асосларига болта урадиган, “оммавий маданият” каби иллатларга қарши курашишда қўл келади. Мана шундай ноёб меросимизни эл-юртимизга, фарзандларимизга етказишда мен уламоларимиз, кўпни  кўрган  оқсоқолларимиз, маҳалла фаоллари, зиёлилар, кенг  жамоатчилигимиз янада фаоллик кўрсатишини истардим».

Имом Бухорий ҳазратларининг "Ал-Адаб ал-муфрад" (Одоблар хазинаси) асари илм аҳли ўртасида жуда машҳур ва мўътабарли китоб бўлиб ҳисобланади. Имом Бухорий бу китобда 1322 та одоб-ахлоққа доир ҳадиси шарифни 644 бобда ривоят қилганлар. Аксарият олимларининг қайд этишларига "Ал-Адаб ал-муфрад" китоби одоб ва ахлоқ ҳақидаги Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг одобларини ўзида жамлаган ва  исломий, инсоният тартиб қоидаларини тарғиб этади.

Имом Бухорийнинг  бу муборак асарлари ўз мавзусига мувофиқ ота-онани ҳурмат қилиш ва уларга  яхшиликда бўлиш, уларга асло оққ бўлмаслик, ота-она дуосини олиш, уларга силаи раҳм қилиш, қариндош уруғлар билан чиройли муносабатда бўлиш, фарзандлар тарбияси, уларга раҳм-шафқатли бўлиш ҳақида, қўни-қўшнилар ҳақи, одамларга очиқ чеҳрада муомала қилиш, мискин ва бечораларга ёрдам бериш, зиёрат қилиш одоблари ҳақида, одамларга озор бермаслик, бемор кишиларни кўришга бориш ҳақидаги ҳадиси шарифлар зикр этилиб, уларга чиройли усулларда шарҳ битилган. Хулоса қилиб айтганда ушбу китобни ўқиш, ўрганиш орқали одоб-ахлоқ ҳақидаги тушунча ва тасаввуримиз камолатга етади. Бу китоб оилаларда фарзанд тарбияси ва уларни баркамол инсон бўлиб етишишларида муҳим дастурул амал бўлиб қолади.

  Ҳадис илмида “мўминлар амири” унвонини олган улуғ муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорий Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил рамазон ойининг ўн учинчисида, жума куни таваллуд топдилар.

Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”.

Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеъус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг,   шундан юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар.  У киши “Саҳиҳ”га бирор ҳадис қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.

 Ислом дунёсида Қуръони каримдан кейинги энг катта эътиборни имом Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ" китоблари қозонган. Ҳадисларнинг диққат билан танлангани, мукаммал тартибга эга экани эътиборни қозонганига сабаб бўлгандир. Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий "Тарихул Ислом" китобида қуйидагиларни ёзади: "Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ"и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир. Уни эшитиш олий мақом эканидан ўттиз йилдан буён хурсанд бўлиб юрадилар. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам бу китобни эшитиш учун минг фарчах йўл юрса, сафари зое бўлмайди".

Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди.  

Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан  зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлидан бўлгани учун яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар.  

Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”. Бир гал Абу Маъшар исмли бир ожиз кишининг беихтиёр қилган  қилиғига қараб табассум қилиб қўйганлари учун бориб ундан кечирим сўраганлар. Бошқа бир пайт камон отишни машқ қилаётганларида отган ўқлари ўша жойдаги кўприкнинг қозиғига тегиб, уни синдириб қўйди. Шунда у киши шогирдларидан бирини пул билан жўнатиб, кўприк эгасидан узр сўраш ва кўприкни тузатиш харажатига пулни олиш таклифи билан жўнатдилар. Кўприк эгаси Имомга бўлган ҳурматидан эваз олмай, уни ўзи тузатиб қўйишга ваъда берди. Шунда Имом азбаройи хурсанд бўлганларидан шу куни шогирдларга беш юз ҳадис ўқиб бердилар ва уч юз дирҳам садақа қилдилар.

Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди.

Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган   “Адабул-муфрад” (Одоблар хазинаси) алоҳида ўрин тутади. Булардан ташқари, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Халқу афъолул-ибод”, “Зуафоус-сағир”, “Ал-Асмоъ ва куно”, “Биррул волидайн”, “Жомеъул-кабир”, “Муснадул-кабир”, “Тафсирул-кабир”, “Китобул-илал” каби йирик асарлар бор. Булар ичида кўп жилдли (масалан, қўлёзма ҳолидаги “Султония” нашри тўққиз жилддан иборат) “Жомеъус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир.

 Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилди. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар. Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан ўраб олсин ҳамда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин!

 Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга чинакам эътибор ва иззат-эъзоз бошланиб, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини қизғин ўрганишга киришилди. 1998 йили Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ таваллудининг 1225 йиллик тўйи мамлакатимизда кенг нишонланди. У кишининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Мамлакатнинг энг катта Ислом ўқув юрти бўлмиш Ислом маъҳади, бир неча жомеъ масжидлари Имом Бухорий номлари билан аталади. 2008 йили Президентимиз фармони билан Самарқанднинг Хартанг қишлоғида Имом Бухорий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида  Имом Бухорий халқаро Маркази ташкил этилди. Халқимизнинг у зотга бўлган энг улкан эҳтироми ва миннатдорлиги Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Мажмуанинг лойиҳасидан тортиб унинг қуриб битказилишигача бўлган барча ишлар Юртбошимизнинг эътиборларида ва диққат марказларида бўлди. Мана шунинг ўзиёқ мамлакат раҳбарининг Имом Бухорийга бўлган чуқур эҳтироми ва эъзоз-иззатини кўрсатиб турибди. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма жойидан Имом Бухорий зиёратига келган мухлисларнинг кети узилмайди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк ватандошларига миннатдор авлодларнинг улуғ эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.

  Муҳтарам жамоат! Келгуси жума мавъизамизда буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг "Ал-Адаб ал-муфрад" (Одоблар хазинаси) номли ҳадис китобларида ривоят қилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одоб-ахлоқ ҳақидаги ҳадиси шарифларини ўрганамиз. Иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло буюк ватандошимизни Ўзининг раҳмат ва мағфирати билан чулғаб олсин ва илм йўлидаги улуғ хизматларини охиратда ўзларига захира айласин, омин!

8405 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top