Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي شَرَعَ لَنَا مِنَ الْآدَابِ وَالْأَحْكَام

وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْعُلَمَاءِ وَالْعَوَامِّ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ

Муҳтарам жамоат! Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби! Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини мақтаб, шундай дейди:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ 

яъни:Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!(Қалам сураси 4-оят).

 Ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ

(رواه الامام البزار عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни:Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, – деганлар. (Имом Баззор ривояти).

Шунингдек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг чиройли хулқларга одатланиши Исломнинг шиори эканини эълон қилганлар. Жумладан, пиёда ва автомашиналарда юришнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Бу мавзунинг муҳимлиги шундаки, ҳозирги кунимизда транспорт воситалари сезиларли даражада кўпайди. Шу билан бирга йўл-транспорт ҳодисалари ва талофотлар ортмоқда. Бу эса ҳам ҳайдовчи, ҳам пиёдага қўшимча масъулият юклайди.

Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланаётган бўлса, 100 мингга яқин киши турли даражада тан жароҳати олмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари дунёда 1 миллион 300 минг кишининг ҳаётига нуқта қўяди. Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолишини ҳам қўшсак, фалокат кўлами янада кенгаяди, жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этмоқда.

Асосли  маълумотларга кўра, республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда. Юртимизда 2018 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2262 киши вафот этган.

 Мана шу нохуш ҳолатларни олдини олиш  мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш мавзусига тегишли бўлган баъзи фиқҳий аҳкомларни ўрганиб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

яъни: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси 51-оят), – деб марҳамат қилади.

  1. Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳнинг бизга берган неъмати

  Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

وَتَحْمِلُ أَثْقَالَكُمْ إِلَىٰ بَلَدٍ لَّمْ تَكُونُوا بَالِغِيهِ إِلَّا بِشِقِّ الْأَنفُسِ ۚ إِنَّ رَبَّكُمْ لَرَءُوفٌ رَّحِيمٌ (7 ) وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً ۚ وَيَخْلُقُ مَا لَا تَعْلَمُونَ 

яъни: “Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир (7). У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур”(8) (Ан-Наҳл сураси 7-8-оятлар).

Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. Қизил чироқда ўтиш бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. Машинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.

  1. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг шаръий ҳукми

Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво ташкилотлари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. Улар ўз сўзларига “Маслаҳатул мурсала”ни далил қиладилар (“Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш).  Чунки йўл ҳаракати қоидалари шариатимизга зид эмас. Ундан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – бошлиқларга итоат қилиш қабилидан ҳисобланади. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ва уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш мумкинлиги  келиб чиқади.

Шуниси ачинарлики, айрим мутаассиб, жоҳил “фатво берувчилар”:  “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам ворид бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қилмаса ҳам бўлаверади” деган ўта аҳмоқона фатволарни бермоқдалар.

Баъзи мусулмонларнинг бу каби найрангларга учиши оқибатида бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.

  1. Динимизда йўлдан фойдаланиш ҳаққи ва одоблари

Маълумки, динимиздаги кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари Исломнинг асос қоидаларидан биридир:

لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ

(رواه الامام  ابن ماجه عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни:Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ(Имом Ибн Можа ривояти).

Юқоридаги шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларнинг йўлидаги азият етказувчи нарсаларни четга олишга тарғиб қилганлар:

بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَرِيقٍ وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ عَلَى الطَّرِيقِ فَأَخَّرَهُ، فَشَكَرَ اللهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ

(رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради” (Имом Бухорий ривояти).

Лекин ҳар соатда автомашина ойнасидан турли нарсаларни ҳеч ўйламасдан ташлаб юборамиз, ҳатто баъзи вақтларда ўзимиз йўлда ўзгаларга азият берувчи “тўсиқ”, “тиканли бутоқ”қа айланамиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни йўлнинг ҳаққи деганлар:

...غَضُّ البَصَرِ ، وَكَفُّ الأَذَى ، وَرَدُّ السَّلامِ ، وَالأمْرُ بِالمَعْرُوفِ ، والنَّهيُ عن المُنْكَرِ

(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ عن أَبي سعيد الخُدري رضي الله عنه)

яъни: “...Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшилика буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади:

 سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ، وَقِتَالُهُ كفرٌ

(رواه الامام مسلم عن عبدالله بن مسعودٍ رضي الله عنه)

яъни: Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир(Муттафақун алайҳ).

Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш –куфрдир. Аллоҳ ўзи бундан сақласин!

Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш билан ўзгаларга озор берамиз. Кечки пайтларда бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юришдан “завқланамиз”.

  1. Транспорт воситаларини бошқариш одоблари ва унда мўътадил бўлиш

Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғирроқ жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади. Динимиз кўрсатмаларида инсон одатда пиёда юрганда ҳам, уловда юрганда ҳам, мўътадил бир тезликда юришга тарғиб қилинади. Пиёда юрганда ҳаддан ташқари тез юриш мўминнинг ҳайбатини кетказади. Уловда ҳаддан зиёд тез юриш кибр ва ўзини бошқалардан устун қўйиш сабабли бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди:

وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا ۖ إِنَّكَ لَن تَخْرِقَ الْأَرْضَ وَلَن تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولًا

яъни:Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан(Исро сураси 37-оят).

          Юқоридаги ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан, шошмасдан юришга чақиради. Танганинг икки томони бўлгани каби, йўлларда жуда секин ҳаракатланувчи транспорт воситалари, бошқаларга ноқулайлик туғдиради, йўлда тирбандлик ҳосил қилади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

  1. Ҳайдовчининг зиммасидаги масъулият ва жавобгарлик

Жорий йилда “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатида биринчи ўринда турган ҳанафий олим, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақида шундай дейдилар: “Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида машинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки машина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Машина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи машинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин (жавобгар) бўлади. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади. Лекин йўл қоидаларига амал қилиб юриб, ўзгага зарар етказган киши жавобгар бўлиши тўғрисида турли фикрлар бор. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилса, ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган фавқулодда ҳолатларда жавобгар бўлмаслиги тўғри бўлади” (“Ислом фиқҳи академияси журнали”да нашр қилинган илмий мақоладан).

  1. Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилиши лозим

Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланди.

Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу ҳодисаларнинг 54,5 фоизи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Ушбу ҳодисаларга асосан пиёдаларнинг светофор ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун таъқиқланган қатнов қисмида бўлиши ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслиги сабаб бўлмоқда.

Албатта, ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига риоя қилиб, бир-бирига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишса, ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўрса, яхши натижаларга эришамиз. Зеро, тез борган жойга секинроқ ҳам борамиз, вақт жиҳатидан ҳам бу катта фарқ қилмайди.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби, савобли бир иш деб, амал қилишимиз керак. Мана шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади!

Муҳтарам азизлар! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида  намоз ўқишда ихтилоф чиқармаслик масаласини баён қиламиз.

Маълумки, Ўрта Осиё халқлари минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабга амал қилиб келади. Агарчи тўрт фиқҳий мазҳаб Аҳли сунна вал-жамоадан саналса ҳам ва уларни танлаш ихтиёрий бўлса ҳам, бизнинг диёрларда ҳанафий мазҳабига амал қилиш вожиб даражасига етган. Буни кўп уламолар таъкидлайдилар. Чунки бу минтақада бошқа мазҳаб олимлари ҳам, китоблари ҳам топилмайди. Масжидларимизда кўзга ташланаётган нарса, асосан, баъзи ўрта ёш намозхонлар такбири таҳрима, қўл боғлаш, оминни жаҳрий айтиш, имом орқасидан қироат қилиб туриш каби масалаларида ихтилоф чиқармоқдалар. Натижада, намозхонлар ўртасида нотўғри тушуниш, бир-бирини айблаш, гуноҳкорга чиқариш ва ёмон кўриш каби катта гуноҳ бўлган ишлар юзага чиқмоқда. Ҳушёр бўлишимиз даркорки, катта фитналар мусулмонлар орасида ихтилоф чиқаришдан бошланади.

Гоҳида, аслида мустаҳаб бўлган амалларда ҳар-хилликни келтириб чиқариб, шариатимизда ҳаром саналган – ўзаро ихтилофларга сабабчи бўлинмоқда. Улардан: “Нега бундай ихтилоф чиқармоқдасиз?”, – деб сўралса, “Биз Қуръон ва ҳадисга амал қиламиз” ёки “Шу масалада Шофеъий мазҳабнинг йўлини тутганмиз”, – дейишади. Алоҳида таъкидлаймизки, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш Қуръон ва суннатга мукаммал амал қилишдир! У мазҳабдан бир масалани, бошқа мазҳабдан бошқа масалани олишни уламоларимиз “талфиқ” дейдилар ва бунинг ҳукми ҳам ҳаромдир. Ҳаром ишни қилиш эса катта гуноҳдир. Юртимизда бу ихтилофларнинг ечими сифатида – минг йиллардан бери синалган ва давом этиб келаётган Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабига амал қилиш, деб биламиз. Ана шунда бутун куч-ғайратимиз, ҳимматимиз бир-биримизга душманчилик эмас, фойдали ишларга сарф бўлади.

Ихтилофлар ва фирқаларга бўлиниш, натижада уруш-жанжал ва низолар келтириб чиқариш ҳаром амал эканига қуйидаги ҳадис далил бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

وَلَا تَخْتَلِفُوا فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ

(رواه الامام مسلم عن ابي مسعود رضي الله عنه )

яъни: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларинг ҳар-хил бўлиб қолмасин!” (Имом Муслим ривояти).

Қадимдан динимизда фирқаларга бўлиниш ва ихтилофларга асосий сабаблардан бири – илмсизлик, динни яхши тушунмасликдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон динини аслида кимлиги номаълум кимсаларнинг узуқ-юлуқ маърузалари ёки интернетда ин қуриб олган қўштирноқ ичидаги “мулла”лардан эмас, балки мўътабар олимлар, устозлар ёзиб кетган китоблардан ўқиб-ўрганиш керак. Ўқиганда ҳам, бир бошидан, тартиб билан, соддадан мураккабга қараб ўқиш, тушунмаганларини Диний идорамиз томонидан эътироф қилинган, элимиз таниган ва халқ ҳурматини қозонган илм аҳлидан сўраб билиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни йўллардаги хатарлардан паноҳида асрасин! Йўл одобларига амал қилишни бизга осон қилсин! Ўзаро аҳл-иноқ бўлиб яшашни муяссар айласин! Омин!      

         

          Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “МАВЛИДУН НАБИЙ МУБОРАК!” мавзусида бўлади.  

4453 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top