Рамазон-2019

Рамазон ойи хайр-саховат ойи

Танловга!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таборака ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойлар ичида енг буюк мағфиратли, гўзал ойдир!

Рамазон ойининг фойдалари жуда улкан. Рамазон рўзасини тутмоқлик фарз қилинган. Унда минг ойдан ҳам яхшироқ Қадр кечаси борлиги, Қуръон нозил бўла бошланганлиги билан у ўн бир ойдан улкан фарқ қилади. Ушбу ойда мусулмонларга  икки дунёнинг манфаатлари чексиздир. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати тинмай ёғилиб туради, дуолар қабул бўлади айниқса рўзадорнинг дуоси, ота-онанинг фарзандига бўлган дуоси, мусофирнинг дуолари мустажоб бўлур. Рўзадорларга фаришталар кун-у тун тиловатлар айтишади.

Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилиш, хайр-у эҳсон қилиш суннатдир.

Бу ойда Жаннат ешиклари очилиб Жаҳаннам ешиклари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар эса занжирбандланади. Бу кунни барча мўмин - мусулмонлар интизорлик билан кутиб, Олиму-уламолар унга етишиш йўлида дуода бўлиб туришади. Рамазон рўзасини тутмоқлик фақат Аллоҳ учун ва унинг мукофотини ўзи беради. Рамазон рўзасини тутмоқлик дўзах ўтидан асровчи воситадир. 

Рамазон ойида барча мўминлар бирлашади, масжидларда таровеҳ намозларида жамланишиб, барча катта-кичик, бой-камбағаллар хамма бирдек тенглашади, бир-бирлари билан танишиб, мехр-оқибатлари зиёда бўлади, ҳулқимиз гўзаллашади, қолаверса саховатлари ошиб-тошиб  бир-бирларидан  ўзишга, мусобақалашиб кўпроқ савобли ишларга улгуриб қолишга харакат қиладилар. Рўза тутишнинг саломатлигимизга таъсири жуда катта ҳисобланади. Буни рўза тугагунича ёки тугагандан сўнг чуқурроқ хис этамиз. Рамазоннинг фазилатлари хам шунда барча мўмин – мусулмонлар бир- бирларига меҳр-мурруватда бўлишлари мақсадга мувоффиқ эканлигини барчамиз англамоғимиз даркор. Қолаверса шодлик, хурсандчиликни бирга бахам кўришимиз, бир-биримизга қўлдан келганича ёрдам қўлларини узатмоғимиз, бир гўзал, улуғ савоб бўлур.

Рамазон ойида ёру-дўстлар уришиб қолишган бўлсалар ярашганлари мақбул ишдир, ёки биз мусулмонларга, уларни яраштириб қўйиш беҳисоб савобларга эга бўлишдек бахт калитига муяссар бўламиз. Хатто дўст-душманлар хам бир –бирларига бўлган ўртадаги адоватни унутиб,  меҳр-мурувватли бўлиб қолишлари ажаб эмас! Зеро Аллоҳ рахмлиларнинг рахимлисидир ва биродарию яқинларига дўст–душманларига раҳм қилганларни севади! 

Рўза тутувчиларнинг Жаннатга Раййон номли махсус эшик орқали киришлари хусусида шундай мархамат қилинган ҳадис бор.

Саҳл розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Жаннатда Раййон номли бир эшик бор, - дейдилар Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, - бу эшикдан рўзани канда қилмай тутганларгина кирадилар холос. Қиёмат куни ‹‹Рўзадорлар қани?›› деб нидо қилинади. Шунда, улар ўринларидан туриб мазкур эшикдан киришади. Сўнг, эшик ёпилади. Улардан бошқа бирорта одам бу эшикдан кира олмайди››.

Рамазон ойининг руҳимизга таъсири жуда каттадир!

Рамазон ойида руҳимиз тетиклашади, қалбларимиз хайрли ишлар ортидан покланади, ором олади, нафсимизни ҳар-хил ёмон ишлардин тийиб руҳимизни поклаймиз. Кўпроқ яхши аммаларни қилишга киришиб, ёмонликлардан узоқлашиб руҳий оламимизни гўзаллаштирамиз, уни  фақат очликдан иборат эмаслигини аста –секин фахмлаймиз ва руҳиятимизда, танамизда қандақдир гўзал ўзгаришлар бўлаётганини сезиб хотиржамликга эришамиз, рухимиз батамом енгиллашиб, тарбияланиб бораверади, қолаверса бунинг ортидан яна  ўн бир ой давомида рўзанинг шундай гўзал одоб-аҳлоқ тарбиявий жихатларини руҳимизга сингдирган холда, шундай холатда сақлаб қолишга, унинг бардавом бўлишга харакат қиламиз.

Рамазон ойи ҳаётий ҳикматлар ила гўзал безалган!

Унда мусулмонлар Аллоҳнинг берган барча синовларига сабр-тоқат қилиб чидамли бўлиб ўзини беодоб сўзларни айтишдан, ёлғон сўзларни гапиришдан, бировнинг дилини оғритишдан, қаттиқ гапиришдан, кўзларини ҳар хил ҳаромдан, умум қилиб айтганда Аллоҳ таолонинг барча қайтарган нарсаларидан ўзларини тиядилар.

Рамозон ойи хайр-саховат ойи, мусулмонлар Аллоҳнинг рози бўлиши учун савоб умидида бир-бирларини кўпроқ йўқлаб, ифторликлар қилишади, айниқса қарияларни, касалманд, бева- бечораларни, яқин ва узоқ қариндошларининг холидан хабар олишдан ва  бир-бирларига хурсандчилик улашишдан чарчашмайди. Бироқ бир нарсани унутмаслигимиз керак! У хам бўлса исрофгарчилик қилишдан холи бўлишга, Аллоҳ берган неъматларига куфр келтирмаслик учун хушёр холда бўлишимиз барчамизга фойдалидир.                      

Рамазон ойининг фазилатлари жуда кўп уни санаб саноғига етишингиз амри  маҳолдир. Рамазонда бир кеча борки У минг ойдан хам яхшидир У Лайлатул Қадр кечасидир. Лайлатул Қадр кечасининг фазилати ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди:

‹‹Албатта, Биз уни (Қуръонни ‹‹Лавҳул-Маҳфуз››дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. ( Эй Мухаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?!  Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан ( йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У ( кеча ) то тонг отгунича саломатликдир›› ( Қадр сураси).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар. ‹‹Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод ва савоб умидида қоим бўлса олдинги гуноҳлари кечирилади››.

Рўзага нисбатан рағбат уйғотиш, унга шараф уйғотиш, қалбни покланиши, рухни тарбияланиши, аҳлоқ-одобни гўзалланиши, ундаги барча ман қилинган нарсалардан тийилиши,унда сабрнинг кучайиши, юқоридаги барча айтилганларга устун қўйиб айтсак, унинг фойдалари, хайр-баракаси, дуоларнинг мустажоб бўлиши, барча –барча яхшиликларнинг кўпайиши, бошқа ойларда бирор-бир савоб учун қилинган ишга бир савоб берилса, бу ойда минг баробар савоб бўлиши, бу ойда олинган савобларни, бошқа ойларда минг уринсак хам топаолмаслигимиз,  кишида рўзага нисбатан рағбат уйғотади десак муболаға бўлмас. Валлоҳу аълам!

Сўзларимни ниҳоясида шуларни холисона айтаманки, Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин, иймонимиз мустаҳкам бўлсин, бир-биримизга бўлган меҳр-мурувватимиз ошиб бораверсин!

Хато ва камчиликларимни Аллоҳнинг ўзи кечирсин! Илму-зеҳнимни зиёда қилсин. 

 

Муаллиф: Зоиржон ўғли Иброхим Хидоятов.

41084 марта ўқилди
Top