Рамазон-2019

Рамазон ойидаги энг афзал амаллар

Танловга! 

Рамазон хайр-барака ойидир. Чунки, бу ойда қилинган ҳар бир нафл ибодат учун фарз амалининг савоби, битта фарз амали учун эса, бошқа ойда қилинган етмишта фарз амалининг савоби берилади. Шунинг учун Мусулмонлар бу ойда Аллоҳ таолога ёқадиган ва уни рози қиладиган амалларга шошиладилар.

Қуйида бу ойда қилинадиган энг афзал амалларни санаб ўтамиз:

- Рўза тутишлик. Рўза тутишлик фақатгина еб-ичишдан тийилиш эмас, балки ҳар қандай маъсиятлар ва ёлғон, туҳмат ва ғийбат каби Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳам узоқ бўлиш лозим.

- Қуръон тиловат қилиш. Бу ойда Қуръон тиловат қилиш Аллоҳ таолога энг маҳбуб ишлардандир.

- Намозларни кўпайтириш. Фарз бўлган 5 маҳал намоздан ташқари, суннат ва нафл ибодатларини ҳам кўпайтириш лозим. Хусусан,  жамоат билан ўқиладиган Таровеҳ намозларни ғанимат билиш керак.

- Силаи-раҳм қилиш. Яқинлар ва қариндошларни зиёрат қилиш. Чунки бундай амаллар кишилар ўртасида ўзаро муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.

- Хайр-эҳсон қилиш. Бу ойда садақа қилиш – энг афзал ишлардан бўлиб, Аллоҳ таоло бу амални қилувчини Ўзи мукофотлайди. Шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойлардан кўра сахийроқ бўлар эдилар.

- Зикрларни кўпайтириш. Бу ойда қилинадиган зикр, тасбеҳ ва истиғфор учун кўп савоб берилади. Бундан ташқари, бундай амаллар ёмонлик эшикларини ёпиб, мағфират эшикларини очади ва қалбни хотиржам қилади. Ҳамда нафсни ҳаром ишлардан узоқ қилади.

- Закот бериш. Мусулмонлар бу ойда закотларини фақир ва мискинларга берадилар.

- Эътикоф ўтириш. Бу ойда мусулмонлар кўпроқ вақтларини масжидларда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш билан ўтказишга ҳарис бўлишлари лозим. Асосан, Рамазоннинг охирги кунларида. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар.

- Лайлатул қадр кечасини бедор ўтказиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Лайлатул қадрни топишга ва уни бедор ўтказишга ундар эдилар. Чунки, Аллоҳ таоло бу куннинг қадрини бошқа кунларнинг мингтасидан афзал қилган.

- Қуёш чиққунича масжидда ўтириш. Бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунча масжидда ўтириш мустаҳаб амал ҳисобланади. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни шундай қилишга чақирар эдилар.

- Рамазон кунларида Умра зиёратини қилиш. Чунки, бу ойда қилинган Умра Ҳаж ибодатига тенглаштирилади.

Аллоҳ таоло барчамизни бу ойда шундай фазилатли амалларни бажаришга муваффақ айласин.

 

Тошкент Ислом институти талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

39886 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Надомат Рамазон тавбага йўл »
Top